Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

7-ДАРС

Ўтмиш сабоқлари

Ўтмиш сабоқлари

Ёвуз инсонлар Жаннатни барбод қилишларига Яҳова йўл қўймайди. У ерда фақат Аллоҳнинг дўстлари яшайди. Унда ёвуз инсонлар билан нима бўлади? Жавобини билиш учун, келинг Нуҳ алайҳиссаломнинг тарихини кўриб чиқайлик. Нуҳ алайҳиссалом минг йиллар аввал яшаган. У яхши инсон бўлган ва Худонинг иродасини бажаришга бажонидил ҳаракат қилган. Бироқ ер юзидаги бошқа одамлар ёвуз ишлар қилишган. Шунда Яҳова Таоло Нуҳга, ер юзини тўфон билан бостириб, барча ёвуз инсонларни йўқ қилмоқчи эканлигини айтди. Нуҳ оиласи билан қутулиб қолиши учун, Худо унга кема қуришни буюрди (Ибтидо 6:9-18).

Нуҳ оиласи билан кема қурди. Нуҳ одамларни ер юзини Тўфон босиши ҳақида огоҳлантирган эди, лекин улар қулоқ солмай, ёвузлик қилишни давом эттирардилар. Кема қуриб битирилгандан кейин, Нуҳ алайҳиссалом унга ҳайвонларни киритди, сўнг ўзи ҳам оиласи билан кирди. Шунда Яҳова Таоло кучли бўрон қўзғатди. Қирқ кечаю қирқ кундуз ёмғир ёғди. Бутун ер юзини сув босиб кетди (Ибтидо 7:7-12).

Ёвуз инсонлар ҳалок бўлишди, Нуҳ билан оиласи эса тирик қолишди. Яҳова уларни Тўфондан сақлаб қолиб, уларни ёвузликдан тозаланган ерга чиқарди (Ибтидо 7:22, 23). Муқаддас Китобда айтилишича, Яҳова Таоло тўғри йўл тутишни истамаётган одамларни йўқ қиладиган вақт яна келади. Яхши одамлар ҳалок бўлишмайди. Улар ер юзидаги Жаннатда абадий яшашади (2 Бутрус 2:5, 6, 9).

Бугун кўп одамлар ёвузлик қилишмоқда. Дунё қайғу-аламга тўлиб-тошган. Яҳова Таоло одамларни огоҳлантириш учун Ўз хизматчиларини такрор-батакрор юборишига қарамай, кўп инсонлар уларни эшитгиси келмаяпти. Улар ўзгаришни ва Аллоҳнинг талабларини бажаришни истамаяптилар. Бундай одамлар билан нима бўлар экан? Улар вақти келиб ўзгаришармикан? Кўпчилик ҳеч қачон ўзгармайди. Шундай экан, ёвуз одамлар абадий йўқ қилинадиган вақт яқинлашиб келмоқда (Забур 91:8).

Ер йўқ қилинмайди, у Жаннатга айлантирилади. Худонинг дўсти бўлаётганлар, ер юзидаги Жаннатда мангу яшайдилар (Забур 36:29).