Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- БОБ

«Уларни якдил қиламан»

«Уларни якдил қиламан»

ҲИЗҚИЁ 11:19

БУ БОБДА: тикланиш мавзуси ва у Ҳизқиё башоратларида қандай очиб берилиши

1–3. Бобилликлар Яҳованинг хизматчиларини қандай ҳақорат қилишган ва нега?

ТАСАВВУР ҚИЛИНГ, сиз Бобил шаҳрида яшаётган садоқатли яҳудийсиз. Халқингиз деярли 50 йил давомида асирликда. Одатингизга кўра сиз ҳар Шаббат куни Яҳовага биргаликда топиниш учун имондошларингиз билан йиғиласиз. Сершовқин кўчалардан юриб борар экансиз, кўплаб ҳашаматли ибодатхоналару саждагоҳлар ёнидан ўтасиз. У ерда кўп одамлар тўпланиб, Мардук каби бутларга қурбонликлар келтиришади ва уларга атаб мадҳиялар куйлашади.

2 Оломондан нарида сиз имондошларингизнинг кичик гуруҳи билан кўришасиз *. Сизлар биргаликда ибодат қилиш, санолар куйлаш ҳамда Аллоҳ Каломи устида мулоҳаза юритиш учун, эҳтимол, шаҳар анҳорларидан бирининг бўйида тинчроқ жой топасиз. Биргаликда ибодат қилар экансиз, анҳор бўйида турган ёғочдан ясалган қайиқларнинг аста ғирчиллаган товушларини эшитасиз. Бу ерда бироз бўлса-да хотиржамликни ҳис қилиб, енгил тортасиз. Хаёлингиздан шундай ташвишли фикр ўтади: «Ишқилиб маҳаллий одамлардан бирортаси келиб, йиғилишимизни бузмасин-да». Маҳаллий аҳоли нега бундай қилади?

3 Бобил кўплаб жангларда ғалаба қозонган ва шаҳар аҳолиси бу ғалабаларга сохта худолари туфайли эришганмиз, деб ўйлайди. Бобилликларнинг фикрича, Қуддус вайрон бўлгани уларнинг худоси Мардук Яҳовадан қудратлироқ эканининг тасдиғи. Шу боис улар Худойингиз ва халқингизни ҳақорат қилишади. Баъзан улар устингиздан кулиб: «Сион ҳақида қўшиқ куйлаб беринглар»,— дейишади. (Заб. 137:3) Кўплаб саноларда Сион, яъни Қуддус Яҳованинг душманлари устидан ғалаба қозонгани куйланади. Эҳтимол, бобилликлар айнан мана шундай санолар устидан кулишни ёқтиришади. Бошқа саноларда эса бобилликларнинг ўзлари ҳақида айтилади. Масалан, уларнинг бирида шундай сўзлар бор: «Улар Қуддусни харобага айлантирди. [...] Атрофимиздагиларга масхара ва кулги бўлдик». (Заб. 79:1, 3, 4)

4, 5. а) Ҳизқиёнинг башоратида қандай умид ҳақида айтилган? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Бу бобда нимани муҳокама қиламиз?

4 Яҳовага ҳамда Унинг пайғамбарларига бўлган ишончингиз устидан куладиган муртад яҳудийлар ҳам бор. Бундай масхараларга қарамай, пок топиниш сизга ва оилангизга таскин беради. Биргаликда ибодат қилиш ҳамда қўшиқлар куйлаш қандай яхши! Аллоҳнинг Каломини ўқиш тасалли бағишлайди. (Заб. 94:19; Рим. 15:4) Тасаввур қилинг, бир имондошингиз бугунги учрашувга ўзгача нарса — Ҳизқиёнинг башоратлари ёзилган ўрама битикни олиб келди. Яҳова Ўз халқини она юртига қайтариши ҳақидаги ваъдани эшитиш сиз учун ниҳоятда ёқимли. Башорат овоз чиқариб ўқилгани сайин, қалбингиз завққа тўлади. Бир кун келиб оилангиз билан она юртингизга қайтишингиз ва пок топиниш тикланишида иштирок этишингиз ҳақидаги умид устида мулоҳаза қиласиз.

5 Ҳизқиёнинг башоратида тикланиш ҳақидаги ваъдалар қайта-қайта такрорланган. Келинг, ушбу умидбахш мавзуни кўриб чиқайлик. Бу ваъдалар асирликда бўлган яҳудийлар учун қай йўсин амалга ошган? Бизнинг вақтимизда бу башоратлар қандай аҳамиятга эга? Келажакда сўнгги бор амалга ошадиган башоратларни ҳам кўриб чиқамиз.

«Улар сургун қилинади, асирликка тушади»

6. Худо исёнкор халқини қай йўсин қайта-қайта огоҳлантирган?

