Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

11- БОБ

Никоҳ эътиборда бўлсин

Никоҳ эътиборда бўлсин

Кўз очиб кўрганинг билан қувонгин. ҲИКМАТЛАР 5:18

1, 2. Қандай саволни муҳокама қиламиз ва нега?

НИКОҲ қурганмисиз? Агар шундай бўлса, оилангиз бахтиёрми ёки жиддий муаммоларга дуч келяпсизми? Сиз ва умр йўлдошингиз орасига совуқчилик тушганми? Турмушингиз оғир юкдай туюлиб, сизни шодликдан маҳрум этяптими? Борди-ю бундай вазиятда бўлсангиз, қачондир илиқ бўлган муносабатларингизга совуқчилик тушганидан қайғу чекаётгандирсиз. Шубҳасизки, художўй инсон сифатида, никоҳингиз сиз севадиган Худованд Яҳовага шараф келтиришини хоҳлайсиз. Лекин ҳозирги шароитингиз ташвиш ва дард-алам келтираётган бўлса, умидим пучга чиқди, деган хаёлга борманг.

2 Қачондир оила қуриб равнақ топмай номигагина яшаб келган оилалар, бугунги кунда бинойидек яшаб юришибди. Чунки улар муносабатларини мустаҳкамлаш йўлини топишди. Сиз ҳам турмушингиздан кўп мамнуният топишингиз мумкин. Қандай қилиб дейсизми?

АЛЛОҲГА ВА УМР ЙЎЛДОШИНГИЗГА ЯҚИНЛАШИНГ

3, 4. Қандай қилиб умр йўлдошлар Аллоҳга яқинлашиб, бир-бири билан иноқ бўлишади? Мисол келтиринг.

3 Умр йўлдошингиз билан икковингиз Худога яқинлашишга интилсангизгина бир-бирингизга яқинлашасиз. Қанақасига? Бир мисолни кўриб чиқайлик: чўққили тоғни тасаввур қилинг. Эркак тоғнинг шимолий этагида, аёл эса унинг жанубий этагида турибди, дейлик. Иккаласи ҳам тоққа кўтарилишни бошлади. Аввал уларни катта масофа ажратиб турган эди. Лекин чўққига кўтарилган сайин, ораларидаги масофа ҳам қисқариб бораверади. Ушбу мисолнинг мазмунини тушуняпсизми?

4 Яҳовага хизмат қилиш учун сарфлаётган кучингизни, тоққа чиқиш билан солиштириш мумкин. Яҳовани севар экансиз, демак рамзий маънода аллақачон тоққа чиқишга ҳаракат қиляпсиз. Бироқ сиз ва турмуш ўртоғингиз бир-бирингиздан йироқлашган бўлсангиз, икковингиз тоғнинг қарама-қарши томонидан чиқаётганга ўхшайсиз. Кўтарилишни давом эттирганингиз сайин нима юз беради? Тўғри, аввалига сизларни муайян масофа ажратиб туради. Бироқ, чўққига кўтарилганингиз, яъни Парвардигорга яқинлашганингиз сари умр йўлдошингиз билан янада яқинроқ бўласиз. Дарҳақиқат, Аллоҳга яқинлашиш, турмуш ўртоқлар иноқлигининг калитидир. Аммо ҳаётда бунга қандай амал қилса бўлади?

Муқаддас Ёзувдаги билимларни қўллаш, никоҳни мустаҳкамлашга қодир

5. а) Аллоҳга ва умр йўлдошга қандай яқинлашиш мумкин? б) Яҳова никоҳга қандай қарайди?

5 Эру хотин Худо Каломидаги никоҳга тегишли маслаҳатларга риоя қилишса, тоққа чиқаётгандай бўлишади (Забур 24:4; Ишаё 48:17, 18). Келинг, бунинг учун ҳаворий Павлуснинг Инжилдаги: «Никоҳ ҳамманинг кўзида эътиборда бўлсин»,— деган маслаҳатини кўриб чиқайлик (Ибронийларга 13:4). Бу сўзлар нимани англатади? Юнон тилидан «эътибор» деб таржима қилинган сўз эъзозли ва қадрли деган маъноларни билдиради. Бу Яҳованинг нуқтаи назари бўлиб, У никоҳни қадрли деб билади.

НИЯТИНГИЗ — ЯҲОВАНИ ЧИН ҚАЛБДАН СЕВИШ БЎЛСИН

6. Павлуснинг никоҳга тегишли маслаҳатининг матн таркиби нимани кўрсатмоқда ва нега бу ўгитни ёдда тутиш лозим?

