Асосий материалларга ўтиш

Мундарижага ўтиш

Май

Душанба, 1 май

Май

[Исо] сабр-тоқат қилди. Сизлар бу ҳақда ўйланглар. (Иброн. 12:3)

Яҳова Ўғлини яхшироқ таниб-билишимизга кўмаклашиш учун унинг ердаги ҳаёти ва хизмати ҳақида ёзилган тўртта китобни севги ила Ўз Каломида тақдим этган. Улардан Исонинг гапларини, ишларини ва ҳис-туйғуларини билиб оламиз. Бу тўртта китоб Исонинг мисоли ҳақида ўйлашга кўмаклашади. Дарҳақиқат, улар Исо ўзидан кейин қолдирган изларни ўз ичига олади. Шу боис, Инжилни тадқиқ қилиб Исони яхшироқ таниб-билишимиз мумкин. Натижада, унинг изидан оғмай юра оламиз. Исо ҳақидаги баёнотлардан тўлиқ фойда олиш учун уларни шунчаки ўқишдан кўпроғини қилишимиз даркор. Уларни сидқидилдан тадқиқ қилишга ва устида чуқур мулоҳаза юритишга вақт ажратишимиз керак. (Ёшуа 1:8 ни, изоҳни солиштиринг.) Инжил баёнотларини жонлантиринг. Тасаввурингизни ишга солиб, юз берганларни кўришга, эшитишга ва ҳис қилишга интилинг. Яҳованинг ташкилоти тақдим этган адабиётлар ёрдамида тадқиқ ўтказинг. w21.04 4-, 5- саҳ., 11–13- хб.

Биз... устунга михланган Масиҳ ҳақида ваъз қиляпмиз. Бу яҳудийлар учун қоқинтирадиган тош. (1 Кор. 1:23)

Исо ер юзига келишидан юз йиллар олдин Яҳованинг Каломида Масиҳга 30 шекел кумуш эвазига хиёнат қилиниши башорат қилинган. (Закр. 11:12, 13) Исога хиёнат қиладиган киши унинг яқин дўстларидан бири бўлиши керак эди. (Заб. 41:9) Шунингдек, Закариё пайғамбар: «Чўпонга зарба бер, қўйлар тарқалиб кетсин»,— деб башорат қилган. (Закр. 13:7) Ушбу ҳодисаларни кўрган самимий инсонлар қоқинмаслиги, аксинча, барча башоратлар Исода амалга ошаётганини кўриб, имони янада мустаҳкамланиши керак эди. Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Кўплар таниган бир нечта Яҳованинг Шоҳиди ҳозирда ҳақиқатдан юз ўгириб, муртадга айланган ва бошқаларни ҳам йўлдан уришга ҳаракат қилмоқда. Улар Яҳованинг Шоҳидлари ҳақида оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет орқали салбий янгилик, қисман рост бўлган маълумот ва ғирт ёлғонларни тарқатмоқда. Лекин самимий инсонлар бундан қоқинмайди, аксинча, улар шу каби воқеалар содир бўлиши Муқаддас Китобда башорат қилинганини тушунади. (Мат. 24:24; 2 Бутр. 2:18–22) w21.05 11- саҳ., 12- хб.; 12- саҳ., 18- хб.; 13- саҳ., 19- хб.

Одилнинг сўқмоғи тонг шафағи кабидир, у туш пайтига қадар ёришиб бораверади. (Ҳик. 4:18)

Муқаддас Ёзувларда вақт ўтиб аниқ билим ортиши ҳақида очиқ-ойдин айтилган. (Колос. 1:9, 10) Яҳова ҳақиқатни аста-секин очиб беряпти ва биз ҳақиқат нури ёришиб боришини сабр ила кутишимиз даркор. Етакчи кенгаш ҳақиқат борасида муайян тушунчамизга ойдинлик киритиш кераклигини англаганида, уни шу заҳотиёқ ўзгартиради. Кўп черковлар ўз аъзоларига маъқул келишни ёки бу дунёда таниқли бўлишни хоҳлагани учун таълимотларига ўзгариш киритади. Аммо биз, Яҳованинг Шоҳидлари, Худо билан яқин муносабатларга эга бўлишни ва Исо каби Унга топинишни хоҳлаганимиз учун ўзгаришлар киритамиз. (Ёқб. 4:4) Уларни бу дунёдаги одамларнинг фикри ўзгаргани учун эмас, Муқаддас Китобни яхшироқ тушунганимиз учун киритамиз.Чунки ҳақиқатни яхши кўрамиз! (1 Салон. 2:3, 4) w21.10 22- саҳ., 12- хб.

Барча ғам-ташвишларингизни Унга ташланглар. (1 Бутр. 5:7)

Ўзингизни ёлғиз ҳис қилсангиз, нима қила оласиз? Яҳова сизни қай йўсин қўллаб-қувватлаётганига диққат қаратинг. (Заб. 55:22) Бу сизга вазиятингизга мувозанатли нуқтаи назарни сақлашга кўмаклашади. Ўзини ёлғиз ҳис қилаётган имондошларимизга Яҳова қандай ёрдам бераётгани ҳақида ўйланг. (1 Бутр. 5:9, 10) Кўп йиллардан бери оилада ёлғиз ўзи Яҳовага хизмат қилиб келаётган Хироши исмли биродаримиз қуйидагича бўлишди: «Барчамиз Яҳовага хизмат қилиш учун энг аълосини бераётганимизни билиш ҳақиқатда ёлғиз бўлганларга далда бериши мумкин». Қолаверса, мунтазам равишда ибодат қилинг, Каломни ўқинг ва йиғилишларга қатнанг. Бу ичимиздаги борини Яҳовага тўкиб-солишни ўз ичига олади. Яҳованинг шахсан сизга нисбатан севгиси намоён бўлган аниқ баёнотлар устида мулоҳаза юритиб, Муқаддас Китобни мунтазам равишда ўқинг. Баъзи масиҳийлар Забур 27:10 ва Ишаё 41:10 каби, айниқса, тасалли бахш этадиган оятларни ёдлаб олади. Айримларга эса йиғилишга тайёргарлик кўрганда ёки Муқаддас Китобни ўқиганда, аудиоёзувларни тинглаш ўзини камроқ ёлғиз ҳис этишга кўмаклашади. w21.06 9-, 10- саҳ., 5–8- хб.