6 Ҳизқиё орқали Яҳова халқининг исёнкорлиги учун уларни қандай жазолашини очиқ айтади. Яҳова: «Улар сургун қилинади, асирликка тушади»,— дейди. (Ҳиз. 12:11) Ушбу китобнинг 6- бобидан билиб олганимиздай, Ҳизқиё бу ҳукмни яққол тасвирлаб берганди. Бироқ у бундай огоҳлантиришни эълон қилган биринчи киши эмасди. Бундан деярли минг йил илгари, Мусо пайғамбар даврида Яҳова халқи исёнкорлик руҳини намоён этса, сургундан азоб чекиши ҳақида айтган эди. (Қонун. 28:36, 37) Ишаё ва Еремиё каби пайғамбарлар ҳам шунга ўхшаш огоҳлантиришни эълон қилишганди. (Ишаё 39:5–7; Ерм. 20:3–6)

7. Яҳова халқини қай йўсин жазолаган?

7 Афсуски, бу огоҳлантиришларга деярли ҳеч ким қулоқ солмади. Ёмон чўпонларнинг таъсири туфайли халқ исёнкорлик, бутпарастлик ва садоқатсизликка берилиб, бузилиб кетганидан Яҳованинг қалби вайрон бўлди. Шунинг учун Аллоҳ улар очарчиликдан азоб чекишига йўл қўйди. Бир вақтлар «сут билан асал оқиб ётган юрт»да яшаган халқ учун бундай аҳволга тушиш ҳам фалокат, ҳам шармандалик эди. (Ҳиз. 20:6, 7) Сўнг Яҳова анча аввал башорат қилганидай, ўжар халқи сургун қилинишига йўл қўйди. Мил. авв. 607 йили Бобил шоҳи Навуходоносор якуний зарба бериб Қуддусни ва ундаги маъбадни вайрон қилди. Омон қолган минглаб яҳудийлар Бобилга сургун қилинди. Бу бобнинг бошида айтиб ўтилганидай, у ерда яҳудийлар масхаралару қаршиликлардан азият чекишди.

8, 9. Аллоҳ масиҳийлар жамоатини муртадликдан қай йўсин огоҳлантирган?

8 Масиҳийлар жамоати ҳам Бобил асирлиги каби ҳолатни бошдан кечирганми? Ҳа. Қадимда яшаган яҳудийлар билан бўлгани каби, Масиҳнинг издошлари ҳам олдиндан огоҳлантирилган. Хизматининг бошидаёқ Исо шундай сўзларни айтган: «Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар. Улар ёнингизга қўй қиёфасида келадилар, аслида эса улар ваҳший бўрилардир». (Мат. 7:15) Йиллар ўтгач, ҳаворий Павлус қуйидаги огоҳлантиришни ёзишга илҳомлантирилган: «Шуни биламанки, мен кетганимдан кейин орангизга йиртқич бўрилар кириб олади. Улар сурувга шафқатсиз муносабатда бўлишади. Ҳатто сизларнинг орангиздан ҳам, шогирдларни ортидан эргаштириш учун нотўғри таълимотларни тарқатадиган кишилар чиқади». (Ҳавор. 20:29, 30)

9 Масиҳийларга бундай хавфли кишиларни аниқлаш ва улардан эҳтиёт бўлиш ўргатилганди. Оқсоқолларга муртадларни жамоатдан чиқариб ташлаш ҳақида йўл-йўриқ берилганди. (1 Тим. 1:19; 2 Тим. 2:16–19; 2 Бутр. 2:1–3; 2 Юҳан. 10) Бироқ қадимий Исроил ва Яҳудода бўлгани каби, кўплаб масиҳийлар меҳр ила берилган огоҳлантиришларга бора-бора қулоқ солмай қўйишди. Биринчи аср охирларига келиб муртадлик жамоатда томир ёйди. Биринчи асрнинг охирларида ҳамон тирик бўлган ҳаворий Юҳанно жамоат бузилишдан ва тарқалиб бораётган исёнкорликдан азият чекаётганига гувоҳ бўлган. У муртадлик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиб турган ягона киши эди. (2 Салон. 2:6–8; 1 Юҳан. 2:18) Юҳаннонинг ўлимидан сўнг нималар юз берди?

10, 11. Исонинг буғдой ва бегона ўтлар ҳақидаги масали милодий иккинчи асрдан бошлаб қандай амалга оша бошлаган?

10 Юҳаннонинг ўлимидан кейин Исонинг буғдой ва бегона ўтлар ҳақидаги масали амалга оша бошлади. (Матто 13:24–30 ни ўқинг.) Исо башорат қилганидай, Шайтон жамоатга «бегона ўтларни», яъни сохта масиҳийларни эка бошлади ва бузилиш жамоат бўйлаб тезда тарқалиб кетди. Ўғли асос солган жамоат бутпарастлик, бутпарастликка оид байрам ва урф-одатлар, худосиз файласуфлар ва ёлғон динлардан кириб келган сохта таълимотлар билан булғанганини кўриш Яҳовага ниҳоятда оғир ботган бўлса керак! Яҳова нима қилди? Садоқатсиз Исроил халқи билан бўлгани каби, Худо уларни ҳам асир қилиб олишларига йўл қўйди. Милодий иккинчи асрдан бу ёғига сохта масиҳийлар шунчалик кўпайиб кетдики, уларнинг орасидан буғдой сингари бўлган кишиларни топиш қийин бўлиб қолди. Натижада чин масиҳийлар жамоати сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилнинг асирлигига тушди. Ҳолбуки, сохта масиҳийлар аллақачон бузилган империянинг таъсири остида эди. Сохта масиҳийлар кўпайиб кетгани туфайли христиан олами вужудга келди.

