Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Сўзбоши

Сўзбоши

Сьерра-Леонеда яшовчи Дауда исмли бир киши шундай деб ҳикоя қилмоқда: «Мен шимолий вилоятнинг кичик бир қишлоғида катта бўлганман. Болалигимда оиламиз қўшни оила билан бир ерни деб талашиб қолишди. Бу ер учун иккала оила ҳам даъвогарлик қилаётган эди. Ер кимга тегишли эканини билиш учун дуохон чақирилди. У эса бир бегона кишининг қўлига кўзгу бериб, устини оқ мато билан ёпди. Бир оз вақт ўтгач, устига мато ёпилган кишининг баданини совуқ тер босиб, титрай бошлади. Кўзгуга қараб у: “Яқинлашиб келаётган оқ либосли чолни кўряпман! У узун бўйли ва жуда кекса. Бошидаги сочлари оппоқ, қадди эса салгина букилган”,— деб қичқириб юборди.

У бобомнинг қиёфасини тасвирлаган эди! Кейин у киши шиддат билан қалтираб: “Агар менга ишонмасаларинг, ўзларингиз келиб қаранглар!” — деб бақирди. Албатта, ҳеч биримиз бориб қарашга журъат этмадик! Дуохон, шишасидаги ўт дамламадан у кишининг устига сепиб, уни тинчлантирди.

Кўзгуга қараган киши орқали “бобом”, бу ер бизнинг оиламизга тегишли ва бувим бемалол унга ишлов бериши мумкин, деб хабар қилди. Талашаётган бошқа оила ушбу қарорга рози бўлди. Хуллас бу муаммо ечилган эди».

Ғарбий Африкада бундай ҳодисалар тез-тез учраб туради. Бу ерда, дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби, миллионлаб инсонлар, ўлганлар нариги дунёга ўтиб, тирикларни кузатиши ва уларнинг ҳаётига таъсир қилишига ишонадилар. Аммо бу шундайми? Чиндан ҳам ўлганлар яшашни давом этишяптими? Агар бундай бўлмаса, унда ким ўзини ўлганларнинг руҳлари сифатида кўрсатмоқда? Ушбу саволларга тўғри жавоб олиш ўта муҳим. Чунки бу — ҳаёт-мамот масаласидир.