Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

17- БОБ

Бахтиёр бўлиш усули

Бахтиёр бўлиш усули

Нега Яҳова «бахтиёр Тангридир»?

БАХТИЁР бўлишни ҳаммамиз хоҳлаймиз, тўғрими? ~ Аммо чиндан ҳам бахтиёр инсонлар кўп эмас. Биласизми нима учун? ~ Чунки улар бахтиёр бўлишнинг сирини ўрганиб олишмаган. Улар бахтиёр бўлиш учун кўп нарсага эга бўлиш керак, деб ўйлашади. Лекин бу нарсаларга эга бўлишгандан кейин, бахтиёрлик ҳисси узоққа чўзилмайди.

Асосий сири эса қуйидагичадир. Улуғ Устозимиз: «Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта»,— деб айтган (Ҳаворийлар 20:35). Демак, бахтли бўлишнинг усули қандай экан? ~ Балли, бошқаларга бирор нарса берсак ёки улар учун бирон-бир савоб иш қилсак, бахтли бўламиз. Сиз бу ҳақда билармидингиз? ~

Келинг, бир ўйлаб кўрайлик. Исо, совға олган киши бахтли бўлмайди, деганми? ~ Йўқ, у бундай демаган. Сиз совға олишни яхши кўрасиз, шундай эмасми? ~ Бу ҳаммага ёқади. Бизга яхши нарсаларни совға қилишса, биз жуда хурсанд бўламиз.

Аммо Исо, бировга нарса берганимизда, биз ундан ҳам бахтлироқ бўлишимизни айтган. Сизнингча, ким одамларга ҳаммадан ҳам кўпроқ нарса совға қилган? ~ Албатта, Тангри Яҳова.

Муқаддас Китобда айтилишича, Худо «ҳаммага ҳаёт, нафас ва барча нарсани бериб келмоқда». У бизга осмондан ёмғир ёғдиради, қуёш нурини сочади. Бу туфайли биз учун ейдиган нарсалар ўсиб чиқади (Ҳаворийлар 14:17; 17:25). Муқаддас Китобда Яҳова «бахтиёр Тангри», деб аталгани ажабланарли эмас (1 Тимўтийга 1:11). Худо одамларга кўпгина совғалар бергани сабабли бахтиёрдир. Агар биз ҳам бошқаларга бирон-бир нарса берсак, бахтли бўла оламиз.

Ҳамма пишириқларни еб қўйишдан кўра сиз нимадан бахтлироқ бўласиз?

Қизиқ, биз бошқаларга нима беришимиз мумкин? Сиз нима деб ўйлайсиз? ~ Баъзи нарсалар пулга сотилади. Агар совғани дўкондан олмоқчи бўлсангиз, пулини тўлашингиз керак. Шунинг учун, бундай совғани олай десангиз, аввал етарлича пул тўплашингизга тўғри келади.

Лекин ҳамма совғалар ҳам дўконда сотилмайди. Мисол учун, куннинг иссиғида бир пиёла совуқ сув жуда ёқимли бўлади! Роса чанқаб турган кишига муздеккина сув узатсангиз, беришнинг бахтиёрлиги қанчалик катта эканини ҳис қиласиз.

Айтайлик, сиз ойингиз билан биргаликда бирон пишириқ тайёрладингиз. Бу роса қизиқарли иш! Пишириқларнинг ҳаммасини бир ўзингиз еб қўйишингиз мумкин. Лекин сизни кўпроқ нима бахтли қилади? ~ Тўппа-тўғри, агар ўртоқларингизга ҳам пишириқдан берсангиз, янада бахтлироқ бўласиз. Сиз шундай қилишни хоҳлармидингиз? ~

Улуғ Устоз ва унинг ҳаворийлари, беришнинг бахтиёрлигини сезишган. Улар бошқаларга нима беришарди, биласизми? ~ Дунёдаги энг зўр совғани! Улар Худо тўғрисида ҳақиқатни билишарди ва бу хушхабарни одамларга жон деб айтиб беришарди. Бу учун улар ҳеч кимдан пул олишмасди.