11 Христиан олами етакчилик қилган ўша машъум асрлар давомида Исонинг масалидаги «буғдой», яъни самимий масиҳийлар ҳам бор эди. Ҳизқиё 6:9 да қаламга олинган асирликда бўлган яҳудийлар сингари улар ҳам ҳақ Худони эслашганди. Уларнинг айримлари жасорат ила христиан оламининг сохта таълимотларига қарши чиқишганди. Улар масхара қилиниш ва таъқибларга дучор бўлишди. Яҳова халқи доим маънавий зулматда қолишига йўл қўйдими? Асло! Қадимий Исроил билан бўлгани каби, Яҳованинг ғазаби керакли даражада ва белгиланган муддат давомида намоён бўлди. (Ерм. 46:28) Бундан ташқари, Яҳова халқини умидсиз қолдирмаганди. Келинг, қадимий Бобилда асирликда бўлган яҳудийларга қайтиб, Яҳова уларнинг сургун пайти тугаши борасида қандай умид берганини кўриб чиқайлик.

Асрлар давомида чин масиҳийлар Буюк Бобилнинг таъқибларига учраган (10- , 11- хатбошиларига қаранг.)

«Ғазабим босилиб, жаҳлимдан тушаман»

12, 13. Нима сабабли Яҳова Ҳизқиё даврида сургунда бўлган халқига нисбатан жаҳлидан тушган?

12 Яҳова халқидан жаҳли чиққанини очиқ айтган бўлса-да, Унинг адолатли ғазаби абадий давом этмаслигига уларни ишонтирганди. Масалан, Унинг қуйидаги сўзларига эътибор беринг: «Ғазабим босилиб, жаҳлимдан тушаман ва таскин топаман. Уларга қаҳримни сочишдан тўхтаганимда, Мен — Яҳова мутлақ садоқатни талаб қилганим учун буларни айтганимни билиб олишади». (Ҳиз. 5:13) Нима учун Яҳова жаҳлидан тушади?

13 Асир қилиб олиб кетилган садоқатсиз яҳудийлар қаторида Худога содиқ бўлган кишилар ҳам бор эди. Қолаверса, Ҳизқиё орқали Худо асирликда бўлган халқи тавба қилишини башорат қилган эди. Унга кўра, чин дилдан тавба қилган яҳудийлар Аллоҳга қарши исён кўтариб, қилган барча шармандали ишларини тан олишлари ҳамда Яҳовадан кечиришини ва марҳамат кўрсатишини сўраб ёлворишлари керак эди. (Ҳиз. 6:8–10; 12:16) Ҳизқиё, Дониёр пайғамбар ва унинг учта дўсти шундай садоқатли кишилардан эди. Дониёр пайғамбар узоқ яшаб, сургуннинг боши ва охирини кўрди. У Исроил халқининг гуноҳлари учун тавба қилиб чин дилдан айтган ибодати Дониёр китобининг 9- бобида баён этилган. Шубҳасизки, унинг ҳиссиётлари Яҳованинг кечиримини ва уларга яна баракалар беришини интиқиб кутаётган сургунда бўлган минглаб яҳудийларнинг туйғуларини акс эттирган. Ҳизқиёнинг озодлик ва пок топинишнинг тикланиши ҳақидаги илоҳий илҳом остида ёзилган ваъдалари сургунда бўлганларга улкан далда бахш этган.

14. Нега Яҳова халқини она юртига қайтарган?

14 Бироқ Яҳованинг халқи озод бўлиши ва улар орасида пок топиниш тикланишининг янада муҳимроқ сабаби бор эди. Узоқ давом этган сургунлик нафақат яҳудийлар бунга лойиқ бўлгани учун, балки Яҳова барча халқлар олдида Ўз исмини яна муқаддас қиладиган вақт келгани туфайли якунига етади. (Ҳиз. 36:22) Бобилликлар Мардук каби ёвуз худолари Олий Ҳукмдор Яҳовага асло тенг кела олмаслигини узил-кесил билиб олишади! Келинг, Яҳова Ҳизқиёни у билан сургунда бўлган юртдошларига етказишга ундаган бешта ваъдани кўриб чиқайлик. Аввалига ҳар бир ваъда ўша пайтда яшаган садоқатли кишилар учун нимани англатганини муҳокама қиламиз. Кейин эса бу ваъдалар кенг миқёсда қандай амалга ошишини билиб оламиз.

15. Юртига қайтган яҳудийларнинг топинишида қандай ўзгаришлар юз берган?

