Сентябрь
Жума, 1 сентябрь
Осмондан бирор аломат кўрсатишини сўрашди. (Мат. 16:1)
Исонинг даврида баъзилар унинг ажойиб таълимотлари билан қониқмаган. Улар бундан ҳам кўпроғини истаган. Исо улар сўраган аломатни кўрсатишдан бош тортганида улар қоқинди. (Мат. 16:4) Муқаддас Ёзувларда нима дейилган? Ишаё пайғамбар Масиҳ ҳақида шундай деб ёзган: «У бақирмайди, қаттиқ гапирмайди, кўчада овози эшитилмайди». (Ишаё 42:1, 2) Исо бошқаларнинг эътиборини ўзига жалб қилиб хизмат қилмаган. Лол қолдирадиган маъбадлар қурдирмаган. Уни ажратиб турадиган диний либослар киймаган ва баландпарвоз диний унвонлар билан мурожаат қилишларини талаб этмаган. Исо сўроқ қилинаётганда, ҳатто ҳаёти хавф остида бўлса-да, мўъжиза кўрсатиш орқали Ҳироднинг кўнглини олишга интилмаган. (Луқо 23:8–11) Исо баъзи мўъжизаларни қилган, лекин энг асосий диққати хушхабарни ваъз қилишда бўлган. У шогирдларига: «Шунинг учун келганман-ку»,— деб айтган. (Марк 1:38) w21.05 4- саҳ., 9-, 10- хб.
Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени — танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак. (Юҳан. 17:3)
«Мангу ҳаётга элтувчи ҳақиқатни қабул қилишга мойил бўлганларни» излаяпмиз. (Ҳавор. 13:48) Уларга Исонинг шогирди бўлишга кўмаклашиш учун Муқаддас Китобдан билиб олаётганларини 1) тушунишга, 2) қабул қилишга ва 3) амалда қўллашга ёрдам беришимиз керак. (Колос. 2:6, 7; 1 Салон. 2:13) Жамоатдагилар тадқиқ ўтаётганларга севги кўрсатишда намуна бўлиш ва йиғилишга келганда уларни илиқ қарши олиш орқали уларга ёрдам бериши мумкин. (Юҳан. 13:35) Тадқиқ ўтувчига «мустаҳкам қалъалардай» ўрнашиб олган эътиқоди ёки одатларидан воз кечишга кўмаклашиш учун тадқиқ ўтказаётган киши кўп вақт ҳамда куч сарфлашига тўғри келиши мумкин. (2 Кор. 10:4, 5) У сувга чўмиш мақсадига эришиши учун кўп ойлар давомида ҳаётида бундай ўзгаришлар қилишига ёрдам беришимизга муҳтож бўлар. Лекин бу ҳаракат қилишимизга арзийди. w21.07 3- саҳ., 6- хб.
Ҳар нарсани текшириб кўриб, яхшисига ёпишиб олинглар. (1 Салон. 5:21)
Яҳованинг Шоҳидлари сифатида айтаётганларимиз ҳақиқат эканига ва топинишимиз Яҳовага маъқул эканига аминмизми? Ҳаворий Павлуснинг ҳақиқатга нисбатан ишончи мустаҳкам эди. (1 Салон. 1:5) Бу шунчаки ҳис-туйғуларга асосланмаган. Павлус Худонинг Каломини яхшилаб тадқиқ қилган. У «Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммаси Худо томонидан илҳомлантирилганига» ишонган. (2 Тим. 3:16) Хўш, у нималарни билиб олган? Павлус Муқаддас Ёзувлардан Исо ваъда қилинган Масиҳ экани борасида рад қилиб бўлмайдиган далилни билиб олган. Яҳудий дин уламолари эса буни тан олишни хоҳламаган. Улар ўзини Худонинг вакиллари сифатида кўрсатган, аммо ишлари билан бунинг аксини исботлаган. (Титус. 1:16) Улардан фарқли равишда, Павлус Худонинг Каломидаги қайси сўзларга ишониши ва ишонмаслиги мумкинлигини ўзи учун танлаб олмаган. У Муқаддас Ёзувларнинг ҳаммасини тадқиқ қилиб, билганларини амалда қўллашга тайёр бўлган. (Ҳавор. 20:27) w21.10 18- саҳ., 1-, 2- хб.
Агар мени юборган Отам бировни жалб қилмаса, ҳеч ким олдимга кела олмайди. (Юҳан. 6:44)
Биз экамиз, суғорамиз, аммо ўстирадиган Аллоҳ эканини ёдда сақлашимиз керак. (1 Кор. 3:6, 7) Яҳова барча одамларнинг ҳаётини қадрлайди. У бизни Ўғли билан ҳамкорлик қилиб, бу замонанинг охиригача ҳамма халқлардан одамларни йиғиш шарафига муяссар қилмоқда. (Хаг. 2:7) Ваъзгўйлик фаолиятимизни қутқариш иши билан солиштирса бўлади. Биз худди кон ичида қолиб кетган кончиларни қутқариш мақсадида юборилган қутқарув гуруҳига ўхшаймиз. Атиги бир нечта қутқарувчи кимнидир топса-да, гуруҳнинг барча аъзолари муҳим ишда қатнашган ҳисобланади. Ваъзгўйлик хизматимиз ҳақида ҳам худди шундай айтсак бўлади. Шайтоннинг бу дунёсида қанча кўп одам қутқарилиб қолишини билмаймиз. Аммо Яҳова уларга кўмаклашиш учун бирортамиздан фойдаланиши мумкин. Боливиядаги Андрэс қуйидагича деди: «Кимдир Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни ўрганиб, сувга чўмганида буни гуруҳнинг ҳаракатлари натижаси, деб биламан». Келинг, хизматимизга нисбатан худди шундай ижобий нуқтаи назарни ривожлантирайлик. Шундай қилсак, Яҳова бизга барака беради ва воизлик хизмати қувонч манбаига айланади. w21.05 19- саҳ., 19-, 20- хб.
Иблиснинг тузоғидан қутулинг. (2 Тим. 2:26)
Овчининг асосий мақсади ўлжани қўлга тушириш ёки уни ўлдириш бўлади. У турли хил тузоқлардан ёки қопқонлардан фойдаланиши мумкин. Ҳатто Аюбнинг сохта юпатувчиларидан бири ҳам бу ҳақда айтган. (Аюб 18:8–10) Қай йўсин овчи ўлжасини тузоққа тушириши мумкин? У ҳайвонни яхшилаб кузатади: қаерга боради, нимани ёқтиради, қандай қопқон энг яхшиси экани ҳақида ўйлайди. Шайтон ҳам шундай овчига ўхшайди. У бизни ўрганиб чиқади: қаерга боришимизга ҳамда нимани яхши кўришимизга диққат қаратади. Сўнг у тузоқ турини танлайди ва биз кутмаган пайтда унга тушишимизга умид қилади. Бироқ Муқаддас Китобда айтилишича, агар тузоққа тушиб қолсак, ундан қутулишимиз мумкин. Қолаверса, Каломдан қай йўсин бу тузоқлардан қочишимиз мумкинлигини билиб оламиз. Шайтоннинг энг кўп иш берадиган тузоқларидан иккитаси мағрурлик ва очкўзликдир. Минглаб йиллардан бери Шайтон бундай иллатлардан муваффақият ила қўлланиб келяпти. У қуш тутувчи каби ўлжасини тузоқ ёки тўрдан фойдаланиб ушлаб олмоқчи. (Заб. 91:3) Аммо Шайтоннинг тузоғидан қочишимиз мумкин. Қизиқ, қанақасига? Яҳова Шайтон қўллаётган ҳийлаларни бизга очиб беряпти. (2 Кор. 2:11) w21.06 14- саҳ., 1-, 2- хб.
Одиллик йўлида оқарган сочлар гўзаллик тожидир. (Ҳик. 16:31)
Садоқатли ёши улуғ биродару опаларимиз бебаҳо хазина кабидир. Худонинг Каломида уларнинг оқарган сочлари тожга ўхшатилган. (Ҳик. 20:29) Аммо бу хазиналар осонликча назардан четда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Ёшроқ имондошлар қариялар жуда қадрли эканини тушунганида, том маънодаги бойликдан афзалроғига эга бўлади. Тангри Яҳова садоқатли кекса хизматчиларини жуда қадрлайди. У уларнинг ички оламини кўради ва улар қандай шахс эканини билади ҳамда ажойиб фазилатларини қадрлайди. Улар ҳаёти давомида садоқат ила хизмат қилиб орттирган донолигини ёшлар билан бўлишганида, Худо хурсанд бўлади. (Аюб 12:12; Ҳик. 1:1–4) Шунингдек, Яҳова уларни сабр-бардош қилаётгани учун қадрлайди. (Мал. 3:16) Улар ҳаёти давомида муаммоларга дуч келган бўлса-да, Яҳовага бўлган садоқатини сақлаяпти. Қолаверса, ҳақиқатни илк бор эшитганида эга бўлган умиди ҳозир мустаҳкамроқ бўлган. Яҳова уларни яхши кўради, чунки улар «кексаликда ҳам» Унинг исмини эълон қилишда давом этмоқда. (Заб. 92:12–15) w21.09 2-, 3- саҳ., 2-, 3- хб.
Ҳар ким ўз ишини текширсин, шунда... ўзига қарасагина, суюнишга сабаб топади. (Галат. 6:4)
Вақти-вақти билан ниятларимизни текшириш яхшидир. Ўзимиздан шундай деб сўрармиз: «Ўзимни бошқалар билан солиштириб қадр-қимматимни ўлчаяпманми? Жамоатда энг зўр бўлишни истаганим ёки ҳеч бўлмаганда қайсидир имондошдан яхшироқ кўринишни хоҳлаганим учун бирон нима қиламанми? Ёки шунчаки Яҳовага энг яхшисини беришни истаяпманми?» Муқаддас Китоб ўзимизни бошқалар билан солиштирмасликка ундаяпти. Қизиқ, нега? Бир тарафдан ўзимизни биродаримиздан яхшироқ, деб ўйласак, мағрурликка берилишимиз ҳеч гап эмас. Бошқа тарафдан эса улар биздан яхшироқ, деб ўйласак, бу бизни тушкунликка тушириши турган гап. (Рим. 12:3) Дарҳақиқат, шуни унутмаслигимиз керакки, Яҳова чиройимиз, яхши нотиқ бўлганимиз ёки ҳамма бизни яхши кўргани учун Ўзига жалб қилмаган. Аксинча, Уни севишга ва Ўғлига қулоқ солишга тайёр бўлганимиз туфайли ҳақиқатга жалб қилган. (Юҳан. 6:44; 1 Кор. 1:26–31) w21.07 14-, 15- саҳ., 3-, 4- хб.
