Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

38- ДАРС

Ҳаёт ҳадясини қадрланг

Ҳаёт ҳадясини қадрланг

Ҳаёт ажойиб воқеаларга бой бўлиши мумкин. Муаммоларга дуч келсак-да, одатда ҳаётнинг баъзи жабҳалари бизга қувонч келтиради. Хўш, Яҳова ҳаёт ҳадясини берган экан, бу учун миннатдор эканимизни қандай кўрсата оламиз? Бундай қилишимиз учун энг асосий сабаб нима?

1. Нега ҳаётни қадрлашимиз керак?

Меҳрибон Отамиз Яҳова бизга ҳаёт бергани учун уни қадрлашимиз керак. У «ҳаёт манбаи» бўлиб бутун борлиқни яратган. (Забур 36:9) «Унинг Ўзи ҳаммага ҳаёт, нафас ва барча нарсани бериб келмоқда». (Ҳаворийлар 17:25, 28) Яҳова яшашимиз учун керакли барча нарсани тақдим этмоқда. Энг муҳими эса ҳаётдан завқланишимиз учун У ҳамма имкониятларни яратиб бермоқда. (Ҳаворийлар 14:17 ни ўқинг.)

2. Ҳаёт учун миннатдорлигимизни Яҳовага қандай кўрсата оламиз?

Онангиз қорнида пайдо бўлганингизданоқ Яҳова сизга ғамхўрлик қилган. Забур 139:16 да Довуд пайғамбар: «Ҳали пушт шаклида бўлганимда кўзларинг мени кўрган»,— деб ёзган. Ҳаётингиз Яҳова учун жуда қадрли. (Матто 10:29–31 ни ўқинг.) Кимдир атайлаб бировнинг ҳаётига, ҳатто ўз ҳаётига зомин бўлса, бу Яҳовага қаттиқ оғриқ келтиради a. (Чиқиш 20:13) Шунингдек, ҳаётимизни бўлар-бўлмасга хавф остига қўйсак ёки бошқаларни ҳимоялаш учун олдиндан эҳтиёт чораларини кўрмасак, Унга оғир ботади. Ҳаётимизга эътиборли бўлганимизда ва бошқаларнинг ҳаётига ҳурмат кўрсатганимизда, бу ажойиб ҳадя учун миннатдор эканимизни намоён этган бўламиз.

КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ

Ҳаёт инъоми учун миннатдор эканингизни кўрсатишнинг баъзи йўллари ҳақида билиб олинг.

3. Соғлигингизга ғамхўрлик қилинг

Яҳовага доим Унинг иродасини бажаришга ваъда берганмиз. Шу боис, бутун умр Унга хизмат қилишни истаймиз. Бу билан Худога танамизни қурбонлик сифатида бағишлаётгандаймиз. Римликларга 12:1, 2 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:

  • Соғлигингизга ғамхўрлик қилишга сизни нима ундаши керак?

  • Қайси йўллар орқали бундай қила оласиз?

4. Ўзингизни ва бошқаларни хавф остига қўйманг

Муқаддас Китобга биноан, ўзимизга ё бошқаларга шикаст етказадиган ёки ўлимга етаклайдиган ишлардан қочишимиз лозим. ВИДЕОНИ томоша қилинг ва хавфсизликда бўлиш учун нималар қилишингиз мумкинлигини билиб олинг.

Ҳикматлар 22:3 ни ўқинг, сўнг қуйидаги вазиятларда ўзингиз ва бошқаларнинг хавфсизлиги учун нима қила олишингизни муҳокама қилинг:

  • Уйда.

  • Иш жойида.

  • Спорт билан шуғулланганда.

  • Транспорт ёки бирон нимани бошқарганда.

5. Туғилмаган боланинг ҳаётига зиён етказманг

Довуд пайғамбар она қорнида ривожланаётган бола Яҳова учун аҳамиятсиз эмаслигини шеърий тарзда ифодалаган. Забур 139:13–17 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:

  • Яҳованинг назарида одамнинг ҳаёти ҳомила пайдо бўлганида вужудга келадими ёки туғилганидами?

Худо қадимги Исроил халқига берган қонунлар онанинг ва туғилмаган боланинг ҳаётини ҳимоя қилган. Чиқиш 21:22, 23 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:

  • Яҳова туғилмаган боланинг ҳаётига бехосдан зомин бўлган инсонга қандай нуқтаи назарда бўлган?

  • Кимдир атайин буни қилган бўлса, Яҳова нимани ҳис қилади? b

  • Худонинг бу масаладаги нуқтаи назари ҳақида қандай фикрдасиз?

ВИДЕОНИ томоша қилинг.

Ҳатто ҳаёт қадрли эканини тушунадиган аёл ҳам аборт қилиш унинг вазиятидаги ягона ечим, деб ўйлаши мумкин. Ишаё 41:10 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:

  • Агар аёлни аборт қилишга мажбурлашса, у кимдан ёрдам сўраши керак? Нима учун?

БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Аёл аборт қилиш-қилмасликка ҳақли, ахир тана ўзиники-ку».

  • Яҳова ҳам онанинг, ҳам туғилмаган боланинг ҳаётини қадрлашига сизни нима ишонтиряпти?

ХУЛОСА

Муқаддас Китобга биноан, Яҳова ато этган ҳаётни яхши кўришимиз, қадрлашимиз ва асрашимиз керак. Бу ўзимизнинг ва бошқаларнинг ҳаётига тегишли.

Такрорлаш

  • Нега инсон ҳаёти Яҳова учун қадрли?

  • Одам ўзининг ёки бировнинг ҳаётига атайин зомин бўлса, Яҳова нималарни ҳис қилади?

  • Нега ҳаёт ҳадяси учун миннатдорсиз?

Мақсад

ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР

Ҳаёт учун Яҳовадан миннатдор эканимизни қай йўсин кўрсата оламиз?

141- қўшиқ. «Ҳаёт — мўъжизадир» 2:41

Худо аборт қилган инсонни кечирадими?

«Муқаддас Китобда аборт ҳақида нима дейилган?» (Веб-мақола)

Ўйин-кулги турларини танлаш қароримизга Худонинг нуқтаи назари қандай таъсир қилиши кераклигини билиб олинг.

«Экстремал спорт. Таваккал қилишга арзийдими?» («Уйғонинг!» 8 октябрь, 2000)

Киши жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаётган бўлса, Муқаддас Китоб ёрдам бера оладими? Бу ҳақда ўқинг.

«Яшашдан тўйганимда — ўлишни хоҳлаганимда, Муқаддас Китоб ёрдам бера оладими?» (Веб-мақола)

a Яҳова қалби ўксиганларга астойдил ғамхўрлик қилади. (Забур 34:18) У одамлар жонига қасд қилишига етаклайдиган оғриқли туйғуларни тушунади ва ёрдам беришни истайди. Яҳова бундай фикрлар билан курашаётганларга қандай ёрдам беришини билиш учун бу дарснинг «Қўшимча манбалар» қисмидаги «Яшашдан тўйганимда — ўлишни хоҳлаганимда, Муқаддас Китоб ёрдам бера оладими?» номли мақолани ўқинг.

b Илгари аборт қилган аёл ўзини айбламаслиги керак. Яҳова уни кечириши мумкин. Кўпроқ билиб олиш учун бу дарснинг «Қўшимча манбалар» қисмидаги «Муқаддас Китобда аборт ҳақида нима дейилган?» номли мақолага қаранг.