Бир куни ҳаворий Павлус ва яқин дўсти Луқо дарё бўйида бир аёлни учратиб қолишди. Бу аёл бошқаларга яхшилик қилиш орқали бахтли бўлишни истарди. Павлус билан Луқо, ўша ерда ибодат қилинадиган жой борлигини эшитиб боришган эди. Етиб келишгач, улар ростдан ҳам ибодат қилаётган баъзи аёлларни учратишди.

Павлус ўша аёлларга Тангри Яҳова ҳамда Унинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни гапира бошлади. Улардан бири, Лидия исмли аёл уни диққат билан тингларди. Лидияга хушхабар жуда ёқиб қолди ва буни кўрсатиш учун у ҳаворийларга бир яхшилик қилай, деди. У Павлус билан Луқодан: «Агар мени Яҳовага садоқатли деб ҳисобласангизлар, илтимос, уйимга кириб меҳмон бўлинглар»,— дея ўтиниб сўради. Шундай қилиб, Лидия уларни меҳмон бўлишга кўндирди (Ҳаворийлар 16:13–15).

Лидия Павлус билан Луқога нима деяпти?

Лидия, Худонинг бу хизматчиларини меҳмон қилишдан жуда мамнун эди! Уларнинг ёрдами билан у Яҳова ҳамда Исо ҳақида билиб олди. Шунингдек у, абадий ҳаётга эришиш учун нима қилиш кераклигини ҳам ўрганди. Шунинг учун Лидия ҳаворийлардан ғоят миннатдор эди. У Павлус билан Луқога қоладиган жой ва таом бериш имконияти борлигидан бахтиёр эди. Ҳа, Лидия одамларга яхшилик қилишни хоҳлагани учун чинакам бахтга эришган. Биз буни доимо ёдда сақлашимиз лозим! Вақти келиб, кимдир биздан бировга совға беришни илтимос қилар. Агар совғани ўз хоҳишимиз билан бермасак, ўзимизни бахтиёр ҳис этмаймиз.

Нега Лидия Павлус билан Луқони меҳмон қилганидан бахтиёр эди?

Мисол учун, сизда ширин-ширин қандлар бор ва сиз уларни ўзингиз емоқчисиз. Мен бўлсам сизга: «Анави болага ҳам қанд бергин»,— десам, хурсанд бўласизми? ~ Борди-ю, энг зўр дўстингизни учратиб, унга ўзингиз қанд беришни истасангиз, шунда хурсанд бўлармидингиз? ~

Баъзан, кимнидир шунчалик яхши кўрамизки, унга ҳамма нарсамизни бергимиз келади. Худога бўлган севгимиз ошган сари ҳам, Унга нисбатан худди шундай ҳис-туйғуларимиз пайдо бўлиши керак.

Нега бу камбағал аёл қўлида борини беришдан бахтиёр эди?

Улуғ Устозимиз, Худони жуда яхши кўрган камбағал бир аёлни танирди. Бу аёлни у Қуддусдаги маъбадда кўриб қолган. Унинг икки чақа пули бор эди холос. Лекин у ўша икки чақа пулини маъбаддаги хайр-эҳсон қутисига солиб қўйган. Уни ҳеч ким бундай қилишга мажбурлагани йўқ. Ўша куни маъбадга келган одамларнинг кўпи унинг нима қилганини ҳатто билишмаган ҳам. У чин дилдан хайр-эҳсон қилишни хоҳларди, чунки Яҳовани жуда яхши кўрарди. Шундай қилиб, ўша аёл беришнинг бахтиёрлигини ҳис этган (Луқо 21:1–4).

Бошқаларга нарса беришнинг усуллари кўп. Сиз бирон-бир усулини биласизми? ~ Агар ўз хоҳишимиз билан берсак, бахтли бўламиз. Айнан шу сабабли Улуғ Устозимиз: «Бошқаларга бериб туринглар»,— деган эди (Луқо 6:38). Бундай йўл тутиб, биз бошқаларни бахтли қиламиз. Ўзимиз эса ҳаммадан бахтлироқ бўламиз!

Энди келинг, беришнинг бахтиёрлиги катталиги ҳақида озгина ўқиб чиқайлик: Матто 6:1–4; Луқо 14:12–14 ва 2 Коринфликларга 9:7.