Бундан буён фикрлаш тарзингизни ва муносабатингизни ўзгартиринглар. (Эфес. 4:23)
Бунинг учун албатта ибодат қилишимиз, Худонинг Каломини тадқиқ қилишимиз ва мулоҳаза юритишимиз даркор. Бунга амал қилинг ва Яҳовадан куч беришини сўранг. Унинг муқаддас руҳи ўзингизни бошқалар билан солиштириш мойиллигини енгишингизга кўмаклашади. Қолаверса, ҳасад ёки мағрурлик каби салбий хислатлар қалбингизда илдиз отган бўлса, Яҳова уларни аниқлашингизга ва улардан қутулишингизга кўмаклашади. (2 Сол. 6:29, 30) Яҳова қалбимизда нималар кечаётганини билади. У, шунингдек, қийинчиликларимиздан — бу дунёнинг руҳи ва номукаммаллигимиз билан курашаётганимиздан хабардор. Яҳова бу каби салбий таъсирга қарши туриш учун жон-жаҳдимиз билан курашаётганимизни кўрар экан, Унинг бизга бўлган севгиси кучаяди. Бизга нисбатан нималарни ҳис қилишини тасвирлаш мақсадида Яҳова она ва унинг чақалоғи орасидаги ришталарни мисол қилиб келтирган. (Ишаё 49:15) Яҳова Унга бутун қалбимиз билан хизмат қилиш учун курашганимизни кўрганда, бизга нисбатан шундай кучли севгини ҳис қилишини билиш нақадар далдали. w21.07 24-, 25- саҳ., 17–19- хб.
Севинаётганлар билан севининглар. (Рим. 12:15)
Бизга топширилаётган ҳар қандай вазифани енгимизни шимариб бажарсак, қувончимизга қувонч қўша оламиз. Ваъзгўйлик ишига «астойдил киришинг» ва жамоатдаги вазифаларингизни тўлақонли бажаринг. (Ҳавор. 18:5; Иброн. 10:24, 25) Йиғилишларга борар экансиз, тадқиқ қилинаётган мавзу борасида далда бахш этувчи шарҳлар тайёрланг. Ҳафта ўртасида ўтадиган учрашувларда бериладиган топшириқларни бажаришга жиддий ёндашинг. Жамоатда бирон вазифани бажаришда сиздан ёрдам сўрашса, пухта ва ўз вақтида бажаринг ҳамда ишончли бўлинг. Сизга берилган вазифани муҳим эмас ва унга вақт сарфлаш арзимайди, деб ўйламанг. Қобилиятларингизни яхшилашга интилинг. (Ҳик. 22:29) Маънавий ишлар ҳамда топшириқларни бажариш учун қанча кўп жон куйдирсангиз, шунча кўп маънан ўсасиз ва қувончингизга қувонч қўшилади. (Галат. 6:4) Қолаверса, сиз хоҳлаган шарафли вазифага бошқалар эга бўлганда, улар билан хурсанд бўла оласиз. (Галат. 5:26) w21.08 22- саҳ., 11- хб.
Юқоридан тушган донолик... биринчидан пок, иккинчидан тинчликпарвар, мулоҳазали, бўйсунувчан, раҳм-шафқатга ва яхши самараларга бой, беғараз ҳамда риёсиздир. (Ёқб. 3:17)
Мағрурликдан қочиб, Яҳовадан ўрганишга тайёр бўлишимиз лозим. Бирон касаллик дастидан одамнинг юраги нотўғри ишлагани каби, мағрурлик рамзий қалбимизни жароҳатлаши ва Яҳованинг йўл-йўриқларига амал қилмаслигимизга сабаб бўлиши мумкин. Фарзийлар билан айнан шундай бўлди. Мағрурлик туфайли улар Исода Худонинг руҳи борлигини ва у Худонинг Ўғли эканини аниқ кўрса-да, буни тан олишни истамади. (Юҳан. 12:37–40) Фарзийларнинг мағрурлиги яхшиликка олиб келмади. Улар абадий ҳаётдан маҳрум бўлди. (Мат. 23:13, 33) Ҳа, Худонинг Каломи бизни шакллантиришига ва муқаддас руҳ фикрлаш тарзимизу қарорларимизга таъсир қилишига доим йўл қўйишимиз муҳим. Ёқуб камтарин бўлгани учун Яҳовадан ўрганишга тайёр эди. Қолаверса, у камтаринлиги туфайли яхши таълим бера олганди. w22.01 10- саҳ., 7- хб.
Сўраб туринглар. (Мат. 7:7)
«Ибодатда саботли» бўлсак, самовий Отамиз бизни эшитишига амин бўлишимиз мумкин. (Колос. 4:2) Ибодатимизнинг жавоби кечикаётгандай туюлса-да, Яҳова унга «ўз вақтида» жавоб беришни ваъда қилмоқда. (1 Бутр. 5:6) Шу боис, Яҳова ибодатларимизга биз хоҳлагандай дарров жавоб бермаса, Уни асло айбламаслигимиз керак. Мисол учун, кўплар Худонинг Шоҳлиги бу дунёга нуқта қўйишини кўриш учун йиллар давомида ибодат қилиб келмоқда. Исо бу ҳақда ибодат қилишимиз кераклигини айтган. (Мат. 6:10) Лекин киши бу одамлар кутган пайтда юз бермаётгани туфайлигина Худога бўлган имони заифлашишига йўл қўйиши нодонликдир. (Хаб. 2:3; Мат. 24:44) Кутишда давом этсак ва ишонч билан ибодат қилсак, доно йўл тутган бўламиз. Бу дунёнинг охири ўз вақтида келади, чунки Яҳова ўша «кун ва... соат»ни аллақачон белгилаб қўйган. Бу энг зўр кун бўлади! (Мат. 24:36; 2 Бутр. 3:15) w21.08 10- саҳ., 10-, 11- хб.
