Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Июнь

Пайшанба, 1 июнь

Июнь

Бир камбағал бева аёл эса ўша жойга келиб, икки чақа ташлади. (Марк 12:42)

Ҳаёт бева аёл учун осон эмас. Эҳтимол, у базўр кун кечиради. Лекин у хайр-эҳсон идишларининг ёнига бориб, улардан бирига икки чақасини ташлайди. Уларнинг товуши эшитилмагандир ҳам, аммо Исо у нимани — икки чақани эҳсон қилганини билади. Икки чақа ўша пайтдаги энг кичик қийматдаги танга эди. Бу пул озиқ-овқат сифатида ишлатилган энг арзон қушлар орасидаги биргина чумчуқни сотиб олишга ҳам етмасди. Бева аёлнинг бу ҳаракати Исога қаттиқ таъсир қилади. Шунда Исо шогирдларини чақириб, уларнинг диққатини ушбу бева аёлга қаратади ва шундай дейди: «Бу камбағал бева аёл ҳаммадан кўпроқ солди». Сўнг қуйидагиларни тушунтиради: «Ўша кишилар [яъни айниқса бой одамлар] ўзларидан ортиб қолганини солишди, бу аёл эса ўзи муҳтож бўла туриб, қўлида борини эҳсон қилди». (Марк 12:43, 44) Ўша куни садоқатли бева аёл охирги пулини эҳсон қилиб, ҳаётини Яҳованинг қўлларига топширди. (Заб. 26:3) w21.04 6- саҳ., 17-, 18- хб.

Мана, таълимотингиз билан бутун Қуддусни тўлдириб юбордингизлар. (Ҳавор. 5:28)

Исо ер юзидаги хизмати давомида ижобий нуқтаи назарни сақлаган ва шогирдлари ҳам айнан шундай йўл тутишларини хоҳлаган. (Юҳан. 4:35, 36) У шогирдлари билан бўлганида, улар ваъзгўйлик фаолиятида ғайрат ила қатнашарди. (Луқо 10:1, 5–11, 17) Исо ҳибсга олиниб, ўлдирилганидан кейин эса уларнинг ваъз қилиш истаги вақтинча сўнган. (Юҳан. 16:32) Исо тирилганидан сўнг диққатини ваъзгўйликка қаратишга уларни ундаган. У осмонга кўтарилганидан кейин шогирдлари шунчалик ғайрат ила ваъз қилганки, душманлар уларни койишган. Бугунги оятда айтилганидай, илк масиҳийлар ваъз қилганида Исо уларни йўналтириб турган, Яҳова эса ваъзгўйлик ишига барака берган. Масалан, мил. 33 йили Ҳосил байрамида тахминан 3 000 киши сувга чўмди. (Ҳавор. 2:41) Қолаверса, шогирдларнинг сони шиддат ила ўсишда давом этди. (Ҳавор. 6:7) Шундай бўлса-да, Исо охирзамонда ваъзгўйлик фаолияти янада ривож топишини башорат қилган. (Юҳан. 14:12; Ҳавор. 1:8) w21.05 14- саҳ., 1-, 2- хб.

Мен туфайли қоқинмаган киши бахтлидир. (Мат. 11:6, изоҳ)

Ҳақиқатни топганингизни тушунган пайтингиз эсингиздами? Сиз ишонган нарсаларни ҳар бир киши қабул қилишни истайди, деб ўйлагансиз. Муқаддас Китобдаги хушхабар ҳозирнинг ўзида уларга мазмунли ҳаёт кечиришга ва келажакка нисбатан ажойиб умидга эга бўлишга ёрдам беришига амин эдингиз. (Заб. 119:105) Шу боис, дўстларингизу қариндошларингизга ўзингиз билиб олган ҳақиқатларни катта иштиёқ билан айтиб бергансиз. Хўш, кейин нима бўлди? Кўплар айтганларингизни рад этганидан ҳайрон қолдингиз. Бошқалар хушхабарни рад этганидан ҳеч биримиз ҳайрон қолмаслигимиз керак. Исо Худонинг кўмагига эга эканини исботловчи мўъжизалар яратган бўлса-да, кўплар уни рад этган. Масалан, у Лазарни тирилтирган. Исога қарши чиққанлар бу мўъжизани инкор эта олмасди. Лекин яҳудий дин раҳбарлари айнан Исо Масиҳ эканига ишонмаган. Улар ҳатто Исони ва Лазарни ўлдирмоқчи бўлган. (Юҳан. 11:47, 48, 53; 12:9–11) w21.05 2- саҳ., 1-, 2- хб.

Йиғилишларимизни қолдирмайлик. Аксинча,.. бир-биримизга янада кўпроқ далда берайлик. (Иброн. 10:25)

Йиғилишларга мунтазам боришга жон куйдиринг. У ерда далдали дастурдан фойда оласиз ва биродару опа-сингиллар билан яхшироқ танишасиз. Жамоатдан сизга ўрнак бўла оладиган дўстларни изланг. Уларнинг ёши ёки келиб чиқиши сизникидан фарқ қилиши мумкин. Муқаддас Китобда «ҳикмат ёши улуғларда» экани айтилган. (Аюб 12:12) Ёши катталар ҳам садоқатли ёшлардан кўп нарсани ўрганиши мумкин. Масалан, Довуд Йўнатандан анча ёш эди, лекин бу улар яқин дўст бўлишига тўсқинлик қилмаган. (1 Шоҳ. 18:1) Довуд ва Йўнатан жиддий қийинчиликларга қарамай, бир-бирига Яҳовага хизмат қилишга ёрдам берган. (1 Шоҳ. 23:16–18) Ҳозирда ёлғиз ўзи Яҳовага хизмат қиладиган Ирина шундай деди: «Чиндан ҳам, биродару опа-сингилларимиз маънавий ота-она, ака-ука ва опа-сингилларимизга айланиши мумкин. Яҳова улардан фойдаланиб, эҳтиёжларимизни қондира олади». Дўстларингиз сизга далда беришни ва қўллаб-қувватлашни истайди. Бироқ улар буни қилиши учун сиз нимага муҳтож эканингизни билиши керак. w21.06 10-, 11- саҳ., 9–11- хб.

