16- ДАРС
Исо ер юзида бўлганда нималар қилган?
Кўплар Исони охурда ётган янги туғилган чақалоқ ёки пайғамбар сифатида тасаввур қилади. Қизиқ, ер юзидаги ҳаётини таҳлил қилиш орқали у ҳақида кўпроқ нарса билиб олишимиз мумкинми? Ушбу дарсда Исонинг энг муҳим ишларидан баъзиларини ва улар сизга қай йўсин ёрдам бериши мумкинлигини кўриб чиқамиз.
1. Исонинг асосий иши нимадан иборат эди?
Исонинг асосий иши «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни... ваъз қилиш» эди. (Луқо 4:43 ни ўқинг.) У Худо инсонларнинг барча муаммоларини ҳал қила оладиган Шоҳлик ёки ҳукумат ўрнатиши ҳақидаги хушхабарни ваъз қилган a. Исо бу хабарни бошқаларга айтиш учун уч ярим йил мобайнида жон куйдирган. (Матто 9:35)
2. Исо нима мақсадда мўъжизалар кўрсатган?
Муқаддас Китобда Аллоҳ Исо орқали қилган «қудратли ишлар, ғаройиботлару аломатлар» ҳақида айтилган. (Ҳаворийлар 2:22) Худонинг қудрати билан Исо табиат кучларини назорат қила олган, минглаб одамларни тўйдирган, касалларга шифо берган ва ҳатто ўлганларни тирилтирган. (Матто 8:23–27; 14:15–21; Марк 6:56; Луқо 7:11–17) Исо намоён этган мўъжизалардан уни Худо юборгани яққол кўриниб турарди. Қолаверса, улар Яҳова барча муаммоларимизни ечишга қодир эканини тасдиқларди.
3. Исонинг ҳаёт тарзидан нимани ўрганишимиз мумкин?
Исо ҳар бир вазиятда Яҳовага бўйсунган эди. (Юҳанно 8:29 ни ўқинг.) Қаршиликларга қарамай, Исо Отаси айтган барча нарсани ўлимигача садоқат ила бажарди. У ҳатто қийин вазиятларда инсонлар Худога хизмат қила олишини исботлади. Шу йўсин, «унинг изидан оғмай [юришимиз] учун ўрнак кўрсатди». (1 Бутрус 2:21)
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Исо қай йўсин хушхабарни бўлишгани ва мўъжизалар яратгани тўғрисида билиб олинг.
4. Исо хушхабар билан бўлишган
Исо имкон қадар кўп инсонларга хушхабарни етказиш учун юзлаб километрга тенг чанг йўллардан юрган. Луқо 8:1 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
-
Исо фақат уни тинглаш учун йиғилган инсонларга ваъз қилганми?
-
У одамларни топиш учун қандай ҳаракатлар қилган?
Худо Масиҳ хушхабарни айтишини башорат қилган. Ишаё 61:1, 2 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
-
Қай йўсин Исо мазкур башоратни амалга оширган?
-
Сизнингча, ҳозирда одамлар бу хушхабарни тинглашга муҳтожми?
5. Исо бебаҳо ҳақиқатларни ўргатган
У Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабарни ваъз қилишдан ташқари, фойдали сабоқларни ҳам ўргатган. Унинг Тоғдаги таниқли ваъзидан бир нечта мисолни кўриб чиқайлик. Матто 6:14, 34 ва 7:12 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
-
Ушбу оятларда Исо қандай амалий маслаҳатлар берган?
-
Сизнингча, бу маслаҳатлар ҳозир ҳам ёрдам бериши мумкинми?
6. Исо мўъжизалар яратган
Исо Яҳованинг қудрати билан кўп мўъжизалар яратган. Улардан бири ҳақида билиш учун Марк 5:25–34 ни ўқинг ёки ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
-
Видеодан кўрганимиздай, дардга чалинган аёл нимага амин эди?
-
Ушбу мўъжиза сизга нимаси билан таъсир қилди?
Юҳанно 5:36 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
-
Исонинг мўъжизалари нимадан «шаҳодат берган» ёки у ҳақида нимани исботлаган?
Биласизми?
Исо тўғрисидаги аксарият маълумот Муқаддас Китобнинг «Инжил» деб аталадиган тўртта баёнотида — Матто, Марк, Луқо ва Юҳанно баёнотларида келтирилган. Инжилнинг ҳар бир ёзувчиси Исо борасида турли тафсилотларни келтирган. Бу тўртта китобнинг барчасини ўқиганимизда, Исонинг ҳаёти борасида ажойиб тасаввурга эга бўламиз.
-
МАТТО
биринчи бўлиб ёзган. У Исонинг таълимотлари, айниқса, Худонинг Шоҳлиги ҳақида таълим берганини таъкидлаган.
-
МАРК
энг қисқа баёнот ёзган. У турли ажойиб ҳодисаларга бой китоб.
-
ЛУҚО
ибодатга ва Исо аёлларга меҳрибон бўлганига алоҳида эътибор қаратган.
-
ЮҲАННО
Исо яқин дўстлари ва бошқалар билан қурган суҳбатлари ёрдамида унинг шахсияти ҳақида анчагина нарсани очиб берган.
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Исо оддий пайғамбар бўлган, холос».
-
Сиз нима деб ўйлайсиз?
ХУЛОСА
Исо Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ваъз қилган, мўъжизалар яратган ва ҳар бир вазиятда Яҳовага итоатли бўлган.
Такрорлаш
-
Исонинг ер юзидаги асосий иши нимадан иборат эди?
-
Унинг мўъжизалари нимани исботлади?
-
Исо қандай амалий сабоқларни ўргатди?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Исо асосан қайси мавзуда таълим берган?
Исо яратган мўъжизалар чиндан ҳам юз берганига нега ишонишимиз мумкинлигига диққат қаратинг.
«Исонинг мўъжизалари. Улардан қандай сабоқ олишингиз мумкин?» («Қўриқчи минораси» 15 июль, 2004)
Исонинг фидойилиги бир кишига қандай таъсир қилгани ҳақида ўқинг.
«Мен фақат ўзим учун яшаганман» («Қўриқчи минораси» 1 октябрь, 2014)
Исо ер юзидаги ҳаёти давомида қилган муҳим ишларни қайси кетма-кетликда бажарганини билиб олинг.
a 31–33- дарсларда Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги мавзу батафсил кўриб чиқилади.