Камтар бўлиб, бошқаларни ўзингиздан устун қўйинглар. (Филип. 2:3)
Камтар кекса имондошларимиз олдингидай кўп вазифаларни бажара олмаслигини тан олади. Келинг, туман нозирларининг мисолига диққат қаратайлик. Ёши 70 га етганда, уларга бошқа вазифани бажариш таклиф этилади. Бу осон бўлмаслиги мумкин. Улар биродарлари билан хизмат қилиш шарафини жуда яхши кўради. Бироқ улар бу вазифани ёшроқ биродарлар бажариши маъқулроқ эканини тушунади. Шу боис, улар 50 ёшга тўлганда муқаддас чодирдаги хизматини тўхтатиши керак бўлган Исроилдаги левилар каби муносабатни намоён этади. Ёши катта ўша левиларнинг қувончи муайян шарафли вазифага боғлиқ эмасди. Улар эга бўлган шарафли вазифаларини тўлақонли бажариб, ёшроқ бўлганларга ёрдам бериш учун жон куйдирган. (Саҳ. 8:25, 26) Ҳозирда туман нозирлари 70 га киргач, жамоатларга ташриф буюрмайди. Шунга қарамай, улар жамоатларига кўп ёрдам ва далда бера оляпти. w21.09 8-, 9- саҳ., 3-, 4- хб.
Отажон, мен осмондаги Худога ва сизга қарши гуноҳ қилдим. Бундан буён ўғлингиз деб аталишга ҳам арзимайман. (Луқо 15:21)
Луқо 15:11–32 да Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги таъсирли ҳикоясини ўқишимиз мумкин. Ёш йигит отасига қарши чиқиб, уйдан кетди ва «узоқ юртга» йўл олди. Ўша ерда у ахлоқсизлик ва кайфу сафо билан умр кечирди. Лекин қийинчиликларга дуч келганда, чиқарган нотўғри қарорлари устида мулоҳаза юритди. У отасининг уйида бўлганида ҳаёти нақадар яхши бўлганини тушунди. Исо айтганидай, йигит «эс-ҳушини йиғди». У уйига қайтишга ва отасидан кечирим сўрашга қарор қилди. Бу йигит кўп нотўғри қарор чиқарганини тушуниб етиши жуда муҳим эди. У хулқ-атворини ўзгартириши кутиларди. Дарбадар ўғил қилмишларидан чин дилдан тавба қилаётганини кўрсатди. Бу масал шунчаки таъсирли ҳикоя эмас. Унинг ёрдамида оқсоқоллар имондоши жиддий гуноҳидан тавба қилиш-қилмаслигини аниқлай олади. w21.10 5-, 6- саҳ., 14-, 15- хб.
Ҳамма халқларни ларзага соламан. (Хаг. 2:6)
Нима ларзага солинмайди, титрамайди ёки йўқ бўлмайди? Ҳаворий Павлус шундай деган: «Биз тебранмас Шоҳликка эришар эканмиз, бундан буён ҳам... муқаддас хизматимизни Тангрига маъқул тарзда, худотарслик ва титроқ билан адо этамиз». (Иброн. 12:28) Сўнгги ларзадан кейин фақат Худонинг Шоҳлиги тебранмайди. (Заб. 110:5; Дон. 2:44) Ҳозир қўл қовуштириб ўтиришнинг вақти эмас! Одамлар қарор чиқариши зарур. Улар бу дунё олға сураётган — ҳалокатга етаклаётган — ҳаёт тарзини қўллаб-қувватлашда давом этадими ёки Худонинг иродасига мувофиқ абадий ҳаётга етакловчи йўлдан юришни танлайдими? (Иброн. 12:25) Ваъзгўйлик фаолиятимиз орқали бу борада муҳим қарорни чиқариш учун инсонларга ёрдам беришимиз мумкин. Шунингдек, Ҳазратимиз Исонинг қуйидаги сўзларини ёдда тутайлик: «Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади». (Мат. 24:14) w21.09 18-, 19- саҳ., 18–20- хб.
Сени ҳечам ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман. (Иброн. 13:5)
Азиз оқсоқоллар, сизда яқини Яҳовадан юз ўгирган имондошларингизга тасалли бериш учун ўзгача масъулият бор. (1 Салон. 5:14) Йиғилишдан олдин ёки кейин уларга далда бериш учун ташаббус кўрсатинг. Уларникига боринг ва улар учун ибодат қилинг. Хизматда улар билан ҳамкорлик қилинг ёки оилавий топинишга таклиф қилинг. Маънавий чўпонлар Яҳованинг қайғуга ботган қўзичоқларига улар муҳтож бўлган меҳр-шафқат, севги ва эътиборни кўрсатиши лозим. (1 Салон. 2:7, 8) Яҳова «ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамайди, аммо ҳамманинг тавба қилишини хоҳлайди». (2 Бутр. 3:9) Инсон жиддий гуноҳга қўл урса ҳам унинг ҳаёти Худо учун бебаҳо. Унутмангки, Яҳова юқори баҳони, яъни суюкли Ўғлининг тўлов қурбонлигини ҳар биримиз учун берган. Яҳова Ундан юз ўгирганлар қайтиши учун севги ила уларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпти. Худо улар бундай қилишига умид боғлаяпти. Буни Исонинг дарбадар ўғил ҳақидаги масалидан кўришимиз мумкин. (Луқо 15:11–32) w21.09 30-, 31- саҳ., 17–19- хб.
