Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

3- ҚИСМ

Ҳаётни ўзгартирадиган маслаҳатлар

Ҳаётни ўзгартирадиган маслаҳатлар

ТАСАВВУР қилинг, маҳаллангизга янги шифокор келди. Бошида унинг яхши шифокор эканига ишонмассиз. Аммо дўстларингиз унга мурожаат қилиб, тузалиб кетишган. Хўш, унинг қабулига киришни истамасмидингиз?

Қайсидир жиҳатдан Аллоҳнинг Каломини шундай шифокорга ўхшатиш мумкин. Баъзи кишилар аввалига Муқаддас Китобни тан олгиси келмайди. Лекин унинг доно маслаҳатларини қўллашганда, ҳаётлари яхши томонга ўзгаради. Мана, баъзи мисоллар.

Оилавий муаммоларни ечиш

Никоҳда муаммолари бўлган бир аёл шундай деб бўлишди: «Эндигина турмуш қурганимизда хўжайиним менга бепарво эканини сезардим. Ўзимни тута олмаган пайтда мен унга сўкиниб, қўлимга тушган нарсани отиб юборардим ва ҳатто муштлашиб кетардим. Баъзан асабийлашиб, ҳолдан тоярдим.

Турмуш ўртоғим Муқаддас Ёзувларни ўргана бошлаганда, устидан кулардим. Ростини айтсам, эрим ўрганган пайтда мен бошқа хонада яширинча қулоқ солиб ўтирардим. Бир куни мен: “Хотинлар Ҳазратимизга итоат этгандай эрларига бўйсунишсин... Хотин... эрини чуқур ҳурмат қилсин”,— деб ўқилган оятларни эшитиб қолдим (Эфесликларга 5:22, 33). Бу сўзлар менда чуқур таассурот қолдирди. Эримни ҳақорат қилганим учун Худодан мени кечиришини ҳамда яхши хотин бўлишим учун ёрдам беришини сўрадим. Кўп ўтмай хўжайинимга қўшилиб Аллоҳнинг Каломини ўргана бошладим».

Оилалари сақланиб қолди

Шунингдек, Инжилда: «Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак»,— деган маслаҳат бор (Эфесликларга 5:28). Олган билимларини ҳаётда қўллашни бошлаган ўша аёл шундай фикр билдирди: «Ушбу таълимот иккаламизга ҳам таъсир қилди. Эрим ишдан қайтганда мен унга чой дамлаб келиб, у билан ҳурмат ила гаплашардим. Хўжайиним ҳам менга кўпроқ меҳр кўрсатиб, уй ишларида ёрдам берарди. Икковимиз ҳам: “Бир-бирингизга меҳрибон, раҳм-шафқатли бўлинглар... бир-бирингизни чин дилдан кечиринглар”,— деган маслаҳатга риоя этишга ҳаракат қилардик (Эфесликларга 4:32). Натижада, бир-биримизга бўлган севги ва ҳурмат ўсиб борарди. Мана, никоҳ қурганимизга 40 йилдан ҳам ошиб қолди ва биз жуда бахтлимиз. Ҳа, Аллоҳ Каломидаги доно маслаҳатлар никоҳимизни сақлаб қолди!»

Ғазабни тийиш

Илгари ғазабини тийишга қийналган бир киши шундай деди: «Аччиғим тез эди. Тез-тез муштлашардим ва одамларга қурол билан таҳдид солардим. Бундан ташқари, жиним қўзиганда мен хотинимни роса дўппослардим. Кўп одамлар мендан қўрқарди.

Ибодат ғазабини тийишга ёрдам берди

Бир куни мен Исо пайғамбарнинг: “Мен сизларга янги амр беряпман: бир-бирингизни севинглар. Мен сизларни севганимдек, сизлар ҳам бир-бирингизни севинглар”,— деган гапларини ўқидим (Юҳанно 13:34). Бу сўзлар менга чуқур таъсир қилди ва мен ўзгаришга қарор қилдим. Қоним қайнаб кетганида, мен Тангрига ибодат қилиб, Ундан тинчликни сақлашимга ёрдам беришини сўрардим. Шунда тинчланиб қолардим. Рафиқам билан бирга Инжилдаги: “Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча ғазабдан қайтинглар. Иблисга имкон берманглар”,— деган маслаҳатга риоя этардик (Эфесликларга 4:26, 27). Биз ҳар кеча Муқаддас Китобни ўқиб, бирга ибодат қилардик. Натижада кун мобайнида йиғилган асаблар тинчирди ва муносабатларимиз яқин бўлаётганини сезардик.

Энди мени тинчликпарвар деб билишади. Умр йўлдошим ва болаларим мени севиб, ҳурмат қилишади. Менинг кўп дўстларим бор ва Худо билан яқин муносабатдаман. Мен чиндан ҳам бахтиёрман!»

