12- дарс
Аллоҳга қандай яқинлашишингиз мумкин?
1. Худо барча ибодатларни эшитадими?
Тангримиз ҳамма миллатдаги инсонларни Унга ибодат қилиб, яқинлашишга таклиф этмоқда. (Забур 65:2) Бироқ У барча ибодатларни қабул қилавермайди. Масалан, хотини билан ёмон муносабатда бўлган кишининг ибодати ижобат бўлмаслиги мумкин. (1 Бутрус 3:7) Аллоҳ ёмон ишларни қилишда давом этган Исроил халқининг ибодатларини эшитишни рад этган. Аммо У гуноҳини тан олиб, тавба қилган кишиларнинг ибодатини тинглашга тайёр. Дарҳақиқат, Худога ибодат қилиш катта шараф эканини ёдда тутиш муҳим. Ишаё 1:15; 55:7 ни ўқинг.
2. Қандай ибодат қилишимиз керак?
Ибодат топинишимизнинг бир қисми бўлгани учун, фақат Парвардигоримиз Яҳовага ибодат қилишимиз даркор. (Матто 4:10; 6:9) Номукаммал эканмиз, Худога Исо пайғамбар орқали мурожаат этишимиз керак, чунки у гуноҳларимиз учун жонини фидо қилган. (Юҳанно 14:6) Тангри Яҳова ёдланган ёки ёзиб олинган дуоларни айтишимизни хоҳламайди. У шахсий фикрларимиз ҳамда ҳис-туйғуларимиз билан бўлишишимизни истайди. Матто 6:7; Филиппиликларга 4:6, 7 ни ўқинг.
Яратувчимиз ҳатто овоз чиқармай айтилган ибодатларни ҳам эшитади. (1 Шоҳлар 1:12, 13) У бизни ҳар қандай вазиятда, масалан, эрталаб уйғонганда, кечқурун ётишдан олдин, овқатланганда ҳамда муаммолар юзага келганда ибодат қилишга ундайди. Забур 55:22; Матто 15:36 ни ўқинг.
3. Нега биз биргаликда йиғиламиз?
Худога яқинлашиш осон эмас, чунки Худога ишонмайдиган одамлар орасида яшаяпмиз. Бундай одамлар Унинг ер юзида тинчлик бўлиши тўғрисидаги ваъдаси устидан кулишади. (2 Тимўтийга 3:1, 4; 2 Бутрус 3:3, 13) Шу боис имондошларимиз билан мулоқотда бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб туришимиз жуда муҳим. Ибронийларга 10:24, 25 ни ўқинг.
Худони севадиган кишилар билан мулоқот қилиш Аллоҳга яқинлашишимизга ёрдам беради. Яҳова Шоҳидларининг йиғилишлари имонни мустаҳкамлашга яхши имконият яратади. Римликларга 1:11, 12 ни ўқинг.
4. Қай йўсин Аллоҳга яқинлашишингиз мумкин?
Худонинг Каломидан билиб олганингиз устидан мулоҳаза юритиб, Тангри Яҳовага яқинлаша оласиз. Шу боис Унинг ишлари, қонунлари ва ниятлари ҳақида фикр юритинг. Ибодат ва мулоҳаза Худованднинг севгиси ҳамда донолиги қанчалик юксак эканини тушунишимизга кўмаклашади. Ёшуа 1:8; Забур 1:1–3 ни ўқинг.
Аллоҳга яқинлашиш учун Унга таяниб, имонни намоён этишингиз даркор. Имонни ўсимликка ўхшатса бўлади. Ўсимлик ўсиши учун суғорилишга муҳтож бўлганидек, имонимиз мустаҳкам бўлиши учун билим орттириш муҳим. Шу боис, эътиқодингиз ҳақида чуқурроқ тушунчага эга бўлиб, у қанчалик асосли эканини текшириб туришингиз керак. Матто 4:4; Ибронийларга 11:1, 6 ни ўқинг.
5. Худога яқинлашиш сизга қандай баракалар келтиради?
Тангри Яҳова Уни севадиган кишиларга ғамхўрлик қилади. У бундай инсонларни имонига ва абадий яшаш умидига хавф туғдирадиган ҳар нарсадан ҳимоялайди. (Забур 91:1, 2, 7–10) Аллоҳ соғлигимизга ҳамда бахтимизга путур етказадиган ҳаёт тарзидан огоҳлантиради. Худованд Яҳова бизга энг яхши ҳаёт йўлини ўргатади. Забур 73:27, 28; Ёқуб 4:4, 8 ни ўқинг.