Уларнинг меҳнатидан фойдаландингизлар. (Юҳан. 4:38)
Соғлигингиз заифлашгани туфайли ваъз қилиш ҳамда таълим бериш ишида етарлича қатнаша олмаётган бўлсангиз-чи? Шунга қарамай, қўлингиздан келганини қилиб, бундан қувонч топа оласиз. Келинг, Довуд одамлари билан оилалари ҳамда мол-мулкини омолекларнинг қўлидан қутқаришга боргани ҳақидаги воқеага эътибор берайлик. Довуднинг икки юзта одами қаттиқ чарчагани учун жанг қилишга бормаганди ва нарсаларни қўриқлашга қолганди. Жангдан ғолиб бўлиб қайтгач, Довуд улуш ҳаммага тенг бўлинишини буюрди. (1 Шоҳ. 30:21–25) Буни шогирд тайёрлаш ишига ўхшатса бўлади. Бир кишига ҳаёт йўлидан юришга ёрдам бериш учун қўлимиздан келганини қилсак, барчамиз бирдай қувона оламиз. Яҳова тиришқоқлигимизга ва ниятимизга диққат қаратиб, бизни мукофотлайди. Қолаверса, У бу улкан шогирд тайёрлаш ишида қандай қилиб қувонч топишимиз мумкинлигини ўргатяпти. (Юҳан. 14:12) Бўшашмасак, Худо биздан мамнун эканига амин бўла оламиз. w21.10 27-, 28- саҳ., 15–17- хб.
Ёшларнинг фахри — куч-қувватида. (Ҳик. 20:29)
Ёшимиз ўтгани сайин Яҳовага олдингидай фойда келтира олмайман, деб қўрқишимиз мумкин. Тўғри, кучимиз аввалгидай эмасдир. Лекин орттирган донолик ва тажрибамиздан фойдаланиб, ёшроқ бўлганларга Яҳовага тўлиқ хизмат қилишга ва янги вазифаларни бажариш учун тайёр бўлишга кўмаклаша оламиз. Кекса имондошларимиз ёшроқ бўлганларга ёрдам беришни истаса, камтар бўлиши керак. Камтар инсон бошқаларни ўзидан устун қўяди. (Филип. 2:3, 4) Кексалар шуни тушунадики, кўп ҳолларда вазифани яхши бажаришда турли оятлар қўл келиши ва ҳар хил усуллардан фойдаланиш мумкин. Шу боис, улар муайян нарсалар ўтмишдагидек қилиниши керак, деб ўйламайди. (Воиз 7:10) Улар ёшлар билан бўлишиш учун катта тажрибага эга бўлса-да, «бу дунёнинг саҳнаси ўзгариб бораётганини» ва янги вазиятга мослашиш кераклигини тушунади. (1 Кор. 7:31) w21.09 8- саҳ., 1-, 3- хб.
Эй Яҳова, худолар орасида Сенга ўхшаши борми?! Сен энг муқаддассан. Муқаддасликда Сенга тенг келадигани борми?! (Чиқ. 15:11)
Яҳова топинувчиларидан жирканч ишларни ҳеч қачон талаб қилмаган. Зеро, У буткул муқаддасдир. Олий руҳонийнинг салласидаги олтин лавҳада ёзилган сўзлардан буни аниқ кўрса бўлади. Ўша лавҳада: «Яҳова муқаддасдир»,— деб ўйиб ёзилганди. (Чиқ. 28:36–38) Бу ёзув барчага Яҳова чиндан ҳам муқаддас эканини эслатиб турарди. Лекин бирон исроиллик олий руҳонийнинг ёнига яқин бора олмагани учун ўша ёзувни кўра олмаган бўлса-чи, у Яҳова муқаддас эканини билармиди? Бўлмасам-чи! Чунки ҳар бир исроиллик Мусонинг Қонуни эркагу аёллар ва болалар олдида ўқилаётганда, бу сўзларни эшитарди. (Қонун. 31:9–12) Агар сиз ҳам у ерда бўлганингизда, шундай сўзларни эшитардингиз: «Мен сизларнинг Худойингиз Яҳоваман... Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман». «Мен учун муқаддас бўлинглар, зеро Мен, Яҳова, муқаддасман». (Лев. 11:44, 45; 20:7, 26) w21.12 3- саҳ., 6-, 7- хб.
Ортиқ ташвишланманглар. (Луқо 12:29)
Баъзилар моддий эҳтиёжлари ҳақида ташвишланиши мумкин. Эҳтимол, улар иқтисодий жиҳатдан камбағал мамлакатда яшайди. Ёки оиласини боқиш учун етарлича пул топиш қийин кечаётгандир. Ё бўлмаса, оила боқувчиси ҳаётдан кўз юмгани туфайли улар моддий ёрдамга муҳтож бўлиши мумкин. Хавотирланишнинг ўрнига Худога таянсак фойда оламиз. Унутманг, маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйсак, Яҳова моддий эҳтиёжларимизга ғамхўрлик қилишга кафолат беряпти. (Мат. 6:32, 33) Дарвоқе, У доим бу ваъдасида туриб келган. (Қонун. 8:4, 15, 16; Заб. 37:25) Худо қушлару гулларга ғамхўрлик қилар экан, бизга ҳам ғамхўрлик қилишидан шубҳаланмасак бўлади. (Мат. 6:26–30; Филип. 4:6, 7) Севги ота-онани фарзандига моддий жиҳатдан ғамхўрлик қилишга ундаганидай, самовий Отамиз ҳам бизни севгани учун ғамхўрлик қилади. Ҳа, Яҳова бизни асло ташлаб қўймаслигига амин бўлишимиз мумкин! w21.12 17- саҳ., 4-, 5- хб.; 18- саҳ., 8- хб.