6 Албатта, Худонинг хизматчиси сифатида, сиз ва умр йўлдошингиз никоҳ қадрли ва ҳатто муқаддас эканини биласизлар. Зеро никоҳга Яҳованинг Ўзи асос солган (Матто 19:4–6). Аммо ҳозир сиз никоҳда муаммоларга дуч келаётган бўлсангиз-чи? Бир-бирингизга севги ва ҳурмат ила муносабат қилиш учун никоҳ эътиборда бўлиши кераклигини билиш кифоя эмас. Унда нима талаб қилинади? Павлус никоҳга эътиборли муносабатда бўлиш ҳақида гапирганига диққат қилинг. Матн таркибидан кўриниб турганидек, Павлуснинг никоҳга тегишли маслаҳати бир қатор ўгитлар сирасига киради (Ибронийларга 13:1–5). У «никоҳ эътиборда» деган эмас, аксинча, «никоҳ... эътиборда бўлсин», деб айтган. Павлус шунчаки кузатув олиб бормаган, балки бундай қилишга ундаган. Ушбу ўгитни ёдда тутиш, турмуш ўртоғингизни янада ҳурмат қилишга ундайди. Нега бу ўгитга амал қилиш муҳим?

7. а) Муқаддас Китобнинг қайси амрларига амал қиляпмиз ва нега? б) Бу қандай яхши натижалар келтиради?

7 Шогирд орттириш ва йиғилишларга қатнаш тўғрисидаги Муқаддас Китоб амрларига қандай муносабатда эканингиз устидан бир ўйлаб кўринг (Матто 28:19; Ибронийларга 10:24, 25). Тўғри, ушбу амрларга риоя қилиш баъзида қийин кечади. Сиз ваъз қилаётган одамлар салбий жавоб қайтариши мумкин ёки ишингиз сизни шунчалик ҳолдан тойдирадики, йиғилишларга бориш оғирлик қилади. Шунга қарамай, сиз ваъз қилишни ва жамоат учрашувларига боришни канда қилмаяпсиз. Ҳеч ким ҳатто Шайтон ҳам сизни тўхтатолмайди! Нега экан? Чунки Яҳовага бўлган самимий севгингиз, сизни Унинг амрларига амал қилишга ундайди (1 Юҳанно 5:3). Бу қандай яхши натижалар келтиради? Ваъз қилиш ва жамоат учрашувларига қатнаш сизга хотиржамлик ва чинакам шодлик бахш этади. Зеро бу билан Худонинг иродасини бажо келтираётганингизни биласиз. Ва ушбу туйғулар сизга қўшимча куч бахш этади (Нахимиё 8:10). Бундан қандай сабоқ олса бўлади?

8, 9. а) Никоҳ эътиборда бўлиши ҳақидаги даъватга амал қилишга нима ундайди ва не учун? б) Қандай иккита саволни кўриб чиқамиз?

8 Аллоҳга бўлган кучли севги сизни қийинчиликларга қарамай ваъз қилиш ва биргаликда йиғилишга ундамоқда. Худди шундай, ушбу севги Муқаддас Китобдаги «никоҳ... эътиборда бўлсин», деган даъватга мушкул туюлган пайтда ҳам амал қилишга чорлаши муқаррар (Ибронийларга 13:4; Забур 17:30; Воиз 5:3). Боз устига, ваъз қилиш ва биргаликда йиғилиш учун қилаётган ҳаракатларингизга Худо барака бераётгани каби, никоҳни эътиборда сақлашга уринаётганингизни ҳам Яҳова мукофотлайди (1 Салоникаликларга 1:3; Ибронийларга 6:10).

9 Унда қандай қилиб никоҳингизни эътиборли қилишингиз мумкин? Бунинг учун никоҳ тузумига зиён етказадиган хулқ-атвордан қочиш даркор. Ҳамда никоҳ риштасини мустаҳкамлайдиган қадамлар қўйишингиз керак.

НИКОҲГА ИСНОД КЕЛТИРАДИГАН НУТҚ ВА ХУЛҚДАН ҚОЧИНГ

10, 11. а) Қандай хулқ никоҳга иснод келтиради? б) Умр йўлдошдан нима деб сўраш лозим?

