Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

32- БОБ

Худо Исони қандай ҳимоялаган?

Худо Исони қандай ҳимоялаган?

БАЪЗИДА Яҳова ўзини ҳимоя қила олмайдиган кичкинтойларни асраш учун ажойиб ишлар қилади. Масалан, боғда ёки ўрмонда сайр қилаётиб, бундай ажойиб ишлардан бирини кўриш мумкин. Аммо бошида нималар бўлаётганини тушуниш қийин кечади.

Сиз йўлда кетаётиб, бирданига олдингизда қуш пайдо бўлганини кўрасиз. У худди яраланганга ўхшаши мумкин. Қуш ғайритабиий тарзда қанотини судраб кетяпти. Сиз қушнинг ёнига бормоқчисиз-у, лекин у қочиб кетяпти. Кейин қуш дабдурустдан учиб кетади. Унинг қаноти яраланмаган экан-да! Қуш аслида нима қилмоқчи, биласизми? ~

Қуш қўнган жойидан сал нарироқдаги буталарда палапонларини яширган экан. Шунинг учун қуш, сиз уларни топиб, зарар етказасиз, деб қўрққан. Шу йўсин, у ўзини яраланганга солиб, палапонларини кўриб қолмаслигингиз учун сизни чалғитди. Хўш, палапонларини ҳимоя қилган қуш каби бизни ким ҳимоялаши мумкин? ~ Муқаддас Китобда, Яҳова палапонларига ғамхўрлик қилаётган катта кучли бургут билан таққосланган (Қонунлар 32:11, 12).

Бу қуш палапонларини қандай ҳимоялаяпти?

Яҳованинг энг азиз фарзанди — Унинг севимли Ўғли Исодир. Исо осмонда яшаганида, у Отасига ўхшаган қудратли руҳий шахс бўлган. У ўзига ғамхўрлик қила оларди. Бироқ, Исо ер юзида чақалоқ бўлиб туғилганда, у ёрдамга муҳтож эди. Унга ҳимоя керак бўлган.

Худонинг иродасини бажариш учун Исо улғайиб, камолотга етган катта киши бўлиши керак эди. Шайтон эса буни биларди, шунинг учун у Исо ҳали кичкина бўлганида уни ўлдирмоқчи бўлди. Тангри Яҳова Ўз Ўғлини қандай ҳимоя қилгани тўғрисида ҳаяжонли бир воқеа бор. Буни эшитмоқчимисиз? ~

Исо туғилгандан кейин Шайтон шунақа қилдики, шарқда, осмонда бир юлдуз порлади. Мунажжимлар, яъни юлдузларни ўрганувчи одамлар бу юлдузнинг орқасидан эргашиб, Қуддусгача узоқ йўл юришди. Ўша шаҳарга келиб, улар бўлажак яҳудий шоҳ қаерда туғилиши кераклигини суриштира бошлашди. Бу ҳақда Муқаддас Китобда нима дейилганини билган одамлар, жавобан: «Байтлаҳм шаҳрида»,— дейишди (Матто 2:1–6).

Мунажжимлар Исони топишганидан сўнг, Худо Исони ҳимоялаш учун уларга қандай буйруқ берди?

Қуддусда ёмон подшоҳ Ҳирод ҳукмронлик қилган. У Байтлаҳмда янги шоҳ туғилганини эшитиб, мунажжимларга: «Боринглар, чақалоқни яхшилаб изланглар. Уни топгач эса менга хабар беринглар»,— деди. Биласизми, нимага Ҳирод Исони қаердан топиш мумкинлигини билмоқчи бўлган? ~ Чунки Ҳирод ҳасадга тўлиб, уни ўлдирмоқчи эди!

Хўш, Худо Ўз Ўғлини қандай ҳимоялади? ~ Мунажжимлар Исони топгач, унга совғалар беришди. Кейин Худо мунажжимларни тушида огоҳлантириб, Ҳироднинг ёнига қайтмасликни айтди. Шу сабабли, улар Қуддусга кирмай, уйларига бошқа йўл билан қайтишди. Ҳирод бундан хабар топиб, роса аччиқланди. Шунда у Исони ўлдириш мақсадида Байтлаҳмдаги икки ёшгача бўлган болаларни ўлдиришни буюрди! Лекин Исони аллақачон олиб қочишганди.

Исони қандай олиб қочишганини биласизми? ~ Мунажжимлар уйга отланишганда, Яҳова Марямнинг эри бўлмиш Юсуфга: «Ўрнингдан тур, чақалоқни ва онасини олиб Мисрга қоч»,— деб буюрди. Ўша ерда Ҳирод Исога ҳеч қандай зарар келтира олмасди. Йиллар ўтиб, Юсуф ва Марям Мисрдан қайтишганда, Худо Юсуфга яна бир огоҳлантириш берди. Худо унга тушида Носира шаҳрига боришни айтди. У ерда Исо хавфсизликда бўлар эди (Матто 2:7–23).

Худо Исони яна қандай ҳимоя қилди?