15 1- ВАЪДА. Бутпарастлик ва сохта дин билан боғлиқ бошқа жирканч ишларга чек қўйилади. (Ҳизқиё 11:18; 12:24 ни ўқинг.) Ушбу китобнинг 5- бобида муҳокама қилинганидек, Қуддус ва у ердаги маъбад бутпарастлик каби сохта дин билан боғлиқ ишлар билан булғанган эди. Одамлар бузилиб кетганди ва Яҳовадан юз ўгирганди. Ҳизқиё орқали башорат қилиб, Яҳова сургунда бўлган халқи яна пок ва булғанмаган топинишда қатнашадиган вақтни интиқиб кутиши мумкинлигини айтганди. Тикланиш келтирадиган бошқа барча баракалар эса асосий масала, яъни Худога пок тарзда топинишнинг тикланиши билан боғлиқ эди.

16. Яҳова халқига она юрти ҳақида қандай ваъда берган?

16 2- ВАЪДА. Она юртига қайтишади. Яҳова сургунда бўлганларга: «Исроил юртини сизларга бераман»,— деб айтган. (Ҳиз. 11:17) Бу ўзгача ваъда эди, чунки бобилликлар сургунда бўлган Худонинг халқи устидан кулиб, қадрли она юртига қайтишига асло умид бермаган. (Ишаё 14:4, 17) Бундан ташқари, юртига қайтганлар Худога садоқатини сақлашса, ерлари серҳосил бўлиб, уларда доим озиқ-овқати ва яхши иши бўларди. Шармандалик ва очарчилик келтирадиган азоблар ўтмишда қоларди. (Ҳизқиё 36:30 ни ўқинг.)

17. Яҳовага келтириладиган қурбонликлар билан нима бўлади?

17 3- ВАЪДА. Яҳованинг қурбонгоҳига яна назрлар келтирилади. Ушбу китобнинг 2- бобида айтиб ўтилгандек, Тавротга кўра, қурбонлик ва назрлар пок топинишнинг муҳим қисмини ташкил этарди. Сургундан қайтганлар итоаткор ва маънан пок бўлиб қолишсагина, уларнинг назрлари Яҳовага маъқул бўларди. Халқ гуноҳларини ювиб, Аллоҳ билан яқин муносабатларини сақлаб қолиши мумкин эди. Яҳова шундай деб ваъда беради: «Бутун Исроил — уларнинг ҳаммаси ўша ерда Менга хизмат қилади. Ўша ерда улардан мамнун бўламан. Муқаддас нарсаларингизнинг ҳаммасини — хайр-эҳсонларингизу назр қилиб келтирган биринчи ҳосилингизни ўша ерда қабул қиламан». (Ҳиз. 20:40) Пок топиниш бутунлай тикланиб, Худонинг халқига баракалар келтиради.

18. Яҳова халқига қандай ғамхўрлик қилади?

18 4- ВАЪДА. Ёмон чўпонлар йўқ қилинади. Раҳбарликни зиммасига олган бузуқ кишиларнинг таъсири туфайли Худонинг халқи жиддий хатоларга йўл қўйганди. Яҳова вазиятни ўзгартиришини ваъда берди. Бундай чўпонлар ҳақида Яҳова шундай деди: «Қўйларимни боқишга ортиқ изн бермайман. [...] Қўйларимни уларнинг оғзидан қутқараман». Яҳова садоқатли хизматчиларини: «Қўйларимга ғамхўрлик қиламан»,— деб ишонтирди. (Ҳиз. 34:10, 12) У буни қандай қилади? У садоқатли кишиларни чўпонлар этиб тайинлайди.

19. Яҳова бирлик ҳақида қандай ваъда берган?

19 5- ВАЪДА. Яҳовага топинувчилар орасида бирлик бўлади. Сургундан олдин халқ орасида ҳукм сурган тарқоқликни кўриб, Худонинг садоқатли топинувчилари қанчалик тушкунликка тушганини бир тасаввур қилинг. Сохта пайғамбарлар ва бузуқ чўпонларнинг таъсири остида халқ Яҳованинг вакиллари бўлмиш садоқатли пайғамбарларга қарши чиққанди; халқ ҳатто бир-бирига қаршилик қилган гуруҳларга бўлиниб кетганди. Шу боис тикланишнинг энг диққатга сазовор томонларидан бири Ҳизқиё орқали берилган қуйидаги ваъда эди: «Уларни якдил қиламан. Уларга янги руҳ ато этаман». (Ҳизқиё 11:19) Агар юртига қайтган яҳудийлар Аллоҳ Яҳова билан ҳамда ўзаро бирликни сақлашса, ҳеч бир душман уларни мағлуб қила олмасди. Улар ортиқ Яҳованинг исмига доғ туширмай, бир халқ сифатида яна Уни шарафлай олишарди.

20, 21. Худонинг ваъдалари сургундан қайтган яҳудийларда қандай амалга ошган?

