Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

20- БОБ

Сиз доимо биринчи бўлишни хоҳлайсизми?

Сиз доимо биринчи бўлишни хоҳлайсизми?

ДОИМО биринчи бўлишни хоҳлаган кимсани танийсизми? ~ Эҳтимол, бунақа одам навбатда биринчи бўлиш учун ҳаммани туртиб, итариб юборади. Шунақа бўлганини кўрганмисиз? ~ Улуғ Устозимиз ҳатто катталар ҳам ўзларини бундай тутишганини кўрган. Улар энг яхши жойларни эгаллашни исташган. Исога эса бу жудаям ёқмаган. Келинг, бу қандай юз берганини кўриб чиқайлик.

Доимо биринчи бўлишни хоҳлаган одамларни кўрганмисиз?

Муқаддас Китобда ёзилганидек, бир куни Исо битта фарзийнинг уйига тушлик қилишга таклиф этилганди. Ўша фарзий муҳим ўринни эгалларди, яъни у диний раҳбар эди. Унинг уйига киргач, Исо бошқа меҳмонларнинг яхши-яхши жойларни танлашаётганини кузата бошлади. Шунда у таклиф этилганларга бир ҳикоя айтиб берди. Бу қанақа ҳикоя бўлганини эшитмоқчимисиз? ~

Исо қуйидагиларни айтди: «Кимдир сизни тўйга таклиф қилса, яхши-яхши жойларни танламанг». Нима учун Исо бундай деди? ~ Унинг тушунтиришича, тўйга янада обрўлироқ киши келиши мумкин. Расмда кўриб турганингиздек, уйнинг эгаси келиб: «Қани, бу жойни анави одамга бўшатиб беринг-чи»,— деб айтиши мумкин. Ўшанда меҳмон ўзини қандай ҳис қилади? ~ У хижолат тортади, чунки ҳамма меҳмонлар унинг яхши жойдан унча кўримсиз жойга ўтишига қараб туришади.

Исо, юқори жойларни танлаш нотўғри эканлигини тушунтирди. У шундай деб айтди: «Тўйга таклиф қилинганингизда, остонада жой эгалланг. Кейин уй эгаси келиб: “Дўстим тўрга ўтинг”,— дейди. Шунда ҳамма меҳмонларнинг олдида сизга ҳурмат кўрсатилиб, зўр жойга ўтқазиб қўйишади» (Луқо 14:1, 7–11).

Исо, яхши ўринни эгаллаган кимса тўғрисида айтиб бериб, нимани ўргатмоқчи эди?

Исо нима учун бу ҳикояни айтиб берганини тушундингизми? ~ Буни тушунишингиз учун сизга битта мисол келтирай. Тасаввур қилинг, бекатга одам билан лиқ тўла автобус келди. Шунда сиз одамларни туртиб, ўриндиққа ўтириб олиб, ёнингиздаги катта кишининг тикка туриб кетишига йўл қўйган бўлармидингиз? ~ Бу Исога ёқармиди? ~

Аммо кимдир Исонинг биз билан иши йўқ, деб айтиши мумкин. Сиз нима деб ўйлайсиз? ~ Ахир Исо фарзийникида бўлганида, ўзларига жой танлаётган одамларни кузатиб турган эди-ку. Унда наҳотки биз бугун ўзимизни қандай тутишимиз Исони қизиқтирмаса-я? ~ Исо ҳозир осмонда ва у ҳаммасини жудаям яхши кўриб турибди.

Кимдир ҳамиша биринчи бўлишни хоҳласа, бу кўп муаммоларга олиб келади. Одатда бундан баҳс ва ўзаро хафагарчиликлар келиб чиқади. Бундай ҳолат, болалар бирга автобусда бирон-бир жойга кетишаётганда юз бериши мумкин. Автобуснинг эшиклари очилиши биланоқ, болалар биринчи бўлиб унга елдек югуриб чиқишади. Ҳар бир бола ойнанинг олдида ўтириш учун ўзига яхши ўриндиқлардан жой эгаллашга ҳаракат қилади. Аммо бу нималарга олиб келиши мумкин? ~ Тўппа-тўғри, жанжалу хафагарчиликларга.

Доимо биринчи бўлиш истаги кўп қийинчиликлар туғдириши мумкин. Бундай истак ҳатто Исонинг ҳаворийлари орасида келишмовчилик юз беришига олиб келган. Ушбу китобнинг 6- бобидан билиб олганимиздек, улар ораларида ким улуғроқ, деб баҳслашишган. Шунда Исо нима қилган? ~ Исо уларга ноҳақ эканликларини тушунишга ёрдам берган. Лекин бир оз вақт ўтиб, яна ўша аҳвол қайтарилган. Келинг, бу қандай бошланганини кўриб чиқайлик.

Исо, ҳаворийлар ҳамда бошқа одамлар Қуддусга кетишаётганди. Бу Исонинг охирги саёҳати эди. Исо шогирдларига Шоҳлик тўғрисида кўп нарсани айтиб берганди. Энди эса Ёқуб билан Юҳанно Шоҳликда яхши-яхши жойларни эгаллашни ҳамда Исо билан бирга шоҳлик қилишни ўйлашяпти. Улар бу ҳақда ҳатто оналари Саломияга ҳам айтиб беришди (Матто 27:56; Марк 15:40). Улар Қуддусга яқинлашиб келишаётганда, Саломия Исонинг олдида тиз чўкиб, илтифот кўрсатишини сўрайди.

Исо бўлса: «Мендан нима истайсиз?» — деб сўради. Жавобан аёл шундай деди: «Шоҳлигингизда бу икки ўғлимдан бирини ўнг томонингизга, иккинчисини чап томонингизга ўтқазишингизни хоҳлардим». Лекин Ёқуб ва Юҳаннонинг оналари орқали айтган илтимослари, қолган ўнта ҳаворийнинг қулоғига етди. Нима деб ўйлайсиз, уларда қандай ҳис-туйғулар пайдо бўлди? ~

Саломия Исодан нимани илтимос қилди ва бунинг натижаси қандай бўлди?

Ҳа, улар Ёқуб ва Юҳаннога роса аччиқланишди. Шунинг учун Исо ҳаворийларига яхши бир маслаҳат берди. Исо уларга мана шуларни айтди: «Ҳукмдорлар халқлар устидан бошқаришини ва буюк бўлишни яхши кўришади. Улар юқори жойларни эгаллаб, бошқалар уларга итоат қилишларини исташади. Аммо менинг шогирдларим бунақа йўл тутмасликлари керак». Исо гапида давом этиб: «Орангизда ким биринчи бўлишни хоҳласа, сизларга қул бўлсин» — деди. Буни қаранг-а! (Матто 20:20–28).

Қул нима қилиши кераклигини биласизми? ~ Қул бошқа одамларга хизмат қилади ва бошқа одамлардан унга хизмат қилишларини кутмайди. У ҳамиша биринчи ёки яхши жойларни эмас, балки энг паст ўринни эгаллайди. У ўзини ҳеч қачон катта тутмайди. Эсингизда бўлса Исо, ким биринчи бўлишни истаса, ўзини қулдай тутиши лозим, деб айтган.

Хўш, нима деб ўйлайсиз, биз учун бу нимани англатади? ~ Қул яхши ўрин кимга қолиши кераклиги ҳақида ўз хўжайини билан баҳслашармиди? Ёки ким биринчи бўлиб овқатланишни бошлаши кераклиги тўғрисида гап очармиди? Сиз нима деб ўйлайсиз? ~ Исо тушунтирганидек, қул ҳамиша хўжайинига ён беради (Луқо 17:7–10).

Хўш, биринчи бўлишга интилишдан кўра, биз нима қилишимиз керак? ~ Тўғри, биз бошқалар учун қул каби бўлишимиз керак. Бу дегани, бошқаларни ўзимиздан юқори қўйишимиз лозим. Шунингдек бу, биздан кўра ўзгалар муҳим аҳамиятга эга эканликларини эътиборга олишни англатади. Лекин буни амалда қандай қўлласак бўлади? ~ Келинг, ушбу китобнинг 40- ва 41- саҳифаларини очиб, яна бир бор бошқаларга хизмат қилиш нимани англатишини кўриб чиқайлик.

Эсингизда бўлса, Улуғ Устозимиз бошқаларни ўзидан юқори ҳисоблаб, одамларга хизмат қиларди. Ўлимидан олдинги кечада Исо чўккалаб, ҳаворийларининг оёқларини ювиб қўйганди. Агар биз бошқаларга биринчи бўлиб хизмат қилсак, Улуғ Устозимизни ва Унинг Отаси бўлмиш Тангри Яҳовани хурсанд қилган бўламиз.

Келинг, бошқаларни ўзимиздан юқорироқ қўйишга ундайдиган баъзи оятларни ўқиб чиқайлик: Луқо 9:48; Римликларга 12:3 ва Филиппиликларга 2:3, 4.