Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

10- БОБ

Никоҳ — меҳрибон Худонинг туҳфасидир

Никоҳ — меҳрибон Худонинг туҳфасидир

Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир. ВОИЗ 4:12

1, 2. а) Нега янги турмуш қураётганларга нисбатан гоҳо ташвишланамиз? б) Ушбу бобда қандай саволлар муҳокама қилинади?

ТЎЙЛАРГА боришни ёқтирасизми? Бундай ҳодиса шодликка бой бўлгани ва безанган келин билан куёв чеҳрасидан қувонч ёғилиб тургани туфайли, кўпларга у ерга бориш ёқади. Ўша куни барча жуда бахтиёр, зеро келин-куёвнинг келажаги умид ва орзуларга бойдир.

2 Аммо шуни тан олиш керакки, бугунги кунда никоҳ тузуми аянчли аҳволда. Гарчи биз янги турмуш қураётганларга бахт тиласак-да, гоҳо ташвишланишимиз мумкин: «Бу никоҳ чиндан ҳам бахтли бўлармикан? Улар яшаб кета олишармикан?» Ушбу саволларга жавоблар, эр ва хотин Аллоҳнинг никоҳга нисбатан берган маслаҳатларига таяниб, уларни қўллашларига боғлиқ (Ҳикматлар 3:5, 6). Зеро, Худонинг меҳр-муҳаббати соясида ўзини сақламоқчи бўлган ҳар ким шундай қилиши лозим. Ҳозир эса келинг, қуйидаги тўртта саволга Муқаддас Китобда қандай жавоб берилганига эътибор қаратайлик: нега турмуш қуришади? Ким муносиб умр йўлдош бўла олади? Никоҳга қандай тайёрланиш мумкин? Никоҳ мустаҳкам бўлишига нима ёрдам беради?

НЕГА ТУРМУШ ҚУРИШАДИ?

3. Нима учун асосли сабабсиз никоҳ қурмаслик керак?

3 Айримлар, никоҳ — бахтнинг асоси, умр йўлдош топмагунингча ҳаётда мамнуниятга эриша олмайсан, деб ишонишади. Бу мутлақо нотўғри! Исо уйланмаган бўлиб, буни туҳфа деб билган ва бундай яшамоқчи бўлган инсонларни қораламаган (Матто 19:11, 12). Ҳаворий Павлус ҳам турмуш қурмасликнинг афзалликларини айтиб ўтган (1 Коринфликларга 7:32–38). Лекин Исо ҳам, Павлус ҳам буни қоидага айлантиришмаган, аксинча «уйланишни ман этишни», «жин таълимоти» қаторига киритишган (1 Тимўтийга 4:1–3). Аммо турмуш қурмаслик, чалғимасдан Яҳовага хизмат қилишга кўпроқ имкон яратади. Асосли сабабсиз, бошқаларнинг қистови билан никоҳ қуриш ақлсизлик бўлади.

4. Қандай қилиб муваффақиятли никоҳ бола тарбиялашда пойдевор бўлади?

4 Ундай бўлса, турмуш қуришга асосли сабаб борми? Албатта. Никоҳ — меҳрибон Худонинг ҳадясидир (Ибтидо 2:18). Шундай экан, никоҳ муайян афзалликлар ва баракаларга йўл очади. Масалан, муваффақиятли никоҳ оилавий ҳаётнинг пойдеворидир. Шунда фарзандлар яхши муҳитда катта бўлишади, зеро ота-онаси уларни севиб, таълим-тарбия беришади (Забур 126:3; Эфесликларга 6:1–4). Бироқ бола ўстириш, оила қуришнинг ягона сабаби эмас.

5, 6. а) Воиз 4:9–12- оятларга биноан, дўстона муносабатларнинг қандай афзаллиги бор? б) Қандай қилиб никоҳ учта ипдан эшилган арқонга ўхшаши мумкин?

5 Келинг, ушбу бобга келтирилган оятнинг матн таркибини кўриб чиқайлик: «Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди. Икки киши бирга ётса, совуқ қотмайдилар, агар киши бир ўзи ётса қандай қилиб исинади?! Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир» (Воиз 4:9–12).