20 Ушбу бешта ваъданинг барчаси сургундан қайтган яҳудийларда амалга ошдими? Ўтмишда яшаган садоқатли Ёшуанинг қуйидаги сўзларини ёдга олайлик: «Худойингиз Яҳова қандай яхши ваъдалар берган бўлса, ҳеч бири бажарилмай қолмади. Ваъдаларининг ҳаммаси амалга ошди, бирортаси ҳам пучга чиқмади». (Ёшуа 23:14) Ёшуанинг даврида шундай бўлган экан, сургундан она юртига қайтган яҳудийлар пайтида ҳам бу амалга ошади.

21 Яҳудийлар уларни Яҳовадан узоқлаштирган бутпарастлик ва сохта дин билан боғлиқ бошқа жирканч ишлардан воз кечишди. Бу имконсиздай туюлган бўлса-да, улар она юртига қайтиб, ерга ишлов беришди ва унинг неъматларидан баҳраманд бўлиб яшай бошлашди. Яҳудийлар Қуддусга қайтгач, энг аввал қилган ишларидан бири Яҳованинг қурбонгоҳини тиклаб, унда Худога маъқул назрлар келтириш бўлди. (Эзра 3:2–6) Яҳова уларга барака ато этиб, маънавий томондан ғамхўрлик қиладиган чўпонларни, масалан, садоқатли руҳоний ва котиб Эзра, ҳокимлар Нахимиё ва Зарубабел, олий руҳоний Ёшуа ҳамда Хаггей, Закариё ва Малаки каби жасоратли пайғамбарларни берди. Халқ Яҳованинг йўл-йўриқларига итоат этар экан, узоқ вақт давомида мисли кўрилмаган бирликдан завқлана оларди. (Ишаё 61:1–4; Еремиё 3:15 ни ўқинг.)

22. Тикланиш ҳақидаги ваъдаларнинг илк амалга ошиши келажакда юз берадиган буюкроқ ходисаларнинг сояси бўлганини қаердан биламиз?

22 Шубҳасизки, Яҳованинг тикланиш ҳақидаги ваъдалари илк бор амалга ошиши ниҳоятда далдали бўлган. Шундай бўлса-да, бу келажакда юз берадиган буюкроқ ходисаларнинг сояси эди, холос. Буни қаердан биламиз? Яҳова ушбу ваъдаларни фақат муайян шарт асосида, яъни халқ итоаткор бўлиб қолсагина амалга оширарди. Вақт ўтиб яҳудийлар яна итоатсиз ва исёнкор бўлиб кетди. Аммо Ёшуа таъкидлаганидек, Яҳованинг сўзлари доим амалга ошади. Демак, бу ваъдалар янада кенгроқ миқёсда амалга ошиши керак эди. Келинг, бу қандай юз берганини билиб олайлик.

«Мени мамнун этасизлар»

23, 24. Барча нарсани «ўз ўрнига» қўйиш, яъни тикланиш вақти қачон бошланган?

23 Муқаддас Китобни тадқиқ қилувчи инсонлар сифатида биз бу ёвуз дунёнинг охирги кунлари 1914 йили бошланганини биламиз. Аммо бу Яҳованинг хизматчиларини қайғуга солмайди. Ҳа, Муқаддас Китобда 1914 йили ниҳоятда ўзгача давр — Аллоҳ барча нарсани «ўз ўрнига» қўйиш, яъни тикланиш вақти бошлангани таъкидланган. (Ҳавор. 3:21) Буни қаердан биламиз? Хўш, 1914 йили осмонда нима юз берди? Исо Масиҳий Шоҳликнинг Шоҳи сифатида тахтга ўтирди. Бу воқеанинг тикланиш вақтига қандай алоқаси бор? Ёдингизда бўлса, Яҳова шоҳ Довуднинг сулоласи абадий шоҳлик қилиши тўғрисида ваъда берганди. (1 Сол. 17:11–14) Мил. авв. 607 йили бобилликлар Қуддусни вайрон қилганда Довуд сулоласидан бўлган шоҳлар бошқарувига чек қўйилганди.

24 «Инсон Ўғли» сифатида Исо Довуднинг авлодидан бўлган ва унинг тахтида ўтиришга қонуний ҳуқуқи бор эди. (Мат. 1:1; 16:13–16; Луқо 1:32, 33) 1914 йили Яҳова Исога самовий тахтни берганида барча нарсани «ўз ўрнига» қўйиш, яъни тикланиш вақти бошланди. Энди тиклаш ишини давом эттириш учун Яҳовада мукаммал Шоҳдан фойдаланиш имкони пайдо бўлди.

25, 26. а) Узоқ давом этган Буюк Бобил асирлиги қачон якунланган ва биз буни қаердан биламиз? («Нега 1919 йил?» номли рамкага қаранг.) б) 1919 йилдан бошлаб нима амалга оша бошлаган?

25 Масиҳ Шоҳ сифатида қилган илк ишлардан бири Отаси билан бирга Худо халқининг топинишини текшириш бўлди. (Мал. 3:1–5) Исо буғдой ва бегона ўтлар ҳақидаги масалида башорат қилганидай, узоқ вақт давомида буғдойни бегона ўтлардан, яъни ҳақиқий мойланган масиҳийларни сохталаридан ажратиш қийин бўлган *. 1914 йили «ўрим-йиғим пайти» бошланганида уларнинг фарқи аниқ кўринди. 1914 йилдан аввалги бир неча ўн йил давомида садоқатли Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари христиан оламининг оғир гуноҳларини фош қилиб, ушбу бузилган ташкилотдан ажралиб чиқа бошлади. Бу Яҳова учун пок топинишни тўлиқ тиклаш вақти эди. Шу йўсин 1919 йилнинг бошларида, «ўрим-йиғим пайти» бошланганига атиги бир неча йил бўлганида, Худонинг халқи Буюк Бобил асирлигидан буткул озод бўлди. (Мат. 13:30) Ҳа, асирлик якунига етди!

26 Ҳизқиёнинг тикланиш ҳақидаги башоратлари қадим замонлардан бери ҳали ҳеч қачон юз бермаган даражада, кенг миқёсда амалга оша бошлади. Келинг, биз кўриб чиққан бешта башорат кенгроқ миқёсда қай йўсин амалга ошганини билиб олайлик.

27. Худо Ўз халқини бутпарастликдан қандай тозалаган?

27 1- ВАЪДА. Бутпарастлик ва сохта дин билан боғлиқ бошқа жирканч ишларга чек қўйилади. 19- аср охирлари 20- аср бошларида садоқатли масиҳийлар биргаликда йиғилиб, сохта дин таълимотларини фош қила бошлашди. Учликка сиғиниш, инсоннинг ўлмас жони борлиги ва дўзах ҳақидаги таълимотлар илдизи сохта динга бориб тақаладиган ва Муқаддас Китобга асосланмаган таълимотлар сифатида қатъиян рад этилди. Топинишда тасвирлардан фойдаланиш бутпарастлик экани очиқ айтилди. Аста-секин Худонинг халқи топинишда хочдан фойдаланиш ҳам бутпарастликнинг бир тури эканини англаб етди. (Ҳиз. 14:6)

28. Қайси маънода Яҳованинг халқи ўз юртига қайтган?

28 2- ВАЪДА. Худонинг халқи маънавий юртига қайтади. Буюк Бобилнинг сохта динларини тарк этгач, садоқатли масиҳийлар маънавий юртига қайтишди. Маънавий юрт — улар асло маънавий очликдан азоб чекмайдиган, Худо барака ато этадиган муҳитни ёки шароитни англатади. (Ҳизқиё 34:13, 14 ни ўқинг.) Ушбу китобнинг 19- бобидан шуни билиб оламизки, Яҳова бу юртга барака бериб, унда маънавий озуқа мўл-кўл бўлишига ғамхўрлик қилмоқда. (Ҳиз. 11:17)

29. 1919 йилдан бери ваъзгўйлик иши қай йўсин кенг қулоч ёза бошлаган?

29 3- ВАЪДА. Яҳованинг қурбонгоҳига яна назрлар келтирилади. Милодий биринчи асрдаёқ масиҳийлар Худога қурбонлик сифатида том маънодаги ҳайвонларни эмас, балки янада қадрлироқ ҳадяларни тақдим этишлари кераклиги ҳақида айтилганди. Бу ҳадяларга улар Яҳовани шарафлаб айтган сўзлар ва бошқаларга У ҳақида ваъз қилишгани кирарди. (Иброн. 13:15) Худонинг халқи Буюк Бобил асирлигида бўлган юзлаб йиллар давомида, Худога бундай ҳадяларни тақдим этиш учун ҳеч қандай тадбир ташкиллаштирилмаган эди. Бироқ асирлик якунига етганида, Аллоҳнинг халқи бундай ҳамду сано қурбонликларини келтира бошлаганди. Улар ваъзгўйлик иши билан банд бўлиб, ўз учрашувларида қувонч ила Худони шарафлашаётган эди. 1919 йилдан бери «ишончли ва ақлли хизматкор» бор кучини ваъзгўйлик ишига солиб, уни кенг кўламда ташкиллаштирган. (Мат. 24:45–47) Яҳованинг кўпайиб бораётган хизматчилари Унинг муқаддас исмига атаб ҳамду-сано айтгани боис Унинг қурбонгоҳи бундай қурбонликлар билан тўлиб-тошганди.

30. Исо сурувида яхши чўпонлар бўлиши учун нима қилган?