Сизлар ҳам чин юракдан биродарингизни кечирмасангиз, самовий Отам ҳам сизлар билан худди шундай муомала қилади. (Мат. 18:35)

Исо шоҳ ва қул ҳақида масал келтирган. Ўша шоҳ қули ҳеч қачон тўлай олмайдиган пулидан кечган. Кейинроқ ўша қул шеригига берган озгина қарзидан воз кечишни истамаган. Охирида эса шоҳ бераҳм қулни қамоқхонага ташлаган. Қулнинг ҳаракатлари нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам зарар келтирди. Биринчидан, ўша қул шеригига меҳрибонлик ва раҳм-шафқат кўрсатмай, «қарзини тўламагунча уни қамоққа ташлади». Иккинчидан, унинг ишини кўрган бошқа қулларга бу қаттиқ ботди. «Қуллар буни кўриб жуда ранжиди». (Мат. 18:30, 31) Шу сингари, бизнинг ишларимиз бошқаларга таъсир қилади. Кимдир бизга ёмон муомала қилаётган бўлса ва биз уни кечиришдан бош тортаётган бўлсак, нима юз бериши мумкин? Биринчидан, биз ўша кишини кечирмасак, назарга илмасак, севгини намоён этмасак, уни ранжитган бўламиз. Иккинчидан, жамоатдагилар ўша киши билан муносабатларимиз нотинч эканини пайқаса, улар ҳам ўзини ноқулай ҳис қилишига сабабчи бўламиз. w21.06 22- саҳ.,11-, 12- хб.

Ерни хароб этувчиларни [У] хароб қилади. (Ваҳ. 11:18)

Худога монанд қилиб яратилган инсонлар ахлоқсиз ишларга қўл урганда, Шайтон завқланади. Нуҳнинг даврида одамлар «қабиҳликка ботиб кетганини» кўрганида, «Яҳова ер юзида инсонни яратганига ачиниб, қалби эзилиб кетди». (Ибт. 6:5, 6, 11) Хўш, ўшандан бери вазият яхшиландими? Асло. Иблис жинсий ахлоқсизликнинг барча тури, жумладан, ўзга жинсдаги ва жинсдош одамлар орасидаги ахлоқсиз ишлар кенг тарқалаётганини кўриб, роса қувонаётгандир-а?! (Эфес. 4:18, 19) Шайтон, айниқса, Худонинг хизматчиларини гуноҳ тузоғига илинтира олса, жуда суюнади. Унинг бошқаруви остида нафақат «инсоннинг инсон устидан ҳукмронлик қилаётгани» зарар келтиряпти, балки Яҳова уларга ишониб топширган ер ва ҳайвонларга ҳам ғамхўрлик қилинмаяпти. (Воиз 8:9; Ибт. 1:28) Бу нимага олиб келади? Айрим олимларнинг айтишича, одамларнинг хатти-ҳаракати дастидан ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бир миллиондан ошиқ тури яқин бир неча йил давомида йўқ бўлиб кетиши мумкин. w21.07 12- саҳ., 13-, 14- хб.

[Яҳова] сидқидилдан кечиради. (Ишаё 55:7)

Худонинг баъзи хизматчилари ўтмишдаги хатолари туфайли ўзини ҳаддан ортиқ айбдор ҳис қилади. Улар тавба қилиб, ёмон йўлимдан қайтган бўлсам ҳам Яҳова мени кечирмайди, деб ўйлайди. Бу фикрлар сизга ҳам таниш бўлса, Худо хизматчиларига меҳр-садоқат кўрсатишни қаттиқ исташини билиш сизга ёрдам беради. Яҳовага қувонч ва пок виждон билан хизмат қила оламиз. Ҳа, бунинг имкони бор. Чунки «Унинг Ўғли Исонинг қони бизни ҳар қандай гуноҳдан пок қилади». (1 Юҳан. 1:7) Номукаммаллик туфайли қилган хатоларингиздан руҳингиз тушаётган бўлса, тавба қилсангиз, Яҳова сизни албатта кечиришини унутманг. Довуд меҳр-садоқатни ва кечиримли бўлишни ўзаро қандай боғлаганига эътибор қаратинг. У шундай деб ёзган: «Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, меҳр-садоқати ҳам Ундан қўрқадиганларга шунчалик буюкдир. Шарқ ғарбдан қанчалик узоқ бўлса, қилмишларимизни биздан шу қадар узоқлаштиради». (Заб. 103:11, 12) w21.11 5-, 6- саҳ., 12-, 13- хб.

