Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11- БОБ

Тўйдан кейинги ҳаёт

Тўйдан кейинги ҳаёт

Севги ҳеч қачон тугамайди. 1 КОРИНФЛИКЛАРГА 13:8

1, 2. Қийинчиликлар никоҳимиз барбод бўлганини англатадими? Тушунтиринг.

 НИКОҲ — Яҳованинг ҳадяси. У инсоннинг бахтига бахт қўшади. Лекин никоҳда ўзига яраша муаммолар ҳам бўлади. Ҳатто баъзида муаммоларнинг охири йўқдай кўринади. Бундай пайтда эр-хотинлар бир-бирига бегонадай бўлиб қолади.

2 Агар никоҳимизда қийинчиликлар пайдо бўлиб турса, ҳайрон қолмаслигимиз керак. Ахир қийинчиликлар никоҳимиз барбод бўлди, дегани эмас-ку. Ҳатто жиддий муаммоларга дуч келган эр-хотинлар уларга ечим топиб, никоҳ ришталарини мустаҳкамлай олишди. Қандай қилиб?

АЛЛОҲГА ВА УМР ЙЎЛДОШИНГИЗГА ЯҚИН БЎЛИНГ

3, 4. Баъзан никоҳда вазият қандай бўлиши мумкин?

3 Никоҳ — истаклари, фикрлаш тарзи ҳамда одатлари турлича бўлган икки кишини бирлаштиради. Қолаверса, эр ва хотиннинг келиб чиқиши ҳамда маданияти турлича бўлиши мумкин. Турмуш ўртоқлар бир-бирини яхши таниб-билиши ва тушуниши учун вақт ҳамда ҳаракат талаб этилади.

4 Вақт ўтгани сайин эр-хотин ўз муаммолари билан овора бўлиб, бир-биридан узоқлашиб кетиши мумкин. Уларнинг ҳар бири ўз ҳаёти билан яшаётгандай туюлади. Уларнинг муносабатлари яна яқин бўлишига нима ёрдам беради?

Муқаддас Китоб маслаҳатлари — бахтли никоҳ гарови

5. а) Масиҳий турмуш ўртоғига яқин бўлишига нима ёрдам беради? б) Ибронийларга 13:4 га биноан никоҳга қандай муносабатда бўлишимиз керак?

5 Яҳова тақдим этаётган ажойиб маслаҳатлар сиз ва турмуш ўртоғингиз Унга ҳамда бир-бирингизга яқин бўлишингизга кўмаклашади. (Забур 25:4; Ишаё 48:17, 18) Аллоҳ: «Никоҳ ҳамманинг назарида ҳурмат-эътиборда бўлсин»,— демоқда. (Ибронийларга 13:4) Одатда биз учун қадрли бўлган нарсани эъзозлаймиз. Шу сингари Яҳова никоҳни ҳам қадрлашимизни истайди. Никоҳни кўз қорачиғимиздай асраб, қадрига етишимиз керак.

ЯҲОВАНИ СЕВИШ — БАХТЛИ НИКОҲ ГАРОВИ

6. Яҳованинг никоҳга бўлган нуқтаи назари ҳақида Матто 19:4–6 дан нимани билиб оляпмиз?

6 Илк никоҳни Яҳова барпо этган. Унинг Ўғли Исо никоҳ ҳақида шундай деган: «Ахир ўқимаганмисизлар? Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратиб, шундай деган: “Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, хотинига боғланиб қолади ва иккови бир тан бўлади”. Демак, энди улар икки эмас, бир тан ҳисобланади. Шундай экан, Аллоҳ бирга қўшганини бандаси ажратмасин». (Матто 19:4–6) Аввал бошда Яҳова никоҳ ришталари тоабад давом этишини истаган. Унинг ниятига кўра, оила мустаҳкам ва бахтли бўлиши, унинг аъзолари эса биргаликда ҳаётдан завқ олиб яшаши керак эди.

7. Қандай қилиб эр-хотинлар никоҳини мустаҳкамлай олишади?