Гиёҳвандликдан халос бўлиш

Бангиликни ташлади

Ёшлигида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган бир киши қуйидагиларни айтди: «Мен ўсмирлар тўдасига қўшилиб юрардим, ашаддий кашанда эдим ва кўпинча ғирт кайф бўлиб кўчада чўзилиб ётардим. Шунингдек, мен гиёҳванд моддаларни (наша ва қорадори) ҳам истеъмол қилардим, ҳам сотардим. Мен уларни эгнимдаги ўқ ўтказмайдиган нимчада олиб юрардим. Ўшанда “кетворган” йигит бўлиб кўринсам ҳам, аслида ҳамиша қўрқиб яшардим.

Бир куни менга: “Ўғлим сўзларимни унутма... Улар умрингга умр қўшади, ҳаётинг тинч бўлади”,— деган оятни кўрсатишди (Ҳикматлар 3:1, 2). Мен ўзи узоқ умр кўришни ва тинчгина яшашни орзу қилардим! Шунингдек, мен: “Азизларим, бизларга шундай ваъдалар берилган экан, келинглар, тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклаб, Худодан қўрқиб, муқаддаслигимизни камолотга етказайлик”,— деган сўзларни ўқидим (2 Коринфликларга 7:1). Бундан сўнг мен гиёҳвандликдан халос бўлдим ва эски ошна-оғайнилар билан орани очиқ қилиб, Худога маъқул келадиган ҳаёт кечира бошладим.

Мана, гиёҳ моддалардан қутулганимга 17 йилдан ошяпти. Ҳозир соғлигим яхши, оилам бахтли, зўр дўстларим ва тоза виждоним бор. Энди эса мен ҳар кеча кўчада чўзилиб ётганим йўқ, аксинча, ўз тўшагимда тинчгина ухлаяпман».

Ирқчиликни енгиш

Бошқа ирқ вакилларидан нафратланган бир киши мана шуларни айтди: «Ўсмирлигимдаёқ жиноий ҳаёт кечирардим. Қурбонларимдан аксарияти мен нафратланган майда ирқларга мансуб эди.

Вақт ўтиб мен Худони излай бошладим. Охири мен Муқаддас Китобни ўрганиш учун йиғиладиган бир гуруҳ одамларни учратдим. Ораларида мен нафратланган айнан ўша майда ирқларга мансуб кишилар ҳам бўлган! Улар мени самимий кутиб олишганди. Бундан ташқари, мен турли ирқ вакиллари бир-бири билан маза қилиб, бемалол суҳбатлашишларини кўрдим. Уларга беш кетдим! Охир-оқибат мен тушундим, “Худо юзхотирчилик қилмас экан. Аммо Ундан қўрқиб, адолат билан йўл тутган ҳар бир кишини У миллатига қарамай қабул қиларкан” (Ҳаворийлар 10:34, 35).

Энди юрагимда заррача ҳам нафрат қолмаган. Яқин дўстларимнинг орасида илгари мен нафратланган ирқдан ҳам бор. Худо Ўз Каломи орқали менга севишни ўргатди».

Турли ирқ вакилларини севишни ўрганди

Зўравонликдан воз кечиш

Ўтмишда жуда зўравон бўлган бир киши қуйидагича бўлишди: «Ўсмир бўлганимда мени уч марта қамоққа олишган — икки марта ўғрилик учун ва бир марта пичоқбозлик учун. Кейинчалик мен қўзғолончи гуруҳга қўшилиб, кўп одамларнинг жонига қасд қилдим. Низо тугаганда эса мен товламачилар тўдасига бошлиқ бўлдим. Менинг шахсий соқчиларим бўлган. Мен зўравон ва хавфли киши эдим.

Зўравонликни ташлаб, Аллоҳнинг Каломидан таълим берадиган ҳурматли кишига айланди

Кунларнинг бирида мен Инжилдан: “Севги узоқ сабрли ва меҳрибондир. Севги рашк қилмайди, мақтанмайди, кеккаймайди, одобсизлик қилмайди, ўз манфаатини кўзламайди, аччиқланмайди, хафагарчиликларни ҳисоблаб юрмайди”,— деган гапларни ўқидим (1 Коринфликларга 13:4, 5). Бу сўзларни ўқиганимда, юрагимга ўқ қадалгандай бўлди. Мен бошқа жойга кўчиб кетдим ва Муқаддас Китобни ўрганиб, маслаҳатларини ҳаётимда қўллай бошладим.

Ҳозир эса мени зўравон одам сифатида эмас, балки Аллоҳнинг Каломидан таълим берадиган киши деб билишади. Ҳа, энди ҳаётим мазмун ва мақсадга эга».

Аллоҳнинг Каломи кучли таъсирга эга

Бу ва бошқа мисоллар «Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга» эканидан далолат беряпти (Ибронийларга 4:12). Дарвоқе, унинг маслаҳатлари содда ва амалийдир.

Муқаддас Китоб сизга ҳам муаммоларингизни ечишга ёрдам бера оладими? Албатта! Зеро «ҳар бир Муқаддас Ёзув Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб, ўргатиш, танбеҳ бериш, тузатиш, одиллик йўлида тарбиялаш учун фойдалидир. Токи Аллоҳнинг бандаси ҳар тарафлама билимга эга бўлиб, ҳар бир яхши ишга бутунлайин тайёр турсин» (2 Тимўтийга 3:16, 17).

Энди келинг, Муқаддас Китобнинг асосий таълимотларини кўриб чиқайлик.