Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

20- БОБ

«Юртни мерос сифатида тақсимлаб беринг»

«Юртни мерос сифатида тақсимлаб беринг»

ҲИЗҚИЁ 45:1

БУ БОБДА: юртнинг тақсимланиши нимани англатади?

1, 2. а) Яҳова Ҳизқиёга қандай кўрсатмалар берди? б) Қайси саволларни кўриб чиқамиз?

ҲИЗҚИЁ ҳозиргина ваҳий кўрди. Бу ваҳий уни хаёлан 900 йилча илгари Мусо ва Ёшуа яшаган пайтга кўчирган бўлса керак. Ўшанда Яҳова Мусога ваъда қилинган юртнинг чегараларини тасвирлаб берганди. Кейинроқ эса Ёшуага юрт Исроил қабилалари орасида қай йўсин тақсимланиши кераклигини айтганди. (Саҳ. 34:1–15; Ёшуа 13:7; 22:4, 9) Ҳозир эса мил. авв. 593 йил ва Яҳова Ҳизқиё ҳамда у билан сургунда бўлганларга ваъда қилинган юртни Исроил қабилалари орасида яна бир бор тақсимлашни айтди. (Ҳиз. 45:1; 47:14; 48:29)

2 Хўш, бу ваҳий Ҳизқиё ва у билан сургунда бўлганлар учун қандай хабарни ўз ичига олган? Нега мазкур ваҳий Худонинг бугунги халқи учун далда манбаи, деб айта оламиз? У келажакда кенгроқ миқёсда амалга ошадими?

Ваҳийдаги тўртта ваъда

3, 4. а) Ҳизқиё кўрган сўнгги ваҳий сургунда бўлганлар учун қайси тўртта ваъдани ўз ичига олган? б) Мазкур бобда қайси ваъдага диққат қаратамиз?

3 Ҳизқиё кўрган сўнгги ваҳий унинг исми билан аталган китобнинг тўққизта бобини эгаллайди. (Ҳиз. 40:1–48:35) У Исроил халқининг тикланиши борасида тўртта ваъдани ўз ичига олган ва бу сургунда бўлганларга далда бахш этган. Қизиқ, бу қандай ваъдалар экан? Биринчиси, Худонинг маъбадида пок топиниш тикланади. Иккинчиси, одил руҳонийлару чўпонлар юртга қайтган халққа етакчилик қилади. Учинчиси, Исроилга қайтганларнинг барчаси юртдан мерос олади. Тўртинчиси, Яҳова яна уларнинг орасида бўлиб, улар билан яшайди.

4 Биз 13- ва 14- бобларда ҳақ топиниш тикланиши ва одил чўпонлар етакчилик қилиши ҳақидаги илк иккита ваъда қай йўсин амалга ошганини кўриб чиқдик. Мазкур бобда эса юрт мерос қилиб олиниши ҳақидаги учинчи ваъдага диққат қаратамиз. Навбатдаги бобда Яҳова халқининг орасида бўлиши тўғрисидаги ваъдани кўриб чиқамиз. (Ҳиз. 47:13–21; 48:1–7, 23–29)

«Бу юрт... сизларга мерос сифатида берилди»

5, 6. а) Ҳизқиёнинг ваҳийсида қайси ҳудуд бўлиб берилиши керак эди? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.) б) Юртни бўлиб бериш тўғрисидаги ваҳийни беришдан мақсад нима эди?

5 Ҳизқиё 47:14 ни ўқинг. Ваҳийда Яҳова Ҳизқиёнинг эътиборини кўп ўтмай «Адан боғидай» бўладиган юртга қаратди. (Ҳиз. 36:35) Сўнг Тангри Яҳова: «Исроилнинг 12 қабиласига шу ҳудудни мерос сифатида бўлиб беринглар»,— деди. (Ҳиз. 47:13) Бўлиб бериладиган «ҳудуд» сургунда бўлганлар қайтадиган Исроил юрти эди. Кейин эса, Ҳизқиё 47:15–21 да ёзилганидай, Яҳова юртнинг ташқи чегаралари қаердан ўтишини батафсил тасвирлаб берди.

6 Юртни бўлиб бериш тўғрисидаги ваҳийни беришдан мақсад нима эди? Аниқ белгиланган чегаралар тасвирлаб берилгани Ҳизқиё ва у билан сургунда бўлганларни севимли юрти албатта тикланишига ишонтирган. Яҳова ваъдасини батафсил ва ёрқин таърифлаб берганидан сургунда бўлганларнинг руҳи қанчалик кўтарилганини бир тасаввур қилинг! Хўш, Худонинг қадимги халқи мерос сифатида тақсимланган юртга чиндан ҳам эга бўлдими? Бўлмасам-чи!

7. а) Мил. авв. 537 йили қандай воқеалар юз бера бошлади ва бу бизга нимани эслатяпти? б) Аввал қайси саволни кўриб чиқамиз?

7 Ҳизқиё ваҳийни кўрганидан тахминан 56 йил ўтиб, яъни мил. авв. 537 йили минглаб сургунда бўлганлар Исроил юртига қайтиб, уни эгаллай бошлади. Узоқ ўтмишда юз берган бу ажойиб воқеалар бизнинг давримизда ҳам Худонинг халқи билан ўхшаш вазият юз бераётганини эсга солади. Қайсидир маънода улар ҳам бу юртдан улуш олган. Қанақасига? Яҳова хизматчилари маънавий юртга киришига ва унга эгалик қилишига изн берди. Шундай экан, қадимги ваъда қилинган юрт тикланганидан ҳозирда Худо халқининг маънавий юрти тиклангани борасида кўп нарсани ўргана оламиз. Бу сабоқларни кўриб чиқишдан аввал, келинг, қуйидаги саволга жавоб топайлик: нима учун бугунги кунда маънавий юрт чиндан ҳам мавжуд, деб айта оламиз?

8. а) Яҳова Исроил халқининг ўрнига қайси халқни танлади? б) Маънавий юрт ёки жаннат нимани билдиради? в) У қачон вужудга келган ва у ерда кимлар яшаяпти?

8 Ҳизқиёга олдинроқ берилган ваҳийда Яҳова хизматкори «Довуд», яъни Исо Масиҳ Шоҳ сифатида бошқаришни бошлаганида, Исроилнинг тикланиши тўғрисидаги башоратлар кенгроқ миқёсда амалга ошишини айтганди. (Ҳиз. 37:24) Бу мил. 1914 йили юз берди. Ўша пайтга келиб, Худонинг халқи сифатида исроилликларнинг ўрнини муқаддас руҳ билан мойланган масиҳийлардан иборат рамзий Исроил эгаллаганига анча бўлган эди. (Матто 21:43; 1 Бутрус 2:9 ни ўқинг.) Яҳова нафақат Исроил халқининг ўрнига рамзий Исроилни танлади, балки том маънодаги Исроил юртининг ўрнига ҳам маънавий юрт ёки жаннатни танлади. (Ишаё 66:8) 17- бобда кўриб чиққанимиздай, маънавий юрт хавфсиз, маънавий тарафдан гуллаб-яшнаётган жаннат бўлиб, мойланганларнинг қолган қисми 1919 йилдан бери у ерда Яҳовага топиняпти. («Нега 1919 йил?» номли 9Б рамкасига қаранг.) Вақт ўтиб ер юзида яшаш умидига эга бўлганлар, яъни «бошқа қўйлар» ҳам бу маънавий юртда яшай бошлади. (Юҳан. 10:16) Маънавий жаннат гуллаб-яшнашда ва кенгайишда давом этар экан, фақатгина Армагеддондан сўнг унинг баракаларига тўлақонли эриша оламиз.

Юртни тенг бўлиш

9. Юртни тақсимлаш борасида Яҳова қандай батафсил кўрсатмалар берди?

