Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

13- БОБ

Исонинг шогирдлари

Исонинг шогирдлари

Бу киши ким? У қандай қилиб Исонинг шогирди бўлди?

СИЗНИНГЧА, Худога хизмат қилган инсонлар орасида энг зўри ким эди? ~ Тўппа-тўғри, Исо Масиҳ. Биз ҳам у каби бўла оламизми? ~ Муқаддас Китобда, Исонинг изидан юришимиз учун у бизга ўрнак қолдиргани ҳақида айтилган. Ҳа, Исо бизни ўзининг шогирди бўлишга таклиф этяпти.

Исонинг шогирди бўлиш нимани англатади, биласизми? ~ Бунинг учун биздан баъзи нарсалар талаб қилинади. Авваламбор, унинг айтганларини қилишимиз керак. Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Биз шунингдек, унинг сўзларига чин юракдан ишонишимиз керак. Агар Исонинг гапларига ишонаётган бўлсак, демак уларни бажаришимиз керак.

Кўп одамлар: «Биз Исога ишонамиз»,— дейишади. Лекин уларнинг ҳаммасини унинг шогирдлари, деса бўладими? ~ Йўқ, улардан кўпчилиги аслида Исонинг шогирдлари эмас. Эҳтимол, улар черковга боришаётгандир. Аммо бундай одамларнинг аксарияти Исонинг таълимотларини ўрганиб чиқиш учун ҳеч қачон вақт ажратишмаган. Фақат Исонинг намунасига тақлид қилган кишиларнигина унинг шогирдлари дейиш мумкин.

Келинг энди, Исо ер юзида яшаган вақтда унинг шогирди бўлган айрим инсонлар тўғрисида суҳбатлашайлик. Исонинг илк шогирдларидан бири Филипдир. Филип, Натанаил деган дўстини излаб юрибди. Натанаил эса (унинг бошқа исми Бартолмей), расмда кўрсатилганидек, дарахт тагида ўтирибди. Натанаил Исонинг ёнига келганида, Исо: «Ана, ҳақиқий исроиллик, унда ҳечам айёрлик йўқ»,— деди. Натанаил эса ҳайрон бўлиб: «Мени қаердан биласиз?» — деб сўради.

Исо кимларни шогирдликка таклиф этган?

Унга жавобан Исо шундай деди: «Филип ҳали сени чақирмасидан олдин, анжир дарахти тагида ўтирганингни кўрган эдим». Исо унинг қаерда бўлганини аниқ айтгани учун, Натанаил қойил қолди! Шунинг учун у: «Сиз Худонинг Ўғли, Исроилнинг Подшоҳисиз»,— деб айтди (Юҳанно 1:49).

Яҳудо Ишқариёт, Яҳудо (шунингдек, Таддей деб ном олган) ва Симун

Исо Филип билан Натанаилни чақиришидан бир кун олдин, бошқалар ҳам унинг шогирди бўлишган эди. Бу кишилар Юҳанно, Идрис ва Идриснинг акаси Бутрус эди. Эҳтимол, бу кишиларнинг орасида Юҳаннонинг акаси Ёқуб ҳам бўлгандир (Юҳанно 1:35–51). Аммо орадан вақт ўтиб, уларнинг тўрталаси ҳам яна балиқчилик ишига қайтишди. Бир куни Исо Жалила денгизи соҳилида айланиб юрганда, Бутрус билан Идриснинг денгизга тўр ташлашаётганини кўриб қолди. Исо уларни чақириб: «Менинг ортимдан юринглар»,— деди.

Алфейнинг ўғли Ёқуб, Тўма ва Матто

Исо сал нарироқ юриб, Ёқуб билан Юҳаннони учратди. Улар оталари билан бирга қайиқда балиқ тутадиган тўрларни ямаб ўтиришган эди. Исо уларга ҳам орқасидан боришларини айтди. Агар у сизни ҳам чақирганида, нима қилардингиз? Дарров орқасидан борармидингиз? ~ Бу кишилар Исонинг ким эканини билишарди. Ҳа, уни Худо юборганидан улар шубҳаланишмасди. Шунинг учун, улар дарров балиқчиликни ташлаб, Исонинг ортидан эргашиб кетишди (Матто 4:18–22).