Тўсатдан келадиган бало... сени даҳшатга солмайди. (Ҳик. 3:25)

Яқин инсонингизнинг ўлимидан қайғуряпсизми? Унда Муқаддас Китобдан тирилган инсонлар ҳақидаги баёнотларни ўқиб, тирилишга бўлган умидингизни мустаҳкамлаш учун вақт ажратинг. Оила аъзоларингиздан бири жамоатдан четлатилгани учун қайғуряпсизми? Шундай бўлса, Худонинг таълим-тарбияси доим энг аълоси эканига ўзингизни ишонтириш учун тадқиқ ўтказинг. Қандай муаммога дуч келишингиздан қатъи назар буни имонингизни мустаҳкамлашнинг имконияти деб билинг. Ичингиздагини Яҳовага тўкиб солинг, ўзингизни бошқалардан олиб қочманг. Аксинча, биродару опа-сингилларга яқинроқ бўлинг. (Ҳик. 18:1) Ҳатто кўз ёш билан қилишга тўғри келса ҳам сабр-бардошли бўлишингизга ёрдам берадиган ишлар билан банд бўлинг. (Заб. 126:5, 6) Маънавий одатларингизни, масалан, йиғилишларни қолдирманг, ваъз қилинг, Муқаддас Китобни ўқишни канда қилманг. Бутун диққатингизни Яҳова сиз учун кўзлаб қўйган ажойиб баракаларга қаратинг. Яҳова сизга қандай ёрдам бераётганига диққат қаратар экансиз, Унга нисбатан ишончингиз ошиб бораверади. w21.11 23- саҳ., 11- хб.; 24- саҳ., 17- хб.

Худди шундай, самовий Отам ҳам, ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди. (Мат. 18:14)

Исонинг шогирдларини яна қайси маънода «кичиклар» деб айтса бўлади? Сизнингча, бу дунёда қандай инсонлар муҳим аҳамиятга эга? Бадавлат, машҳур ва ҳокимиятга эга инсонлар. Исонинг шогирдлари эса одатда улардай эмас. Шунинг учун, бу дунёдаги одамлар уларни «кичиклардай» қабул қилади. (1 Кор. 1:26–29) Лекин Яҳова уларга бундай қарамайди. Нима учун Исо «ушбу кичиклар» ҳақида гапирган? Унинг шогирдлари ундан: «Осмон Шоҳлигида ким энг буюк бўлади?» — деб сўраган. (Мат. 18:1) Ўша пайтдаги кўпгина яҳудийлар муайян мавқега ва мансабга эга бўлишни муҳим деб билган. «Одамлар шараф, обрў-эътибор, машҳурлик, иззат-ҳурмат пайида бўлиб яшарди ва ўларди»,— деди бир илоҳиётшунос. Исо шуни билардики, яҳудийларнинг маданиятига сингиб кетган рақобат руҳини шогирдлари таг-томири билан суғуриб ташлаш учун қаттиқ меҳнат қилиши керак эди. w21.06 20- саҳ., 2- хб.; 21- саҳ., 6-, 8- хб.; 22- саҳ., 9- хб.

Мой ва хушбўй тутатқи қалбни шод этади, чин дилдан маслаҳат берган дўст ҳам шундайдир. (Ҳик. 27:9)

Павлус оқсоқол сифатида яхши ўрнак кўрсатган. Масалан, Салоникадаги имондошлари маслаҳатга муҳтож бўлганида, Павлус уларга бу ҳақда ёзишга иккиланмаган. Аммо у мактубларида биродарларининг имон ва севги ила қилаётган меҳнатига ҳамда сабр-бардошига диққат қаратган. Қолаверса, Павлус уларнинг шароити ҳақида ўйлаган ҳамда ҳаёти осон эмаслигини ва улар таъқибларда сабр-бардошли эканини айтиб ўтган. (1 Салон. 1:3; 2 Салон. 1:4) Бундан ташқари, у улар бошқа масиҳийлар учун ўрнак эканини ёзган. (1 Салон. 1:8, 9) Павлуснинг илиқ мақтовларини ўқиб Салоникадаги масиҳийларнинг боши кўкка етган бўлса керак. Шубҳасизки, Павлус уларни қаттиқ яхши кўрган. Шунинг учун, салоникаликларга йўллаган иккита мактубида у самарали тарзда маслаҳат бера олган. (1 Салон. 4:1, 3–5, 11; 2 Салон. 3:11, 12) w22.02 15- саҳ., 6- хб.

Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим... бошқа бўлмайди. (Ваҳ. 21:4)

Шайтон Яҳовани шафқатсиз ва азоб-уқубатларга сабабчи қилиб кўрсатишда сохта дин раҳбарларидан фойдаланяпти. Баъзилар ҳатто болалар ҳаётдан кўз юмса, осмонда кўпроқ фаришталар керак бўлгани учун Худо уларни Ўз ҳузурига олиб кетади, деб айтади. Ахир бу ғирт ёлғон-ку! Бироқ У севувчи Ота эканини биламиз. Жиддий касалликка йўлиқсак ёки яқинимиз ҳаётдан кўз юмса, ҳеч қачон Худони айбламаймиз. Аксинча, куни келиб У барча нарсани ўз ўрнига қўйишига ишонамиз. Тинглашга тайёр бўлган ҳар бир инсонга Яҳова меҳрибон Худо эканини айтишимиз мумкин. Шунда Яҳова Уни мазах қилувчиларга бемалол жавоб бера олади. (Ҳик. 27:11) У раҳмдил Худодир. Қийинчиликлар, эҳтимол, қувғун, касаллик ёки номукаммаллигимиз дастидан азоб чекканимизни кўриш Яҳовага оғир ботади. (Заб. 22:23, 24) Яҳова оғриғимизни ҳис қиляпти, У бунга чек қўймоқчи ва буни албатта қилади. (Чиқиш 3:7, 8; Ишаё 63:9 ни солиштиринг.) w21.07 9-, 10- саҳ., 9-, 10- хб.

Улуғворлик ва шон-шарафни унга тож қилиб кийгиздинг. (Заб. 8:5)

Яқинда итоатли одамлар энг юксак шарафга, яъни Яҳовани абадий яхши кўриш ва Унга топиниш шарафига эга бўлади. Илк жуфтлик Худонинг оиласини тарк этишга қарор қилгани натижасида пайдо бўлган барча оқибатларни Исо Масиҳ йўққа чиқаради. Яҳова миллионлаб инсонларни тирилтиради ва жаннатга айланган ер юзида мукаммал ҳамда соғлом бўлиб абадий яшаш имконини беради. (Луқо 23:42, 43) Унга хизмат қиладиган инсонлар мукаммалликка эришгач, ҳар бири Довуд тилга олган «улуғворлик ва шон-шарафни» акс эттира олади. «Улкан оломонга» тегишли бўлсангиз, демак, ажойиб умидга эгасиз. (Ваҳ. 7:9) Худо сизни севади ва Унинг оила аъзоси бўлишингизни истайди. Шундай экан, Уни мамнун этиш учун қўлингиздан келганича ҳаракат қилинг. Ҳар куни Худонинг ваъдаларини онгингизу қалбингизда сақлаб яшанг. Азиз самовий Отамизга топиниш фурсатини ва Уни тоабад шарафлаш умидини қадрланг. w21.08 7- саҳ., 18-, 19- хб.

Бўшашмасак, ўз вақтида ҳосилини ўриб оламиз. (Галат. 6:9)

Еремиё пайғамбар бепарво ва қаршилик кўрсатган одамларга 40 йилдан зиёд вақт давомида ваъз қилган. Унга қаршилик кўрсатганларнинг ҳақоратию пичинглари туфайли Еремиё тушкунликка тушиб, вазифасини тўхтатмоқчи бўлган. (Ерм. 20:8, 9) Бироқ у таслим бўлмаган. Қизиқ, салбий фикрларни енгишга ва хизматдан қувонч олишга унга нима кўмаклашган? У диққатини иккита омилга қаратган. Биринчидан, «порлоқ келажак ва умид» ҳақидаги хабарни етказган. (Ерм. 29:11) Иккинчидан, у Худонинг номидан гапирган. (Ерм. 15:16) Бугунги кунда биз ҳам умидсиз дунёда умидбахш хабарни ваъз қиляпмиз ва Худонинг исми билан аталамиз. Диққатимизни ушбу омилларга қаратсак, одамлар хушхабарга қандай муносабат билдиришидан қатъи назар, қувончни йўқотмаймиз. Демак, Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётган киши сиз хоҳлагандек маънан ўсмаётган бўлса, тушкунликка тушманг. Шогирд тайёрлаш иши сабр талаб этади. (Ёқб. 5:7, 8) w21.10 27- саҳ., 12-, 13- хб.

Ҳар қандай оғирликни ҳамда бизни осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳни ўзимиздан ечиб ташлайлик. (Иброн. 12:1)

Яҳовага қанчадан бери хизмат қилишимиздан қатъи назар, Унга нисбатан имонимизни ривожлантиришда ва уни мустаҳкамлашда давом этишимиз керак. Нега деганда, эҳтиёт бўлмасак, имонимиз заифлашиб қолиши ҳеч гап эмас. Дарҳақиқат, имон кўринмайдиган нарсаларнинг далилига асосланади. Кўринмайдиган нарсаларни осонгина унутиш ҳеч гап эмас. Шунинг учун, ҳаворий Павлус заифлашган имонни «осонгина тузоққа илинтирмоқчи бўлган гуноҳ» деб атаган. Хўш, қай йўсин бу тузоқдан қоча оламиз? (2 Салон. 1:3) Аввалига, муқаддас руҳ сўраб Яҳовага илтижо қилинг ва буни тез-тез қилинг. Нега деганда, имон — муқаддас руҳ самараси. (Галат. 5:22, 23) Муқаддас руҳ ёрдамисиз Яратувчига нисбатан имонни на ривожлантира оламиз, на мустаҳкамлай оламиз. Яҳовадан муқаддас руҳини сўрасак, уни бизга беради. Ҳатто: «Имонимизга имон қўш»,— деб сўрашимиз мумкин. (Луқо 17:5) Бундан ташқари, Худонинг Каломи асосида мунтазам равишда шахсий тадқиқ ўтказинг. (Заб. 1:2, 3) w21.08 18-, 19- саҳ., 16–18- хб.