10 Бир художўй аёл бундай деган эди: «Яҳовадан сабр-бардош сўраб ибодат қиламан». Нега у айнан бу ҳақда сўраган? Аёл бундай деб жавоб берди: «Эрим мени ҳақоратлайди. Гарчи у калтакламаса-да, бироқ унинг: “Сен бошимга битган балосан!” ёки “Сариқ чақалик ҳам қадринг йўқ!” деган гаплари худди қалбимга ханжар суққандай бўлади». Ушбу аёл, оилада ҳақоратли сўзларни ишлатиш каби ташвишга соладиган бир муаммони айтиб ўтди.

11 Имонли умр йўлдошлар бир-бирига қўпол сўзларни ишлатишса қандай аянчли-я! Ахир бу руҳан яралаб, осонликча тузалмайди-ку! Борди-ю, оилада турмуш ўртоқларнинг иккаласи ҳам ҳақоратли сўзларни ишлатишса, бундай никоҳ эътиборли бўлмаслиги турган гап. Хўш, никоҳни бундай сўзлардан холи этса бўладими? Албатта! Усулларидан бири турмуш ўртоқдан: «Сўзларим дилингизга озор етказмаяптими?» — деб сўрашдан иборат. Агар унинг жавоби буни тасдиқласа ва бу ҳол яна такрорланса, вазиятни яхшилаш учун хулқни ўзгартириш даркор (Галатияликларга 5:15; Эфесликларга 4:31).

12. Худога хизматингиз бефойда бўлиб қолмаслиги учун нимадан эҳтиёт бўлишингиз керак?

12 Оилада тилдан қандай фойдаланиш, Яҳова билан муносабатларимизга таъсир қилишини ёдда тутайлик. Зеро Муқаддас Китобда шундай ёзилган: «Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир» (Ёқуб 1:26). Нутқингиз Худога топиниш билан чамбарчас боғлиқ. Ҳа, Муқаддас Ёзувлар, оиладаги муҳит Аллоҳга хизмат қилишда унчалик муҳим эмас, деган фикрни қўллаб-қувватламайди. Алданманг, зеро бу жиддий масала (1 Бутрус 3:7). Сиз хизматда қобилиятли ва ғайратли бўлишингиз мумкин. Аммо атайин турмуш ўртоғингизнинг дилига озор етказсангиз, никоҳ тузумига иснод келтирасиз, шунда Худога хизматингиз ҳам бефойда бўлади.

13. Қанақа иши билан умр йўлдошлар бир-бирига озор етказиши мумкин?

13 Никоҳга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлмаган масалаларда ҳам умр йўлдошлар бир-бирига озор етказишдан эҳтиёт бўлишлари керак. Келинг, иккита мисолни кўриб чиқайлик: боласини ёлғиз тарбиялаётган она жамоатдаги оилали биродардан маслаҳат сўраб тез-тез қўнғироқ қилиб, узоқ гаплашяпти ёки бўйдоқ биродар оилали опа ёки сингил билан ҳар ҳафта хизматга чиқиб турибди, дейлик. Эҳтимол уларнинг нияти яхши бўлиши мумкин, лекин оилали кишиларнинг бундай хатти-ҳаракати турмуш ўртоқларига қандай таъсир қиляпти экан? Бундай вазиятга дуч келган бир аёл шундай деб бўлишди: «Эрим жамоатдаги бир опамизга кўп вақт ва эътибор ажратаётганини кўриш мени ранжитади. Ўзимни кераксиз ҳис қиламан».

14. а) Ибтидо 2:24- оятида никоҳга нисбатан нима таъкидланган? б) Ўзимизга қандай савол бериб турсак яхши бўларди?

14 Бундай вазиятга дуч келган турмуш ўртоқлар ранжиши табиий. Чунки умр йўлдоши: «Киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади»,— деган Худонинг раҳбарлигини писанд қилмаяпти (Ибтидо 2:24). Албатта, турмуш қурганлар ота-онасини ҳурмат қилишни давом эттиришади, аммо Худонинг раҳбарлиги бўйича, энди улар учун энг муҳим инсон умр йўлдоши. Шу сингари, улар имондошларини севишса-да, лекин авваламбор жуфти ҳалолига меҳр-муҳаббатни намоён этишади. Демак, оилали кишилар ўзга жинсдаги имондошига ҳаддан ортиқ кўп вақт ажратса ёки яқиндан дўстлашса, оила риштасига шикаст етказади. Бу сизнинг никоҳингизга ҳам хавф туғдиряптими? У ҳолда ўзингиздан бундай деб сўранг: «Мен чиндан ҳам ҳақли равишда турмуш ўртоғимга тегишли бўлган вақт, эътибор ва меҳримни беряпманми?»

