Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

1919 йили ўтган тарихий аҳамиятга эга анжуман Худонинг халқи ниҳоят Буюк Бобилдан озод бўлганининг яққол далили эди

9Б РАМКАСИ

Нега 1919 йил?

Нега 1919 йил?

Нима учун Худонинг халқи айнан 1919 йили Буюк Бобил тутқунлигидан озод бўлган деб айта оламиз? Муқаддас Китобдаги башоратлар йиғиндиси ҳамда тарихий далиллар бундай хулосага келишимизга сабаб бўлди.

Муқаддас Китоб башоратлари ва тарихдан яққол кўриниб турибдики, Исо 1914 йили самода Шоҳ сифатида бошқара бошлади ҳамда бу Шайтон дунёсининг охирги кунлари бошланганидан далолат эди. Шоҳ бўлган Исо нима қилди? У Худонинг ер юзидаги хизматчиларини дарҳол Буюк Бобил тутқунлигидан озод қилдими? У «ишончли ва ақлли хизматкорни» 1914 йили тайинлаб, улкан ўрим-йиғим ишини бошладими? (Мат. 24:45)

Бундай бўлгани амри маҳол. Ҳаворий Бутрус илоҳий илҳом остида ҳукм қилиш «Худонинг уйидан бошланади» деганини эслайлик. (1 Бутр. 4:17) Шу сингари Малаки пайғамбар ҳам Яҳова Ўз уйига «аҳд хабарчиси», яъни Ўз Ўғли билан келадиган вақт ҳақида башорат қилганди. (Мал. 3:1–5) Бу вақт тозаланиш ва синалиш пайти бўлиши лозим эди. Тарихий воқеалар ушбу башоратда айтилганларга мос келяптими?

Ҳа, албатта! 1914 йилдан 1919 йилнинг бошларига қадар бўлган давр Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари (ўшанда Яҳованинг Шоҳидлари шундай деб аталган) учун оғир синовлар ва тозаланиш вақти бўлди. Замонанинг охири улар умид қилганидай 1914 йили келмагани боис, Худонинг ер юзидаги кўплаб хизматчиларининг ҳафсаласи пир бўлди. Худонинг халқи орасида раҳбарликни ўз зиммасига олган Чарлз Расселл 1916 йили оламдан ўтганида уларнинг ҳафсаласи янада пир бўлди. Расселл биродаримизга қаттиқ боғланиб қолган айрим кишилар унинг ўрнига раҳбарликни ўз зиммасига олган Жозеф Рутерфордга кучли қаршилик кўрсатишди. Келишмовчиликлар авж олиб, 1917 йили ташкилот деярли бўлиниб кетди. Сўнг 1918 йили дин раҳбарларининг ҳаракатлари туфайли Рутерфорд биродаримиз ҳамда унинг еттита ҳамкорини ҳибсга олишди, уларга ноҳақ ҳукм чиқаришди ва қамоққа ташлашди. Бруклиндаги бош идора ёпилди. Худонинг халқи ҳали Буюк Бобилдан озод бўлмагани аниқ эди.

Аммо 1919 йили нима юз берди? Буни қарангки, вазият яшин тезлигида ўзгариб кетди! Орадан бир йил ҳам ўтмай Рутерфорд биродаримиз ҳамда унинг маслакдошлари қамоқдан озод этилди. Улар дарҳол ишга тушиб кетишди! Қисқа муддат ичида тарихий аҳамиятга эга анжуман ташкиллаштирилди ва «Олтин давр» (ҳозир «Уйғонинг!») деб номланган янги журналнинг чиқарилиши йўлга қўйилди. Ушбу журнал жамоат жойларида ваъз қилиш кампанияларида қўллаш учун мўлжалланганди. Бундан ташқари, ҳар бир жамоатда ваъзгўйлик хизматини ташкиллаштириш ва олға суриш учун нозирлар тайинланди. Айнан шу йили ваъзгўйлик хизматини ташкиллаштиришга кўмаклашадиган «Хабарнома» (ҳозир «Ҳаёт тарзимиз ва хизматимиз. Таълим дастури») деб номланган адабиёт чиқа бошлади.

Бу воқеаларнинг сабаби нимада эди? Масиҳ Худонинг халқини Буюк Бобил асирлигидан озод қилгани яққол кўриниб турганди. У ишончли ва ақлли хизматкорни тайинлади. Ўрим-йиғим иши жадал тус олди. Кескин ўзгаришлар бошланган 1919 йилдан бери бу иш мисли кўрилмаган даражада ривож топди.