Оқарган сочлар гўзаллик тожидир. (Ҳик. 16:31)

Ёши улуғ имондошларимиз Яҳованинг ташкилотига турли йўллар орқали фойда келтириши мумкин. Бу имондошларимизнинг кучи, эҳтимол, олдингидай бўлмаса-да, улар йиллар давомида анчагина тажриба орттирган. Яҳова турли йўллар орқали улардан фойдаланишда давом эта олади. Муқаддас Китобда кексаликда ҳам Яҳовага садоқат ила фаол хизмат қилганлар ҳақида ёзилган. Масалан, Мусо тахминан 80 ёшда бўлганида Исроил халқи учун Яҳованинг пайғамбари ва танланган йўлбошчиси сифатида хизмат қилишни бошлаган. Дониёрнинг ҳам ёши, эҳтимол, 90 дан ошганида Яҳова ундан пайғамбар сифатида фойдаланишда давом этган. Шунингдек, ҳаворий Юҳанно ҳам Ваҳий китобини ёзишга илҳомлантирилганда, 90 ёшдан ошган бўлиши мумкин. «Одил, худотарс» бўлган Шимўн ҳақида Муқаддас Китобда қисқача айтилган. Бироқ Яҳова у қандай инсон эканини билган ва чақалоқ бўлган Исони кўриш ҳамда у ва онаси тўғрисида башорат қилиш шарафига муяссар қилган. (Луқо 2:22, 25–35) w21.09 3-, 4- саҳ., 5–7- хб.

Эй Яҳова, юрагимда мағрурлик... йўқ. Буюк нарсаларга интилмадим. (Заб. 131:1)

Ота-она фарзандини бошқаси билан солиштиришдан ёки унинг кучидан ортиғини талаб қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Агар ота-она бундай қилса, фарзандининг ғашини келтириши ҳеч гап эмас. (Эфес. 6:4) Сатико исмли опамиз қуйидагича бўлишди: «Онам имтиҳонларимни хатосиз топширишимни хоҳларди, аммо бу имконсиз эди. Мактабни битирганимга кўп йиллар бўлган бўлса-да, гоҳида Яҳовага қўлимдан келган энг яхшисини беряпманмикин, деб ўйланиб қоламан». Шоҳ Довуд «буюк нарсаларга интилмагани» ёки эришиш у учун жуда қийин нарсалар пайида бўлмагани тўғрисида айтиб ўтган. Унинг камтарлиги ва ўз ҳаддини билиши уни «тинчлантириб, юпатди». (Заб. 131:2) Ота-оналар Довуднинг сўзларидан нималарни ўрганиши мумкин? Улар нафақат ўзига нисбатан камтарин ёки имкониятлари чегараланганини тушуниши, балки фарзандига келганда ҳам шундай нуқтаи назарда бўлиши керак. Ота-она фарзандига эришиб бўладиган мақсадлар қўйишга ёрдам бериш орқали кучли ва заиф томонларини инобатга олган ҳолда уни мустаҳкамлай олади. w21.07 21-, 22- саҳ., 5-, 6- хб.

Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортади. (Галат. 6:5)

Яҳова ҳар биримизга ирода эркинлигини берган. Бу биз Унга итоатли бўлиш ё бўлмасликни танлай олишимизни англатади. Баъзи болаларда улар учун яхши ўрнак бўладиган ота-онаси бўлмаган. Лекин улар Яҳовага хизмат қилишни ва Унга садоқатли қолишни танлаган. Бошқаларнинг ота-онаси эса уларни Муқаддас Китоб принциплари асосида тарбиялаш учун жон куйдирганига қарамай, улар улғайгач, ҳақиқатни тарк этган. Ҳа, Яҳовага хизмат қилиш-қилмаслик борасида ҳар биримиз шахсий қарор чиқаришимиз керак. (Ёшуа 24:15) Шундай экан, қайғу чекаётган ота-оналар, бу менинг айбим, деб ўйлаш мойиллиги билан курашинг. Баъзида ота ёки она ҳақиқатдан юз ўгириб, ҳатто оиласини ташлаб кетади. (Заб. 27:10) Отасини ёки онасини ўрнак деб билган фарзандлар учун бу даҳшатли бўлиши мумкин. Азиз ёшлар, отангиз ё онангиз жамоатдан четлатилган бўлса, Яҳова қалбингиздаги оғриқни яхши билишига амин бўлинг. У сизни севади ва садоқатингизни қадрлайди. Унутмангки, ота-онангизнинг қарорлари учун сиз жавобгар эмассиз. w21.09 27- саҳ., 5–7- хб.

Яҳова Ўзи севган инсонга тарбия беради. (Иброн. 12:6)

Жамоатдан четлатилган масиҳийни бутун сурувга таъсир қилиши мумкин бўлган касалланган қўйга ўхшатса бўлади. У маънавий касалликка чалинган. (Ёқб. 5:14) Маънавий касаллик жисмоний касалликнинг баъзи турига ўхшаб юқумли бўлиши мумкин. Шу боис, гоҳида маънан касалланган кишини жамоатдан четлатиш керак бўлади. Бу чора Яҳованинг сурувидаги садоқатли хизматчиларига нисбатан севгисини акс эттиради, гуноҳ қилган кишининг қалбига таъсир қилади ва тавба қилишга ундаши мумкин. Четлатилган киши йиғилишларга бориши, у ерда маънан озиқланиши ва имонини мустаҳкамлаши мумкин. Қолаверса, ўқиш учун адабиётларимизни олиши ва JW Интернет-телевидениесини томоша қилиши мумкин. Оқсоқоллар унинг ўсишини кузатар экан, вақти-вақти билан унга маслаҳат ва йўл-йўриқлар беради. Бу унга Яҳованинг Шоҳиди сифатида тикланишга кўмаклашади. w21.10 10- саҳ., 9-, 11- хб.

