Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

8- БОБ

Аллоҳ пок инсонларни севади

Аллоҳ пок инсонларни севади

Пок кишига поклик ато қиласан. ЗАБУР 17:27

1–3. а) Нима сабабдан она фарзандининг тозалигига ғамхўрлик қилади? б) Нега Яҳова хизматчилари пок бўлишларини истайди ва ўзимизни тоза сақлашга бизни нима ундайди?

ОНА фарзандини кўчага чиқишга тайёрлаётганини тасаввур қилинг. У боласини ювинтириб, унга тоза кийимларини кийдиради. Чунки она, тозалик — саломатлик гарови эканини яхши билади. Шунингдек, бола ота-онасининг обрўсига таъсир қилишини у тушуниб турибди.

2 Шу сингари, самовий Отамиз Яҳова, хизматчилари тоза, пок бўлишларини истайди. Зеро Унинг Каломида: «Пок кишига поклик ато қиласан»,— дейилган (Забур 17:27) *. Яҳова бизни севади ва поклик бизга катта фойда келтиришини билади. Шу билан биргаликда, Унинг Шоҳидлари сифатида номига шараф келтиришимизни кутади. Ҳақиқатан ҳам, покизалигимиз ва яхши хулқ-атворимиз, Яҳовани ҳамда муқаддас исмини улуғлайди (Ҳизқиё 36:22; 1 Бутрус 2:12).

3 Яҳова пок инсонларни севишини билиш, ўзимизни тоза сақлашга ундайди. Ҳа, Аллоҳни севганимиз сабабли, турмуш тарзимиз Унга шон-шараф келтиришини хоҳлаймиз. Боз устига, ўзимизни Унинг меҳр-муҳаббати соясида сақлаш мақсадимиз бор-ку! Келинг, нега пок бўлишимиз кераклигини, покликка нима киришини ва бунга қандай эришиш мумкинлигини кўриб чиқайлик. Бу туфайли, ҳаётимизнинг қайси соҳаларида яхшиланишимиз кераклигини биламиз.

НИМАГА ПОК БЎЛИШ МУҲИМ?

4, 5. а) Покликни сақлашимиз кераклигининг асосий сабаби нимада? б) Қандай қилиб Яҳованинг покликка бўлган севгиси, яратган ижодларидан очиқ кўриниб туради?

4 Асосий сабаби, Яҳованинг Ўзи бунда ўрнак кўрсатган. Унинг Каломи бизни «Худога эргашишга» чорламоқда (Эфесликларга 5:1). Яҳова Таоло ҳар томонлама тоза, пок ва муқаддас экан, биз ҳам шунга интилишимиз даркор (Левилар 11:44, 45).

5 Яҳованинг покликка бўлган севгиси ҳамда кўпдан-кўп хислатларию ишлари, яратган ижодларидан очиқ кўриниб туради (Римликларга 1:20). Мисол учун, дастлаб ер одамзод учун тоза, шинам уй сифатида барпо этилган эди. Парвардигоримиз, ҳаво ва сув тозаланиши учун табиат даврларини йўлга қўйган. Муайян микроблар эса тозаликни сақловчилар каби хизмат қилиб, чиқиндиларни зарарсизлантиришади. Ҳатто олимлар, инсонларнинг худбинлиги ва очкўзлиги оқибатида келиб чиққан нефть доғларини ва бошқа ифлосликларни бартараф этиш учун, бундай «очофат» микророганизмлардан фойдаланишади. Кўриниб турганидай, ернинг Яратувчиси учун тозалик ўта муҳим (Еремиё 10:12). Биз ҳам тозаликка шундай муносабатда бўлмоғимиз лозим эмасми?!

6, 7. Тавротдаги қонун, Аллоҳга топинувчилар пок бўлишлари кераклигини қандай кўрсатмоқда?

