МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТНИ ЎЗГАРТИРАДИ
Мен фақат ўзим учун яшаганман
-
ТУҒИЛГАН ЙИЛИ: 1951
-
МАМЛАКАТИ: ГЕРМАНИЯ
-
ЎТМИШДА: ЎЗИГА ИШОНГАН, МАҒРУР ИНСОН
ОЛДИНЛАРИ
Кичкиналигимда оиламиз билан биргаликда Шарқий Германиядаги Лейпциг шаҳри яқинида яшардик. Бу шаҳар Чехия ва Польша билан чегарадош. Лекин 6 ёшлигимда дадам чет элда ишлай бошладилар ва биз аввал Бразилияга, кейин эса Эквадорга кўчиб ўтдик.
14 ёшлигимда мени Германиядаги интернат-мактабга беришди. Ота-онам узоқда — Жанубий Америкада бўлишгани учун, ўзимга-ўзим ғамхўрлик қилишимга тўғри келарди. Мен ўзига ишонган, мағрур инсон бўлиб қолгандим ва бошқаларнинг фикри мени қизиқтирмасди.
17 ёшлигимда ота-онам Германияга қайтиб келишди ва мен улар билан яшай бошладим. Лекин мағрурлигим туфайли ота-онам билан тил топиша олмадим ва 18 ёшимда уйдан кетдим.
Мен доим ҳаёт мазмунини излардим. Турли хил ташкилот ва жамиятлар орасида бўлиб, шуни тушундимки, одамлар гўзал Ер сайёрамизни бутунлай йўқ қилмасидан олдин, ҳаётимни уни тадқиқ қилишга бағишлаш — энг тўғри қарор экан.
Германияни тарк этдим. Мотоцикл сотиб олиб, Африкага йўл олдим. Лекин мотоциклим йўлда бузилиб қолгани учун, яна Европага қайтишимга тўғри келди. Кўп ўтмай, Португалия соҳилларига келиб қолдим. Ўшанда хаёлимга мотоциклни қолдириб, қайиқда саёҳат қилиш фикри келди.
Атлантика океани бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлган бир гуруҳ йигит-қизларга қўшилдим. Уларнинг орасида бўлажак турмуш ўртоғим Лорини учратдим. Дастлаб, Кариб оролларига йўл олдик, кейин эса Пуэрто-Рикода озгина тўхтаб, яна Европага қайтдик. Биз Лори билан елканли қайиқ топиб, уни узоқ сафарлар учун мослаштиришни режалаштираётган эдик. Лекин уч ой ўтгач, кутилмаганда бир тўсиққа дуч келдик. Мени ҳарбий хизматга чақиришди.
15 ой мобайнида Германия денгиз флотида хизмат қилдим. Бу вақт ичида биз Лори билан турмуш қургандик ва саёҳатга чиқишни режалаштираётгандик. Армияга кетишимдан бироз олдин қутқарув қайиғининг корпусини сотиб олгандик. Ҳарбий хизматда бўлганимда, секин-аста ундан елканли кема ясадик. Биз бу кемада яшаб, гўзал сайёрамизни тадқиқ қилишни давом эттирмоқчи эдик. Ҳарбий хизматдан озод этилганимдан кейин ва кемани қуриб битиришимиздан сал олдин Яҳованинг Шоҳидларини учратдик. Ва улар билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни бошладик.
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРДИ.
Бошида ҳаётимни ўзгартиришга эҳтиёж йўқдай туюлди. Расмий никоҳда бўлганмиз. Бунинг устига, чекишни ҳам аллақачон ташлаган эдим. (Эфесликларга 5:5) Дунёни кезиш режаларимизга келадиган бўлсак, ҳаётимни Худонинг ажойиб ижодларини тадқиқ қилишга бағишлаш — энг тўғри қарор деб ўйлардим.
