7- САВОЛ
Менга секс таклиф қилишса, бунга қандай қарши тура оламан?
СИЗ ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТГАН БЎЛАРДИНГИЗ?
Қуйидаги вазиятни тасаввур қилинг: Хэзер Майк билан атиги икки ойдан бери учрашиб юришибди. Лекин Хэзерга худди улар бир-бирини бутун умр билгандек туюлади. Улар тинмасдан СМСлар ёзиб, соатлаб телефонда гаплашишади ва ҳатто бир-бирини бир сўздан тушунадиган бўлиб қолишди. Аммо энди Майк суҳбатдан кўра кўпроқ нарсани истаяпти.
Охирги икки ой ичида Майк ва Хэзер шунчаки қўл ушлашиб, бир-бирини ўпиб қўйишарди, холос. Бир томондан, Хэзерга шу етарли бўляпти, лекин бошқа томондан, Майкни йўқотгиси ҳам йўқ. Чунки фақат у билан Хэзер ўзини чиройли ва керакли ҳис қилади. Қолаверса, у шундай деб ўйлайди: «Ахир биз бир-биримизни севамиз-ку!»
Агар учрашиш учун етарлича катта бўлсангиз, Хэзернинг вазиятига тушганингизда, қандай йўл тутган бўлардингиз?
ТЎХТАБ, ЎЙЛАБ КЎРИНГ!
Масалан, агар дарахтдан сакрасангиз ва қуш каби учишга ҳаракат қилсангиз, физиканинг тортишиш қонунини писанд қилмай, ўзингизга шикаст етказасиз. Ахлоқий қонун билан ҳам худди шундай. Мисол учун, «ўзингизни зинодан тийинглар» деган қонунга эътиборсиз бўлсангиз, бу ёмон оқибатларга олиб келиши аниқ. (1 Салоникаликларга 4:3)
Хўш, бу амрга риоя қилмасликнинг оқибатлари қанақа? Муқаддас Китобда бу ҳақда шундай дейилган: «Зино қилувчи, ўз баданига қарши гуноҳ қилаётган бўлади». (1 Коринфликларга 6:18) Қизиқ, қандай қилиб?
Тадқиқотларга кўра, никоҳдан олдин секс билан шуғулланган кўплаб ёшлар одатда қуйида келтирилган оқибатларнинг камида битта ёки ундан ҳам кўпроғини бошдан кечиришади.
-
АФСУСЛАНИШ. Никоҳдан олдин секс билан шуғулланган кўплаб ёшлар кейинчалик бундан афсусланишади.
-
ИШОНЧСИЗЛИК. Сексдан сўнг йигит ҳам, қиз ҳам: «У яна ким билан ётиб чиққан экан-а?» — деб ўйлашни бошлайди.
-
КЎНГИЛ ҚОЛИШИ. Аксарият қизлар йигитлар улардан нарса каби фойдаланишларини эмас, балки уларни ҳимоя қилишларини ич-ичидан исташади. Кўплаб йигитлар эса шуни пайқашдики, ширин сўзларга дарҳол учиб, рози бўлган қизлар уларни кейин қизиқтирмай қўяр экан.
-
Хулоса: агар сиз никоҳдан олдин секс билан шуғулланишга рози бўлсангиз, бебаҳо бир нарсани йўқотиб, номингизга доғ туширган бўласиз. (Римликларга 1:24) Қимматли танангизни бошқаларга бериб юбориш арзирмикан?
«Ўзингизни зинодан тийиш» учун сизда куч ва ирода борлигини кўрсатинг. (1 Салоникаликларга 4:3) Бир кун келиб турмуш қурганингизда, ҳаққоний равишда жинсий муносабатда бўла оласиз. Ўшанда ташвиш, афсусланиш ва никоҳдан олдин секс билан шуғулланишнинг аянчли оқибатларидан холи равишда жинсий алоқадан тўлиқ завқ олишингиз мумкин бўлади. (Ҳикматлар 7:22, 23; 1 Коринфликларга 7:3)
НИМА ДЕБ ЎЙЛАЙСИЗ?
-
Агар инсон сизни чиндан ҳам яхши кўрса, у жисмоний ва ҳиссий соғлигингизга хавф туғдирадими?
-
Инсон сизга ростдан ҳам ғамхўрлик қилса, Худо билан муносабатларингизни бузишга ундайдими? (Ибронийларга 13:4)