Болаларимиз нимага муҳтож?
ОТА ёки она бўлаётган ҳар ким, ақл бовар қилмайдиган ажойиб бир ҳодисага гувоҳ бўлади. Ота-она янги бир ҳаёт пайдо бўлишига ҳисса қўшади. Натижада, онанинг қорнида тирик жон шаклланиб боради. Боланинг дунёга келишини «туғилиш мўъжизаси», деб бежиз айтишмас экан-да.
Табиийки, фарзандлар дунёга келиши билан ота-онанинг зиммасига катта масъулият юкланади. Аввалига болалар жуда нозик ва ота-онанинг ғамхўрлигига муҳтож бўлишади. Аммо катта бўлган сари, улар кўпроқ нарсага эҳтиёж сезишади. Ҳа, фарзандларнинг ақлан, ҳиссан, ахлоқан ва маънан ривожланишига ёрдам керак бўлади.
Бола улғайиб, етук киши бўлиши учун ота-онаси ундан меҳрини аямаслиги керак. Албатта, ота-оналар болаларини яхши кўришаётганини айтишлари муҳим. Бироқ севгини амалда кўрсатиш, ҳар нарсадан устун. Дарҳақиқат, фарзандларга яхши ўрнак кўрсатиш зарур. Уларга одоб-ахлоқ борасида йўл-йўриқ бериб, ҳаётнинг асосий принципларини сингдириш даркор. Тарбияни имкон қадар эртароқ бошлаш керак. Акс ҳолда кеч бўлади. Агар ота-она бу масалада бепарволик қилса, кейин кўп кўз ёш тўкиб, руҳан эзилади-да.
Бу борада энг зўр йўл-йўриқларни Муқаддас Китобдан топса бўлади. Ундаги қонун-қоидалар асосида берилган тарбияга ҳеч нарса тенг кела олмайди. Бундай таълим-тарбияни олган фарзанд, унга ўргатилган нарсалар бирон-бир одамдан эмас, балки самовий Отамиз бўлмиш Парвардигори Олам — Яҳовадан эканлигини тушуниб етади. Чиндан ҳам, бунга нима етсин?!
Муқаддас Китоб ота-онани болажонларига одоб-ахлоқ нормаларини сингдиришга ундайди. Бироқ, бола катта бўлгани сари одатда баъзи муҳим саволларни тушунтириш ота-онага қийинроқ кечади. «Улуғ Устозга
қулоқ солинг» деган ушбу китоб ота-онага бундай вазиятлардан чиқиб кетишга ёрдам беради. Бу китоб, сизга ва болангизга бирга ўқиш учун зўр бир маънавий қўлланма бўла олади. Боз устига, ушбу адабиёт болажонлар билан уларга ўқиб бераётган кишилар ўртасида жонли суҳбатлар уюштиришга кўмаклашади.Бу китоб болаларни ўз фикрини айтишга ундайди. Матнда кўп саволлар учрайди ва улардан кейин тильда белгиси (~) туради. Бу, бироз тўхтаб, болани ўз фикрини айтишга ундаш кераклигини эслатиб туради. Болажонлар саволларга жавоб беришни ёқтиришади. Агар болага бундай имконият бермасангиз, у муҳокама қилинаётган мавзуга қизиқишини тез йўқотади.
Аммо энг муҳими, бу саволлар сизга болангизнинг тафаккурини тушунишга ёрдам беради. Унинг жавоблари ҳар доим ҳам тўғри бўлмайди, албатта. Лекин саволлардан кейинги матн болага тўғри хулосага келишга кўмаклашади.
Ушбу китобда 230 дан ортиқ расм бор. Уларнинг кўпчилигига саволлар келтирилган бўлиб, болани ўтиб бўлган мавзу асосида жавоб беришга чорлайди. Шундай экан, бу расмларни биргаликда синчковлик билан кўриб чиқиб, муҳокама қилинглар. Улар болага таълим-тарбия ва муҳим сабоқлар олишга ёрдамлашади.
Кичкинтойингиз ўзи ўқишни ўрганиб олса, бу китобни сизга овоз чиқариб ҳамда шахсан ўқишга унданг. У қанчалик тез-тез бу китобни ўқиса, ундаги нарсалар шунчалик кўп унинг ақлию қалбига таъсир қилади. Лекин ўзаро севги ва ҳурмат ўсиши учун бу китобни бирга ўқишни одат қилиб олинг.
Ўнлаб йиллар олдин ақл бовар қилмаган нарсалар бугунги кунда юз беряпти. Масалан, болалар жинсий ахлоқсизликка, спиритизм ва бошқа жирканч ишларга қўшилиш хавфи остидадирлар. Шу сабабли, болаларга ҳимоя зарур ва бу китоб сизга фарзандларингизни ҳимоя қилишга кўмаклашади. Китобдаги барча саволлар ўринли тарзда ёритилиб, очиқ-ойдин муҳокама қилинади. Боланинг эътиборини илоҳий доноликнинг Манбаи бўлмиш, самовий Отамиз Тангри Яҳовага қаратишга ундаш муҳим. Ахир Улуғ Устозимиз Исо ҳам шундай йўл тутган-ку. Аминмизки, бу китоб сизга ва бутун оилангизга бахтли ҳамда Худованд Яҳовага маъқул тарзда ҳаёт кечиришга ёрдам беради. Бу эса сизга мангу қут-баракалар келтирсин, илойим!