6 Покликни сақлаш муҳимлигининг бошқа сабаби, Сарвари Олам хизматчиларидан буни талаб қилади. Яҳова исроилликларга берган қонунга биноан, топиниш билан поклик чамбарчас боғлиқ бўлган эди. Қонун бўйича, покланадиган кунда олий руҳоний икки марта ювиниши шарт ҳисобланган (Левилар 16:4, 23, 24). Руҳонийлар Яҳовага қурбонлик келтиришдан аввал, қўлларини ва оёқларини ювишлари керак эди (Чиқиш 30:17–21; 2 Солномалар 4:6). Тавротда одам қачон жисмонан нопок ва ҳаром ҳисобланишининг 70 та сабаби келтирилган. Мабодо бирор исроиллик нопок бўлатуриб Яҳовага топинишда иштирок этса, ўлим жазосига маҳкум этилган (Левилар 15:31). Борди-ю кимдир бадан ва кийимини ювишдек покланиш маросимини бажармаса, «жамоаси орасидан йўқ қилинган» (Саҳрода 19:17–20).

7 Гарчи Тавротдаги қонунга тобе бўлмасак-да, бу қонун туфайли Худонинг фикрлаш тарзини англай оламиз. Бундан Аллоҳга сиғинаётганлар пок бўлишлари аниқ кўриняпти. Зотан Яҳова ҳеч қачон ўзгармайди (Малахи 3:6). Топинишимиз «поклик ва бенуқсонликни» акс этмаса, Худога маъқул келмайди-ку (Ёқуб 1:27). Хуллас, бу масалада У биздан нима талаб қилаётганини билишимиз лозим.

ХУДОНИНГ НАЗАРИДА НИМА ПОК?

8. Яҳова биздан қайси соҳаларда пок бўлишимизни талаб қилади?

8 Муқаддас Китобдаги поклик тушунчаси, нафақат жисмоний тозаликни англатади. Аллоҳнинг назарида пок бўлиш, ҳаётимизнинг барча соҳаларига тегишлидир. Яҳова бизнинг маънан, ахлоқан, фикран ва жисмонан пок бўлишимизни талаб қилади. Келинг, бундай поклик нимани ўз ичига олишини кўриб чиқайлик.

9, 10. Маънавий покликни сақлаш нимани англатади ва Худонинг хизматчилари қандай ишлардан четланишади?

9 Маънавий поклик. Оддий қилиб айтганда, маънавий покликни сақлаш, ҳақ динни сохта таълимотлар билан булғамасликни англатади. Исроилликлар Бобилдан Қуддусга қайтишганида, нопокликка қўл теккизмай, ўзларини тоза сақлашлари ҳақидаги Яҳованинг амрига риоя қилишлари лозим бўлган (Ишаё 52:11). Ватанларига қайтган исроилликлар аввало Яҳовага сиғинишни қайта тиклашлари керак эди. Зеро ушбу топиниш беғубор бўлиб, Худога иснод келтирадиган бобилликлар динининг таълимотлари, ишлари ва урф-одатлари билан булғанмаслиги керак эди.

10 Худонинг бугунги хизматчилари ҳам, сохта топинишга аралашиб қолишдан эҳтиёт бўлишяпти (1 Коринфликларга 10:21). Ушбу огоҳлантириш ўта муҳим, чунки сохта дин ҳар томондан таъсирини ўтказмоқда. Кўп мамлакатларда турли урф-одатлар, расм-русумлар ва маросимлар сохта дин таълимотлари билан боғлиқ. Одам ўлганидан сўнг, жони ёки руҳи яшашни давом эттиради, деган ғояни бунга мисол қилиб келтириш мумкин (Воиз 9:5, 6, 10). Аллоҳнинг ҳақ топинувчилари, сохта дин эътиқодларига алоқадор урф-одатлардан четланишади *. Ҳа, бошқалар бизни Муқаддас Китоб меъёрларини бузишга оғдиришларига йўл қўймаймиз (Ҳаворийлар 5:29).

11. Ахлоқий покликка нима киради ва нега уни сақлаш муҳим?

11 Ахлоқий поклик. Ахлоқий покизаликка, жинсий ахлоқсизликнинг ҳар қандай туридан қочиш киради (Эфесликларга 5:5). Ахлоқан пок бўлиб қолишда бу муҳим ўринни эгаллайди. Кейинги бобда, ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлаш учун «зинодан қочиш» зарурлиги борасида сўз юритилади. Ахир тавба қилмаган зинокорлар «Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар» (1 Коринфликларга 6:9, 10, 18). Аллоҳнинг назарида бундай кишилар, «имонсиз»лар қаторига киргизилган. Агар ахлоқан пок бўлишмаса, уларнинг «қисмати... иккинчи ўлимдир» (Ваҳий 21:8).

