Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ

Айбдорлик. «Поклагин гуноҳларимдан»

Айбдорлик. «Поклагин гуноҳларимдан»

Менинг янги ишим оиламизнинг иқтисодий шароитини яхшилаган бўлса-да, аммо унинг дастидан шубҳали ишлар қилишни бошладим. Байрам ва сиёсий тадбирларда иштирок этиб, ҳаттоки черковга қатнайдиган бўлдим. 40 йил давомида фаолиятсиз Яҳованинг Шоҳиди бўлиб юрдим. Вақт ўтгани сайин, Яҳова мени кечиришига бўлган умидим сўниб борарди. Менга келсак, ўзимни ҳеч қачон кечира олмасам керак деб ўйлардим. Бу ишлар содир бўлишидан олдин, буларнинг барчаси нотўғри эканлигини билардим (Марфа).

АЙБДОРЛИК ҳисси оғир юкдай бўлиши мумкин. Шоҳ Довуд шундай деб ёзган: «Айбларим мени жуда ҳам эзади, улар жуда оғир юкка ўхшайди» (Забур 37:5). Баъзи масиҳийлар Яҳова уларни ҳеч қачон кечирмайди деб ўйлаб, тушкунликка тушишади (2 Коринфликларга 2:7). Бундай хулосага келиш тўғрими? Наҳотки жиддий гуноҳ сизни Яҳовадан шунчалик узоқлаштирганки, У сизни ҳеч қачон кечира олмайди деб ўйласангиз?! Асло бундай ўйламанг!

«Қани энди биргалашиб ўйлайлик»

Тавба қиладиганларни Яҳова қолдирмайди. Аксинча, уларга ёрдам қўлини чўзади! Дарбадар ўғил ҳақидаги масалда Исо Яҳовани меҳрибон отага ўхшатган. Бу отанинг ўғли оиласини қолдириб, саёқ юриб, пулини кўкка совурган. Вақт ўтиб, дарбадар ўғил уйга қайтишга қарор қилади. «У ҳали узоқда келаётганида, отаси уни кўриб, роса раҳми келибди. У ўғлининг ёнига югуриб бориб, бағрига босганча уни ўпибди» (Луқо 15:11–20). Балки, сиз ҳам Яҳовага яқинлашишни истарсиз-у, лекин ҳали-ҳануз ўзингизни Ундан «узоқда» ҳис қилаётгандирсиз. Исонинг масалидаги отадай Яҳованинг сизга раҳми келади. У сабрсизлик билан қайтишингизни кутади.

Аммо гуноҳларингиз Яҳова кечира олмайдиган даражада жиддий ёки саноқсиз деб ўйлаётган бўлсангиз-чи? Келинг, Яҳованинг Ишаё 1:18 даги таклифини кўриб чиқайлик. У ерда шундай деб ёзилган: «Эгамизнинг каломи шудир: “Қани, энди биргалашиб ўйлайлик. Гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам, сизлар қордай оппоқ бўласиз. Гуноҳларингиз қирмизи рангга ўхшаса ҳам, сизлар момиқдай оппоқ бўласиз”». Ҳа, ҳаттоки гуноҳларингиз қизил рангга ўхшаса ҳам, Яҳова учун уларни оқартириш қийин иш эмас.

Яҳова, сиз виждон азобидан қийналишингизни хоҳламайди. Аммо У кечириши ва тоза виждон ато этиши учун, нима қилишингиз керак? Шоҳ Довуд қўйган иккита қадамни кўриб чиқайлик. Биринчидан, у шундай деган: «Эгам олдида итоатсизлигимни бўйнимга оламан» (Забур 31:5). Яҳова Унга ибодат орқали яқинлашишга ва «биргалашиб ўйлашга» сизни аллақачон таклиф қилганини ёдда тутинг. Бу таклифни қабул қилинг. Яҳова олдида гуноҳингизни тан олинг ва юрагингиздагини тўкиб солинг. Довуд ўз тажрибасидан ишонч ила: «Поклагин гуноҳларимдан. [...] Эзилган, тавба қилган юракни Сен рад этмайсан, эй Худо»,— деб илтижо қилган (Забур 50:4, 19).

Иккинчидан, Довуд Худонинг хизматчиси Натан пайғамбардан ёрдамни қабул қилган (2 Шоҳлар 12:13). Бугунги кунда Яҳова жамоатдаги оқсоқоллардан фойдаланади. Бу оқсоқоллар гуноҳ қилган киши, Яҳова билан дўстона муносабатларини тиклашига ёрдам бериш учун ўргатилганлар. Оқсоқолларга мурожаат қилсангиз, улар Муқаддас Китобдан фойдаланишади, юрагингизни юмшатиш учун чин қалбдан ибодат қилишади, салбий туйғуларингизни камайтиришга ёки улардан халос бўлишга ҳамда маънан соғайишингизга кўмаклашишади (Ёқуб 5:14–16).

Яҳова тоза виждонга эга бўлишингизни истайди

«Эгамиз кимнинг гуноҳидан ўтган бўлса, ўша инсон бахтлидир»

Тўғри, Яҳова олдида гуноҳингизни тан олиш ва оқсоқолларга мурожаат қилиш осон кечмаслиги мумкин. Довудда ҳам худди шундай туйғулар бўлган. У бир муддат гуноҳини бўйнига олмай юрган (Забур 31:3). Аммо кейинчалик, гуноҳларини тан олгани ва тўғри йўлга солинганидан фойда олган.

Довуд тавбасиниг энг асосий фойдаси эса, қалбидаги қувончнинг тиклангани эди. У шундай деб айтган: «Итоатсизлиги кечирилганлар бахтлидир, Эгамиз кимнинг гуноҳидан ўтган бўлса, ўша инсон бахтлидир» (Забур 31:1). Шунингдек, у қуйидагича ибодат қилган: «Лабларимни очгин, эй Раббий, оғзим Сени мадҳ айласин» (Забур 50:17). Айбдорлик ҳиссидан халос бўлгани ва Худо уни кечиргани сабабли, Довуд Яҳованинг улуғворлигини бошқаларга айтиб беришни истаган.

Яҳова тоза виждонга эга бўлишингизни истайди. Шунингдек, Унинг шахсияти ва мақсадлари ҳақида бошқаларга айбдорлик ҳисси билан эмас, аксинча қувонч ила айтишингизни хоҳлайди (Забур 64:2–5). Худонинг қуйидаги таклифини ёдда тутинг: «Гуноҳларингиз ювилиши учун тавба қилинглар... Токи Яҳованинг Ўзи тетиклик бахш этадиган вақтни келтирсин» (Ҳаворийлар 3:19).

Марфа ҳам шуларни бошдан кечирган. У шундай дейди: «Ўғлим менга доимо “Қўриқчи минораси” ва “Уйғонинг!” журналларини жўнатиб турарди. Секин-аста мен қайтадан Яҳовага яқинлаша бошладим. Яҳовага қайтишда менга қийинчилик туғдирган нарса — барча гуноҳларим кечирилишини сўраш эди. Шунга қарамасдан Худодан гуноҳларимни кечиришини сўрадим. Яҳовага қайтишим учун 40 йил керак бўлганига ўзимнинг ҳам ишонгим келмайди. Ўз тажрибамдан шуни айта оламанки, қайтадан Худога хизмат қилиб, Унинг мурувватига сазовор бўлишни истовчиларга, У албатта имкон беради».