Яҳова Юсуф билан бўлиб, унга меҳрибонлик кўрсатиб турди. (Ибт. 39:21)
Сизни бирон киши, ҳатто имондошингиз қаттиқ ранжитганми? Юсуф акаларининг дастидан ноҳақ азоб чекишига тўғри келганини бир эсланг. У сабр ила кўрсатган бардоши учун мукофотлаган Яҳовага хизмат қилишга диққат қаратди. Вақт ўтиб Юсуф уни хафа қилганларни кечириб, Яҳова унга қандай баракалар ато этганини кўра олди. (Ибт. 45:5) Юсуф сингари Яҳовага яқинроқ бўлиб, У ўз вақтида ноҳақликларга барҳам беришини кутганимизда, таскин топамиз. (Заб. 7:17; 73:28) Ноҳақликка дуч келган ёки бирон бошқа сабабга кўра сиқилаётган бўлсангиз, унутманг, Яҳова «қалби ўксиганларга яқиндир». (Заб. 34:18) Сабрли бўлаётганингиз ва ғам-ташвишингизни Унга ташлаётганингиз учун Яҳова сизни яхши кўради. (Заб. 55:22) У бутун ер юзининг Ҳокими. Ҳеч нарса Унинг назаридан четда қолмайди. (1 Бутр. 3:12) Сиз ҳал қила олмайдиган қийинчилик билан курашаётган бўлсангиз, Яҳовани кутишга тайёрмисиз? w21.08 11- саҳ., 14- хб.; 12- саҳ., 16- хб.
Яҳованинг иродаси қандай эканини англаб олинглар. (Эфес. 5:17)
Яҳовани мамнун қиладиган ҳаёт тарзини танласак доноликдан бўлади. Биз нима муҳимроқ эканини аниқлашимиз лозим. Гоҳида вақтдан унумли фойдаланиш учун аслида нотўғри бўлмаган иккита нарсадан бирини танлашимизга тўғри келар. Буни Исо Марям билан Мартаникига борганида юз берган воқеадан кўришимиз мумкин. Марта Исо уларникига меҳмонга келганидан хурсанд бўлиб мазали таом тайёрлади. Марям эса Исонинг олдида ўтириб, уни тинглади. Мартанинг ҳаракатлари нотўғри эмас эди. Аммо Исо Марям «энг яхшисини танлаганини» айтди. (Луқо 10:38–42) Вақт ўтиб, Марям қандай таом еганини унутгандир, лекин аминмизки, Исодан эшитган барчасини ҳеч қачон унутмаган. Марям Исо билан бирга вақт ўтказиш имконини қадрлагани каби биз ҳам Яҳова билан ўтказадиган вақтни жуда қадрлаймиз. w22.01 27- саҳ., 5-, 6- хб.
Ахаб Менинг олдимда ўзини паст тутиб юрганини кўрдингми? (3 Шоҳ. 21:29)
Ахаб Яҳованинг олдида ўзини паст тутган бўлса ҳам, кейинчалик қилган ишларидан у чин дилдан тавба қилмаганини кўриш мумкин. У ўз шоҳлигидан Баалга сиғинишни йўқ қилмади. Яҳовага топинишни ҳам олға сурмади. Ахабнинг ўлимидан сўнг Яҳова у ҳақда қандай фикрда эканини аён қилди. Ёҳу пайғамбар уни «ёвуз» деб айтган. (2 Сол. 19:1, 2) Энди бир ўйлаб кўринг. Ахаб ростдан ҳам тавба қилган бўлса, пайғамбар уни Яҳовадан нафратланадиган ёвуз киши деган бўлармиди? Тўғри, Ахаб муайян даражада тавба қилди, аммо тўлиқ эмас Ахабнинг мисолидан нимани ўрганишимиз мумкин? Илёс пайғамбар Ахабга унинг оиласи жар ёқасида эканини айтганида аввалига у ўзини паст тутди. Бошланиши ёмон эмас эди. Лекин кейинги хатти-ҳаракатлари у чин дилдан тавба қилмаганини кўрсатди. Шундай экан, тавба қилиш учун шунчаки пушаймон бўлишнинг ўзи кифоя эмас. w21.10 3- саҳ., 4-, 5-, 7-, 8- хб.
Шоҳлик ҳақидаги хушхабар... ваъз қилинади. (Мат. 24:14)
Ишаё пайғамбар эди. Эҳтимол, унинг хотини ҳам пайғамбарлик вазифасини бажарган. Чунки Муқаддас Китобда у ҳақда «пайғамбар аёл» деб айтилган. (Ишаё 8:1–4) Ишаё пайғамбар ва унинг хотини жуфтлик сифатида диққатини Яҳовага топинишга қаратган. Жуфтликлар ҳам хизматда жон куйдириб диққатини Яҳовага хизмат қилишга қарата олади. Улар Муқаддас Китоб башоратларини биргаликда тадқиқ қилиб ва бу башоратлар доим амалга ошишини кўриб Яҳовага бўлган ишончини мустаҳкамлаши мумкин. (Титус. 1:2) Турмуш ўртоқлар Муқаддас Китобдаги бирон башорат амалга ошишида ҳисса қўша олиши тўғрисида мулоҳаза юритса бўлади. Масалан, улар Исонинг охират келишидан олдин хушхабар бутун ер юзи бўйлаб тарқалиши тўғрисидаги башорат амалга ошишида ҳисса қўша олади. Жуфтлик Муқаддас Китобдаги башорат амалга ошишига қанчалик амин бўлса, Яҳовага хизмат қилиш қарори шунча кучли бўлади. w21.11 16-, 17- саҳ., 9-, 10- хб.