Менга: «Ҳазратим, Ҳазратим»,— деб мурожаат қилгани билан, ҳар ким ҳам Самовий Шоҳликка киролмайди. (Мат. 7:21)

Топиниш борасида илк масиҳийлар жамоатининг ўрнагига эргашяпмиз. Мисол учун, ташкилотимиз ўша масиҳийлар давридагидай ташкиллаштирилган. Уларда бўлганидай, бизда ҳам туман нозирлари, оқсоқоллар ва жамоат хизматкорлари бор. (Филип. 1:1; Титус. 1:5) Жинсий муносабат ва турмушга нисбатан нуқтаи назаримиз, қонни муқаддас деб билишимиз ва жамоатни тавба қилмаган гуноҳкорлардан ҳимоялаш истагимиз биринчи асрдаги масиҳийларнинг ўрнагига асосланади. (Ҳавор. 15:28, 29; 1 Кор. 5:11–13; 6:9, 10; Ибр. 13:4) Муқаддас Китобда Худога маъқул келадиган «битта имон» ёки дин борлиги ҳақида ҳам аниқ қилиб айтиб ўтилган. (Эфес. 4:4–6) Яҳованинг халқига тегишли бўлиш, У ва Унинг ниятлари ҳақида билиш нақадар улкан шараф. Келинг, мустаҳкам имон билан ҳақиқатга ёпишиб олайлик. w21.10 22-, 23- саҳ., 15–17- хб.

Ўз ўрнингизни эгаллаб, тик туринг ва Яҳова сизларни қандай халос этишини кузатинг. (2 Сол. 20:17)

Шоҳ Ёҳушафат жиддий қийинчиликка дуч келди. Оммонликларнинг, мўабликларнинг улкан қўшини ва Сеирнинг тоғли ҳудудидаги одамлар унга, унинг оиласи ва бутун халққа хавф туғдирганди. (2 Сол. 20:1, 2) Ёҳушафат қандай йўл тутди? У куч ва ёрдам сўраб, Яҳовага мурожаат қилди. Унинг камтарлик ила қилган ибодати 2 Солномалар 20:5–12- оятларда ёзилган. Бу ибодатдан у севувчи самовий Отасига қаттиқ таянганини кўрсак бўлади. Яҳова Ёҳушафатга Яхазиёл исмли леви орқали гапирган. Унинг сўзлари бугунги оятда келтирилган. Ёҳушафат Худога тўлиқ таяниб, унга айтилганини қилган. У ўз одамлари билан душманга қарши чиққанда, қўшиннинг олд томонига энг маҳоратли аскарларни эмас, қуролланмаган қўшиқчиларни қўйди. Яҳова Ёҳушафатга берган ваъдасини бажарди ва душман қўшинини мағлубиятга учратди. (2 Сол. 20:18–23) w21.11 15-, 16- саҳ., 6-, 7- хб.

Яҳованинг меҳр-садоқати туфайли биз йўқ бўлиб кетмадик. Зеро, Унинг раҳм-шафқати ҳеч қачон тугамайди. (Марсия 3:22)

Қийинчиликка дуч келганимизда Яҳова У билан муносабатларимизни сақлаб қолишимиз учун бизга ёрдам беради. (2 Кор. 4:7–9) Яҳова бизга меҳр-садоқатини кўрсатишига доимо ишонсак бўлади. Чунки сано бастакори қуйидагича ёзган: «Яҳованинг нигоҳи Ундан қўрқадиганларга, Унинг меҳр-садоқатига умид боғлаганларга қаратилгандир». (Заб. 33:18–22) Яҳовага хизмат қилишни бошлашдан аввал, У барча одамларга кўрсатган севгисига эга бўлдик. Хизматчилари сифатида эса меҳр-садоқатидан ҳам фойда оляпмиз. Бу севги туфайли Яҳова ҳимоялайдиган қўллари билан бизни қучоғига оляпти. У доимо ёнимизда бўлади. Бизга берган ваъдаларини амалга оширади. Худо биз Унинг абадий дўстлари бўлишимизни истайди. (Заб. 46:1, 2, 7) Шу боис, қандай қийинчиликка дуч келмайлик, бенуқсон бўлиб қолишимиз учун Яҳова бизга куч-қувват беради. w21.11 7- саҳ., 17-, 18- хб.

Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва... чин дилдан кечиринглар. (Колос. 3:13)

Аксариятимиз одамлар ҳатто йиллар давомида ҳамкасби, мактабдоши ёки оила аъзоларига кек сақлаб юришини биламиз. Мисол учун, Юсуфнинг ўнта акаси унга кек сақлаган ва охири даҳшатли ишга қўл урган. (Ибт. 37:2–8, 25–28) Лекин Юсуф уларга умуман бошқача муносабат кўрсатган. Акаларидан ўч олиш имкони бўлганда, Юсуф уларга раҳм-шафқат намоён этган. Юсуф уларга кек сақламаган. Аксинча, у кейинчалик ёзилган Левилар 19:18 даги маслаҳатга мувофиқ йўл тутган. (Ибт. 50:19–21) Юсуф кек сақламади ёки ўч олмади. Бу Худони мамнун қилишни истаётган масиҳийлар учун кечиримли бўлиш борасида ажойиб ўрнакдир. Исо бизга қарши гуноҳ қилганларни кечиришга ундаган. (Мат. 6:9, 12) Шунингдек, ҳаворий Павлус имондошларига: «Азизларим, ўзингиз учун қасос олманглар»,— деб маслаҳат берган. (Рим. 12:19) w21.12 11-, 12- саҳ., 13-, 14- хб.

