Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Етакчи кенгашдан хат

Етакчи кенгашдан хат

«Муаллим бўлишингиз керак». (Иброн. 5:12) Бир тасаввур қилинг, коинотдаги энг Буюк Устоз бўлмиш Яҳова бизни бошқаларга У ҳақида таълим беришга таклиф қиляпти! Оилада, жамоатда ёки ваъзгўйлик хизматида Тангри Яҳова ҳақида таълим бериш ҳам шарафли, ҳам масъулиятли вазифадир. Хўш, қай йўсин бунда муваффақиятли бўла оламиз?

Бунинг жавобини ҳаворий Павлус Тимўтийга йўллаган мактубдан топишимиз мумкин. У қуйидагича деган: «Омма олдида ғайрат билан Муқаддас Ёзувларни ўқишда, насиҳат қилишда ва бошқаларга таълим беришда давом эт». Павлус шундай қўшиб қўйган: «Бундай йўл тутаверсанг, ҳам ўзингни, ҳам сени тинглаётганларни қутқарасан». (1 Тим. 4:13, 16) Сиз бўлишаётган хабар инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Шунинг учун, қироат қилиш ва таълим бериш маҳоратингиз устида ишлаш муҳим. Бунда сизга ёрдам бериш учун ушбу рисола тайёрланди. Унинг бир нечта хусусиятларини кўриб чиқайлик.

Ҳар бир саҳифада оят келтирилади. У ерда Муқаддас Китобдаги принцип ёки мисол ўрганаётган мавзу билан қандай боғлиқ эканлиги айтиб ўтилади

Тангри Яҳова «Буюк Устоз»дир. (Ишаё 30:20) Ушбу рисола ёрдамида ўқиш ва таълим бериш маҳоратингизни чархлар экансиз, шуни унутмангки, биз ваъз қилаётган хабарнинг Манбаи Яҳовадир ва У одамларни Ўзига жалб қилади. (Юҳан. 6:44) Шундай экан, муқаддас руҳ сўраб ибодат қилинг. Худонинг Каломидан кўпроқ фойдаланинг. Одамларнинг эътиборини ўзингизга эмас, Яҳовага қаратинг. Тингловчиларингизнинг қалбида Унга нисбатан кучли севгини уйғотишга жон куйдиринг.

Инсоният тарихидаги энг муҳим хабарни етказиш учун таклиф қилингансиз. Шунда аминмизки, «Худо берган кучга» таянсангиз, муваффақиятга эришасиз. (1 Бутр. 4:11)

Ҳамкорларингиз,

Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши