Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Иловалар

Иловалар
  1.  Буюк Бобил нимани англатади?

  2.  Масиҳ қачон келди?

  3.  Қон билан боғлиқ тиббий муолажалар

  4.  Турмуш ўртоқларнинг алоҳида яшаши

  5.  Байрамлар ва тадбирлар

  6.  Юқумли касалликлар

  7.  Бизнес ва ҳуқуқий масалалар

 1. Буюк Бобил нимани англатади?

«Буюк Бобил» барча сохта динларни англатишини қаердан биламиз? (Ваҳий 17:5) Қуйидагиларни кўриб чиқинг:

  • У бутун дунёни бошқаряпти. Муқаддас Китобда айтилганидай, Буюк Бобил «омма, миллатлар» устида ўтирибди. У «подшоҳларнинг устидан ҳукмронлик қиляпти». (Ваҳий 17:15, 18)

  • У сиёсий кучларни ёки тижорат кучларини англатмайди. У барбод бўлганида, «ер юзи подшоҳлари» ва «савдогарлар» йўқ бўлиб кетмайди. (Ваҳий 18:9, 15)

  • У Худони ёмон отлиққа чиқаряпти. У фоҳиша деб аталган, чунки пул ёки илтифотга эга бўлиш ниятида ҳукуматлар билан яқиндан ҳамкорлик қиляпти. (Ваҳий 17:1, 2) Барча халқлардаги инсонларни йўлдан оздиряпти. Қолаверса, кўпларнинг ўлими учун жавобгар. (Ваҳий 18:23, 24)

13- дарснинг 6- параграфига ўтиш

 2. Масиҳ қачон келди?

Муқаддас Китобда башорат қилинганидай, Масиҳнинг келгунига қадар 69 ҳафта ўтади. (Дониёр 9:25 ни ўқинг.)

  • 69 ҳафта қачон бошланди? Мил. авв. 455 йили бошланди. Ўшанда, ҳоким Нахимиё Қуддус «қайта тикланиши ва аввалги ҳолатига қайтарилиши» учун у ерга борган. (Дониёр 9:25; Нахимиё 2:1, 5–8)

  • 69 ҳафта қанча давом этди? Муқаддас Китобдаги баъзи башоратларга кўра, бир кун бир йилни англатади. (Саҳрода 14:34; Ҳизқиё 4:6) Ҳар бир ҳафта етти йил демакдир. Мазкур башоратда 69 ҳафта 483 йилни ташкил қилади (69 x 7).

  • 69 ҳафта қачон тугади? Мил. авв. 455 йилдан бошлаб 483 йилни ҳисобласа, мил. 29 йилга келамиз a. Айнан ўша йили Исо сувга чўмди ва Масиҳ бўлди. (Луқо 3:1, 2, 21, 22)

15- дарснинг 5- параграфига ўтиш

 3. Қон билан боғлиқ тиббий муолажалар

Баъзи тиббий муолажаларда беморнинг қонидан фойдаланилади. Уларнинг айримлари масиҳийларга тўғри келмайди. Масалан, баъзи одамлар ўз қонини донор сифатида беради ёки операция пайтида қонидан фойдаланиш мақсадида қони олдиндан жамлаб қўйилади. Аммо масиҳийлар бундай йўл тутмайди. (Қонунлар 15:23)

Лекин айрим муолажалар тўғри келиши мумкин. Бунга таҳлил учун қон топшириш, гемодиализ, гемодилюция, реинфузия ёки сунъий қон айланиш аппаратидан фойдаланиш киради. Ҳар бир масиҳий тиббий муолажа, қон таҳлили ёки бошқа тиббий жараёнлар пайтида b ўз қонидан қандай фойдаланишни ўзи ҳал қилиши керак. Ҳар хил шифокорлар бу муолажаларни турлича ўтказиши мумкин. Шу боис, жарроҳлик амалиёти, қон таҳлили ёки бошқа тиббий жараёнларга рози бўлишдан аввал, ҳар бир масиҳий унинг қони қай йўсин ишлатилишини билиши лозим. Қуйидаги саволларни кўриб чиқинг:

  • Қонимнинг муайян миқдори танамдан чиқарилса ва ҳатто унинг оқими қайсидир пайт давомида тўхтатиб қўйилса-чи? Виждоним бу қонни ҳалиям танамнинг бир қисми деб ҳисоблашимга йўл қўйяптими ёки уни «ерга тўкишга» ундаяптими? (Қонунлар 12:23, 24)

  • Тиббий муолажа пайтида қоним олиниб ўзгартирилган ҳолда қайта танамга қуйилса-чи (ёки сиртига қўлланилса-чи)? Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждоним мени қийнамайдими ёки бу муолажани қабул қила оламанми?

39- дарснинг 3- параграфига ўтиш

 4. Турмуш ўртоқларнинг алоҳида яшаши

Худонинг Каломида эр-хотин алоҳида яшаши маъқулланмаган ва у ерда аниқ қилиб айтилганидай, алоҳида яшаш уларга қайта турмуш қуриш ҳуқуқини бермайди. (1 Коринфликларга 7:10, 11) Лекин баъзи масиҳийлар муайян вазиятларда алоҳида яшаш ҳақида ўйлаб кўради.

  • Оилани умуман таъминламаслик. Эр оиласини моддий томонлама таъминлашдан бош тортса ва оиласи яшаш учун зарурий нарсаларсиз қолса. (1 Тимўтийга 5:8)

  • Жисмоний зўравонлик. Эр ёки хотин турмуш ўртоғига зарар етказса ва унинг соғлиги ёки ҳаёти хавф остида қолса. (Галатияликларга 5:19–21)

  • Яҳова билан муносабатларга мутлақ тўсқинлик. Эр ёки хотин турмуш ўртоғининг Яҳовага хизмат қилишини бутунлайин чеклаб қўйса. (Ҳаворийлар 5:29)

42- дарснинг 3- параграфига ўтиш

 5. Байрамлар ва тадбирлар

Масиҳийлар Яҳовага маъқул келмайдиган байрамларда қатнашмайди. Бошқалар байрамларни нишонлаганда муайян вазиятлар юзага келиши мумкин. Бундай пайтда ҳар бир масиҳий қандай йўл тутиш борасида Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонига таяниб қарор чиқариши керак. Мана бир нечта мисол:

  • Кимдир сизни байрам билан табрикласа. Шунчаки: «Раҳмат»,— деб айтарсиз. Мабодо у нега бу байрамни нишонламаётганингизни билишни истаса, буни тушунтиришингиз мумкин.

  • Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган турмуш ўртоғингиз байрамда қариндошлар билан бирга овқатланишни айтса. Агар виждонингиз боришга йўл қўйса, ўша ўтиришдаги сохта дин билан боғлиқ урф-одатларда қатнашмаслигингизни турмуш ўртоғингизга олдиндан тушунтирарсиз.

  • Раҳбарингиз байрамлик берса. Уни рад этишингиз керакми? Шарт эмас. Раҳбарингиз уни байрам юзасидан беряптими ёки яхши ишчи бўлганингиз учун шу йўсин миннатдорчилик билдиряптими?

  • Кимдир байрамда сизга совға берса. У шундай дейиши мумкин: «Биламан, байрамларни нишонламайсиз, лекин бу совғани чин дилдан беряпман». Эҳтимол, у шунчаки меҳрибондир. Бошқа томондан, шу йўсин у имонингизни синамоқчидир ёки сизни бу байрамда қатнашишга ундамоқчидир. Булар ҳақида ўйлаб кўргач, ўша совғани қабул қилиш-қилмаслик борасида қарор чиқарарсиз. Дарҳақиқат, ҳар бир қароримизда виждонимизни пок сақлашни ва Яҳовага содиқ қолишни истаймиз. (Ҳаворийлар 23:1)