6 Ушбу оятда авваламбор дўстона муносабатнинг муҳимлиги ҳақда гап кетяпти. Демак, никоҳда яқин дўстлашиш ўта муҳим. Оятга кўра, бундай муносабат ёрдам, тасалли ва ҳимояни ўз ичига олади. Никоҳ фақат эру хотин ришталари билан боғлансагина мустаҳкам бўла олмайди. Зотан иккита ипдан эшилган арқон узилиши мумкин. Аммо учта ипдан эшилган арқонни эса узиш қийиндир. Агар эр ва хотин учун Яҳовага маъқул келиш афзал бўлса, уларнинг никоҳи учта ипдан эшилган арқонга ўхшайди. Турмуш қурганлар учун Яҳова муҳим аҳамиятга эга бўлса, уларнинг муносабатлари чинакамига мустаҳкам бўлади.

7, 8. а) Жинсий эҳтиросларига қарши курашаётган турмуш қурмаганларга ҳаворий Павлус қанақа маслаҳатни берган? б) Муқаддас Китобда никоҳга нисбатан қандай ҳақиқат очиб берилган?

7 Шунингдек фақат никоҳда жинсий истакларни ўринли тарзда қондириш мумкин. Шундай экан, никоҳдаги жинсий муносабатларни ҳақиқий лаззатланиш манбаи деса бўлади (Ҳикматлар 5:18). Турмуш қурмаган йигит ёки қиз ҳали жуда ёш бўлса, уларнинг жинсий истаклари кучли бўлиши табиий. Бундай истаклар назорат қилинмаса, нопок ёки ноўрин хатти-ҳаракатларга олиб келади. Турмуш қурмаганларга ҳаворий Павлус илоҳий илҳом билан ушбу маслаҳатни берган: «Ўзини тута олмасалар, уйлансинлар. Чунки шаҳвоний ишқ билан ёнишдан кўра, уйланиш яхшироқдир» (1 Коринфликларга 7:9, 36; Ёқуб 1:15).

8 Киши қайси мақсадда оила қурмасин, хаёлпараст бўлмаслиги лозим. Зеро Павлус никоҳ қурганларнинг «боши қайғуда бўлади», деб ёзган (1 Коринфликларга 7:28). Оилали кишилар, турмуш қурмаганлар дуч келмайдиган қийинчиликларни бошдан кечиришади. Агар сиз никоҳ қуришга қарор қилган бўлсангиз, қандай қилиб қийинчиликларни камайтириб, баракаларни эса кўпайтиришингиз мумкин? Усулларидан бири, умр йўлдошни донолик ила танлашдан иборат.

КИМ МУНОСИБ УМР ЙЎЛДОШ БЎЛА ОЛАДИ?

9, 10. а) Имондош бўлмаганлар билан турмуш қуриш хавфлилигини Павлус қайси мисол билан кўрсатди? б) Худонинг маслаҳатига амал қилмаслик, оқибатда нимага олиб келади?

9 Ҳаворий Павлус, турмуш ўртоқ танлашда қўлланиладиган муҳим илоҳий меъёрни келтирган: «Имонсизлар билан нораво шериклик қилманглар [ёт бўйинтуруққа ўзингизни қўшманглар, изоҳ]» (2 Коринфликларга 6:14). Ушбу мисол қишлоқ хўжалик ҳаётига асосланган. Борди-ю катталиги ва кучи жиҳатдан турлича бўлган иккита ҳайвон битта бўйинтуруққа қўшилса, иккаласи ҳам азоб чекади. Шу сингари, имондош бўлмаганлар турмуш қуришса, келишмовчиликлар рўй бериши шубҳасиздир. Умр йўлдошлардан бири ўзини Яҳованинг меҳр-муҳаббати соясида сақламоқчи бўлса-ю, бошқаси бунга оз-моз интилса ёки умуман уринмаса, уларнинг ҳаётдаги ниятлари бир-бирига мос келмай, натижада ғам-алам келиб чиқади. Шу боис Павлус масиҳчиларни «Раббимизга тегишли» киши билан турмуш қуришга чорлаган (1 Коринфликларга 7:39).

10 Баъзи ҳолларда Худонинг хизматчилари ёлғиз бўлгандан кўра, ёт бўйинтуруққа ўзимни қўшганим яхшироқ, деган фикрга келишади. Шунда улар Муқаддас Китоб маслаҳатига риоя этмай, Яҳовага хизмат қилмайдиган киши билан никоҳ қуришади. Аммо бунинг оқибати аянчли экани тайин. Бундай инсонлар, ҳаётдаги энг муҳим нарсалар билан бўлиша олмайдиган одам билан оила қуришганини тушуниб етишяпти. Натижада уларнинг ҳозирги ёлғизлиги, аввалгисидан ҳам ошиб тушяпти. Яхшиямки, минглаб оила қурмаган Яҳованинг Шоҳидлари бунга нисбатан берилган илоҳий маслаҳатга таяниб, унга риоя қилишяпти (Забур 31:8). Улар куни келиб имондошлари орасидан умр йўлдош топишга умид боғлаб, шошқалоқлик қилишмаяпти.