Ундан қўрқадиганларни муродига етказади, уларнинг фарёдини эшитиб, уларни қутқаради. (Заб. 145:19)

Мил. 33 йил 14 нисон оқшомда Исо Гетсемания боғига борган. У ерда Яҳовага қалбидаги борини тўкиб солган. (Луқо 22:39–44) Шундай қийин онларда Исо «қаттиқ фарёд ва кўз ёшлар билан ўтиниб ёлворган». (Иброн. 5:7) Қизиқ, ўлимидан олдинги кечада Исо нима ҳақида ибодат қилган? У Яҳовага садоқатни сақлаш ҳамда Унинг иродасини бажариш учун куч сўраган. Яҳова Ўғлининг дардли ибодатини эшитган ва унга куч бериш учун фариштасини жўнатган. Исо зиммасидаги улкан масъулияти ҳақида, яъни Отасининг исмини оқлаши кераклигини билган. У Исонинг сидқидилдан қилган ибодатларини эшитган. Нима учун? Боиси, Исо биринчи навбатда Отасига содиқ бўлиб қолиш ва Унинг исмини улуғлаш ҳақида ўйлаган. Биз учун ҳам бу муҳим бўлса, ёрдам сўраб қилган ибодатларимизга Яҳова жавоб беради. (Заб. 145:18) w22.01 18- саҳ., 15–17- хб.

Шунинг учун боринглар, барча халқлардан шогирд тайёрланглар... уларга ўргатинглар. (Мат. 28:19, 20)

Бугунги кунда сиёсий масалаларга келганда, бетарафликни сақлаганимиз туфайли кўплар қоқинади. Улар сайловларда овоз беришимизни кутади. Лекин шуни тушунамизки, Яҳованинг нуқтаи назари билан қараганда, устимиздан бошқариш учун одамни танласак, Уни рад этган бўламиз. (1 Шоҳ. 8:4–7) Одамларнинг фикрича, мактаблар ва шифохоналар қуришимиз ҳамда турли хайрия ишларини қилишимиз керак. Улар бор кучимизни дунёнинг бирламчи муаммоларини ҳал қилишга эмас, аксинча, ваъзгўйлик ишига сарфлаётганимизни кўриб қоқиняпти. Қоқинмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? (Мат. 7:21–23) Асосий диққатимизни Исо бизга топширган ишни бажаришга қаратишимиз лозим. Бу дунёдаги сиёсий ва ижтимоий масалалар диққатимизни чалғитишига асло йўл қўймаслигимиз даркор. Одамларни севамиз ва уларнинг муаммоларига бефарқ эмасмиз. Аммо шуни биламизки, яқинларимизга ёрдам беришнинг энг яхши йўли уларга Худонинг Шоҳлиги тўғрисида таълим бериш ва Яҳова билан дўст бўлишга кўмаклашишдир. w21.05 7- саҳ., 19-, 20- хб.

Охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келади. (2 Тим. 3:1)

Халқларнинг кўпгина бошқарувчилари Худога хизмат қилишини таъкидласа-да, аслида ўз кучию ҳокимиятига таяняпти. Исонинг давридагидай, бугунги бошқарувчилар ҳам Яҳованинг садоқатли хизматчиларига ҳужум қилиб, У тайинлаган Шоҳга қарши чиқяпти. (Ҳавор. 4:25–28) Яҳова бунга қандай қарайди? Жавобини Забур 2:10–12 дан топсак бўлади: «Шундай экан, эй шоҳлар, ақл билан иш тутинг. Эй, ер юзи ҳукмдорлари, сабоқ олинг. Яҳовадан қўрқиб, Унга хизмат қилинг, Унга иззат-икром кўрсатиб, хурсанд бўлинг. Ўғилни эъзозланг, акс ҳолда, Аллоҳнинг ғазаби келади, шунда йўлингизда ҳалок бўласиз. Ахир Худонинг қаҳри тез аланга олади. Унда паноҳ топганларнинг бари бахтлидир!» Яҳова меҳрибон бўлиб, қаршилик кўрсатаётганларга тўғри қарор чиқариши учун вақт беряпти. Уларда фикрини ўзгартиришга ва Худонинг Шоҳлигини қабул қилишга ҳали вақт бор. Бироқ вақт чекланган. (Ишаё 61:2) Одамлар ҳақиқатни қабул қилиши ва Яҳовага хизмат қилиши ҳар қачонгидан ҳам шошилинчдир. w21.09 15-, 16- саҳ., 8-, 9- хб.

Егулик, кийим ва бошпанамиз бўлса, шулар билан қаноат қилайлик. (1 Тим. 6:8)

Павлус ўзимизда нимаики бўлса, шулар билан қаноат қилишимиз кераклигини айтмоқчи бўлган. (Филип. 4:12) Ахир моддий нарсаларимиз эмас, балки Худо билан муносабатларимиз энг қимматбаҳо бойлигимиздир. (Хаб. 3:17, 18) Мусо пайғамбар Исроил халқи саҳрода 40 йил кезиб юрганидан сўнг шундай деган: «Тангрингиз Яҳова қилган барча ишларингизга барака берди... Мана шу 40 йил мобайнида Худойингиз Яҳова сизлар билан бирга бўлди ва сизлар ҳеч нарсага муҳтож эмас эдингиз». (Қонун. 2:7) Ўша 40 йил давомида Яҳова исроилликларга ейиш учун манна берган. Уларнинг кийими Мисрдан чиққанидан бери йиртилиб кетмаган. (Қонун. 8:3, 4) Биз ҳам қаноат қилишни ўргансак, Худони мамнун қиламиз. Яҳова бизга бераётган ҳатто кичик нарсалар учун миннатдор бўлишимизни ва уларни Унинг совғаси, деб билишимизни хоҳлайди. w22.01 5-, 6- саҳ., 10-, 11- хб.