15. Нега Матто 5:28- оятига биноан, оилали кишилар турмуш ўртоғи бўлмаган кимсага ноўрин эътибор қаратишдан қочишади?

15 Устига-устак, турмуш ўртоғи бўлмаган ўзга жинсдаги кимсага ноўрин эътибор қаратадиган оилавий киши ўзини хавф остига солади. Афсуски, айрим оилали кишилар яқин мулоқот қилган инсонга нисбатан ишқий ҳис-туйғуларни ривожлантиришган (Матто 5:28). Оқибатда, бундай ҳис-туйғулар никоҳга иснод келтирадиган қилмишга сабаб бўлган. Келинг бу борада ҳаворий Павлус нима деганини кўриб чиқайлик.

«ЁТОҒИНГИЗ БЕҒУБОР БЎЛСИН»

16. Никоҳга нисбатан Павлус қандай ўгит берган?

16 Павлус «никоҳ... эътиборда бўлсин», деган ўгитни бериши биланоқ, «ётоғингиз беғубор бўлсин», деб огоҳлантирди (Ибронийларга 13:4). Павлус жинсий муносабатларни «ётоқ» сўзи билан ифодалади. Бундай муносабатлар никоҳ чегарасидан чиқмаган ҳолдагина «беғубор» ёки ахлоқан пок бўла олади. Бинобарин, масиҳчилар қуйидаги илоҳий сўзларга риоя қилишлари даркор: «Кўз очиб кўрганинг билан қувонгин» (Ҳикматлар 5:18).

17. а) Нега масиҳчилар инсонларнинг зинога бўлган фикрига қўшилишмайди? б) Қандай қилиб биз Аюбнинг ўрнагига эргашишимиз мумкин?

17 Умр йўлдоши бўлмаган киши билан жинсий алоқада бўлганлар, Аллоҳнинг ахлоқий қонунларига ўта ҳурматсизлик кўрсатган бўлади. Бугунги кунда кўплар зинога оддий ҳолдек қарашмоқда. Лекин ҳеч бир инсоннинг зинога бўлган фикри, масиҳчининг нуқтаи назарига таъсир қилмаслиги лозим. Зеро охиратда «зинокорлару фоҳишларни Худо ҳукм қилади» (Ибронийларга 10:31; 12:29). Шундай экан, Яҳованинг хизматчилари ушбу масалада Унинг нуқтаи назарига амал қилишади (Римликларга 12:9). Аёл кишига ноўрин қарамаслик борасида, Аюб пайғамбар ўз кўзлари билан аҳд тузган эди (Аюб 31:1). Дарҳақиқат, зинога олиб борувчи йўлга ҳатто қадам ҳам босмаслик мақсадида, масиҳчилар умр йўлдоши бўлмаган бошқа жинсдаги инсонга шаҳват билан қарамаслик учун ўз кўзларини назорат қилиб туришади. (219–221- саҳифалардаги Иловага қаранг.)

18. а) Яҳова зинога қандай қарайди? б) Зино ва бутпарастлик ўртасида қандай боғлиқлик бор?

18 Яҳова зинога қандай қарайди? Тавротдаги қонун бунга нисбатан Яҳованинг муносабатини англаб етишга ёрдам беради. Қадимги Исроилда зино билан бутпарастлик ўлимга маҳкум этиладиган гуноҳлар қаторига кирган (Левилар 20:2, 10). Буларнинг ўртасида қандай боғлиқлик бор? Ҳолбуки, бутга сажда қилган исроиллик Яҳова билан тузилган аҳдни поймол қилган. Худди шундай, зино қилган исроиллик ўз турмуш ўртоғига берган қасамини барбод этган. Иккаласи ҳам хиёнаткорона йўл тутган (Чиқиш 19:5, 6; Амрлар 5:9; Малахи 2:14). Демак, иккови ҳам садоқатли ва ишончли Худонинг ҳукмига сазовор бўлишган (Забур 32:4).

19. Нима зинодан қочиш қарорини мустаҳкамлайди ва нега?