11. Турмуш ўртоқ танлашда нима ёрдам бериши мумкин? (Шунингдек,  114- саҳифадаги рамкага қаранг.)

11 Албатта Яҳованинг ҳар қандай хизматчиси муносиб умр йўлдош бўла олмайди. Мабодо турмуш ўртоқ излаётган бўлсангиз, унинг феъл-атвори, мақсадлари ва Аллоҳга бўлган севгиси сизники билан мос тушаётганига эътибор беринг. «Ишончли хизматкор» бу борада кўплаб мақолалар нашр этган. Бундай илоҳий маслаҳатни ибодат ила кўриб чиқиб, муҳим қарор чиқаришда унга риоя қилсангиз, оқилона бўларди (Забур 118:105) *.

12. Кўп мамлакатларда қандай одат тарқалган ва Муқаддас Китобдаги қайси мисол бунда йўл-йўриқ сифатида хизмат қилиши мумкин?

12 Кўп мамлакатларда ота-оналар фарзандларига турмуш ўртоқ танлаши одатий. Уларнинг маданиятига кўра, ота-оналар кўпроқ донолик ва тажрибага эга ҳисобланиб, бундай муҳим танлов ихтиёрларига топширилган. Худди қадимда бўлганидек, бундай никоҳлар кўпинча муваффақиятли бўлиб чиқади. Иброҳим Халилуллоҳ ўғли Исҳоққа келин топиш учун хизматкорини юборгани ҳақидаги мисол, ота-оналар учун яхши ўрнакдир. Иброҳим учун пул ва бойлик муҳим бўлмаган. Аксинча у ўғли Исҳоққа Яҳовага топинадиган инсонлар орасидан келин топишга жон куйдирган (Ибтидо 24:3, 67) *.

НИКОҲГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРЛАНИШ МУМКИН?

13–15. а) Ҳикматлар 24:27- оятидаги қоида умр йўлдош қидираётган йигитга қандай ёрдам беради? б) Қандай қилиб қиз оила қуришга тайёр бўла олади?

13 Агар турмуш қуриш тўғрисида жиддий ўйлаётган бўлсангиз, ўзингиздан: «Мен бунга чиндан ҳам тайёрманми?» — деб сўрасангиз яхши бўларди. Жавобингиз фақатгина ҳис-туйғуларингиз, жинсий эҳтиёжингиз, дўстона муносабат ёки фарзанд тарбиялаш истагига асосланмаслиги керак. Аксинча бўлғуси эр ёки хотин аниқ мақсадларга эътибор қаратишлари даркор.

14 Умр йўлдош қидираётган йигит қуйидаги қоида устидан диққат билан фикр юритса бўлади: «Ташқаридаги юмушингни бажар, даладаги барча ишларингни тартибга сол, кейин уйингни қургин» (Ҳикматлар 24:27). Бу нимани англатади? Қадимда «уй», яъни оила қурмоқчи бўлган эркак ўзига бундай савол бериши керак эди: «Бўлғуси хотиним ва туғилажак фарзандларимга ғамхўрлик қилишга тайёрманми?» У дастлаб юмушини бажариб, даласидаги ишларини тартибга солган. Худди шу қоидани бугунги кунда ҳам қўлласа бўлади. Оила қурмоқчи бўлган йигит, масъулиятни зиммасига олишга тайёр бўлмоғи лозим. Соғлиги йўл қўйганича, у рўзғор тебратиши керак. Зеро Худонинг Каломига кўра, оиласининг жисмоний, ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларини қондирмайдиган эркак имонсиздан ҳам баттар! (1 Тимўтийга 5:8).

15 Оила қуришга қарор қилган қиз ҳам бир қатор масъулиятларга тайёр бўлиши керак. Муқаддас Китобда, эрига кўмаклашиш ва оила аъзоларига ғамхўрлик қилишда зарурий қобилият ва фазилатларни намоён этган аёл мақтаб ёзилган (Ҳикматлар 31:10–31). Масъулиятни зиммасига олишга тайёр бўлмай туриб никоҳ қуришга интилаётган эркак ва аёл, аслида худбин бўлиб, бўлажак умр йўлдошига кўп ташвиш келтиради. Энг муҳими, турмуш қурмоқчи бўлганлар, маънан етук бўлишлари зарур.