Болалари туриб, уни олқишлайди, эри ҳам уни мақтайди. (Ҳик. 31:28)

Масиҳий эр хотинини эъзозлаши лозим. (1 Бутр. 3:7) Эъзозлаш бошқаларга ўзгача эътибор қаратишни ва ҳурмат қилишни ўз ичига олади. Масалан, эр рафиқасидан кучидан ортиғини талаб қилмайди. Қолаверса, уни бошқа аёллар билан солиштирмайди. Эр бундай қилса, бу хотинига қандай таъсир қилиши мумкин? Роза исмли опамизнинг эри Яҳованинг Шоҳиди эмас ва у кўпинча опамизни бошқа аёллар билан солиштиради. Унинг бемеҳр сўзлари дастидан Роза нафақат ўзини ёмон ҳис қиларди, балки кимдир уни яхши кўришига деярли ишонмай қўйди. У қуйидагича деди: «Яҳова мени қадрлашини билишга тез-тез муҳтож бўлардим». Бундан фарқли равишда, масиҳий эрдан хотинини эъзозлаш кутилади. Эр бундай йўл тутиш хотини ва Яҳова билан бўлган муносабатларига таъсир қилишини билади. Хотинини эъзозлайдиган эр унга бўлган севгисини изҳор қилади ва уни мақтайди. w21.07 22- саҳ., 7-, 8- хб.

Сабр билан кутаман. (Михо 7:7)

Дўстингиз сизга жуда керак бўлган нарсани вақтида олиб келмаса, кўнглингиз тушадими? Бироқ у нега вақтида келмаганининг асосли сабаблари бўлганини билсангиз, уни бажонидил кутасизми? Ҳикматлар 21:5 да сабр-тоқатли бўлишимиз кераклиги борасида: «Шошқалоқлар... камбағалликка юз тутади»,— дейилган. Бу оятдан нимани ўрганяпмиз? Доно киши бирон ишни пухта ва шошмай қилса, яхши натижага эришади. Ҳикматлар 4:18 да: «Одилнинг сўқмоғи тонг шафағи кабидир, у туш пайтига қадар ёришиб бораверади»,— деб ёзилган. Бу сўзлар Яҳова хизматчиларига Ўз ниятларини аста-секин очиб беришини кўрсатяпти. Қолаверса, улар масиҳий қандай қилиб ҳаётига ўзгаришлар киритишини ва Яҳовага яқинлашишини тушунишимизга ёрдам беряпти. Бир зумда маънан улғайиб бўлмайди. Бунинг учун вақт керак. w21.08 8- саҳ., 1-, 3-, 4- хб.

Мен бораман! Мени юбор! (Ишаё 6:8)

Ушбу замонанинг охири яқинлашар экан, қиладиган ишларимиз бисёр. (Мат. 24:14; Луқо 10:2; 1 Бутр. 5:2) Барчамиз Яҳовага иложи борича кўпроқ хизмат қилишни истаймиз. Кўпчилик хизматини кенгайтиряпти. Баъзилар доимий кашшоф бўлиб хизмат қилишни истайди. Яна бошқалар эса Байтилда хизмат қилишни ёки ташкилотимизнинг қурилиш лойиҳаларида қатнашишни хоҳлайди. Сон-саноқсиз биродарлар жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлиб хизмат қилиш учун талабларга мос келишга интилади. (1 Тим. 3:1, 8) Халқи орасида тайёрлик руҳини намоён этаётганларни кўриш Яҳовага қувонч келтиради! (Заб. 110:3) Айрим маънавий мақсадларга ҳали эриша олмаганингиз туфайли руҳингиз тушдими? Агар шундай бўлса, ташвишингизни Яҳова билан бўлишинг. (Заб. 37:5–7) Қолаверса, маънан етук биродарлардан хизматда қай йўсин яхшиланишингиз мумкинлиги борасида маслаҳат сўранг. Сўнг унга амал қилиш учун жон куйдиринг. Шундай қилиб, шарафли вазифага эга бўлишингиз ёки мақсадингизга етишингиз мумкин. w21.08 20- саҳ., 1- хб.; 21- саҳ., 4- хб.

Яҳова... Унга содиқ бўлганларни тарк этмайди. (Заб. 37:28)

Бева пайғамбар аёл Анна 84 ёшда бўлиб «маъбадни ҳеч тарк этмасди». Анна доимо маъбадга боргани учун Яҳова унга барака берди ва чақалоқ бўлган Исони кўришга уни сазовор деб топди. (Луқо 2:36–38) Ҳозирги кунда кўпдан-кўп садоқатли ёши улуғ биродару опаларимиз ёшлар учун аъло ўрнак. Улар билан яқиндан танишсак ва Яҳованинг ташкилотида ҳис қилган қувончлари ҳақида айтганларида тинглаш учун вақт ажратсак, кўпдан-кўп фойда оламиз. Кекса биродару опаларимиз Яҳованинг ташкилотида муҳим аҳамиятга эга. Бундай имондошларимиз Яҳова Ўз ташкилотига ва уларга кўп йўллар орқали барака ато этганининг гувоҳи бўлган. Улар йўл қўйган хатоларидан муҳим сабоқлар олган. Уларни «донолик чашмаси» деб билинг ва тажрибасидан фойда олинг. (Ҳик. 18:4) Улар билан яқиндан танишиш учун вақт ажратсангиз, имонингиз мустаҳкамланади. w21.09 3- саҳ., 4- хб.; 4- саҳ., 7-, 8- хб.; 5- саҳ., 11-, 13- хб.