7 Ҳозирги кунда никоҳ қурган кишилар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ стресс ва босимга дуч келмоқда. Баъзан босим шунчалик кучли бўладики, улар никоҳни асраб қолишнинг иложи йўқ деб ўйлашади ва таслим бўлишади. Бироқ никоҳга нисбатан Яҳованинг нуқтаи назарини яхши тушуниш, бундай вазиятда бизга ёрдам бера олади. (1 Юҳанно 5:3)

8, 9. а) Яҳованинг никоҳга оид йўл-йўриғига қачон амал қилишимиз керак? б) Никоҳни қадрлаётганимизни қандай кўрсата оламиз?

8 Яҳованинг йўл-йўриқлари доим бизнинг фойдамиз учун хизмат қилади. Юқорида ўқиганимиздай, У бизга: «Никоҳ... ҳурмат-эътиборда бўлсин»,— деб маслаҳат бермоқда. (Ибронийларга 13:4; Воиз 5:4) Ҳатто қийин бўлганида ҳам Яҳованинг йўл-йўриғига амал қилсак, албатта бунинг фойдасини кўрамиз. (1 Салоникаликларга 1:3; Ибронийларга 6:10)

9 Никоҳни қадрлаганимиз учун унга зарар етказадиган ишлар ва сўзлардан қочамиз. Сабаби, турмуш ўртоғимиз билан муносабатларимизни мустаҳкамлашни истаймиз. Буни қандай амалга оширсак бўлади?

НИКОҲГА ИСНОД КЕЛТИРАДИГАН НУТҚ ВА ХУЛҚДАН ҚОЧИНГ

10, 11. а) Айрим оилаларда қандай жиддий муаммо бор? б) Нега турмуш ўртоғимиз билан гаплашиш тарзимизга диққатли бўлишимиз керак?

10 Инсон турмуш ўртоғига турлича озор бериб қўйиши мумкин. Биламизки, масиҳийлар ҳеч қачон турмуш ўртоғига қўл кўтармаслиги ёки унга жисмоний зарар етказадиган бирор нарса қилмаслиги керак. Аммо сўзлар ҳам инсонга қаттиқ озор бериши мумкин. Улар худди қиличдай жароҳатлаши ҳеч гап эмас. Бир аёл шундай дейди: «Эримнинг сўзлари қалбимга ханжардай ботади. Танамда кўзга кўринадиган жароҳатлар бўлмаса-да, унинг: “Сен мен учун юксан!” ва “Сендан фойда йўқ!” — деган дашномлари қалбимни қаттиқ яралайди». Бир кишининг айтишича, хотини уни доим камситиб, ҳақорат қилар экан. У шундай деди: «Хотиним менга айтган сўзларни тарбияли одамларнинг олдида такрорлашга тилим бормайди. У билан тузукроқ гаплашиб бўлмайди, шунинг учун ишда кечгача қолишга ҳаракат қиламан. Бу уйга келишдан кўра яхшироқ». Ҳақоратли сўзларни, дилга озор берадиган қўпол ва ёмон гапларни айтиш ҳозирги пайтда одатий ҳол бўлиб қолган.

11 Эр-хотин бир-бирига қўпол гапирса, етказилган жароҳат узоқ вақт битмаслиги мумкин. Шуниси аниқки, Яҳова турмуш ўртоқлар бир-бирига бундай муносабатда бўлишларини истамайди. Аммо билмасдан ҳам умр йўлдошингизга озор бериб қўйишингиз мумкин. Сиз ўзингизни жуда меҳрибон умр йўлдош деб ҳисобларсиз, лекин жуфтингиз ҳам шундай фикрдами? Баъзи гапларингиз унга оғир ботаётган бўлса, ўзгаришга тайёрмисиз? (Галатияликларга 5:15; Эфесликларга 4:31 ни ўқинг.)

12. Турмуш қурган кишининг Яҳова билан муносабатларига нима таъсир қилади?

12 Одамлар олдида бўладими ёки ёлғиз қолганингиздами, турмуш ўртоғингизга қандай гапираётганингиз Яҳова учун аҳамиятга эга. (1 Бутрус 3:7 ни ўқинг.) Ёқуб 1:26 да бизга қуйидагича эслатма берилган: «Агар бирор ким Аллоҳга топиняпман деб ўйласа-ю, аммо тилини тиймаса, у ўзини ўзи алдаган бўлади ва унинг топиниши бефойдадир».

