Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

9- БОБ

«Зинодан қочинглар!»

«Зинодан қочинглар!»

Тана аъзоларингиздаги ерга хос зино, ифлослик, тийиқсиз шаҳвоний ҳирс, зарарли истак ва бутпарастликка тенг бўлган очкўзлик каби эҳтиросларни ўлдиринглар. КОЛОСАЛИКЛАРГА 3:5

1, 2. Қай йўсин Балом Яҳованинг халқига зиён етказмоқчи бўлган?

 БАЛИҚЧИ ўзи истаган балиқни тутиш учун қаерга боришни билади. У керакли хўракни танлаб, қармоқни сувга ташлайди ва сабр ила кутади. Балиқ илиниши билан у қармоқни дарҳол сувдан чиқариб олади.

2 Шу тариқа инсонлар ҳам тузоққа тушиши мумкин. Масалан, Исроил халқи ваъда қилинган юртга етай деб қолганида, Мўаб даштларида қароргоҳ қуради. Мўаб шоҳи Балом исмли кишига Исроил халқини лаънатласа кўп пул беришни ваъда қилади. Охир-оқибат, Балом Исроил халқи ўз бошига лаънат келтиришининг йўлини топади. Балом хўракни синчковлик билан танлайди. У исроиллик эркакларни йўлдан оздириш учун мўаблик қизларни уларнинг қароргоҳига юборади. (Саҳрода 22:1–7; 31:15, 16; Ваҳий 2:14)

3. Қандай қилиб исроилликлар Баломнинг хўрагига илинишди?

3 Баломнинг хўраги иш бердими? Ҳа. Минглаб исроиллик эркаклар «Мўаб қизлари билан жинсий ахлоқсизлик қила бошлади». Улар ҳатто сохта худоларга, жумладан, жирканч жинсий ахлоқсизлик худоси бўлмиш Пиёрдаги Баалга сажда қила бошлади. Оқибатда 24 000 исроиллик эркак шундоққина ваъда қилинган юрт остонасида ҳалок бўлди. (Саҳрода 25:1–9)

4. Нега минглаб исроилликлар жинсий ахлоқсизлик васвасасига берилишди?

4 Нега шунчалик кўп исроилликлар Баломнинг тузоғига тушган? Чунки улар фақатгина худбин истакларини қондириш ҳақида ўйлашган ва Яҳова улар учун қилган барча нарсани унутиб қўйишган. Исроилликларда Худога садоқатини сақлаши учун кўплаб сабаблар бор эди. Аллоҳ уларни Миср қуллигидан озод қилиб, саҳрода озиқ-овқат билан таъминлаган эди ҳамда ваъда қилинган юрт остонасигача эсон-омон бошлаб келганди. (Ибронийларга 3:12) Шунча нарсага қарамай, улар жинсий ахлоқсизлик васвасасига берилишди. Ҳаворий Павлус шундай деб ёзган: «Айримлари каби зино ҳам қилмайлик. Зеро улар зино қилишгани туфайли... ҳалок бўлди». (1 Коринфликларга 10:8)

5, 6. Мўаб даштларида юз берган воқеадан нимани ўрганишимиз мумкин?

5 Янги дунё жуда яқин. Биз ҳам ваъда қилинган юрт остонасида турган исроилликларга ўхшаймиз. (1 Коринфликларга 10:11) Бу дунё мўабликлардан ҳам баттар жинсий ахлоқсизликка ботиб кетган. Бу эса Яҳованинг халқига осонликча таъсир қилиши мумкин. Шайтон жинсий ахлоқсизликдек хўракдан ҳали-ҳануз самарали фойдаланиб келяпти. (Саҳрода 25:6, 14; 2 Коринфликларга 2:11; Яҳудо 4)

6 Ўзингизга шундай савол бериб кўринг: «Мен худбин истакларимни қондириб қисқа вақт давомида завқ олишни афзал кўраманми ёки янги дунёда абадий, бахтли ҳаёт кечиришними?» Яҳованинг: «Зинодан қочинглар!» — деган амрини бажариш учун зўр бериб ҳаракат қилсак арзийди. (1 Коринфликларга 6:18)

ЗИНО ДЕГАНИ НИМА?

7, 8. Жинсий ахлоқсизликка нима киради? Нега ундан воз кечиш ниҳоятда муҳим?

7 Бугунги кунда кўп одамлар беҳаё бўлиб кетишган ва Худонинг жинсий муносабатлар борасидаги қонунларига очиқчасига ҳурматсизлик кўрсатишади. Муқаддас Китобга кўра, қонуний никоҳдан ўтмай туриб жинсий муносабатда бўлиш жинсий ахлоқсизлик ёки зино ҳисобланади. Бунга жинсдош ёки ҳайвон билан бундай муносабатда бўлиш ҳам киради. Бу, шунингдек, жинсий аъзолар вазифасини оғиз бўшлиғи ва орт тешик ёрдамида уддалаш ҳамда кишининг жинсий аъзоларини эркалашни ўз ичига олади. (23- иловага қаранг.)

8 Агар инсон зино қилишда давом этса, у жамоатда қола олмаслиги ҳақида Муқаддас Китобда аниқ айтилган. (1 Коринфликларга 6:9; Ваҳий 22:15) Қолаверса, ахлоқсиз инсон ўзига бўлган ҳурматни ва бошқаларнинг ишончини йўқотади. Ахлоқсизлик доим муаммо келтиради. Бу виждон азоби, исталмаган ҳомиладорлик, никоҳдаги муаммолар, касаллик ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. (Галатияликларга 6:7, 8 ни ўқинг.) Агар инсон бироз тўхтаб, жинсий ахлоқсизликнинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрса, бу уни ахлоқсизликка қўл уришдан тўхтатиб қолар. Аммо кўпинча, одамлар жинсий ахлоқсизлик томон илк қадам ташлаётиб, фақатгина ўз истагини қондириш ҳақида ўйлашади. Одатда ушбу илк қадам порнография бўлади.

ПОРНОГРАФИЯ — ИЛК ҚАДАМ

9. Нега порнография хавфли?

9 Порнография инсоннинг жинсий истакларини жунбишга келтириш учун мўлжалланган. Ҳозирги пайтда порнографияни ҳамма жойда, жумладан, журнал, китоб, мусиқа, телекўрсатувлар ва интернетда учратиш мумкин. Кўплар порнографияни безарар деб ҳисоблашади, аслида эса у жуда хавфли. Унинг дастидан инсон жинсий ахлоқсизликка қарам бўлиб қолади ва унда бузуқ истаклар уйғонади. Порнографияни томоша қила бошлаган инсон онанизм (мастурбация), никоҳдаги муаммолар ва ҳатто ажралишга етаклайдиган йўлга қадам босган бўлади. (Римликларга 1:24–27; Эфесликларга 4:19; 24- иловага қаранг.)

Интернетдан фойдаланаётиб эҳтиёткор бўлишимиз лозим

10. Ёқуб 1:14, 15 даги принцип жинсий ахлоқсизликдан қочишимизга қандай ёрдам беради?

10 Жинсий ахлоқсизлик қай йўсин бизни ўз тузоғига тушириши ҳақида билишимиз ўта муҳим. Ёқуб 1:14, 15 даги мана бу огоҳлантиришга эътибор беринг: «Ҳар ким ўз эҳтиросига берилиб, алданиб синовга дучор бўлади. Сўнгра эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади. Гуноҳ эса охир-оқибат ўлимга олиб келади». Шундай экан, нотўғри фикрлар хаёлингизга келса, уларни дарҳол рад этинг. Беҳаё тасвирларни бехосдан кўриб қолсангиз, шу заҳоти кўзингизни олиб қочинг. Улар компьютерда ёки телевизорда пайдо бўлса, уни ўчиринг ёки бошқа каналга олинг. Нотўғри истаклар қалбингизда илдиз отишига йўл қўйманг. Акс ҳолда, бу истаклар шунчалик кучайиб кетадики, уларни назорат қилиш қийин кечади. (Матто 5:29, 30 ни ўқинг.)

11. Хаёлимизга ёмон фикрлар келганда Яҳова бизга қандай ёрдам беради?