Шогирдига қараб: «Бу сизнинг онангиз»,— деди. (Юҳан. 19:27)
Исо, эҳтимол, бева бўлиб қолган онаси ҳақида қайғурган. Исо онасини яхши кўргани ва у ҳақида қайғургани учун Юҳаннога унга ғамхўрлик қилишни топширган. Сабаби, унинг маънавий эҳтиёжларига Юҳанно ғамхўрлик қилишини билган. Ўша кундан бошлаб, Юҳанно Марям учун ўғилдай бўлиб қолди ва унга ўз онасидай ғамхўрлик қилган. Ҳа, Исо туғилганидан бери унга меҳр ила ғамхўрлик қилган ва ўлаётганида ёнида турган онасини қаттиқ яхши кўришини кўрсатган. Исонинг сўзларидан қандай сабоқ олсак бўлади? Яқин қариндошларимизга қараганда имондошларимиз билан бўлган муносабатларимиз қалинроқ бўлиши мумкин. Қариндошларимиз қаршилик қилиши ё ҳатто биздан юз ўгириши мумкин. Бироқ Исо ваъда берганидай, Яҳовага ва ташкилотга яқин бўлсак, йўқотганларимиздан юз баробар ортиғига эга бўламиз. Кўплар биз учун суюкли ўғил, қиз, она ёки ота каби бўлиши мумкин. (Марк 10:29, 30) Имон ва севги, яъни Яҳовага ҳамда бир-биримизга бўлган севги бирлаштирган маънавий оиланинг аъзоси бўлишдан нималарни ҳис қиляпсиз? (Колос. 3:14; 1 Бутр. 2:17) w21.04 9–11- саҳ., 7-, 8- хб.
Яхшилик қилишни ва бор нарсангизни бошқалар билан бўлишишни унутманглар. (Иброн. 13:16)
Меҳр-садоқат керагидан ортиғини қилишга ундайди. Ўтмишда бўлганидай, бугунги кунда ҳам кўпгина биродару опа-сингилларимиз имондошларига, ҳатто ўзи танимайдиганларга меҳр-садоқат кўрсатяпти. Масалан, бу имондошларимиз табиий офат юз бергани ҳақида хабар топса, зудлик билан ўз ёрдамини таклиф қилади. Жамоатда кимдир моддий томондан қийналса, иккиланмасдан уларга амалий ёрдам кўрсатади. Биринчи асрдаги македонияликлар каби улар кўпроғини қилишга тайёр. Улар ёрдамга муҳтож биродару опа-сингилларга кўмаклашиш учун керагидан «ортиғини қилиб», вақтини ва бор нарсасини аямайди. (2 Кор. 8:3) Бугун ҳам оқсоқоллар биродару опа-сингилларимиз бошқа имондошларга ёрдам берганини кўрганида, уларни самимий мақтайди. Ўз вақтида айтилган самимий мақтов биродару опа-сингилларимизга куч беради. Улар бу орқали имондошларимизга ёрдам беришда давом этади. (Ишаё 32:1, 2) w21.11 11- саҳ., 14- хб.; 12- саҳ., 21- хб.
Қулоқ тутиб, дононинг сўзларини тингла. (Ҳик. 22:17)
Вақти-вақти билан барчамиз маслаҳатга муҳтожмиз. Баъзида ўзимиз ҳурмат қиладиган кишидан маслаҳат сўрашимиз мумкин. Гоҳида эса биз ҳақимизда хавотирланаётган биродар «бирон-бир хатога» йўл қўяётганимизни кўриб, бизга маслаҳат берар. Бу кейинчалик пушаймон бўлишимиздан асраб қолади. (Галат. 6:1) Ёки жиддий хатога йўл қўйганимиздан кейин маслаҳат олишимиз мумкин. Қандай бўлмасин, маслаҳатларга қулоқ солишимиз керак. Бундай қилиш ўзимизга фойда келтиради ва ҳаётимизни сақлаб қолади. (Ҳик. 6:23) Бугунги оят бизни «қулоқ тутиб, дононинг сўзларини тинглашга» ундаяпти. Ҳамма нарсани биладиган одамнинг ўзи йўқ. Лекин бизга қараганда билими ёки тажрибаси кўпроқ одам доим топилади. (Ҳик. 12:15) Маслаҳатга қулоқ солиш камтарликнинг белгисидир. Бу имкониятларимиз чегараланганини билишимизни ва мақсадларимизга эришиш учун ёрдамга муҳтож эканимизни тушунаётганимизни кўрсатади. Доно шоҳ Сулаймон шундай ёзган: «Маслаҳатчи кўп бўлса, улар [режалар] амалга ошади». (Ҳик. 15:22) w22.02 8- саҳ., 1-, 2- хб.