13. Турмуш ўртоғингизга яна нима оғир ботиши мумкин?

13 Турмуш ўртоқлар яна бир соҳада бир-бирининг туйғуларига эътиборли бўлишлари лозим. Масалан, сиз ўзга жинсдаги бирор киши билан бирга кўп вақт ўтказа бошласангиз, бу умр йўлдошингизга қандай таъсир қилади? Буни яхши ниятда, айтайлик, хизмат ёки муаммони ҳал қилишга ёрдам бериш учун қилаётган бўлсангиз ҳам, турмуш ўртоғингиз ўзини қандай ҳис қилиши мумкин? Бир масиҳий аёл шундай деб бўлишди: «Эрим жамоатдаги бошқа бир опага кўп вақт ажратиб, эътибор қаратаётгани менга оғир ботади. Ўзимни кераксиздай ҳис қиламан».

14. а) Ибтидо 2:24 дан қайси муҳим ҳақиқатни билиб оляпмиз? б) Ўзимизга қандай саволларни бериб кўришимиз керак?

14 Масиҳий эканмиз, ота-онамиз ва жамоатдаги имондошларимиз олдида бурчимиз бор. Аммо турмуш қурганимизда, энг аввало турмуш ўртоғимиз олдида бурчли бўламиз. Яҳова эркак киши «хотинига боғланиб қолишини» айтган. (Ибтидо 2:24) Умр йўлдошимизнинг туйғулари биз учун ниҳоятда муҳим бўлиши керак. Ўзингиздан: «Турмуш ўртоғимга унинг эҳтиёжига кўра вақт ажратиб, эътибор ва меҳримни беряпманми? У бунга лойиқ эканини тушуняпманми?» — деб сўраб кўринг.

15. Нега масиҳийлар турмуш ўртоғидан бошқа киши билан ҳаддан ортиқ яқин муносабатларни ривожлантиришдан қочишлари лозим?

15 Агар турмуш ўртоғимиздан бошқа киши билан ҳаддан ортиқ яқин муносабатларни ривожлантирсак, бу никоҳимизга хавф туғдиради. Ўша инсонга боғланиб қолишимиз ва бизда унга нисбатан ишқий туйғулар пайдо бўлиши мумкин. (Матто 5:28) Бу туйғулар кучайиб, никоҳга иснод келтирадиган ишга қўл уришимиз ҳеч гап эмас.

«НИКОҲДАГИ МУНОСАБАТЛАРИНГИЗ БУЛҒАНМАСИН»

16. Никоҳ ҳақида Муқаддас Китобда қандай амр берилган?

16 Муқаддас Китобда: «Никоҳ... ҳурмат-эътиборда бўлсин,— дейилгач, шундай сўзларни ўқиймиз — никоҳдаги муносабатларингиз булғанмасин. Боиси, Аллоҳ зинокорлару хиёнат қилувчиларни ҳукм этади». (Ибронийларга 13:4) Бу оятда «никоҳдаги муносабатлар» деганда, эр-хотин орасидаги жинсий муносабатлар назарда тутилган. (Ҳикматлар 5:18) Қай йўсин бу муносабатларга ҳурмат кўрсатишимиз ва уларни пок сақлашимиз мумкин?

17. а) Бугунги кунда кўпчилик бевафолик ҳақида қандай фикрда? б) Масиҳийлар бевафоликка қандай муносабатда бўлишлари керак?

17 Бугунги кунда айрим одамлар турмуш ўртоғига хиёнат қилишнинг ёмон жойи йўқ деб ҳисоблашади. Бундай нуқтаи назар бизга таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз керак. Яҳова жинсий ахлоқсизлик ва бевафоликдан нафратланишини аниқ айтган. (Римликларга 12:9 ни ўқинг; Ибронийларга 10:31; 12:29) Агар турмуш ўртоғимиздан ташқари ким биландир жинсий алоқа қилсак, никоҳимизни булғаган бўламиз. Бу билан Яҳованинг меъёрларини ҳурмат қилмаслигимизни кўрсатамиз ва У билан муносабатларимизга путур етказамиз. Шунинг учун бевафоликка етакловчи биринчи қадамдан ҳам қочишимиз керак. Бунга ўзга инсон ҳақидаги ноўрин фикрлардан қочиш киради. (Аюб 31:1)

18. а) Бевафолик ва сохта худоларга топиниш ўртасида қандай ўхшашлик бор? б) Яҳова бевафоликка қандай қарайди?