Озгина одамдан мингта одам, кичик халқдан қудратли халқ пайдо бўлади. (Ишаё 60:22)

Ишаё айтганидек, «халқлар сути» Худонинг халқига фойда келтирмоқда. (Ишаё 60:5, 16) Ҳақиқатни қабул қилаётган ва турли қобилияту маҳоратга эга бўлган ушбу хазинадай бўлган эркагу аёллар ёрдамида 240 та мамлакат ва ҳудудларда ваъзгўйлик фаолияти олиб борилмоқда ҳамда адабиётлар 1 000 дан зиёд тилда чоп этилмоқда. Ушбу охирзамонда халқлар ларзага солинаётгани, яъни хабар ваъз қилинаётгани туфайли одамлар қарор чиқаришга мажбур бўляпти. Улар Худонинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлайдими ёки бу дунёдаги ҳукмронларга умид боғлайдими? Ҳар бир инсон бу танлов олдида туради. Яҳованинг хизматчилари давлат қонунларига итоатли бўлса-да, бу дунёдаги сиёсий ишлар борасида бутунлай бетарафликни сақлайди. (Рим. 13:1–7) Улар барча инсонларнинг муаммоларини фақат Самовий Шоҳлик ҳал қила олишини билади. Ушбу Шоҳлик бу дунёдан эмас. (Юҳан. 18:36, 37) w21.09 17-, 18- саҳ., 13-, 14- хб.

Юрагингизни Унга тўкиб солинг. (Заб. 62:8)

Сиз яхши кўрган инсон Яҳовадан юз ўгирса, маънавийлигингизни ва оила аъзоларингизни мустаҳкамлашда давом этиш муҳим. Хўш, буни қай йўсин қила оласиз? Муқаддас Китобни мунтазам ўқиш, устида мулоҳаза юритиш ва йиғилишларга қатнаш орқали Яҳовадан куч олинг. Отаси ва онаси ҳақиқатдан юз ўгирган Жоанна шундай деди: «Муқаддас Китобда Обигайл, Эстер, Аюб, Юсуф ва Исо ҳақида ўқиганимда, хотиржамликни ҳис қиламан. Уларнинг мисоллари қалбимнию онгимни ижобий фикрлар билан тўлдириб, оғриғимга малҳам бўлади». Руҳингиз тушганда тинмай ибодат қилинг. Бу вазиятга меҳрибон Тангримиз каби қарай олиш учун Ундан ёрдам сўранг. У сизга «ақл-идрок ато этиб, юрадиган йўлингизни» кўрсатиши учун ёлвориб ибодат қилинг. (Заб. 32:6–8) Тўғри, ўзингизни аслида қандай ҳис қилаётганингизни Яҳовага айтиш жуда оғриқли бўлар. Аммо Яҳова қалбингизда нималар кечаётганини яхши тушунади. Яҳова юрагингизни Унга тўкиб солишингизни истайди. (Чиқ. 34:6; Заб. 62:7) w21.09 28- саҳ., 9-, 10- хб.

Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар. (Мат. 17:5)

Мил. 32 йили Фисиҳдан кейин ҳаворий Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно ажойиб бир ваҳий кўрди. Улар баланд тоғда, эҳтимол, Хермон тоғида турганди. У ерда Исонинг қиёфаси ўзгарди. Унинг «юзи қуёш каби ярқиради, устки кийимидан эса нур тарала бошлади». (Мат. 17:1–4) Ҳаворийлар Худо қуйидагиларни айтганини эшитди: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, ундан мамнунман. Унга қулоқ солинглар». Бу учта ҳаворий ҳаёти давомида Исога қулоқ солганини исботлади. Биз ҳам уларнинг ўрнагига тақлид қилишни истаймиз. Яҳова жамоатнинг боши Исо Масиҳ орқали севгига тўла йўл-йўриқлар бераётганидан миннатдормиз. (Эфес. 5:23) Ҳаворий Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно каби унга «қулоқ солиш» қароримиз қатъий бўлсин. Бундай қилиб, ҳозирнинг ўзида кўп баракаларга ва келажакда чексиз бахтга эга бўламиз. w21.12 22- саҳ., 1- хб.; 27- саҳ., 19- хб.

Сенга етарлича тарбия бераман. (Ерм. 30:11)

Коринфдаги масиҳий отасининг хотини билан ахлоқсиз ҳаёт тарзини кечирган. Ҳаворий Павлус Коринфдаги жамоатга уни четлатиш кераклигини айтди. Ўша одам ахлоқсиз ҳаёт тарзини кечириб, жамоатдагиларга ёмон таъсир қилаётганди. Жамоатдаги баъзилар буни жиддий гуноҳ сифатида ҳам кўрмаётган эди. (1 Кор. 5:1, 2, 13) Вақт ўтгач, Павлус ўша киши чин дилдан тавба қилганини билиб олган. У оқсоқолларга: «У кишини чин дилдан кечириб, тасалли беринглар»,— деган. У бундай деб айтганининг сабабига эътибор беринг: «Тағин у ортиқча ғамга ботмасин». Павлус ўша тавба қилган кишига ачинган. У ўша киши қилмиши дастидан ортиқча ғамга ботишини ва қалби ўксиб қолишини ҳамда кечирилиш имконини изламай қўйишини истамаган. (2 Кор. 2:5–8, 11) Оқсоқоллар Яҳовага тақлид қилиб, раҳм-шафқат кўрсатишни яхши кўради. Улар керак бўлганида, гуноҳ қилган кишига қатъийлик ила танбеҳ беради, лекин ўринли бўлганида, раҳм-шафқат ҳам кўрсатади. Акс ҳолда, бу раҳм-шафқат эмас, гуноҳга кўз юмиш бўларди. w21.10 11- саҳ., 12–15- хб.