Гуноҳларини бекитган муваффақиятга эришмайди, уларни тан олиб, соқит қилганга эса раҳм-шафқат кўрсатилади. (Ҳик. 28:13)
Чин дилдан тавба қилиш гуноҳимдан пушаймонман, деб айтишдан кўра кўпроғини ўз ичига олади. Бу, шунингдек, ўй-фикрларни ва туйғуларни ўзгартириш кераклигини англатади. Бунга нотўғри йўлдан қайтиб, Яҳованинг меъёрларига амал қилишга интилиш киради. (Ҳиз. 33:14–16) Гуноҳ қилган киши учун энг муҳими Яҳова билан яқин муносабатларини қайта тиклаш бўлиши керак. Яқин дўстимиз жиддий гуноҳга қўл урганини билиб қолсак, нима қилишимиз керак? Гуноҳини яшириб унга фақатгина зиён келтирамиз. Бу яхшиликка олиб келмайди, чунки Яҳова ҳаммасини кўриб турибди. (Ҳик. 5:21, 22) Дўстингизга оқсоқоллар унга ёрдам беришга тайёр эканини айтсангиз бўлади. Оқсоқолларга мурожаат қилишни хоҳламаса, сиз уларга ҳаммасини айтиб беришингиз лозим. Бу сиз дўстингизга ёрдам бермоқчи эканингизни кўрсатади. w21.10 7- саҳ., 19–21- хб.
Нафақат ўзингизнинг, балки бошқаларнинг ҳам манфаатини кўзланглар. (Филип. 2:4)
Ҳаммамиз Исога ўхшаб бошқаларнинг эҳтиёжларини ўзимизникидан устун қўйишга ўргана оламиз. Муқаддас Китобда айтилганидай, Исо «қул қиёфасига кирди». (Филип. 2:7) Яхши қул ёки хизматкор хўжайинига маъқул келиш учун жон куйдиради. Яҳованинг қули бўлганимиз ҳамда биродару опа-сингилларимизга хизмат қилаётганимиз учун Яҳова биздан кўпроқ фойдаланяпти. Қолаверса, имондошларимизга ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг: «Бошқаларга ёрдам бериш учун шахсий ишларимни четга суриб қўйишга тайёрманми? Анжуман ўтадиган жойларни тозалаш ёки Йиғилиш залларини таъмирлашда эҳтиёж пайдо бўлса, тайёрлик ила ёрдам бераманми?» Айтайлик, қайсидир соҳада яхшиланишингиз кераклигини тушундингиз. Лекин бунинг учун сизда кучли истак йўқлигини пайқадингиз. Бундай вазиятда Яҳовага сидқидилдан ибодат қилинг. Унга ичингиздагиларни айтинг. Сизда «истак уйғотиб, куч ато этишини» сўранг. (Филип. 2:13) w22.02 22-, 23- саҳ., 9–11- хб.
Мен сизларга роҳат бахш этаман. (Мат. 11:28)
Исо ҳатто қийин вазиятларда мулойим ва мулоҳазакор бўлиб меҳрибонликни кўрсатган. (Мат. 11:29, 30) Масалан, финикиялик аёл ундан боласига шифо беришини сўраганида, Исо аввалига унинг илтимосини рад этган. Аммо кейин у кучли имонга эга эканини кўрганида Исо аёлнинг боласига меҳр ила шифо берган. (Мат. 15:22–28) Исо меҳрибон бўлган бўлса-да, маслаҳат бериш керак бўлганида буни ортга сурмаган. У ўзи севган инсонларга нисбатан қатъий бўлиб меҳрибонликни кўрсатган. Мисол учун, Бутрус уни Яҳованинг иродасини бажаришдан тўхтатмоқчи бўлганида Исо бошқа шогирдларнинг олдида уни тузатган. (Марк 8:32, 33) У буни Бутрусни ерга уриш учун эмас, балки уни ўргатиш ва бошқа шогирдларни манман бўлмасликдан огоҳлантириш ниятида қилган. Тўғри, Бутрус уялган бўлса керак, аммо у Исонинг танбеҳидан фойда олгани турган гап. Сиз севадиган одамларга чин дилдан меҳрибон эканингизни кўрсатиш учун гоҳида холисона маслаҳат бериш керак бўлади. Шундай вазиятда Исо каби Худонинг Каломидаги принципларга асосланинг. w22.03 11- саҳ., 12-, 13- хб.
Аллоҳга ҳамду сано қурбонлигини, яъни Унинг исмини ҳаммага эълон қилиш учун оғзимиздан чиққан сўзларни бахшида этайлик. (Иброн. 13:15)
Яҳовани мадҳ этиб Унга топинамиз. (Заб. 34:1) Яҳованинг гўзал фазилатларию ишларини қанчалик яхши кўришимиз тўғрисида бошқаларга айтиб Уни мадҳ этамиз. Қалбимиз миннатдорчиликка тўлиб-тошса, мақтовлар сарчашмасига айланади. Яҳованинг ҳиммати — У биз учун қилган барча яхшиликлари ҳақида ўйлашга вақт ажратсак, Уни мадҳ этиш учун доим сабаб топа оламиз. Айниқса, ваъзгўйлик фаолияти Аллоҳга «ҳамду сано қурбонлигини, яъни... оғзимиздан чиққан сўзларни бахшида этиш» учун яхши имкониятдир. Ибодат қилишдан аввал нима дейишимиз тўғрисида яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак бўлганидай, хизматда Яҳова тўғрисида нима айтмоқчи эканимиз борасида ҳам чуқур ўйлаб кўришимиз лозим. «Ҳамду сано қурбонлигимиз» энг аълоси бўлишини истаймиз. Ҳақиқат билан бўлишганимизда, чин қалбдан гапиришни хоҳлаймиз. w22.03 21- саҳ., 8- хб.