12, 13. Фикр билан иш-ҳаракат ўртасида қанақа боғлиқлик бор ва қандай қилиб фикран тоза бўла оламиз?

12 Фикрда поклик. Ҳар бир иш-ҳаракат, фикрдан келиб чиқади. Ёмон фикрлар онгимиз ва қалбимизда илдиз отишига йўл қўйсак, эртами-кечми нопок ишга қўл урамиз (Матто 5:28; 15:18–20). Бироқ онгимизни тоза, соф фикрлар билан тўлдирсак, пок иш тутишимиз осон кечади (Филиппиликларга 4:8). Қандай қилиб фикримизни тоза сақлай оламиз? Усулларидан бири, фикримизни ифлослайдиган ўйин-кулгининг ҳар қандай туридан воз кечишдан иборат *. Бундан ташқари, Худонинг Каломини мунтазам тадқиқ қилсак, онгимизни соф фикрларга тўлдирамиз (Забур 18:9, 10).

13 Ўзимизни Аллоҳнинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашни истасак, маънан, ахлоқан ва фикран пок бўлишимиз зарур. Покликнинг ушбу соҳалари, китобнинг бошқа бобларида янада кенгроқ ёритилади. Энди эса келинг, тўртинчи — жисмоний поклик тўғрисида билиб олайлик.

ЖИСМОНИЙ ПОКЛИКНИ ҚАНДАЙ САҚЛАШ МУМКИН?

14. Нега жисмоний тозаликни ҳар кимнинг шахсий иши, деб бўлмайди?

14 Жисмоний покликка, ўзимизни ва нарсаларимизни тоза сақлаш киради. Бундай тозалик ҳар кимнинг шахсий иши, атрофдагиларга алоқаси йўқ, деб бўладими? Яҳованинг хизматчилари бундай фикрга қўшилишмайди. Юқорида айтиб ўтилганидай, Яҳова учун бизнинг жисмоний тозалигимиз нафақат манфаатимизни кўзлагани, балки У ҳақда гувоҳлик бергани учун ҳам муҳим. Бошида келтирилган мисолга тўхталсак, борди-ю яғири чиқиб юрган болани кўрсангиз, ота-онаси ҳақида салбий фикрга келасиз, шундай эмасми? Ҳолбуки, ташқи кўринишимиз ёки тутган йўлимиз билан Тангримизга иснод келтириб, ваъз этаётган хабарни пастга уришни ҳеч истамаймиз. Худонинг Каломида: «Хизматимиз қораланмасин деб, ҳеч кимга ҳеч қандай халақит бермаймиз. Худонинг хизматкорлари сифатида ўзимизни ҳамма соҳада ибрат қилиб кўрсатамиз»,— дейилган (2 Коринфликларга 6:3, 4). Хўш, жисмоний покликни қандай сақлаш мумкин?

15, 16. Жисмоний тозаликка нисбатан қандай яхши одат бор ва кийимимиз қанақа бўлиши керак?

15 Тозалик ва ташқи кўриниш. Гарчанд ҳар бир мамлакатнинг маданияти ва турмуш шароитлари ўзига хос бўлса-да, ўзимизу фарзандларимиз мунтазам ювиниб туриши учун совун ва сув топилади, албатта. Масалан, овқат ейиш ёки тайёрлашдан аввал, ҳожатхонага боргандан сўнг ва чақалоқни чўмилтиргач ёки иштонини алмаштиргандан кейин қўлни совун билан ювиш яхши бир одатдир. Қўлни совунлаб ювиш — саломатлик гаровидир. Бу, хатарли вирус ва бактериялар тарқалишига тўсқинлик қилиб, ичбуруғ каби касалликка чалинмасликка ёрдам беради. Уйлардаги ҳожатхоналар оқава қувурига уланмаган жойларда, худди қадимги Исроилда бўлганидек, чиқиндиларни кўмиш мумкиндир (Амрлар 23:12, 13).

16 Кийимларимиз озода ва тартибли бўлиши учун, уларни доим ювиб туриш керак. Кийим қимматбаҳо ёки охирги модада бўлиши шарт эмас, асосийси озода, дидли ва камтарона бўлса бас (1 Тимўтийга 2:9, 10). Келинг, қаерда бўлмайлик, ташқи кўринишимиз «Қутқарувчимиз Худонинг таълимотини шарафласин»! (Титусга 2:10).

17. Нима сабабдан уй ва ҳовлимиз тоза ва кўркам бўлиши лозим?

17 Уй ва ҳовли. Уйимиз ҳашаматли ёки ўта безатилган бўлмаса-да, у тоза ва шароитга қараб кўркам турса етарли. Шунингдек, йиғилишларга ёки ваъзгўйлик хизматига ўз машинамизда борадиган бўлсак, ичкарисини ҳам, ташқарисини ҳам тоза сақласак, ўринли бўларди. Уй ва ҳовлимизнинг тозалиги, топинаётган Худомиз ҳақида шоҳидлик беришини унутмайлик. Боз устига, Яҳова пок Тангри экани, «ер юзини хароб қилувчиларни хароб қилиши» ва яқинда Унинг Шоҳлиги рўйи заминни жаннатга айлантириши ҳақида инсонларга таълим берамиз (Ваҳий 11:18; Луқо 23:43). Шундай экан, уйимиз ва нарсаларимизнинг кўриниши, биз ҳозирдан келажакдаги янги дунёга тайёрланиб, тозаликка одатланаётганимизни кўрсатишини истаймиз.

Жисмоний поклик, ўзимизни ва нарсаларимизни тоза сақлашни англатади

18. Йиғилиш Залимизга ҳурматимизни қандай кўрсатамиз?

18 Йиғилиш ўтадиган жойларимиз. Яҳовага бўлган севгимиз, Унга сиғиниш учун фойдаланиладиган Йиғилиш Залига ўринли муносабатда бўлишга ундайди. Қизиқаётган кишилар залга келиб, ижобий фикрга эга бўлишларини хоҳлаймиз. Залимиз ўз кўркини йўқотмаслиги учун, уни мунтазам тозалаб, таъмирлаб туриш лозим. Бунда иштирок этсак, Йиғилиш Залига нисбатан ҳурматимизни кўрсатамиз. Топинадиган жойимизни тозалаш, тузатиш ва таъмирлашга ўз вақтимизни ажратиш биз учун катта шарафдир (2 Солномалар 34:10). Анжуман Зали ёки анжуманлар ўтказиш учун фойдаланиладиган биноларга ҳам, худди шундай қарашимиз даркор.

БУЛҒОВЧИ ОДАТ ВА ИШЛАРДАН ЎЗИМИЗНИ ТОЗАЛАЙЛИК

19. Ўзимизни жисмонан пок сақлаш учун нима қилишимиз лозим ва бунда Муқаддас Китоб қандай ёрдам беради?

19 Ўзимизни жисмонан пок сақлашимиз учун, чекиш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ва ўзига қарам этадиган ёки онгимизга таъсир қиладиган моддаларни нотиббий мақсадда қўлламаслигимиз лозим. Тўғри, Муқаддас Китобда бугунги кунда кенг тарқалган нопок одатлар ва ишларнинг барчаси санаб ўтилмаган. Бироқ ундаги меъёрлар, бундай нарсаларга нисбатан Яҳованинг фикри қандай эканини англашга ёрдам беради. Дарҳақиқат, Яҳованинг нуқтаи назарини билганимиз учун, Унга маъқул келадиган йўлдан юриб, севгимизни намоён этамиз. Келинг, Муқаддас Китобдаги бешта меъёрни кўриб чиқайлик.

20, 21. Яҳова қанақа ишлардан холи бўлишимизни хоҳлайди ва бундай қилишга қандай асосли сабаб мавжуд?

20 «Худо бизга бундай улуғ ваъдаларни берган экан, бадан ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай мурдорликдан ўзимизни тозалаб, Худодан қўрқиб яшаб, бутунлай муқаддас бўлайлик» (2 Коринфликларга 7:1) *. Яҳова, бадан ва руҳимизни булғовчи ҳамда онгимизга таъсир ўтказувчи ишлардан холи бўлишимизни хоҳлайди. Шу сабабли, жисмоний ва ақлий соғлигимизга зарар келтириб, ўзига қарам қилувчи одатлардан қочсак, оқилона бўлади.

21 Худонинг Каломида, «ҳар қандай мурдорликдан ўзимизни тозалашнинг» асосли сабаби келтирилган. Инжилдаги 2 Коринфликларга 7:1- ояти: «Худо бизга бундай улуғ ваъдаларни берган экан»,— деган сўзлар билан бошланганига эътибор беринг. Қанақа ваъдалар борасида гап кетяпти? Юқоридаги оятларга кўра, Яҳова қуйидаги ваъдани берган: «Мен сизларни қабул қилурман. Мен сизларга Ота бўлурман» (2 Коринфликларга 6:17, 18). Бир тасаввур қилинг-а, Яҳова сизни ўз ҳимоясига олишга ва ота ўғилу қизларини яхши кўргандек севишга ваъда бермоқда. Аммо Яратувчимиз мазкур ваъдасини, бадан ва руҳни булғовчи нарсалардан қочсангизгина бажаради. Яҳова билан ўзаро муносабатларни барбод этадиган ҳар қандай ҳаром одатлар ва ишларга берилиш нақадар ақлсизлик бўларди-я!

22–25. Муқаддас Китобдаги қайси меъёрлар нопок одатлар ва ишлардан қочишга ёрдам беради?

22 «Эганг Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан ва бутун онгинг билан севгин» (Матто 22:37). Исо ушбу амрни бошқа барчасидан юқори қўйган (Матто 22:38). Яҳова бизнинг бундай севгимизга сазовор. Раббимизни бутун қалбимиз, жонимиз ва онгимиз билан севишимиз учун, У ато этган ҳаётимизга зомин бўладиган ёки фикрлаш қобилиятимизни ўтмаслаштирадиган ишлардан қочамиз.

23 «У [Яҳова] Ўзи ҳаммага ҳаёт, нафас ва борлиқни берган» (Ҳаворийлар 17:24, 25). Ҳаёт Аллоҳнинг туҳфасидир. Биз Парвардигоримизни севамиз, шу йўсин Унинг ҳадясига ҳурмат кўрсатишни истаймиз. Шунингдек, соғлигимизга зарар келтирадиган одатлар ва ишлардан қочамиз, чунки бундай ишлар ҳаёт туҳфасига ўта ҳурматсизлик эканини тан оламиз (Забур 35:10).

24 «Ўзгани ўзинг каби севгин» (Матто 22:39). Нопок одат ва ишлар билан шуғулланиш, кўпинча ҳам одамнинг ўзига, ҳам атрофдагиларга таъсир қилади. Мисол учун, чекаётган киши фақатгина ўзининг эмас, балки ўзгаларнинг соғлигига ҳам зарар етказади. Бундай кимса, ўзгани севиш ҳақидаги Аллоҳнинг амрини бузган ҳисобланади. Ва унинг Худони севаман, деган сўзларининг бари пучга чиқади (1 Юҳанно 4:20, 21).

25 «Улар ҳукмрон ҳокимиятга тўла итоаткорлик билан бўйсунсин» (Титусга 3:1). Кўп давлатларда гиёҳ моддаларни сақлаш ва истеъмол қилиш, қонунбузарлик саналанади. Аллоҳнинг хизматчилари бундай нопок ишларга умуман аралашмайдилар (Римликларга 13:1).

26. а) Ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлаш учун нима қилишимиз лозим? б) Нега Аллоҳнинг назарида пок бўлиш энг аъло йўлдир?

26 Кўриб турганимиздай, ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашимиз учун, ҳар томонлама пок бўлишимиз зарур. Булғовчи одатлар ва ишлардан қочиш ёки воз кечиш қийин бўлиши мумкин, лекин уддасидан чиқса бўлади *. Дарҳақиқат, Яҳованинг Ўзи бизга фойда келтирадиган нарсаларни ўргатаётгани сабаб, бу энг аъло йўлдир (Ишаё 48:17). Асосийси, покликни сақлаб, яхши хулқ-атворимиз билан севимли Аллоҳимизни мамнун этамиз ва ўзимизни Унинг меҳр-муҳаббати соясида сақлай оламиз.

^ абз. 2 «Пок» деб таржима қилинган ибронийча сўз, нафақат жисмоний, балки ахлоқий ва маънавий тозаликни назарда тутади.

^ абз. 20 Ушбу оятдаги «руҳ» сўзи, кўнгилда ҳукм сурадиган фикр-хаёлларни ифодалайди.

^ абз. 68 Исм ўзгартирилган.