Натанил, Филип ва Юҳанно

Бу кишилар Исонинг шогирди бўлишгани учун, энди улар доимо тўғри йўл тутишларини англатадими? ~ Йўқ. Эсингизда бўлса, улар ораларида ким энг буюк экани ҳақида баҳслашишган. Лекин улар Исога қулоқ солиб, яхши томонга ўзгаришга ҳаракат қилишарди. Агар биз яхши томонга ўзгаришга ҳаракат қилсак, биз ҳам Исонинг шогирди бўла оламиз.

Юҳаннонинг акаси Ёқуб, Идрис, Бутрус

Исо ҳар турли одамларни ўзининг шогирди бўлишга таклиф этарди. Бир марта, битта бой-бадавлат бошқарувчи йигит Исонинг олдига келиб, абадий ҳаётга эга бўлиш учун нима қилиш кераклигини сўради. Бу йигит болалигиданоқ Худонинг амрларини бажариб келаётганини айтди. Шунда Исо унга: «Келиб, менинг издошим бўлинг»,— деб таклиф этди. У эса нима қилди, биласизми? ~

У, Исонинг шогирди бўлиш, бойликка эга бўлишдан ҳам муҳимроқ эканини билиб, роса хафа бўлди. Шундай қилиб, у Исонинг шогирди бўлмади, чунки у Худодан кўра кўпроқ пулни яхши кўрарди (Луқо 18:18–25).

Исо одамларга хушхабар айтиб юрганидан бери тахминан бир ярим йил ўтиб, шогирдларидан 12 тасини ҳаворий қилиб тайинлади. Исо уларни ўзгача бир вазифани бажаришга юборди. Сиз ҳаворийларнинг исмларини биласизми? ~ Келинг, уларнинг исмларини ёдлаб кўрамиз. Бунда бизга мана бу расмлар ёрдам беради. Қани, ҳаворийларнинг исмларини айтиб кўринг-чи. Энди эса уларнинг исмларини ёддан айтиб кўринг.

Исога хушхабарни ваъз этишда ёрдамлашган бу аёллар ким эди?

Афсуски, вақт ўтиб битта ҳаворий ёмон йўлга кириб кетди. Унинг исми Яҳудо Ишқариёт эди. Унинг ўрнига бошқа бир кишини ҳаворий этиб тайинлашди. Бу кишининг исмини биласизми? ~ Маттия. Кейинчалик Павлус билан Барнабо ҳам ҳаворий бўлишди, аммо улар 12 ҳаворий қаторига киришмаган (Ҳаворийлар 1:23–26; 14:14).

Китобимизнинг 1- бобидан билиб олганимиздек, Исо ёш болаларни яхши кўрарди. Нима учун? ~ Сабаби, бир кун келиб улар ҳам Исонинг шогирди бўлишлари мумкин эди. Катталар ёш болаларнинг гапиришини қизиқиб тинглашади. Баъзан бу уларни Улуғ Устоз тўғрисида кўпроқ билим олишга ундаши мумкин.

Исонинг шогирдлари орасида кўпгина аёллар ҳам бор эди. Улардан айримлари, Исо бошқа шаҳарларга ваъз қилгани борганда, орқасидан эргашиб кетишган. Бу аёллар Марям, Йўанна ва Сусанна эди. Эҳтимол, улар Исо учун овқат тайёрлаб, кийимларини ювиб беришгандир (Луқо 8:1–3).

Сиз ҳам Исонинг шогирди бўлишни хоҳлайсизми? ~ Унутманг, шунчаки унинг шогирди эканимизни айтишнинг ўзи етарли эмас. Биз ўзимизни Исонинг шогирдидек тутишимиз керак. Аммо буни фақатгина йиғилишларда эмас, балки бошқа жойларда ҳам қилишимиз керак. Нима деб ўйлайсиз, яна қаерда ўзимизни Исонинг шогирдидек тутишимиз зарур? ~

Тўғри, биз уйда ҳам, мактабда ҳам ўзимизни шундай тутишимиз лозим. Икковимиз ҳам шуни ёдда сақлашимиз керакки, Исонинг шогирди бўлиш — қаерда бўлишимиздан қатъи назар ҳар куни, ҳар соатда унга тақлид қилишимиз кераклигини англатади.

Айниқса қаерда ўзимизни Исонинг шогирдидек тутишимиз зарур?

Ҳозир эса биргаликда Матто 28:19, 20; Луқо 6:13–16; Юҳанно 8:31, 32 ва 1 Бутрус 2:21- оятларини очиб, Муқаддас Китобда Исонинг шогирдлари тўғрисида нима дейилганини ўқиб чиқамиз.