Асосий материалларга ўтиш

Исо Худоми?

Исо Худоми?

КЎПЛАБ одамлар учлик ҳақидаги таълимотни «христиан динининг асосий таълимоти» деб ҳисоблайди. Ушбу таълимотга кўра, Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ учта шахс бўлса ҳам, биргаликда битта Худони ташкил этади. Кардинал (диний унвон) Жон О’Коннор учлик ҳақида қачонлардир шундай фикр билдирган: «Бу катта сир эканини биламиз ва уни ҳали-ҳануз тушунганимизча йўқ». Нега учлик ҳақидаги таълимотни тушуниш шунчалик қийин?

«Муқаддас Китобнинг тасвирли луғати»да бунинг сабабларидан бири тушунтирилган. У ерда шундай дейилган: «Муқаддас Китобнинг ҳеч бир оятида учлик таълимотига таъриф берилмагани учунгина, уни Муқаддас Китобга зид таълимот деб атаб бўлмайди». («The Illustrated Bible Dictionary») Шунга қарамай, учлик ҳақидаги таълимот тарафдорлари қайта-қайта бу таълимотни исботловчи Муқаддас Китоб оятларини топишга уринишяпти ва ҳатто уларни нотўғри талқин қилишдан ҳам тап тортишмаяпти.

Ростдан ҳам Муқаддас Китоб оятлари учликни исботлайдими?

Нотўғри талқин қилинадиган Муқаддас Китоб оятларидан бири — Юҳанно 1:1. «Муқаддас Китобни таржима қилиш институти» нашрида шундай дейилган: «Азалда Калом бор эди. Калом Худо [юнонча тон тео́н] билан бирга эди, Калом Худо [тео́с] эди. Ушбу оятда юнонча тео́с («худо») сўзининг иккита кўриниши ишлатилган. Тео́н сўзидан олдин аниқ артикль тон тургани учун, тео́н Қодир Тангрига тааллуқли. Тео́с сўзидан олдин эса артикль йўқ. Артикль атайин тушириб қолдирилганми?

Нега учлик ҳақидаги таълимотни тушуниш шунчалик қийин?

Юҳанно баёноти умумий юнон тили — койнеда ёзилган. Бу тилда аниқ артикль муайян қоидаларга кўра ишлатилган. Илоҳиётшунос Арчибальд Робертсоннинг сўзларига кўра, агар эга ва кесимдан олдин артикллар турса, бу гап бўлаклари «тенг маънога эга бўлиб, бир-бирининг ўрнини боса олади». Бунинг исботи тариқасида у Матто 13:38 ни келтиради. Бу оятда шундай ёзилган: «Дала [юнонча о агро́с] — дунё [юнонча о ко́смос]». «Дала» ва «дунё» сўзларидан олдин о артикли турибди. Грамматика шуни кўрсатяптики, дала билан дунё бир хил нарсаларни англатади.

Лекин худди Юҳанно 1:1 дагидек, эгадан олдин аниқ артикль турса, кесимдан олдин эса артикль бўлмаса-чи? Бу оятни назарда тутиб, олим Жеймс Хьюетт қуйидагича ёзади: «Бундай гапда эга билан кесим тенг маънога эга бўлмайди ва бир-бирининг ўрнини боса олмайди».

Қиёслаш учун Хьюетт 1 Юҳанно 1:52 ни келтиради: «Худо — нур, [МКТИ]». Юнончада «Худо» о тео́с бўлади, чунки теос сўзидан олдин аниқ артикль о турибди. Бироқ фос («нур») сўзидан олдин эса артикль йўқ. Хьюетт буни шундай тушунтирмоқда: «Худони нурга ўхшатиш мумкин, лекин нурни доим ҳам Худога ўхшатиб бўлмайди». Ўхшаш мисоллар сифатида Юҳанно 4:24 ни «Худо — Руҳдир, [МКТИ]» ва 1 Юҳанно 4:16 ни «Худо севгидир, [МКТИ]» келтиришимиз мумкин. Бу оятларда «Худо» эгаси олдидан аниқ артикль турибди, «руҳ» ва «севги» каби кесимлардан олдин эса артикль йўқ. Бу вазиятда эга билан кесим бир-бирининг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун ҳам «руҳ — Худодир» ва «севги — Худодир» деб айтиб бўлмайди.

«Калом» ўзи ким?

Қадимги юнон тилини ўрганувчи кўплаб Муқаддас Китоб таржимонлари ва мутахассислари Юҳанно 1:1 да «Калом» ким эканига эмас, у қандай шахс эканига эътибор қаратилганини таъкидлашмоқда. Таржимон Уильям Баркли қуйидагича фикр билдирди: «[Ҳаворий Юҳанно] теос сўзини аниқ артиклсиз ишлатгани учун, бу сўз ўзига хос хусусиятни акс эттирмоқда... Юҳанно бу оятда Калом Худога тенг шахс, бошқача айтганда, Исо бу Худо деб айтмоқчи эмасди. Шунга ўхшаш фикрни олим Жейсон Бедун ҳам билдирган: «Юнонча сўз теос артиклсиз ишлатилган бўлса, — масалан, Юҳанно 1:1 нинг учинчи қисмида ёзилганидек — юнонзабон ўқувчи бошқа маъноларда келадиган худо ҳақида гап кетаётганини дарҳол тушуниб олган. Теос сўзидан олдин артикль ишлатилгани ё ишлатилмаганини ўзбек тилида бош ҳарфдан (Худо) ва кичик ҳарфдан (худо) билиб олиш мумкин. Кейин олим шундай хулосага келади: «Юҳанно 1:1 даги Калом Қодир Тангрини эмас, кенг маънода қўлланиладиган худони ёки худога ўхшаш хусусиятга эга шахсни билдиради». Бир Муқаддас Китоб устида ишлаган олим («American Standard Version») Жозеф Тайер бу оятни қуйидагича тушунтирди: «Логос [ёки Калом] худога ўхшаш эди, лекин Худо эмас».

Исо ўзи ҳамда Отаси ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатган

Наҳотки Худо кимлиги «катта сир» бўлса? Исо бундай фикрда эмасди. Исо Худога ибодат қилганида ўзи ҳамда Отаси ўртасидаги фарқни аниқ кўрсатиб, шундай деган: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак». (Юҳанно 17:3) Агар Исонинг сўзларига ишонсак ва Муқаддас Китобнинг аниқ-равшан ҳақиқатини тушунсак, Исони чиндан ҳам Худонинг Ўғли деб ҳисоблаймиз. Яҳовага эса «танҳо ҳақ Худо» сифатида топинамиз.