16, 17. Никоҳга тайёргарлик кўраётганлар, қайси оятлар устидан мулоҳаза юритишлари лозим?

16 Никоҳга тайёргарлик, Аллоҳ эр билан хотинга тайинлаган вазифалар устидан мулоҳаза юритишни ўз ичига олади. Эркак имонли оиланинг боши бўлиш нимани англатишини билиши шарт. Мазкур вазифа золимлик қилиш ҳуқуқини бермайди. Аксинча, у Исо Масиҳ қандай бошчилик қилганига тақлид қилиши лозим (Эфесликларга 5:23). Худди шундай, қиз ҳам никоҳда бўладиган вазифасини англаб етиши даркор. Масалан, у эрининг бошчилигига бажонидил бўйсуна оладими? (1 Коринфликларга 11:3). Тўғри, ҳозир у Худо ва Масиҳнинг қонунига итоат қилиб келмоқда (Галатияликларга 6:2). Эрининг бошчилиги эса, ундан бошқа қонунга ҳам амал қилишни талаб этади. У номукаммал эрнинг бошчилигига итоаткор бўлиб, уни қўллаб-қувватлай оладими? Борди-ю бунга амин бўлмаса, турмуш қуришга шошилмасин.

17 Боз устига, умр йўлдошлар бир-бирининг алоҳида эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишга тайёр туришсин (Филиппиликларга 2:4). Ҳаворий Павлус бундай деб ёзган: «Ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин». Павлус илоҳий илҳом таъсирида, эр хотинининг ҳурматига, хотин эса эрининг севгисига муҳтожлигини таъкидлаган (Эфесликларга 5:21–33).

Учрашиб юрганда, кўплар бирор кишини ўзларига ҳамроҳ қилиб оқилона йўл тутишади

18. Нега учрашиб юрганда, йигит ва қиз ўзини тута билиш хислатини ривожлантиришлари даркор?

18 Учрашиб юриш, фақат ўйин-кулги пайти эмас. Бу вақт, йигит билан қиз бир-бирига қанчалик мос келишаётганини ва турмуш қуриш оқилона бўлиш-бўлмаслигини аниқлаш фурсатидир. Бу пайтда шунингдек ўзини тута билиш жуда муҳим. Зотан, жисмонан яқинлик табиий туйғу экан, бундай васваса жуда кучли бўлади. Бироқ, бир-бирини чинакамига севадиган кишилар, севгилисининг Худо билан муносабатларига зарар етказадиган барча нарсадан қочишади (1 Салоникаликларга 4:6). Хуллас, ўзини тута билиш фазилатини ривожлантиринг, зеро турмуш қурасизми ёки йўқми, бу хислат ҳаётингиз давомида сизга асқатади.

НИКОҲ МУСТАҲКАМ БЎЛИШИГА НИМА ЁРДАМ БЕРАДИ?

19, 20. Дунёдаги одамлардан фарқли равишда, масиҳчиларнинг никоҳга нисбатан нуқтаи назари қандай? Тасвирлаб беринг.

19 Оила мустаҳкам бўлиши учун, турмуш ўртоқлар никоҳга тўғри муносабатда бўлишлари лозим. Одатда роман ва фильмлар икки ёш турмуш қуриб, мурод мақсадига етиши билан тугайди. Ҳаётда эса тўй — бу, никоҳнинг бошланиши бўлиб, Яҳованинг ниятига кўра бир умрлик тузумдир (Ибтидо 2:24). Афсуски, бугунги кунда ҳамма ҳам бундай нуқтаи назарга эга эмас. Кўпинча одамлар, икки ёш никоҳ риштаси билан боғланди, дейишади. Эҳтимол, бу сўзлар никоҳга нисбатан кўпчиликнинг нуқтаи назарини тасвирлашини улар охиригача тушуниб етишмаётгандир. Қанақасига? Гарчи яхши боғланган тугун ўз-ўзидан ечилиб кетмаса-да, тугуннинг яна бир хусусияти уни осонгина боғлаш ва бўшатиш мумкинлигидадир.

20 Бугунги кунда кўплар никоҳга вақтинчалик деб қарашади. Улар ўз эҳтиёжларини қондириш учун никоҳ қуришади, аммо келишмовчилик юзага келган заҳотиёқ ажрашиб кетишга тайёрлар. Лекин Муқаддас Китобда никоҳга нисбатан арқон сўзи қўлланилган. Елканли кеманинг арқонлари пишиқ қилиб эшилганидан, ҳатто кучли бўронларда ҳам титилиб ёки ўралиб кетмайди. Шу каби никоҳ ҳам мустаҳкам қилиб тузилган. Ёдингизда бўлса, Исо бундай деб айтган эди: «Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин» (Матто 19:6). Агар оилали бўлсангиз, никоҳга нисбатан худди шундай нуқтаи назарга эга бўлишингиз керак. Шундай экан, никоҳни оғир юк деса бўладими? Асло.

21. Эру хотин бир-бирига нисбатан қандай муносабатни сақлашлари керак ва бунда нима ёрдам беради?

21 Эру хотин бир-бирига нисбатан тўғри муносабатни сақлашлари даркор. Агар улар эътиборларини бир-бирининг яхши фазилатлари ва ҳаракатларига қаратишса, бундай никоҳ қувонч ва ором манбаи бўлади. Наҳотки номукаммал инсонга ижобий нуқтаи назар билан қараб бўлса? Бўлмасам-чи! Масалан, Яҳова хатоларимизни кўрса-да, лекин биз Унинг марҳаматига умид боғлаймиз. Сано бастакори: «Ёҳу Раббано! Сен гуноҳларни ҳисобга олсанг, ким ҳам тура олар экан?» — деб ибодат қилган эди (Забур 129:3). Эрлар ва хотинлар ҳам шу сингари бир-бирига ижобий томондан қараб, кечиримли бўлишга интилишади (Колосаликларга 3:13).

22, 23. Иброҳим билан Соро бугунги эру хотинларга қандай ўрнак қолдиришган?

22 Никоҳ йиллар оша кўпроқ баракалар келтириши мумкин. Муқаддас Китобда, Иброҳим пайғамбар билан Соро бибининг кексайган пайтидаги турмуши тасвирланган. Уларнинг ҳаёти қийинчилик ва муаммоларсиз кечмаган. Ёши 60 га бориб қолган Соро биби учун Ур шаҳридаги барча қулайликларга эга уйини қолдириб, қолган ҳаётини чодирларда ўтказиш қандай бўлганини бир тасаввур қилайлик. Аммо у эрининг бошчилигига бўйсунган. Соро Иброҳимга мададкор ва шерик бўлиб, чиқарган қарорларини ҳурмат ила қўллаб-қувватлаган. Унинг итоаткорлиги хўжакўрсинга бўлмаган. У эрини ҳатто «ич-ичидан» жанобим деб атаган (Ибтидо 18:11, 12; 1 Бутрус 3:6). Ҳа, Соро биби Иброҳимни чин кўнгилдан ҳурмат қилган.

23 Албаттаки, Иброҳим ва Соро доимо барча нарсага бир хил нуқтаи назар билан қарашган, деб бўлмайди. Бир сафар Соронинг таклифидан Иброҳим «жуда хафа бўлди». Лекин, Яҳованинг буйруғи билан Иброҳим хотинининг таклифини камтарлик ила қабул қилиб, натижада оиласи барака топди (Ибтидо 21:9–13). Ҳатто турмуш қуришганига анча бўлган эру хотинлар, ушбу художўй жуфтликдан кўп нарсани ўрганишлари мумкин.

24. Қандай никоҳ Тангри Яҳовага шараф келтиради ва нима учун?

24 Имонлилар жамоатида хотини эрини ҳурмат қиладиган, эри эса хотинини севиб, эъзозлайдиган минглаб бахтли оилалар мавжуд бўлиб, улар биргаликда аввало Яҳованинг иродасини бажариш пайидан юрмоқда. Агар турмуш қуришга қарор қилган бўлсангиз, умр йўлдошни донолик ила танланг, никоҳга яхши тайёрланинг ҳамда бўлажак оилангизда тинчлик ва севги ҳукмронлик қилиб, Тангри Яҳовага шараф келтириши устидан ишланг. Шундагина, никоҳингиз ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашингизга ёрдам беради.

^ абз. 11 Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Оилавий бахтнинг сири» китобининг 2- бобига қаранг.

^ абз. 12 Айрим садоқатли бобокалонларимиз бир нечта хотин олишган. Ўшанда Яҳова уларга ва Исроил халқига кўп никоҳли бўлишга йўл қўйган эди. У бунга асос солмаган, лекин унга нисбатан аниқ тартиблар ўрнатган. Бироқ масиҳчилар, Яҳова кўп никоҳлиликка бошқа йўл қўймаётганини унутмасликлари даркор (Матто 19:9; 1 Тимўтийга 3:2).