30 4- ВАЪДА. Ёмон чўпонлар йўқ қилинади. Масиҳ Худонинг халқини христиан оламининг ноинсоф, худбин ва сохта чўпонларидан қутқарди. Масиҳнинг сурувида ўзини ўша сохта чўпонлар каби тутадиганлар ҳам ўз мавқеидан маҳрум қилинди. (Ҳиз. 20:38) Яхши Чўпон сифатида Исо қўйларига ўринли тарзда ғамхўрлик қилинишини таъминлади. 1919 йили у ишончли ва ақлли хизматкорни тайинлади. Мойланган масиҳийларнинг ушбу кичик гуруҳи Худонинг халқи маънавий озуқа билан таъминланиб, яхши боқилишида раҳбарликни ўз зиммасига олди. Вақт ўтиб, «Аллоҳнинг сурувига» ғамхўрлик қилишда кўмаклашиш учун оқсоқоллар таълим олишди. (1 Бутр. 5:1, 2) Масиҳий чўпонларга Аллоҳ Яҳова ҳамда Исо Масиҳ томонидан ўрнатилган меъёрни эслатиб туриш учун Ҳизқиё 34:15, 16 даги сўзлар тез-тез такрорланарди.

31. Яҳова Ҳизқиё 11:19 даги башоратни қай йўсин амалга оширган?

31 5- ВАЪДА. Яҳовага топинувчилар орасида бирлик бўлади. Асрлар оша христиан олами бир-бирига бутунлай қарши бўлган ўн минглаб динлар ва мазҳабларга бўлиниб кетди. Улардан фарқли ўлароқ, Яҳова қайта тикланган халқи орасида чинакам мўъжиза яратди. Унинг Ҳизқиё орқали: «Уларни якдил қиламан»,— деган сўзлари улуғвор тарзда амалга ошди. (Ҳиз. 11:19) Дунё бўйлаб Масиҳнинг ирқи, иқтисодий ва ижтимоий келиб чиқиши турлича бўлган миллионлаб издошлари бор. Лекин уларнинг бари ўша-ўша ҳақиқатларни ўрганиб, беқиёс уйғунликда битта ишни бажаришади. Ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кечасида, Исо издошлари орасида бирлик бўлишини сўраб илтижо қилганди. (Юҳанно 17:11, 20–23 ни ўқинг.) Бизнинг кунларимизда Яҳова ушбу тилакни ажойиб тарзда амалга оширяпти.

32. Тикланиш ҳақидаги башоратлар амалга ошгани сизга қандай таъсир қиляпти? («Асирлик ва тикланиш ҳақидаги башоратлар» номли рамкага қаранг.)

32 Ушбу ажойиб тикланиш даврида яшаётганимиздан ниҳоятда хурсандмиз, шундай эмасми?! Бугунги кунда топинишимизнинг ҳар бир соҳасида Ҳизқиёнинг башоратлари амалга ошаётганига гувоҳ бўляпмиз. Яҳова Ҳизқиё орқали: «Мени мамнун этасизлар»,— деб башорат қилганидай, ҳозир халқидан мамнун эканига амин бўлишимиз мумкин. (Ҳиз. 20:41) Сиз орасида бирлик ҳукм сураётган, маънан яхши озиқланаётган ва дунё бўйлаб Яҳовага шарафлар келтираётган, юзлаб йиллик маънавий асирликдан озод бўлган халқнинг аъзосисиз. Бу қанчалик катта шараф эканини англаяпсизми? Аммо Ҳизқиёнинг тикланиш ҳақидаги башоратларидан айримлари янада кенгроқ миқёсда амалга ошади.

Адан боғига ўхшаш юрт

33–35. а) Ҳизқиё 36:35 даги сўзлар сургунда бўлган яҳудийлар учун нимани англатган? б) Бу башорат бугунги кунда Худонинг халқи учун нимани англатади? («Барча нарсани “ўз ўрнига” қўйиш вақти» номли рамкага қаранг.)

33 Билиб олганимиздай, барча нарсани «ўз ўрнига» қўйиш, яъни тикланиш вақти 1914 йили Исо тахтга ўтирганида — Довуд авлодидан бўлган шоҳлар сулоласи тикланиши билан — бошланди. (Ҳиз. 37:24) Кейин Яҳова юзлаб йиллик маънавий асирликдан озод бўлган халқи орасида пок топинишни тиклаши учун Масиҳга ваколат берди. Шу билан Масиҳ бошлаган тиклаш иши якунига етдими? Асло! Бу иш келажакда ҳам ҳайратомуз тарзда давом этади ва Ҳизқиёнинг башоратлари бу борадаги қизиқарли тафсилотларни очиб беряпти.

34 Мисол учун, қуйидаги илҳомлантирилган сўзларга эътибор беринг: «Шунда одамлар: “Ташландиқ юрт Адан боғидай бўлибди...”,— дейишади». (Ҳиз. 36:35) Бу сўзлар Ҳизқиё ва у билан сургунда бўлган кишилар учун нимани англатган? Албатта улар бу башорат том маънода амалга ошишини, яъни уларнинг тикланган она юрти бир вақтлар Яҳованинг Ўзи барпо этган Адан боғидай бўлишини кутишмаган. (Ибт. 2:8) Аксинча, Яҳова бу сўзлар билан тикланган она юртлари гўзал ва серҳосил бўлишига уларни ишонтирмоқчи эканини англашган.