Халқингиз ўғилларидан ўч олманглар ва уларга кек сақламанглар. (Лев. 19:18)

Яраланган туйғуларни том маънодаги жароҳатларга ўхшатиш мумкин. Баъзилари кичик, бошқалари эса каттароқ бўлар. Айтайлик, сабзавотларни арчиётганда, бармоғимизни кесиб олдик. Тўғри, бу оғриқли бўлади, лекин бир ёки икки кундан кейин балки қаеримиз кесилганини ҳатто билмай қолармиз. Шунга ўхшаб, бизга қарши қилинган баъзи нарсалар унчалик муҳим эмасдир. Масалан, дўстимиз бизни ранжитадиган гаплар айтиши ёки нимадир қилиши мумкин. Бироқ уни осонликча кечирамиз. Аммо жароҳатимиз жиддийроқ бўлса, шифокорга мурожаат қиламиз. У жароҳатланган жойни тикиб, бинт билан боғлаб қўяди. Жароҳатланган жойни ҳадеб тегаверсак, фақат ўзимизга зарар етказамиз. Афсуски, қаттиқ хафа бўлган инсон шундай қилиши мумкин. У қанчалик қаттиқ хафа бўлгани ва уни ранжитишгани ҳақида тинмай ўйлар. Аммо кек сақлаган киши фақат ўзига зиён келтиради. Бугунги оятдаги маслаҳатга амал қилсак яхшироқ бўларди. w21.12 12- саҳ., 15- хб.

Нега биродарингизни ҳукм қиласиз? (Рим. 14:10)

Айтайлик, оқсоқол имондошининг кийиниш тарзи ва пардоз-андозидан бироз хавотирланяпти. У ўзига шундай савол бериб кўриши мумкин: «Имондошимга бирон нима айтиш учун Муқаддас Китоб асосида сабабим борми?» Оқсоқол вазиятга кенгроқ қарашни истаб, бошқа оқсоқол ёки маънан етук масиҳий билан фикрларини бўлишар. Улар кийиниш ва пардоз масаласидаги Павлуснинг маслаҳатларини биргаликда кўриб чиқиши мумкин. (1 Тим. 2:9, 10) У кенг қамровли принципларни келтирган. Уларга кўра, масиҳийлар муносиб тарзда, фаҳм-фаросат ва ор-номус билан кийиниши керак. Павлус нима мумкин ва нима мумкин эмаслиги борасида қоидалар рўйхатини келтирмаган. Аксинча, у ҳар бир масиҳий Муқаддас Китоб принципларини қўллаб, дидига мос равишда кийинишга ҳақли эканини тушунган. Шу боис, оқсоқоллар кишининг танлови у фаҳм-фаросатли ва ор-номусли эканини кўрсатяптими ё йўқми ўйлаб кўриши керак. Иккита маънан етук масиҳий ҳар хил қарор чиқариши мумкинлигини ёдда тутсак яхши бўларди. Лекин бу улардан бири тўғри, бошқаси эса нотўғри йўл тутишини англатмайди. Бизнинг фикримизча тўғри бўлган меъёрларни имондошларимизга ўтказмаслигимиз керак. w22.02 16- саҳ., 9-, 10- хб.

Бир-бирингизга меҳр-садоқат ва раҳм-шафқат билан муомалада бўлинглар. (Закр. 7:9)

Бир-биримизга меҳр-садоқат кўрсатиш учун ажойиб сабабларимиз бор. Хўш, улардан баъзилари қандай? Бунинг жавобини Муқаддас Китобдаги ҳикматли сўзлардан топишимиз мумкин. «Вафо билан меҳр-садоқатдан айрилма... Шунда Тангри ва инсонлар назарида илтифот топиб, фаҳм-фаросатли бўлиб таниласан». «Меҳр-садоқатли одамнинг жони ором топади». «Адолату меҳр-садоқатга интилган ҳаётга... сазовор бўлади». (Ҳик. 3:3, 4; 11:17, изоҳ; 21:21) Ушбу ҳикматли сўзларда меҳр-садоқат кўрсатишимиз кераклигининг учта сабаби бор. Биринчиси, бу фазилатни кўрсатсак, Яҳованинг назарида қадрли бўламиз. Иккинчиси, меҳр-садоқат кўрсатиб ўзимиз фойда оламиз. Масалан, бошқалар билан яқин дўст тутинамиз. Учинчиси, келажакда баракаларга, жумладан, абадий ҳаётга эга бўламиз. Дарҳақиқат, Яҳованинг: «Бир-бирингизга меҳр-садоқат ва раҳм-шафқат билан муомалада бўлинглар»,— деган эслатмасига амал қилиш учун етарлича сабабларимиз бор. w21.11 8- саҳ., 1-, 2- хб.

Имонимизга имон қўшинг. (Луқо 17:5)

Ўтмишдаги ёки ҳозирги синовлар туфайли имонингиз етарлича мустаҳкам эмаслигини пайқаган бўлсангиз, руҳингиз тушмасин. Буни имонингизни мустаҳкамлаш имконияти деб билинг. Айниқса, оғир пайтда Яҳовага чин дилдан ибодат қилинг. У керакли нарсаларни оила аъзолар ёки дўстлар орқали беришини унутманг. Яҳова ҳозирги синовларни енгишингизга ёрдам беришига йўл қўйсангиз, келажакдаги ҳар қандай қийинчиликни енгишингизга ёрдам беришига амин бўласиз. Исо шогирдларига ҳаётининг қайси соҳаларида уларга имон етишмаётганини кўришга ёрдам берган. Аммо у улар Яҳованинг ёрдами билан келажакдаги синовларни муваффақият ила енгишига асло шубҳаланмаган. (Юҳан. 14:1; 16:33) Исо улкан оломон мустаҳкам имон ёрдамида буюк мусибатдан омон қолишига ишонган. (Ваҳ. 7:9, 14) Ҳозир имонингизни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун барча имкониятдан фойдалансангиз, албатта улар орасида бўласиз! (Иброн. 10:39) w21.11 25- саҳ., 18-, 19- хб.