Яҳовага бутун қалбинг билан таян, ўз ақлингга ишонма. (Ҳик. 3:5)

Эрлар, оилангизга ғамхўрлик қилиш масъулиятига эгасиз. Шу боис, уларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун жон куйдиряпсиз. Муаммолар пайдо бўлганида, уларни ўзим ҳал қиламан деган фикр келиши мумкин. Лекин ўз кучингизга таянманг. Аксинча, Яҳовадан ёрдам сўраб, шахсан ибодат қилинг. Шунингдек, турмуш ўртоғингиз билан бирга сидқидилдан ибодат қилинг. Муқаддас Китоб ва ташкилотимиз тақдим этаётган адабиётлардан фойдаланиб, йўл-йўриқ изланг ва топган фикрларни амалда қўлланг. Бошқалар Муқаддас Китоб асосида чиқарган қарорингизни қўллаб-қувватламаслиги мумкин. Улар пул ва унинг эвазига келадиган нарсалар оилангиз учун энг зўр ҳимоя воситаси, деб айтар. Лекин шоҳ Ёҳушафатнинг мисолини ёдда тутинг. (2 Сол. 20:1–30) У Яҳовага таянди ва ишлари билан буни кўрсатди. Яҳова бу садоқатли хизматчисини ташлаб кетмади ва сизни ҳам ташлаб кетмайди. (Заб. 37:28; Иброн. 13:5) w21.11 15- саҳ., 6- хб.; 16- саҳ., 8- хб.

[Худо] асло ноҳақлик қилмайди. (Қонун. 32:4)

Аллоҳ бизни Ўзига монанд қилиб яратган. Шу боис, одамлар адолатли йўл тутса бу бизга ёқади. (Ибт. 1:26) Бироқ номукаммал бўлганимиз учун ҳатто барча тафсилотларни биламан, деб ўйлаганимизда ҳам нотўғри хулоса чиқаришимиз мумкин. Эсингизда бўлса, Яҳова Ниневиядаги одамларга раҳм-шафқат кўрсатганида, Юнусга бу ёқмади. (Юнус 3:10–4:1) Аммо бунинг натижаси қандай бўлган? Ниневияда яшаган 120 000 дан зиёд киши тавба қилиб омон қолган. Ўшанда Яҳова эмас, Юнус нотўғри ҳукм қилган. Яҳова нега у ёки бу қарорни чиқарганининг сабабини тушунтиришга мажбур эмас. Тўғри, Яҳова ўтмишда хизматчилари Унинг чиқарган ёки чиқармоқчи бўлган қарорлари ҳақида фикрини айтишга йўл қўйган. (Ибт. 18:25; Юнус 4:2, 3) Баъзида У чиқарган қарорининг сабабини тушунтирган. (Юнус 4:10, 11) Лекин Худо бирон нима қилишидан олдин ёки қилиб бўлганидан кейин розилигимизни олишга муҳтож эмас. (Ишаё 40:13, 14; 55:9) w22.02 3-, 4- саҳ., 5-, 6- хб.

Орангизда ким буюк бўлишни истаса, ўзини паст олсин ва бошқарувчи бўлишни хоҳласа, хизматкор бўлсин. (Луқо 22:26)

«Бошқаларни ўзимиздан устун қўйсак», ўзимизни «паст олган» бўламиз. (Филип. 2:3) Бундай нуқтаи назарни қанча кўп ривожлантирсак, бошқаларни шунча камроқ ранжитишимиз мумкин. Барча биродару опа-сингилларимиз қайсидир жиҳатдан биздан устунроқдир. Уларнинг ёқимли фазилатларига диққат қаратсак, буни тушуниш қийин бўлмайди. Ҳаворий Павлус коринфликларга берган қуйидаги маслаҳатни қалбимизга тугиб қўйишимиз керак: «Ким сизни бошқадан устун қилиб қўйди? Ҳамма нарсани Худодан олмаганмисиз? Агар олган бўлсангиз, унда нега олмаганга ўхшаб мақтаняпсиз?» (1 Кор. 4:7) Бошқаларнинг эътиборини ўзимизга қаратиш ёки ўзимизни бошқалардан устун деб ўйлаш васвасасига доим қарши туришимиз керак. Агар биродар далдали нутқлар сўзласа ёки опамиз кўпгина Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказса, улар барча шарафни Яҳовага қаратиши даркор. w21.06 21-, 22- саҳ., 9-, 10- хб.

Уруғингни эккин,.. қўлларингга тиним берма. (Воиз 11:6)

Кўпгина ваъзгўйларнинг фикрича, одамларни уйида учратиш тобора қийинлашиб кетяпти. Баъзи ваъзгўйлар хавфсизлик чоралари юқори бўлган кўп хонадонли биноларда ёки қўриқланадиган ҳудудларда яшайди. Бундай жойларда қоровул бўлиши мумкин ва у уй эгасининг махсус таклифномасисиз ҳеч кимни ҳудудга киритмайди. Бошқа ваъзгўйлар эса уйма-уй хизмат қилади, лекин деярли ҳеч кимни учратмайди ё бўлмаса кам одам яшайдиган ҳудудларда ваъз қилади. Ваъзгўйлар ҳеч бўлмаганда бир киши билан суҳбат қуриш учун узоқ масофани босиб ўтади, лекин у ҳатто уйида бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундай қийинчиликларга дуч келаётган бўлсак, таслим бўлмаслигимиз лозим. Турли вақтда ваъз қилиб кўринг. Одамлар уйида бўлиш эҳтимоли юқори бўлган пайтда ваъз қилсак, кўпроқ одамни учратамиз. Ахир ҳар бир киши қачондир уйга қайтади-ку! Кўпгина биродару опа-сингилларимиз тушдан кейин ёки оқшомлари ваъз қилишни амалий деб топди. Боиси, бундай пайтда кўпроқ одам уйида бўлади. Қолаверса, ўшанда уй эгалари эшитишга ва суҳбат қуришга мойилроқ бўлади. w21.05 15- саҳ., 5-, 7- хб.