35 Ушбу башорат биз учун нимани англатади? Шайтон Иблис бошқараётган ёвуз дунёда яшаётган эканмиз, бу башорат ҳозир том маънода амалга ошишини кутмаяпмиз. Аксинча, бу сўзлар бугунги кунда рамзий маънода амалга ошаётганини тушунамиз. Яҳованинг хизматчилари сифатида биз қайта тикланган маънавий юртда, маънавий жаннатда яшаяпмиз. Бу ерда биз самарали хизмат қилиб, муқаддас хизматимизни ҳаётимизда биринчи ўринга қўйяпмиз. Ушбу маънавий юрт секин-аста ва тўхтовсиз гўзаллашиб боряпти. Келажак ҳақида-чи, нима деса бўлади?

36, 37. Келажакда бўладиган жаннатда қайси ваъдалар амалга ошади?

36 Буюк Армагеддон жангидан сўнг Исо тиклаш ишини янада кенгайтиради ва бу иш том маънода бутун ер юзини қамраб олади. Минг йиллик бошқаруви пайтида у бутун ер юзи Яҳованинг азалий ниятига кўра Адан боғига, яъни жаннатга айланиши учун инсониятга бошчилик қилади. (Луқо 23:43) Шунда бутун инсоният ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириб, ер юзига яхши ғамхўрлик қилади ва ер ҳам уларга ўзининг энг аъло неъматларини беради. Хавф-хатардан холи ҳаёт кечирамиз. Қуйидаги ваъда амалга ошадиган вақтни бир кўз ўнгингизга келтиринг: «Мен улар билан тинчлик аҳдини қиламан ва юртни йиртқич ҳайвонлардан озод этаман. Шунда улар саҳрода хавфсиз ҳаёт кечириб, ўрмонларда ухлашади». (Ҳиз. 34:25)

37 Қуйидагиларни тасаввур қила оласизми? Сиз қўрқмасдан улкан еримизнинг исталган жойига боришингиз мумкин. Ҳеч қандай ҳайвон сизга зарар етказмайди. Ҳеч қандай хавф тинчлигингизни бузмайди. Ҳатто ўрмон бағрига ёлғиз ўзингиз саёҳат қилиб, унинг маҳобатли гўзаллигидан завқланишингиз, буткул хавфсизликда уйқуга кетиб, тиниқиб дам олган ва ҳеч қандай зиён кўрмаган ҳолда уйғонишингиз мумкин!

Ҳатто «ўрмонларда ухлаш» хавфсиз бўладиган пайтни бир тасаввур қилинг (36- , 37- хатбошиларига қаранг.)

38. Ҳизқиё 28:26 да ёзилган башорат амалга ошишини кўришингиз ҳақида ўйлаганда нималарни ҳис қиласиз?

38 Биз мана бу ваъда амалга ошганини кўрамиз: «Улар тинчлик ва осойишталикда яшайдилар, уйлар қуриб, узумзорлар барпо қиладилар. Уларни мазах қилган атрофдаги барча халқлар устидан ҳукмимни ижро этганимда, улар тинчликда яшайдилар. Шунда Мен — Яҳова уларнинг Худоси эканимни билиб оладилар». (Ҳиз. 28:26) Яҳованинг барча душманлари йўқ қилингач, биз бутун дунё бўйлаб бўладиган тинчлик ва хавфсизликдан баҳра оламиз. Биз ер юзига ғамхўрлик қилиш билан бирга, ўзимиз ва севикли кишиларимизнинг эҳтиёжларини ҳам қондира оламиз, яшаш учун қулай уйлар қуриб, узумзорлар барпо этамиз.

39. Ҳизқиё жаннат ҳақида ёзган башоратлар амалга ошишига нега амин бўлишингиз мумкин?

39 Бу ваъдалар сизга шунчаки хомхаёлдай туюляптими? Унда ҳозирги тикланиш вақтида нималарга гувоҳ бўлганингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Шайтоннинг аёвсиз қаршиликларига қарамай, Исога ушбу дунёнинг сўнгги кунларида пок топинишни тиклаш ваколати берилди. Бу, Ҳизқиё орқали берилган Худонинг барча ваъдалари амалга ошишининг кучли исботи!

^ абз. 2 Асир қилиб олиб кетилган яҳудийларнинг аксарияти Бобил шаҳридан муайян масофа узоқликда жойлашган қишлоқларда яшашган. Масалан, Ҳизқиё Кавор дарёси бўйидаги яҳудийлар орасида яшаган. (Ҳиз. 3:15) Лекин асир қилиб олиб кетилган яҳудийларнинг озчилиги шаҳарнинг ўзида яшаган. Улар қаторига «шоҳлар ва асилзодалар наслидан бўлган одамлар» кирган. (Дон. 1:3, 6; 4 Шоҳ. 24:15)

^ абз. 25 Масалан, 16- асрда яшаган протестант ислоҳотчиларидан қай бирлари мойланган масиҳийлар бўлганини аниқ айта олмаймиз.