9 Ҳизқиё 48:1, 28 ни ўқинг. Юртнинг ташқи чегараларини белгилагач, Яҳова уни қай йўсин тақсимлашни батафсил тасвирлаб берди. Унинг кўрсатмасига биноан, 12 қабилага тегишли мерос шимолдан жанубгача тенг бўлиниши керак эди. Юртнинг энг шимолий қисмида Дан қабиласининг улуши, энг жанубий қисмида эса Гад қабиласининг улуши бўлиши лозим эди. 12 та улушнинг ҳар бири кўндалангига бўлинган бўлиб, улар юртнинг шарқдаги ташқи чегарасидан бошланиб ғарбдаги Буюк денгиз, яъни Ўрта денгизгача чўзилганди. (Ҳиз. 47:20; «Юртнинг тақсимланиши» номли рамкадаги харитага қаранг.)

10. Ваҳийнинг бу қисми сургунда бўлганларни нимага ишонтирган бўлиши мумкин?

10 Ваҳийнинг бу қисми сургунда бўлганларни нимага ишонтирган бўлиши мумкин? Эҳтимол, Ҳизқиё юртнинг тақсимланишини батафсил тасвирлаб бергани сургунда бўлганларни юртнинг бўлиниши ажойиб тарзда ташкиллаштирилишига ишонтирган. Шунингдек, юрт 12 та қабила орасида тенг бўлиниши сургундан қайтганларнинг барчаси тикланган юртда албатта улуш олишини таъкидлаган. Ҳа, юртига қайтганлардан ҳеч ким ерсиз ёки уйсиз қолиб кетмас эди.

11. Юртнинг тақсимланиши ҳақидаги башоратли ваҳийдан қандай сабоқлар оляпмиз? («Юртнинг тақсимланиши» номли рамкага қаранг.)

11 Мазкур ваҳийдан бугунги кунда далда бахш этувчи қандай сабоқлар оляпмиз? Ваъда қилинган юрт тикланганида, у ерда нафақат руҳонийлар, левилар ва йўлбошчилар учун, балки 12 та қабиланинг барча аъзолари учун жой бўлган. (Ҳиз. 45:4, 5, 7, 8) Шу сингари, ҳозирда ҳам маънавий жаннатда фақатгина мойланганларнинг қолган қисми ва «улкан оломон» орасида бошчиликни зиммасига олганлар учун эмас, балки унинг барча аъзолари учун жой бор *. (Ваҳ. 7:9) Ташкилотда бажараётган вазифамиз қанчалик кичик бўлмасин, маънавий юртда хавфсиз жойимиз бор ва муҳим топшириқни бажарамиз. Нақадар далдали сўзлар!

Яҳованинг ташкилотида қандай масъулиятга эга бўлмайлик, У ҳаракатларимизни қадрлайди (11- хатбошига қаранг.)

Иккита катта фарқ — улар биз учун нимани англатади?

12, 13. Юртни қабилалар орасида тақсимлаш борасида Яҳова қандай ўзгача кўрсатмалар берди?

12 Яҳова юртнинг тақсимланиши борасида берган айрим кўрсатмалар Ҳизқиёни ўйлантириб қўйган бўлса керак. Боиси, улар Мусога берилган кўрсатмалардан фарқ қиларди. Келинг, уларнинг иккитасига диққат қаратамиз. Бири юрт билан, иккинчиси эса унда истиқомат қилувчилар билан боғлиқ.

13 Биринчиси, юрт. Мусога каттароқ қабилаларга кичикроқларига қараганда кўпроқ ер бериш айтилган эди. (Саҳ. 26:52–54) Аммо Ҳизқиёнинг ваҳийсида Яҳова ўзгача кўрсатмалар бериб, барча қабилаларга «тенг улуш» тақсимлашни айтди. (Ҳиз. 47:14) Шундай қилиб, 12 та қабилага тақсимланган ҳар бир улушнинг шимолий чегарасидан жанубий чегарасигача масофа бир хил бўлиши керак эди. Барча исроилликлар — қайси қабилага тегишли бўлишидан қатъи назар — яхши суғориладиган ваъда қилинган юртнинг табиий неъматларига бирдай эга бўла оларди.

14. Яҳованинг мусофирлар борасида берган кўрсатмалари Мусонинг Таврот китобида ёзилганлардан нимаси билан фарқ қилган?

14 Иккинчиси, унда истиқомат қилувчилар. Мусонинг Таврот китобига кўра, мусофирлар ҳимоя остида бўлиб, Яҳовага топиниши мумкин эди. Аммо улар юртдан улуш ололмасди. (Лев. 19:33, 34) Энди эса Яҳова Ҳизқиёга айтганлари Тавротда ёзилганлардан умуман фарқ қиларди. Яҳова шундай деди: «Мусофир кишига ўзи яшаётган қабила ҳудудида мерос беринглар». У бундай амр бериб, «маҳаллий исроилликлар» ва юртдаги мусофирлар ўртасидаги катта фарқни йўққа чиқарди. (Ҳиз. 47:22, 23) Ҳизқиё тикланган юрт тўғрисидаги ваҳийда у ерда истиқомат қилувчилар ўзаро тенглик ва якдилликда топинаётганини кўрди. (Лев. 25:23)

15. Юрт ва унинг аҳолиси ҳақидаги кўрсатмалар Яҳова тўғрисида қайси ўзгармас ҳақиқатни тасдиқлаган?

15 Юрт ва унинг аҳолиси ҳақида Ҳизқиё олган мазкур иккита ўзгача кўрсатма сургунда бўлганларнинг ишончини мустаҳкамлаган бўлса керак. Улар шуни билганки, маҳаллий исроиллик бўладими ёки Яҳовага топинаётган мусофирми, Яҳова уларга тенг улуш беради. (Эзра 8:20; Нахим. 3:26; 7:6, 25; Ишаё 56:3, 8) Шунингдек, бу кўрсатмалар далдали ва ўзгармас ҳақиқатни — Яҳова барча хизматчиларини бирдек қадрлашини тасдиқлаган. (Хаггей 2:7 ни ўқинг.) Бугунги кунда биз ҳам — самовий умидга эгамизми ёки ер юзида яшаш умидигами — мазкур ҳақиқатни ёдда тутамиз.

16, 17. а) Юрт ва унинг аҳолиси ҳақидаги тафсилотларни кўриб чиқиш бизга қандай фойда келтиради? б) Келаси бобда нимани билиб оламиз?

16 Юрт ва унинг аҳолиси ҳақидаги тафсилотларни кўриб чиқиш бизга қандай фойда келтиради? Улар тенглик ва якдиллик умумжаҳон биродарлигимизда яққол кўриниши кераклигини эслатяпти. Яҳова юзхотирчилик қилмайди. Ўзимизга қуйидаги саволларни беришимиз лозим: «Юзхотирчилик қилмасликда Яҳовага тақлид қиляпманми? Ҳар бир имондошимга ирқи ёки шароити қандай бўлишидан қатъи назар, ҳурмат кўрсатяпманми?» (Рим. 12:10) Яҳова маънавий жаннатга киришга барчамизга тенг ҳуқуқ бергани учун миннатдормиз. У ерда самовий Отамизга бутун қалбимиз билан муқаддас хизматни адо этамиз ва баракаларидан баҳраманд бўламиз. (Галат. 3:26–29; Ваҳ. 7:9)

Юзхотирчилик қилмасликда Яҳовага тақлид қилиб, барчага чин дилдан ҳурмат кўрсатяпмизми? (15- , 16- хатбошиларига қаранг.)

17 Келинг, Ҳизқиё кўрган сўнгги ваҳийнинг охирги қисмида берилган тўртинчи ваъдани — Яҳова сургундагилар билан бирга бўлишини кўриб чиқамиз. Мазкур ваъдадан қандай сабоқлар олишимиз мумкин? Келаси бобда бунинг жавобини билиб оламиз.

^ абз. 11 Яҳова маънавий юртда руҳонийларга ва йўлбошчиларга алоҳида ўрин ажратгани ҳамда вазифа топширгани борасида кўпроқ билиб олиш учун 14- бобга қаранг.