Яҳова Ўз Ўғлини қандай ҳимоя қилганини кўрдингизми? ~ Қуш буталарда яширган жажжи палапонларга ёки болалигидаги Исога ким ўхшайди? Сиз эмасми? ~ Сизга ҳам зарар етказишмоқчи. Ким, биласизми? ~

Муқаддас Китобда Шайтон бўкираётган шерга ўхшатилган. У бизни ютиб юборишни хоҳлайди. Одатда шерлар кичик ҳайвонларни ўлжа қилганидек, Шайтон ва унинг жинлари ҳам кўпинча болажонларни ўлжа қилишади (1 Бутрус 5:8). Аммо Яҳова Шайтондан қудратлироқ. Яҳова Ўз болажонларини ҳимоя қилишга ва Шайтон етказган ҳар қандай зарарни бартараф этишга қодир.

Ушбу китобнинг 10- бобидан Иблис ва унинг жинлари бизни нималарга ундаши мумкинлиги тўғрисида билиб олган эдик, эсингиздами? ~ Ҳа, улар бизни Худо нотўғри деб айтган йўл билан жинсий алоқа қилишга ундашади. Аммо жинсий алоқа қилиш кимга рухсат этилган? ~ Ҳа, фақат вояга етган, турмуш қурган эркак ва аёлга рухсат этилган.

Минг афсуски, баъзи катта кишиларга болалар билан жинсий алоқа қилиш ёқади. Улар бунинг уддасидан чиқишганда, ўша катта кишилардан ўрганган ўғил ва қизлар ҳам даҳшатли нарсалар қилишни бошлашади. Кейин бундай болалар ўз жинсий аъзоларидан нотўғри тарзда фойдаланишни бошлашади. Айнан бунақа ишлар кўп йиллар олдин Садўм шаҳрида юз берган. Муқаддас Китобда «Садўм шаҳрининг ҳамма эркаги — ёшу қариси келиб», Лутнинг меҳмонлари билан жинсий алоқа қилмоқчи бўлишгани тўғрисида ёзилган (Ибтидо 19:4, 5).

Исога ҳимоя керак бўлганидек, сиз билан жинсий алоқа қилмоқчи бўлган катта кишилардан ва ҳатто болалардан сизга ҳам ҳимоя керак. Одатда бунақа одамлар ўзларини дўст қилиб кўрсатишади. Улар сиз билан нима қилмоқчи бўлганини ҳеч кимга айтмаслигингиз учун ҳар нарсани ваъда қилишади. Аммо бундай одамлар Шайтон ва унинг жинлари каби фақат ўзларини ўйлайдиган худбиндирлар. Улар битта нарсани — завқ олишни хоҳлашади. Завқ олиш учун улар болалар билан ҳам жинсий алоқа қилишга уринишади. Бу эса жудаям нотўғри!

Биласизми, улар завқ олиш учун нима қилишлари мумкин? ~ Улар сизнинг жинсий аъзоингизни тегиши ёки силаши мумкин. Ёхуд улар ҳатто ўзларининг жинсий аъзоларини сизнинг жинсий аъзоингизга ишқалаши мумкин. Аммо биров сизнинг жинсий аъзоингизни ўйнашига ҳеч қачон рухсат бермаслигингиз керак. Ким бўлишидан қатъи назар, на акангиз, на опангиз, на ойингиз, на дадангиз бундай қилишига йўл қўйманг. Танангизнинг ушбу аъзолари фақатгина сизга тегишлидир.

Агар биров сизга нотўғри тарзда тегса, сиз нима дейишингиз ва нима қилишингиз керак?

Бундай разиллашган одамлардан ўзингизни қандай ҳимоялашингиз мумкин? ~ Ҳеч кимга жинсий аъзоингизни ўйнашига рухсат берманг. Агар биров бундай қилишга уринса: «Тегманг! Бўлмаса ҳаммасини айтиб бераман!» — деб бақиринг. Борди-ю, у бўлган воқеада сизни айбласа, унга ишонманг. Бу ғирт ёлғон! Ўша киши ким бўлишидан қатъи назар, у ҳақда бор гапни айтиб беринг. У ҳатто сиздан илтимос қилиб, буни сир сақлашни сўраса ҳам, барчасини айтиб беринг. Бундай инсон сизни ҳатто қўрқитиши ёки қимматбаҳо нарсаларни олиб беришни ваъда қилиши мумкин. Аммо сиз шартта ўша ердан чиқиб, у ҳақда бор нарсани айтиб беришингиз керак.

Қўрқиш керак эмас, эҳтиёткор бўлиш лозим. Ота-онангиз сизни разил одамлардан, шунингдек хавфли жойлардан огоҳлантирганда, уларга қулоқ солиш муҳим. Агар сиз итоатли бўлсангиз, ёмон одамлар сизга зарар етказа олишмайди.

Ўзингизни нотўғри жинсий алоқадан қандай ҳимоя қилишингиз мумкинлиги тўғрисида Ибтидо 39:7–12; Ҳикматлар 4:14–16; 14:15, 16; 1 Коринфликларга 6:18 ва 2 Бутрус 2:14- оятларини ўқинг.