Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Қотил жинлар

Қотил жинлар

Шайтон ва унинг жинлари доимо шафқатсиз ҳамда хавфли бўлишган. Қадимда Шайтон садоқатли Аюб пайғамбарнинг чорва молларини ҳамда хизматкорларини ўлдирган. Кейин эса кучли шамол юбориб, Аюбнинг ўнта болалари йиғилиб ўтирган уйни қулатиб, ҳаммасини ҳалок қилган. Ва ниҳоят, у Аюбнинг бутун баданига йирингли яраларни тоштирган (Аюб 1:7–19; 2:7).

Исо Масиҳ даврида ҳам жинлар баъзи одамларни кўр ва соқов қилишган эди (Матто 9:32, 33; 12:22). Улар бир кишини тошларга ўзини уриб жароҳатлашга мажбур қилишарди (Марк 5:5). Битта ўсмирни эса бақиришга зўрлаб, «ерга ағнатиб ура кетишар» эди (Луқо 9:42).

Қадимда жинлар баъзи инсонларни касалликларга чалинтириб, бошқаларни эса тутқаноқ дардига дучор қилишган

Ҳозирги вақтда Шайтон ва жинлар олдингидай шафқатсиз. Осмондан отилганларидан буён, уларнинг ёвуз ишлари янада кўпайиб кетган. Улар нақадар бераҳм эканлиги дунёдаги хабарлардан кўриниб турибди. Жинлар баъзи инсонларни касалликларга чалинтиришмоқда. Айримларни эса даҳшатли тушлар билан қийнайшади ёки уйқусизликка мубтало қилишади. Яна улар жинсий ахлоқсизликка ундаб, ақлдан оздиришади ёки кишиларни қотиллика ё ўз жонига қасд қилишга етаклашади.

Ҳозирги вақтда жинлар баъзиларни зўравонликка ундаб, айримларни эса даҳшатли тушлар билан қийнашади

Суринам мамлакатида яшовчи Линтина исмли бир аёлнинг айтиб беришича, жин ёки ёвуз руҳ оиласидаги 16 та кишини ўлдирган, уни эса 18 йил давомида жисман ва руҳан қийнаган. «Ҳимоясиз қурбонларини ўлгунча қийнаш жинларга роҳат келтиришига», Линтинанинг ўзи амин бўлди.

Аммо Яҳова Ўз хизматчиларини Шайтоннинг ҳужумларидан ҳимоя қилишга қодир (Ҳикматлар 18:10).