18 Таврот қонуни остида бўлган Исроил халқида бевафолик сохта худоларга топиниш каби жиддий гуноҳ ҳисобланган. Иккиси учун ҳам ўлим жазоси берилган. (Левилар 20:2, 10) Бевафолик ва сохта худоларга топиниш ўртасида қандай ўхшашлик бор? Исроиллик киши сохта худоларга топинганида, Яҳовага содиқ қолиш ваъдасини бузарди. Бевафоликка қўл урганида эса турмуш ўртоғига содиқ қолиш ваъдасини бузган ҳисобланарди. (Чиқиш 19:5, 6; Қонунлар 5:9; Малаки 2:14 ни ўқинг.) Кўриняптики, Яҳова қадимда бевафоликни жиддий гуноҳ деб ҳисоблаган.

19. Бевафолик қилмаслик қароримизда қатъий туришга нима кўмаклашади?

19 Бугунги кун ҳақида нима деса бўлади? Биз Таврот қонуни остида бўлмасак-да, Яҳованинг бевафоликка нисбатан нуқтаи назари ўзгармаган. Сохта худоларга асло топинмаганимиз сингари, турмуш ўртоғимизга ҳам ҳеч қачон хиёнат қилмаслигимиз керак. (Забур 51:1, 4; Колосаликларга 3:5) Агар бевафоликка қўл урсак, никоҳимизга ҳам, Аллоҳимиз Яҳовага ҳам ҳурматсизлик қилган бўламиз. (26- иловага қаранг.)

НИКОҲ РИШТАСИНИ ҚАНДАЙ МУСТАҲКАМЛАСА БЎЛАДИ?

20. Донолик никоҳда қай йўсин асқатади?

20 Никоҳингизни қандай мустаҳкамлай оласиз? Аллоҳнинг Каломида шундай сўзлар бор: «Уй донолик ила қурилади, ақл-идрок билан маҳкам туради». (Ҳикматлар 24:3) Уй совуқ ва бўм-бўш ёки иссиқ, қулай ва хавфсиз бўлиши мумкин. Никоҳ ҳам шунга ўхшайди. Доно инсон никоҳи мустаҳкам, фаровон ва бахтли бўлиши учун бор кучини ишга солади.

21. Қай йўсин билим никоҳингизни мустаҳкамлаши мумкин?

21 Ўша уй ҳақидаги гапни давом эттириб, Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Хоналари билим туфайли қимматбаҳо ва ноёб хазиналарга тўлади». (Ҳикматлар 24:4) Худонинг Каломидан билиб олганларингиз никоҳингизга яхши таъсир қилади. (Римликларга 12:2; Филиппиликларга 1:9) Муқаддас Китобни ва унга асосланган адабиётларни биргаликда ўқиётганда, ўрганганларингизни амалда қандай қўллашингиз мумкинлигини муҳокама қилинг. Бир-бирингизга севги ва ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, меҳр ва мулоҳазакорлик ила муносабатда бўлиш йўлларини изланг. Никоҳингизни мустаҳкамлашга ҳамда турмуш ўртоғингиз сизни янада кўпроқ севишига ҳисса қўшадиган фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беришини Яҳовадан сўранг. (Ҳикматлар 15:16, 17; 1 Бутрус 1:7)

Оилавий топиниш пайтида Яҳованинг йўл-йўриғини изланг

22. Нега турмуш ўртоғимизга севги ва ҳурмат ила муомала қилишимиз лозим?

22 Турмуш ўртоғимизга иложи борича севги ва ҳурмат ила муомала қилишимиз лозим. Шунда оиламизда ёқимли муҳит ҳукм суради ва никоҳимиз мустаҳкам бўлади. Энг асосийси, бундай йўл тутиб Яҳовани бахтиёр қиламиз. (Забур 147:11; Римликларга 12:10)