11 Яҳова бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ билади. Номукаммал эканимиз Унга аён. Нотўғри истакларни енгишга қодир эканимизни ҳам У билади. Яҳова бизга шундай демоқда: «Тана аъзоларингиздаги ерга хос зино, ифлослик, тийиқсиз шаҳвоний ҳирс, зарарли истак ва бутпарастликка тенг бўлган очкўзлик каби эҳтиросларни ўлдиринглар». (Колосаликларга 3:5) Бундай қилишимиз осон бўлмаса-да, Яҳова бизга нисбатан сабрли бўлиб, ёрдам беради. (Забур 68:19) Бир ёш биродаримиз порнография томоша қилиш ва онанизм билан шуғулланиш тузоғига тушиб қолган эди. Унинг мактабдаги дўстлари бу нарсага улғайишнинг оддий жараёни деб қарашарди. Бироқ у шундай дейди: «Бу туфайли виждоним ўтмаслашиб, ахлоқсиз ҳаёт кечира бошладим». У истакларини назорат қилиши кераклигини тушуниб етган ва Яҳованинг мадади билан ёмон одатларидан қутулган. Агар хаёлингизга ахлоқсиз фикрлар келса, ўй-фикрда покликни сақлаш учун Яҳовадан «инсонларникидан устун турган куч» беришини сўранг. (2 Коринфликларга 4:7; 1 Коринфликларга 9:27)

12. Нега қалбимизни асрашимиз керак?

12 Сулаймон: «Ҳар нарсадан кўра қалбингни асра, чунки у ҳаёт манбаидир»,— деб ёзган. (Ҳикматлар 4:23) «Қалб» сўзи остида Яҳова кўриб турадиган ички дунёмиз назарда тутилади. Кўрган нарсаларимиз бизга кучли таъсир қилиши мумкин. Садоқатли Аюб пайғамбар шундай деган: «Мен кўзларим билан аҳд қилганман. Шундай экан, бошқа аёлга эҳтирос билан қарашга қандай журъат этаман?!» (Аюб 31:1) Аюб сингари биз ҳам кўраётган ҳамда ўйлаётган нарсаларимизни назорат қилишимиз керак. Сано бастакори каби: «Ярамас нарсадан кўзимни олиб қочишимга ёрдам бер»,— деб ибодат қиламиз. (Забур 119:37)

ДИНАНИНГ НОТЎҒРИ ТАНЛОВИ

13. Дина қандай дўстларни танлади?

13 Дўстларимиз бизга яхши ёки ёмон томондан кучли таъсир қилишлари мумкин. Агар Яҳованинг меъёрлари бўйича яшайдиган дўстларни танласангиз, улар сизга ҳам шундай йўл тутишга ёрдам беришади. (Ҳикматлар 13:20; 1 Коринфликларга 15:33 ни ўқинг.) Дўстларни тўғри танлаш қанчалик муҳимлигини Дина билан юз берган воқеадан кўрсак бўлади. У Ёқубнинг қизи эди ва Яҳовага топинадиган оилада катта бўлганди. Дина ахлоқсиз инсон эмасди, бироқ Яҳовага топинмайдиган канъонлик қизлар билан дўстлашди. Канъонликларнинг жинсий муносабатлар ҳақидаги нуқтаи назари Худонинг халқи эга бўлган нуқтаи назардан кескин фарқ қиларди ва улар ўзининг ахлоқсизлиги билан танилган эди. (Левилар 18:6–25) Дина дугоналари билан вақт ўтказган пайтда Шакам исмли канъонлик йигитни учратди ва у Динани ёқтириб қолди. Шакам ўз оиласидаги «энг ҳурматли киши эди». Аммо у Яҳовани яхши кўрмасди. (Ибтидо 34:18, 19)

14. Дина билан нима юз берди?

14 Шакам ўз назарида табиий бўлган ва кўнгли тусаган ишни қилди. Дина унга ёқиб қолгани учун «у Динани ушлаб олди-да, зўрлаб у билан ётди». (Ибтидо 34:1–4 ни ўқинг.) Ушбу жиноят Динага ва оиласига бахтсизлик келтирган бир қанча фожиали воқеаларга сабаб бўлди. (Ибтидо 34:7, 25–31; Галатияликларга 6:7, 8)

15, 16. Қай йўсин доно бўла оламиз?

15 Яҳованинг ахлоқий меъёрлари бизнинг фойдамизни кўзлаб берилганини тушуниш учун Дина каби хатога йўл қўйишимиз шарт эмас. «Доно билан юрган доно бўлади, нодонга шерик бўлган эса азият чекади». (Ҳикматлар 13:20) Муқаддас Китоб ёрдамида «яхшилик йўлларини англаб етишни» мақсад қилинг. Шунда ўзингизни оғриқ ва азобдан асраб қоласиз. (Ҳикматлар 2:6–9; Забур 1:1–3)

16 Агар Аллоҳнинг Каломини чуқур ўргансак, қарорлар чиқаришдан олдин Худога ибодат қилсак ҳамда ишончли ва ақлли хизматкорнинг маслаҳатларига қулоқ солсак, доно бўламиз. (Матто 24:45; Ёқуб 1:5) Биламизки, барчамиз заиф ва номукаммалмиз. (Еремиё 17:9) Борди-ю, кимдир жинсий ахлоқсизликка олиб борадиган хавфли йўлда турганингизни айтса, қандай муносабат билдирасиз? Ундан хафа бўласизми ёки камтарлик ила ёрдамни қабул қиласизми? (4 Шоҳлар 22:18, 19)

17. Имондошимизнинг маслаҳати бизга ёрдам бериши мумкинлигини кўрсатадиган мисол келтиринг.

17 Мисол учун, шундай вазиятни тасаввур қилинг. Синглимизнинг ишхонасидаги бир йигит унга ўзгача муносабат кўрсатиб, уни учрашувга таклиф қилади. Бу йигит Яҳовага хизмат қилмаса ҳам, хушмуомала ва меҳрибондай кўринади. Бошқа бир опамиз уларни бирга кўриб қолади ва синглимизни хавфдан огоҳлантиради. Синглимиз бунга қандай муносабат билдиради? У ўзини оқлашга уринадими ёки огоҳлантириш ўринли эканини тан оладими? Синглимиз Яҳовани яхши кўрар ва тўғри йўл тутишни истар. Агар у ўша йигит билан учрашишда давом этса, «зинодан қочаётганини» кўрсатадими ёки «ўз қалбига ишонаётганиними»? (Ҳикматлар 22:3; 28:26; Матто 6:13; 26:41)

ЮСУФНИНГ ЎРНАГИДАН САБОҚ ОЛИНГ

18, 19. Юсуф ахлоқсизликдан қай йўсин қочганини тушунтиринг.

18 Ёш йигит пайтида Юсуф Мисрда қул бўлган. Кундан-кунга хўжайинининг хотини Юсуфга: «Мен билан ёт»,— дерди. Аммо Юсуф бу нотўғри эканини биларди. Юсуф Яҳовани яхши кўрарди ва Унга маъқул келишни истарди. Шунинг учун, ҳар сафар ўша аёл Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлганида у рад этарди. У қул бўлгани учун, шунчаки хўжайинининг уйини тарк эта олмасди. Бир куни хўжайинининг хотини Юсуфнинг кийимидан ушлаб олиб у билан ётмоқчи бўлади, аммо Юсуф «қочиб чиқиб кетади». (Ибтидо 39:7–12 ни ўқинг.)

19 Агар Юсуф ахлоқсиз фикрларга берилганида ёки ўша аёл ҳақида хаёл сура бошлаганида бу воқеа бутунлай бошқача якун топарди. Бироқ Юсуф учун Яҳова билан бўлган муносабатлари ҳамма нарсадан устун турарди. У ўша аёлга шундай деган: «Хўжайиним... сиздан ташқари ҳамма нарсани менга топширган. Чунки сиз у кишининг хотинисиз. Қандай қилиб мен бундай қабиҳликка қўл уриб, Худога қарши гуноҳ қиламан?!» (Ибтидо 39:8, 9)

20. Яҳова Юсуфдан мамнун бўлганини қаердан биламиз?

20 Юсуф оиласи ва уйидан олисда бўлишига қарамай, Яҳовага садоқатини сақлаган ва У Юсуфга барака берган. (Ибтидо 41:39–49) Яҳова Юсуфнинг садоқатли эканидан мамнун эди. (Ҳикматлар 27:11) Ахлоқсизликни рад этиш осон бўлмаслиги мумкин. Аммо қуйидаги сўзларни доим ёдда тутинг: «Эй, Яҳовани севадиганлар, ёмонликдан нафратланинг. Аллоҳ Унга содиқ бўлганларнинг жонини асрайди, ёвуз кимсаларнинг қўлидан уларни қутқаради». (Забур 97:10)

21. Қандай қилиб бир ёш биродаримиз Юсуфдан ўрнак олди?

21 Ҳар куни Яҳованинг хизматчилари «ёмонликдан нафратланиб, яхшиликни севишини» жасорат ила намоён этишяпти. (Амос 5:15) Ёшингиз нечада бўлишидан қатъи назар, Яҳовага садоқатингизни сақлай оласиз. Бир ёш биродаримизнинг имони мактабда синалди. Битта қиз агар биродаримиз унга математикадан тестни бажаришга ёрдамлашса, эвазига у билан ётишни таклиф қилди. Биродаримиз нима қилди? У Юсуф каби йўл тутди. У шундай дейди: «Мен ўйлаб ўтирмай унинг таклифини рад этдим. Чунки покликни сақлаб, қадр-қимматим ва ҳурматимни асраб қолдим». Ахлоқсизлик келтирадиган «вақтинчалик ҳузур-ҳаловат» кўпинча оғриқ ва азоб олиб келади. (Ибронийларга 11:25) Яҳовага итоат этиш эса абадий бахт келтиради. (Ҳикматлар 10:22)

ЯҲОВАНИНГ ЁРДАМИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГ

22, 23. Жиддий гуноҳга қўл урсак, Яҳова бизга қандай ёрдам беради?

22 Шайтон бизни жинсий ахлоқсизлик тузоғига илинтиришга уринади ва бу ҳақиқий синов бўлиши мумкин. Барчамизда вақти-вақти билан нотўғри фикрлар пайдо бўлиб туради. (Римликларга 7:21–25) Яҳова буни тушунади ва «тупроқ эканимизни ёдида тутади». (Забур 103:14) Мабодо масиҳий жинсий ахлоқсизликдек жиддий гуноҳга қўл урса-чи? Унинг аҳволини чорасиз деса бўладими? Йўқ, албатта. Агар инсон чинакамига тавба қилса, Яҳова унга ёрдам беради. Чунки Худо «кечиришга тайёр». (Забур 86:5; Ёқуб 5:16; Ҳикматлар 28:13 ни ўқинг.)

23 Шунингдек, Яҳова бизга «одамларни ҳадя сифатида берди». Бу бизга севги ила ғамхўрлик қилаётган оқсоқоллардир. (Эфесликларга 4:8, 12; Ёқуб 5:14, 15) Оқсоқоллар Яҳова билан муносабатларимизни қайта тиклашимизга ёрдам беришади. (Ҳикматлар 15:32)

ФАҲМ-ФАРОСАТНИ ИШГА СОЛИНГ

24, 25. Фаҳм-фаросат ахлоқсизликдан қочишимизга қандай ёрдам беради?

24 Тўғри қарорлар чиқариш учун, Яҳованинг қонунлари бизга қандай фойда келтиришини билишимиз керак. Биз Ҳикматлар 7:6–23 да қаламга олинган йигитга ўхшашни истамаймиз. Унга «фаҳм-фаросат» етмагани учун у жинсий ахлоқсизлик тузоғига илинди. Фаҳм-фаросат шунчаки ақлли бўлишдан кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Чинакамига фаҳм-фаросатли бўлсак, Худонинг фикрлаш тарзини тушунишга ва шунга яраша ҳаёт кечиришга интиламиз. Мана бу доно сўзларни асло унутманг: «Фаҳм-фаросатга эга бўлган ўз жонини севади, ақл-идрокли муваффақият қозонади». (Ҳикматлар 19:8)

25 Худонинг меъёрлари оқилона эканига ишончингиз комилми? Уларга амал қилиш сизни бахтга етаклашига ишонасизми? (Забур 19:7–10; Ишаё 48:17, 18) Борди-ю, ҳали ҳам шубҳаланаётган бўлсангиз, Яҳова сиз учун қилган барча яхши ишларни эсланг. Муқаддас Китобда: «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»,— дейилган. (Забур 34:8) Яҳова сиз учун нималар қилаётгани ҳақида қанча кўп мулоҳаза юритсангиз, Унга бўлган севгингиз шунча кучайиб боради. У севадиган нарсаларни севиб, нафратланадиган нарсаларидан нафратланинг. Онгингизни ҳақиқат, одиллик, ҳалоллик ва ҳиммат ҳақидаги яхши фикрлар билан тўлдиринг. (Филиппиликларга 4:8, 9) Шунда биз Яҳованинг донолигидан фойда олган Юсуф каби бўла оламиз. (Ишаё 64:8)

26. Кейинги бобларда нимани муҳокама қиламиз?

26 Турмуш қурганмисиз ёки йўқми Яҳова ҳаётдан завқ олиб, бахтли яшашингизни истайди. Кейинги иккита бобда келтирилган маълумот никоҳда бахтли бўлишимизга ёрдам беради.