Яҳованинг фариштаси Ундан қўрқадиганлар атрофида қароргоҳ қуради. (Заб. 34:7)

Ҳозирги кунда Худо бизни мўъжизавий тарзда ҳимоя қилишини кутмаймиз. Лекин Яҳовага таянган инсон абадулабад азоб чекмаслигини биламиз. Яқин келажакда Яҳова бизни ҳимоя қилишига бўлган ишончимиз синалади. Магўг юртидаги Гўг, яъни халқлар иттифоқи Худонинг халқига ҳужум қилганида ҳаётимиз гўёки хавф остида қолгандай кўринади. Бироқ Яҳова бизни ҳимоя қила олишига ва шундай ҳам қилишига ишончимиз комил бўлиши даркор. Биз халқларнинг назарида ҳеч кими йўқ ҳимоясиз қўйлардай бўламиз. (Ҳиз. 38:10–12) Чунки жанг қилишга ўрганмаганмиз ва қўлимизга қурол олмаймиз. Халқлар бизга тайёр ўлжадек қарайди. Сабаби, улар Худонинг халқи атрофида қароргоҳ қурган ва бизни ҳимоя қилишга тайёр фаришталарни кўра олмайди. Ахир улар биз каби имон кўзлари билан қарамайди. Самовий қўшин биз учун жанг қилганида, улар эсанкираб қолади. (Ваҳ. 19:11, 14, 15) w22.01 6- саҳ., 12-, 13- хб.

Имондошларингизни севинглар. (1 Бутр. 2:17)

Биродару опа-сингилларимизнинг барчаси Яҳова учун муҳим экан, улар биз учун ҳам муҳим бўлиши керак. Улар ўзини севимли ҳис этиши учун ҳаракат қилишимиз ва уларни хафа қилишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бирон кимни хафа қилганимиздан ёки ранжитганимиздан хабар топсак, ўша одам ҳамма нарсани кўнглига яқин олар экан, у нуқтаи назарини ўзгартириши керак, деб бунга шунчаки кўз юммаслигимиз даркор. Нега баъзилар хафа бўлиши мумкин? Эҳтимол, бунга уларнинг келиб чиқиши сабабдир ёки айрим биродару опа-сингилларимиз ўзлари ҳақида жуда паст нуқтаи назарда бўлади. Айримлар эса ҳақиқатга яқинда келган ва одамларнинг номукаммаллигига тўғри муносабатда бўлишга ҳали ўрганмаган. Хуллас, сабаби қандай бўлмасин, тинчликни ўрнатиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак. Қолаверса, киши тез-тез хафа бўлишга мойил бўлса, у шахсиятининг ёқимсиз қирраси устида ишлаши кераклигини тушуниши лозим. У буни ўз хотиржамлиги ва бошқаларнинг манфаатини кўзлаб қилиши даркор. w21.06 21- саҳ., 7- хб.

Яҳова Уни чақираётган кишиларга, Уни чин қалбдан чақираётганларга яқиндир. (Заб. 145:18)

Исо ҳис-туйғуларимизни тушунади. Тушкунликка тушганимизда, бизга тасалли берадиган ва ҳамдард бўла оладиган дўстимиз ёнимизда бўлишини хоҳлаймиз. Айниқса, у бизникига ўхшаган қийинчиликларни бошдан ўтказган бўлса, айни муддао бўлади. Исони шундай дўстлар қаторига қўшсак бўлади. У заифлик ва ёрдамга муҳтож бўлиш нима эканини яхши тушунади. У номукаммал эканимизни тушунади ва ёрдамга муҳтож бўлганимизда, уни ўз вақтида олишимизга ғамхўрлик қилади. (Иброн. 4:15, 16) Гетсемания боғида Исо фариштадан ёрдамни қабул қилганидай, биз ҳам Яҳова турли йўллар, масалан, адабиёт, видео, нутқ, далдали ташриф ёки маънан етук дўстимиз орқали берган ёрдамни бажонидил қабул қилишимиз керак. (Луқо 22:39–44) Яҳова сизга тинчлик бериб, мустаҳкамлайди. Ибодат қилганимизда, «ҳар қандай ўй-фикрдан устун бўлган Худонинг тинчлигига» эга бўламиз. (Филип. 4:6, 7) w22.01 18-, 19- саҳ., 17–19- хб.

Улар... ҳаворийлар... чиқарган қарорларни етказишган. (Ҳавор. 16:4)

Яҳова ҳамиша тўғри йўл тутишига аминмиз. Аммо У ер юзида тайинлаган кишиларга ишониш биз учун қийин бўлар. Яҳованинг ташкилотида муайян ҳокимиятга эга бўлган кишилар айнан Унинг йўл-йўриғига биноан йўл тутяптими ёки ўз фикрига асосланиб бундай қиляптими, деб ўйлашимиз мумкин. Муҳим ҳақиқат шуки, Яҳова ишонган ва ер юзида тайинлаган кишиларга ишонмасак, демак, Унга ишонмаяпмиз. Ҳозирда Яҳова ташкилотининг ер юзидаги қисмини «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали бошқаряпти. (Мат. 24:45) Биринчи асрдаги етакчи кенгаш сингари бу хизматкор ҳам Худонинг ер юзидаги хизматчиларига бош-қош бўляпти ва оқсоқолларга йўл-йўриқ беряпти. Оқсоқоллар ўз навбатида бу йўл-йўриқларни жамоатларга етказяпти. Ташкилот ва оқсоқоллар бераётган йўл-йўриқларга амал қилиш орқали Яҳова доим тўғри йўл тутишига ишонаётганимизни кўрсатамиз. w22.02 4- саҳ., 7-, 8- хб.