Уларнинг Менга топиниши беҳудадир, чунки улар инсоний амрларни Худоники деб ўргатиб юришибди. (Марк 7:7)

Бундай муаммони ҳозир ҳам кузатиш мумкинми? Ҳа. Кўплар Яҳованинг Шоҳидлари туғилган кун ва Янги йил каби Муқаддас Китобга зид бўлган тадбирларни нишонлашда уларга қўшилмагани учун хафа бўлади. Бошқалар эса Яҳованинг Шоҳидлари миллий байрамларни нишонламагани ёки дафн маросими билан боғлиқ урф-одатларда қатнашмагани учун ғазабланади. Бу туфайли қоқинганлар Худога маъқул тарзда топинаётганига чин дилдан ишониши мумкин. Лекин улар бу дунёдаги урф-одатларни Муқаддас Китобдаги аниқ таълимотлардан устун қўйса, Худони мамнун қила олмайди. (Марк 7:8, 9) Қоқинмаслигимизга нима ёрдам бериши мумкин? Яҳованинг қонунларию принципларига нисбатан чуқур севгини ривожлантиришимиз керак. (Заб. 119:97, 113, 163–165) Яҳовани яхши кўрсак, Унга ёқмайдиган ҳар қандай урф-одатни рад этамиз. Ҳеч нарса Яҳовага бўлган севгимиздан устун бўлишига йўл қўймаймиз. w21.05 6- саҳ., 15-, 16- хб.

Барча нарсада ҳушёр тур, қийинчиликка дош бер, хушхабарни ваъз этиш билан машғул бўл. (2 Тим. 4:5)

Ҳаворий Павлуснинг маслаҳатига қандай амал қилишимиз мумкин? Мунтазам тадқиқ ўтказиш, тинмай ибодат қилиш ва Яҳова топширган иш билан доим банд бўлиш орқали имонда маҳкам туришимиз лозим. (2 Тим 4:4) Имонимиз кучли бўлса, салбий хабарларни эшитганимизда ваҳимага тушмаймиз. (Ишаё 28:16) Яҳовага, Унинг Каломига ва имондошларимизга бўлган севги ҳақиқатдан юз ўгирганлар туфайли қоқинмасликка кўмаклашади. Биринчи асрда кўплар қоқиниб, Исони рад этди. Бироқ уни қабул қилганлар ҳам оз эмасди. Улар қаторига Олий Кенгашнинг камида битта аъзоси ва ҳатто «анчагина руҳонийлар» кирган. (Ҳавор. 6:7; Мат. 27:57–60; Марк 15:43) Бугун ҳам миллионлаб инсонлар Исонинг изидан юришга қарор қилган. Нима учун? Сабаби улар Муқаддас Ёзувлардаги ҳақиқатларни билади ва севади. Худонинг Каломида шундай дейилган: «Қонунингни севганлар тинч-осойишта яшайди, уларни ҳеч нарса қоқинтира олмайди». (Заб. 119:165) w21.05 13- саҳ., 20-, 21- хб.

Менинг қудратим заиф бўлганингда камол топади. (2 Кор. 12:9)

Ҳаворий Павлус хизматдаги барча ишларни ўзининг эмас, балки Худонинг кучи билан уддалаганини тушунган. У таъқибларга, қамоқда бўлганига ва бошқа қийинчиликларига қарамай, хизматини тўла адо эта олиши учун Яҳова муқаддас руҳи орқали уни кучли қилган. Павлуснинг ёш ҳамкори Тимўтий ҳам хизматини адо этиш учун Худонинг қудратига таяниши керак эди. У Павлус билан ваъзгўйлик сафарларида ҳамкорлик қилган. Қолаверса, Павлус уни жамоатларга ташриф буюриши ва далда бериши учун қўшимча сафарларга юборган. (1 Кор. 4:17) Балки Тимўтий бунга мос келмайман, деб ўйлагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Павлус унга: «Ҳеч ким сени ёш деб камситмасин»,— деб айтган. (1 Тим. 4:12) Шунингдек, бу вақт давомида Тимўтийда баданини гўё тикандай азоблайдиган — «тез-тез юз берадиган касалликлари» бўлган. (1 Тим. 5:23) Лекин Тимўтий хушхабарни айтиши ва биродарларига хизмат қилиши учун Яҳова у муҳтож бўлган муқаддас руҳни беришини билган. (2 Тим. 1:7) w21.05 21-, 22- саҳ., 6-, 7- хб.

Қўйларингни астойдил боқ. (Ҳик. 27:23)

Ёқуб 1:19 даги принцип маслаҳат берадиганларга ажойиб тарзда қўл келади. Ёқуб шундай ёзган: «Ҳар бир киши тинглашга тайёр бўлсин. Сўзлашга ва ғазабланишга эса шошилмасин». Оқсоқол вазиятдан хабардорман, деб ўйлаши мумкин. Лекин аслида ҳам шундайми? Ҳикматлар 18:13 бизга қуйидагини эслатяпти: «Тингламасдан жавоб бериш, аҳмоқлик ва шармандаликдир». Оқсоқол қуйидаги саволларни бериб кўриши мумкин: «Қандай қийинчиликларни бошдан кечиряпсиз? Сизга қандай ёрдам бера оламан?» Оқсоқоллар вазиятдан тўлиқ хабардор бўлиш учун вақт ажратса, биродару опа-сингилларга кўпроқ ёрдам ва далда бериши мумкин. Маслаҳат фойда келтириши учун бир нечта оятни ўқишнинг ёки бир-иккита тавсия беришнинг ўзи етарли эмас. Имондошларимиз уларга ғамхўрлик қилаётганимизни, уларни тушунаётганимизни ва уларга ёрдам беришни истаётганимизни ҳис қилиши керак. w22.02 17- саҳ., 14-, 15- хб.