44- дарснинг 1- параграфига ўтиш

 6. Юқумли касалликлар

Одамларни яхши кўрганимиз учун юқумли касалликларни бошқаларга юқтиришдан эҳтиёт бўлишни хоҳлаймиз. Шу боис, ўзимиз бундай касалликка чалинганимизни билсак ёки ўзимизни юқумли касаллик ташувчиси деб билиш учун сабабимиз бўлса, айниқса, эҳтиёт бўлишимиз керак. Муқаддас Китобдаги: «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг»,— деган амрга амал қилаётганимиз учун бундай йўл тутамиз. (Римликларга 13:8–10)

Юқумли касалликка чалинган киши бу амрга амал қилаётганини қандай намоён эта олади? У меҳрини кўрсатиш ниятида қучоқлашиб ёки ўпишиб кўришиш каби хатти-ҳаракатлардан қочади. Агар баъзилар оила аъзоларини ҳимоя қилиш юзасидан уни уйига таклиф қилмаётган бўлса, у буни тўғри қабул қилиши лозим. Шунингдек, сувга чўмишдан аввал у сувга чўмадиган бошқаларнинг манфаати учун чоралар кўрилиши мақсадида, оқсоқоллар кенгашининг раисига касаллиги ҳақида айтиши керак. Юқумли касалликка чалинганман, деб ўйлаш учун асоси бўлган киши учрашишни бошлашдан аввал қонини таҳлил қилдирса яхши бўларди. Бундай йўл тутиб, «нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзлаган» бўласиз. (Филиппиликларга 2:4)

56- дарснинг 2- параграфига ўтиш

 7. Бизнес ва ҳуқуқий масалалар

Пул ва бизнес масалаларида — ҳатто имондошлар ўртасида — шартномалар тузилса, кўп муаммоларнинг олдини олиш мумкин. (Еремиё 32:9–12) Шунда ҳам, баъзида масиҳийлар орасида пул ёки бошқа масалалар билан боғлиқ кичик тушунмовчиликлар пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Улар бундай тушунмовчиликларни зудлик билан тинчликда ўзаро ҳал қилиши керак.

Аммо фирибгарлик ёки туҳмат каби жиддий масалаларни қандай ҳал қилишимиз керак? (Матто 18:15–17 ни ўқинг.) Бу борада Исо қуйидаги учта қадамни айтиб ўтган:

  1. Масалани ўзаро ҳал қилишга интилинг. (15- оятга қаранг.)

  2. Масала ҳал бўлмаса, маънан етук бир ёки икки кишидан сиз билан боришини сўранг. (16- оятга қаранг.)

  3. Бу ҳам ёрдам бермаса, шундагина оқсоқолларга мурожаат қилишингиз лозим. (17- оятга қаранг.)

Аксарият вазиятларда имондошларимизнинг устидан судга ёзмаслигимиз керак, чунки бу Яҳова ҳамда жамоатнинг обрўсига доғ тушириши мумкин. (1 Коринфликларга 6:1–8) Бироқ баъзи вазиятларда судга мурожаат қилишга тўғри келар. Мисол учун, ажрашиш, васийлик, алимент тўлаш, суғурта ундириш, банкрот бўлиш ҳамда васият билан боғлиқ масалалар. Бу каби масалаларни имкон борича тинч йўл билан ҳал қилиш учун судга мурожаат қилган масиҳий Муқаддас Китоб принципини бузмайди.

Агар жиддий жиноят — зўрлаш, боланинг номусига тегиш, тажовуз қилиш, катта ўғрилик ёки қотиллик содир этилгани ҳақида гап кетса ва масиҳий бу ҳақда давлат органларига хабар берса, Муқаддас Китоб принципини бузмайди.

56- дарснинг 3- параграфига ўтиш

a Мил. авв. 455 йилдан мил. авв. 1 йилгача 454 йил бўлади. Мил. авв. 1 йилдан мил. 1 йилгача бир йил бўлади (нолинчи йил бўлмаган). Мил. 1 йилдан мил. 29 йилгача 28 йил бўлади. 454 га 1 ни, сўнг эса 28 ни қўшсак, 483 йил чиқяпти.

b Бу ҳақда кўпроқ билиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2000 йил 15 октябрь сонидаги «Ўқувчиларнинг саволлари»га қаранг.