Яхшилик қилишдан безмайлик. (Галат. 6:9)

Яҳованинг Шоҳиди эканимиздан жуда бахтиёрмиз ва бу билан фахрланамиз. «Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлган» киши Исонинг шогирди бўлса, роса қувонамиз. (Ҳавор. 13:48) Исонинг туйғулари бизга ҳам таниш. Шогирдлари ваъзгўйликдан хурсанд бўлиб қайтганида, у «қувончга ва муқаддас руҳга тўлган». (Луқо 10:1, 17, 21) Ҳаворий Павлус Тимўтийни: «Ўзингга ва қандай таълим бераётганингга ҳамиша диққатли бўл»,— деб ундаган. У гапини давом эттириб шундай деган: «Бундай йўл тутаверсанг, ҳам ўзингни, ҳам сени тинглаётганларни қутқарасан». (1 Тим. 4:16) Ҳа, ваъзгўйлик иши ҳаёт-мамот масаласидир. Худо Шоҳлигининг фуқаролари бўлганимиз учун ўзимизга доим диққатли бўлишни истаймиз. Ваъз қилаётган хушхабарга мувофиқ яшаб, ҳаёт тарзимиз билан Худони шарафлаймиз. (Филип. 1:27) Ваъзгўйликка чиқишдан олдин яхши тайёргарлик кўриб ва Яҳовадан барака беришини сўраб, бу ишга жиддий ёндашаётганимизни кўрсатамиз. w21.10 24- саҳ., 1-, 2- хб.

Янги ўзликни кийиб олинглар. (Колос. 3:10)

«Янги ўзлик» Яҳованинг шахсиятига хос тарзда фикр юритишни ва ҳаракат қилишни англатади. Бундай одам муқаддас руҳ самарасини амалда кўрсатиш, Худонинг руҳи унинг фикрлари, ҳис-туйғулари ва ҳаракатларига таъсир қилишига йўл қўйиш орқали янги ўзликни кийиб олади. Масалан, у Яҳовани ва Унинг халқини севади. (Мат. 22:36–39) Бундай одам ҳатто қийинчиликлар билан курашганида хурсандчиликни йўқотмайди. (Ёқб. 1:2–4) У тинчлик пайида бўлади. (Мат. 5:9) Қолаверса, бошқалар билан муомала қилганида сабр ва меҳрибонликни кўрсатади. (Колос. 3:13) Шунингдек, у яхшилик қилишни хуш кўради ва буни амалда намоён этади. (Луқо 6:35) У хатти-ҳаракатлари билан самовий Отасига қаттиқ ишонишини кўрсатади. (Ёқб. 2:18) Бундан ташқари, ҳатто таранг вазиятларда мулойимлик ва ўзини тута билиш фазилатларини намоён этади. (1 Кор. 9:25, 27; Титус. 3:2) Янги ўзликни кийиш учун Галатияликларга 5:22, 23 да ва бошқа оятларда тилга олинган ҳамма фазилатларни ривожлантиришимиз керак. w22.03 8-, 9- саҳ., 3-, 4- хб.

Менга тақлид қилинглар. (1 Кор. 11:1)

Оқсоқоллар нафақат уйма-уй ваъз қилиб, балки ҳар фурсатдан унумли фойдаланиб шоҳидлик бериш орқали ҳаворий Павлусга тақлид қилиши мумкин. (Эфес. 6:14, 15) Оқсоқоллар Павлус каби хизматда бошқаларга, жумладан, жамоат хизматкорларига таълим бериш учун вақт ажратади. (1 Бутр. 5:1, 2) Бироқ оқсоқоллар ваъзгўйликда иштирок этиш учун вазифалари билан ҳаддан ортиқ банд бўлмаслиги керак. (Мат. 28:19, 20) Улар мувозанатли бўлиш учун баъзида айрим вазифаларини рад этишига тўғри келиши мумкин. Бу борада фикр юритиб, ибодат қилгандан кейин улар муайян вазифаларни бажарса, муҳимроқ ишлар четда қолишини англаб етар. Муҳимроқ ишларга оилавий топиниш ўтказиш, ваъзгўйлик ишида тўлиқ қатнашиш ёки фарзандларини бунга ўргатиш киради. Улар шунга амин бўлиши мумкинки, барча нарсада мувозанатни сақлаш истагини Яҳова яхши тушунади. w22.03 27- саҳ., 4-, 7- хб.; 28- саҳ., 8- хб.

Сизларни ўлдиришга қурби етадиган, аммо келажакдаги ҳаётдан маҳрум эта олмайдиган одамлардан қўрқманглар. (Мат. 10:28)

Яҳованинг Шоҳиди бўлишдан бироз қўрққан пайтингиз эсингиздами? Бошқаларга ҳеч қачон ваъз қила олмайман, деб ўйлагандирсиз. Ёки, эҳтимол, оила аъзоларингиз ё дўстларингиз сизга қарши чиқиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қўрққандирсиз. Тадқиқ ўтаётган киши ҳам шу кабиларга дуч келаётган бўлса, унинг туйғулари сизга ҳам танишдир. Исо баъзи одамлар бу каби қўрқувларга дуч келиши мумкинлигини айтган. Бироқ у издошларини бундай қўрқув уларни Яҳовага хизмат қилишдан тўхтатишига йўл қўймасликка ундаган. (Мат. 10:16, 17, 27) Тадқиқ ўтувчини билиб олаётганлари билан бўлишишга аста-секин ўргатинг. Исо шогирдларини ваъз қилишга жўнатганида, эҳтимол, улар хавотирланишгандир. Аммо Исо уларга кимга ва нима тўғрисида ваъз қилишни айтиб ёрдам берган. (Мат. 10:5–7) Хўш, Исога қай йўсин тақлид қила оласиз? Тадқиқ ўтувчига кимга ваъз қилиши мумкинлигини тушунишга ёрдам беринг. Масалан, ундан Муқаддас Китобдаги биронта ҳақиқатни айнан кимга айтмоқчи эканини сўранг. Ҳақиқатни бўлишишнинг осон йўлини кўрсатиш орқали тайёрланишига кўмаклашинг. w21.06 6-, 7- саҳ., 15-, 16- хб.

Ҳамма халқларни ларзага соламан, барча миллатлардан хазиналар шу уйга келади. (Хаг. 2:7)

«Бир неча дақиқа ичида дўконлару эски бинолар қулай бошлади». «Ҳар ерда ваҳима кўтарилганди... Кўплар бу тахминан икки дақиқа давом этганини айтди. Мен учун эса бу узоқ вақт давом этгандай туюлганди». Бу фикрларни 2015 йил Непалдаги зилзиладан омон қолган баъзи инсонлар билдирган эди. Лекин ҳозирнинг ўзида ларзага солаётган ўзгача воқеани бошдан кечиряпмиз. У бутун дунёдаги ҳамма халқларни ларзага соляпти. Хаггей пайғамбар шундай башорат қилган: «Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Оз қолди, яна бир бор осмону ерни... ларзага соламан”». (Хаг. 2:6) Хаггей тасвирлаган бу жараён фақат вайронагарчилик олиб келадиган том маънодаги зилзила эмас. Аксинча, у яхши натижалар келтиряпти. Яҳованинг Ўзи шундай демоқда: «Ҳамма халқларни ларзага соламан, барча миллатлардан хазиналар шу уйга келади ва Мен уни улуғворликка тўлдираман». w21.09 14- саҳ., 1–3- хб.

Синовларга дуч келганимда сизлар мен билан бўлгансизлар. (Луқо 22:28)

Кимдир билан дўст тутинишни хоҳласангиз у билан тез-тез ва чин юракдан мулоқот қилиб туриш керак. Яҳова билан дўстлик ҳақида гап кетганда ҳам худди шундай. Ибодатда ҳис-туйғуларимиз, фикрларимизу ташвишларимиз билан бўлишганда Унга ишонаётганимизни ва У бизни севишини билишимизни кўрсатамиз. (Заб. 94:17–19; 1 Юҳан. 5:14, 15) Садоқатли дўстлар билан мулоқот қилинг. Улар Яҳовадан ҳадядир. (Ёқб. 1:17) Бизни «ҳамма вақт севадиган» биродару опа-сингиллардан иборат маънавий оилани тақдим этиб, самовий Отамиз ҳар биримизга шахсий қизиқиш кўрсатмоқда. (Ҳик. 17:17) Ҳаворий Павлус Колосаликларга йўлланган мактубда уни қўллаб-қувватлаган муайян масиҳийларни тилга олган ва улар ҳақида «менга яхшигина тасалли беришган», деб айтган. (Колос. 4:10, 11) Ҳатто Исо Масиҳ ҳам ўзгаларнинг, яъни фаришталару одамларнинг ёрдамига муҳтож эди ва уларнинг кўмаги учун миннатдор бўлган. (Луқо 22: 43) Маънан етук дўстимиз билан ташвишларни бўлишиш заифликнинг белгиси эмас, аксинча, бу ҳимоя бўлиши мумкин. w21.04 24-, 25- саҳ., 14–16- хб.

Севги ҳар нарсани кўтаради, ҳамма нарсага ишонади, ҳар нарсага умид қилади, ҳамма нарсага чидайди. (1 Кор. 13:7)

Айтайлик, имондошингизнинг хатти-ҳаракати кўнглингизни оғритди. У билан тинчликни ўрнатиш учун қўлингиздан келганича жон куйдиринг. Яҳовага сидқидилдан ибодат қилинг. У ўша кишига барака беришини ва унинг ижобий тарафларини — Яҳова яхши кўрадиган фазилатларини кўришингизга ёрдам беришини сўранг. (Луқо 6:28) Биродарингиз сизга нима қилганини унута олмасангиз, у билан гаплашиб олишнинг энг яхши йўли тўғрисида ўйлаб кўринг. Биродарингиз ҳеч қачон сизни атайин хафа қилмаслиги ҳақида ўйлаш доим яхшидир. (Мат. 5:23, 24) У билан гаплашганда, ниятлари яхши эканини унутманг. Агар у тинчлик ўрнатишни истамаса-чи, унда нима қиласиз? Унга нисбатан «чидамли бўлинг». Биродарингиздан умидингизни узманг. (Колос. 3:13) Энг муҳими, ҳеч қачон ундан ғазабланиб юрманг, чунки бу Яҳова билан бўлган дўстона муносабатларингизга зарар келтириши мумкин. Бирон нима сизни ранжитишига сабаб бўлишига йўл қўйманг. Шу йўсин, Яҳовани ҳар нарсадан кўра кўпроқ севишингизни кўрсатасиз. (Заб. 119:165) w21.06 23-, 24- саҳ., 15- хб.