Лекин аслида феъл-атворимни ўзгартиришим керак эди. Мен жудаям ўзига ишонган ва мағрур инсон бўлганман. Чунки доим ўз ютуқларим ва қобилиятларим ҳақида ўйлардим. Мен фақат ўзим учун яшаганман.
Бир куни Исонинг тоғдаги ваъзини ўқидим. (Матто 5–7- боблар) Бошида Исонинг бахт ҳақида айтганлари мени ўйлантириб қўйди. У очу чанқоқларни бахтли деб атаган. (Матто 5:6) Бу инсонни қандай бахтли қила олиши ақлимга сиғмасди. Тадқиқ қилганим сайин, ҳар биримизнинг маънавий эҳтиёжларимиз борлигини англадим. Лекин уларни қондириш учун, биринчи навбатда, уларга муҳтож эканлигимизни камтаринлик ила тан олишимиз керак. Чунки Исо шундай деган: «Маънавий нарсаларга чанқоқ бўлганлар бахтлидир». (Матто 5:3)
Лори билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилишни Германияда бошладик. Лекин кейин Францияга, сўнгра Италияга кўчиб ўтдик. Қаерга бормайлик, Яҳованинг Шоҳидларини излаб топардик. Уларнинг бир-бирига бўлган самимий севгиси ва ораларидаги бирлик менда катта таассурот қолдирди. Шоҳидлар ростдан ҳам умумжаҳон биродарлик эканини кўрдим. (Юҳанно 13:34, 35) Вақт ўтиб, Лори икковимиз сувга чўмдик ва Яҳованинг Шоҳидлари бўлдик.
Сувга чўмганимдан кейин ҳам ўзгаришда давом этдим. Лори билан АҚШга бориш учун аввал Африка соҳилларини сузиб ўтиб, кейин Атлантика океанини кесиб ўтмоқчи эдик. Иккаламиз очиқ денгизда, кичкинагина қайиқда, соҳилдан жуда узоқда бўлганимизда, буюк Парвардигоримиз олдида қанчалик заррача эканимни тушундим. Бўш вақтим кўп эди, уни Муқаддас Китоб ўқишга сарфлардим (чунки океан ўртасида ҳеч қандай шошилинч иш йўқ эди-да). Айниқса, Исонинг ер юзидаги ҳаёти менга кучли таъсир қилганди. У ақл бовар қилмас қобилиятларга эга мукаммал инсон бўлган. Лекин шунга қарамай, у ҳеч қачон ўзига эътибор қаратмаган. У ўзи учун эмас, балки самовий Отасининг иродасини бажариш учун яшаган.
Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишим кераклигини тушундим
Исонинг ўрнагини тадқиқ қилиб, Худонинг Шоҳлигини биринчи ўринга қўйишим кераклигини тушундим. Шоҳлик ишини қизиқишларимдан ортиб қолган вақт ҳисобидан қилмаслигим лозим. (Матто 6:33) Қўшма Штатлардаги соҳилларга етиб боргач, Лори билан у ерда қолиб, бор кучимизни Худога хизмат қилиш учун бағишлашга қарор қилдик.
ҚАНДАЙ ФОЙДА ОЛДИМ?
Олдинлари мен фақат ўзим учун яшардим ва ҳаётимда кўп нарса ноаниқ эди. Ҳозир эса мени тўғри йўлдан етаклайдиган, чинакам донолик манбаига эгаман. (Ишаё 48:17, 18) Қолаверса, ҳаётим мазмунга тўла. Худога хизмат қилиб, бошқалар у ҳақида билиб олишига ёрдам беряпман.
Муқаддас Китоб принципларига амал қилиш мен билан Лорига никоҳимизни мустаҳкамлашга кўмаклашди. Яҳовани биладиган ва Уни яхши кўрадиган гўзал қизимиз бор.
Ҳаётимиз доим ҳам силлиқ кечмаган, лекин Яҳованинг ёрдами билан ҳеч қачон таслим бўлмасликка ва доим Унга таянишга қатъий қарор қилдик. (Ҳикматлар 3:5, 6)