19 Тўғри, масиҳчилар Таврот қонунига тобе эмаслар. Лекин қадимда исроилликлар учун зино жиддий гуноҳ эканини ҳозирги имонлилар эсга олишса, бундай қилмишга қўл урмаслик қарорлари мустаҳкамланади. Қандай қилиб? Келинг буни қуйидаги вазият билан таққослайлик: черковга бориб бутга тиз чўкиб сажда қилармидингиз? Сиз: «Ҳеч қачон-да!» — деб айтишингиз табиий. Аммо катта пул эвазига шундай қилган бўлармидингиз? Шунда ҳам: «Ҳатто хаёлимга келтирмайман!» — дея жавоб берасиз. Дарҳақиқат, масиҳчилар бутга сажда қилиб Яҳовага хиёнат қилишни ҳатто хаёлига ҳам келтиришмайди. Худди шундай турмуш ўртоғига бевафолик қилишни ҳатто хаёлга келтиришни ҳам жирканч деб билиш лозим (Забур 50:3, 6; Колосаликларга 3:5). Биз ҳеч қачон Яҳовага ва муқаддас никоҳ тузумига иснод келтириб, Шайтонни қувонтирадиган ишларга қўл уришни истамаймиз.

НИКОҲ РИШТАСИНИ ҚАНДАЙ МУСТАҲКАМЛАСА БЎЛАДИ?

20. Баъзи никоҳлар билан нима юз берган? Мисол келтиринг.

20 Ёмон хулқдан йироқлашишдан ташқари, турмуш ўртоғингизга бўлган ҳурматни қайта уйғотадиган яна қандай қадамлар мавжуд? Жавоб бериш учун никоҳни уй билан солиштиринг. Мулойим сўзлар, ҳимматли ишлар ва бошқа илтифотлар, уйни безатиш учун ишлатиладиган буюмлар кабидир. Бир-бирингизга яқинлашсангиз, турмушингиз ранг-баранг ва кўркам қилиб безатилган уйга ўхшайди. Борди-ю муҳаббатингиз совиса, никоҳингиздаги безаклар секин-аста йўқолиб бўм-бўш уйга ўхшаб қолади. «Никоҳ... эътиборда бўлсин», деган Худонинг амрига бўйсунишни истасангиз, вазиятни яхшилашга интиласиз. Ахир, қимматли ва эъзозли нарса таъмирга муҳтож-ку. Буни қандай қилса бўлади? Тавротда: «Уй донолик билан қурилади, идрок билан мустаҳкам бўлади. Хоналар эса билим билан турли қимматбаҳо, қимматли бойликка тўлади»,— дейилган (Ҳикматлар 24:3, 4). Бу сўзларни никоҳга қандай қўллаш мумкинлигини кўриб чиқамиз.

21. Қандай қилиб никоҳингизни мустаҳкамлашингиз мумкин? (Шунингдек,  131- саҳифадаги рамкага қаранг.)

21 Бахтли хонадонни тўлдирадиган «қимматли бойликлар» қаторига чинакам муҳаббат, худотарслик ва мустаҳкам имон каби хислатлар киради (Ҳикматлар 15:16, 17; 1 Бутрус 1:7). Бу фазилатлар никоҳни мустаҳкамлайди. Юқорида келтирилган масалдаги хоналар «қимматли бойликларга» қандай тўлдирилганига диққат қилдингизми? «Билим билан». Ҳақиқатдан ҳам, Муқаддас Ёзувдаги билимлар инсоннинг фикрини янгилаб, бир-бирига бўлган муҳаббатни тиклашга қодир (Римликларга 12:2; Филиппиликларга 1:9). Биргаликда ўтириб кундалик оятни ёки «Қўриқчи минораси» ва «Уйғонинг!» журналларидаги никоҳга алоқадор мақолаларни муҳокама қилишни, уйингизни безатадиган буюмларни томоша қилишга ўхшатса бўлади. Яҳовага бўлган севги сизни ҳозиргина муҳокама қилган маслаҳатни қўллашга ундаса, «хоналарни буюмлар» билан тўлдирган бўласиз. Натижада, никоҳингиз аввалгидек ранг-баранг ва кўркам ҳолатга қайтади.

22. Никоҳни мустаҳкамлашга ҳисса қўшсангиз, бу сизга нима бахш этади?

22 Ушбу буюмларни биттама-битта уйга олиб келиш учун вақт ва ҳаракат керак. Аммо бу ишга ҳисса қўшсангиз Муқаддас Китобнинг қуйидаги амрини бажо келтирганингиздан чуқур мамнуният топасиз: «Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар» (Римликларга 12:10; Забур 146:11). Хулласи калом, никоҳни эътиборли қилиш йўлидаги самимий ҳаракатларингиз, сизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлайди.