Ёшуа 10:1–43

  • Исроил Гивонни ҳимоялайди (1-7)

  • Яҳова Исроил учун жанг қилади (8-15)

    • Душманлар устига тош ёғилади (11)

    • Қуёш тўхтайди (12-14)

  • Бешта шоҳ ўлдирилади (16-28)

  • Жанубдаги шаҳарлар забт этилади (29-43)

10  Қуддус шоҳи Одонисидиқ, Ёшуа Ай шаҳрини босиб олиб йўқ қилганини, Ерихо ва унинг шоҳи+ билан нима қилган бўлса, Ай ҳамда унинг шоҳига+ ҳам шундай қилганини ва Гивон аҳолиси Исроил халқи билан сулҳ тузиб+, уларнинг орасида яшаётганини эшитгач,  ваҳимага тушиб қолди+. Чунки Гивон, шоҳ бошқарадиган катта шаҳарлар каби улкан шаҳар эди. Гивон Айдан+ ҳам каттароқ шаҳар бўлиб, эркакларининг барчаси жангчилар эди.  Қуддус шоҳи Одонисидиқ Хеврон+ шоҳи Хўхамга, Ярмут шоҳи Пиромга, Лахиш шоҳи Ёфияга ҳамда Эглон шоҳи+ Дебирга қуйидаги хабарни юборди:  «Менга ёрдамга келинглар. Гивонга ҳужум қиламиз, чунки улар Ёшуа ва исроилликлар билан сулҳ тузишибди»+.  Шунда аморийларнинг+ бешта шоҳи — Қуддус, Хеврон, Ярмут, Лахиш ва Эглон шоҳлари қўшинлари билан биргаликда йиғилишди. Улар жанг қилиш мақсадида Гивонга қарши юриш қилиб, уни қуршаб олишди.  Кейин Гивон аҳолиси Гилгалдаги қароргоҳга+, Ёшуага шундай хабар юборди: «Қулларингизни ташлаб қўйманг+. Тезроқ келиб, бизни қутқаринг! Бизга ёрдам беринг! Чунки тоғли ҳудуддаги аморийларнинг барча шоҳлари бизга қарши тўпланишди».  Ёшуа барча аскарларию қудратли жангчилари билан Гилгалдан йўлга чиқди+.  Яҳова Ёшуага: «Улардан қўрқма+, чунки Мен уларни сенинг қўлингга бердим+. Ҳеч бири сенга қарши тура олмайди»+,— деди.  Ёшуа Гилгалдан чиққач, туни билан йўл юриб, кутилмаганда уларнинг қаршисидан чиқди. 10  Яҳова Исроилнинг олдида уларни саросимага солди+ ва исроилликлар Гивонда уларнинг кўпини қириб ташлашди. Байт-Хўронга кўтариладиган йўл бўйлаб уларни таъқиб этиб, Озикаҳ билан Маккедогача уларни ўлдириб боришди. 11  Улар исроилликлардан қочиб Байт-Хўрондан тушаётганларида, Яҳова Озикаҳга қадар уларнинг устига осмондан катта дўл ёғдирди ва улар ҳалок бўлишди. Исроилликларнинг қиличидан ўлганларнинг сонига қараганда, дўл ёққани дастидан ўлганларнинг сони кўпроқ эди. 12  Яҳова исроилликларнинг кўз ўнгида аморийларни тор-мор қилган куни, Ёшуа Исроил ўғилларининг олдида Яҳовага шундай деди: «Эй қуёш, Гивон+ узра тур+.Ой, сен эса, Ойжавлон водийси устида тўхта!» 13  Шундай қилиб, халқ ўз душманларидан ўч олмагунча, қуёш ҳам, ой ҳам ўз жойида турди. Ахир Ёшур китобида бу нарсалар ёзилган-ку!+ Ўша куни қуёш ботмай, осмоннинг қоқ ўртасида турди, кун бўйи ботишга шошилмади. 14  Аввал ҳам, кейин ҳам Яҳова инсоннинг сўзини тинглаган бу кунга ўхшаган кун бўлмаган+. Чунки шу куни Яҳова Исроил учун жанг қилди+. 15  Бундан сўнг, Ёшуа бутун Исроил ўғиллари билан Гилгалдаги қароргоҳга+ қайтиб келди. 16  Бу вақт орасида бешта шоҳ қочиб кетиб, Маккедодаги+ ғорга яшириниб олди. 17  Ёшуага: «Бешта шоҳ топилди, улар Маккедодаги+ ғорга яшириниб олишган экан»,— деган хабар келди. 18  Шунда Ёшуа деди: «Ғор оғзига катта тошларни думалатиб қўйинглар ва уларни қўриқлаш учун кишилар тайинланглар. 19  Аммо сизлар тўхтаб қолманглар, душманларингизни таъқиб этиб, уларга орқадан ҳужум қилинглар+. Ўз шаҳарларига кириб, яшириниб олишларига йўл қўйманглар. Боиси, Аллоҳингиз Яҳова уларни қўлингизга берди». 20  Ёшуа билан исроилликлар душманларининг кўпини қириб ташлашди, омон қолганлари эса мустаҳкам шаҳарларга қочиб бориб, яширинишди. 21  Исроилнинг барча эркаклари Маккедодаги қароргоҳга, Ёшуанинг олдига соғ-омон қайтиб келишди. Исроилликларга қарши бирорта сўз айтишга ҳеч кимнинг юраги дов бермади. 22  Кейин Ёшуа: «Ғорнинг оғзини очиб, бешта шоҳни менинг ёнимга келтиринглар»,— деди. 23  Шунда улар бешта шоҳни — Қуддус, Хеврон, Ярмут, Лахиш ҳамда Эглон шоҳларини ғордан олиб чиқиб, Ёшуанинг олдига келтиришди+. 24  Шоҳларни олиб келишгач, Ёшуа Исроилнинг ҳамма эркакларини чақирди ва у билан борган жангчилар қўмондонларига: «Яқинроқ келинглар. Бу шоҳларнинг гарданига оёқларингизни қўйинглар»,— деди. Улар яқинроқ келиб, оёқларини шоҳларнинг гарданига қўйишди+. 25  Ёшуа уларга деди: «Қўрқманглар, ваҳимага тушманглар+. Жасоратли ва маҳкам бўлинглар, чунки Яҳова сиз жанг қилаётган душманларингизнинг барчасига худди шундай қилади»+. 26  Сўнг, Ёшуа шоҳларни ўлдириб, жасадларини бешта устунга* осиб қўйди. Уларнинг жасадлари кечқурунгача устунларда осилиб турди. 27  Қуёш ботар чоғида, Ёшуа уларнинг жасадларини устунлардан тушириб+, уларни ўзлари яширинган ғорга ташлаб юборишни буюрди. Кейин ғорнинг оғзига катта тошларни юмалатиб қўйишди. Бу тошлар бугунгача ўша ердадир. 28  Ўша куни Ёшуа Маккедони+ босиб олди ва унинг аҳолисини қиличдан ўтказди. У шоҳни ва шаҳардаги ҳар бир кишини йўқ қилди, битта ҳам тирик жон қолдирмади+. Ерихо шоҳи билан қандай йўл тутган бўлса, Маккедо шоҳига+ ҳам худди шундай қилди. 29  Сўнгра Ёшуа бутун Исроил ўғиллари билан Маккедодан йўлга чиқиб Либнага+ борди ва Либнага қарши жанг қилди. 30  Яҳова Либнани ва унинг шоҳини+ ҳам Исроил ўғиллари қўлига топширди ва улар битта қолдирмай, шаҳардаги ҳамма одамларни қилич тиғидан ўтказишди. Шу йўсин улар, Ерихо шоҳига нима қилишган бўлса, Либнанинг шоҳи билан ҳам шундай йўл тутишди+. 31  Бундан кейин, Ёшуа Исроил ўғиллари билан Либнадан Лахиш+ томонга йўл олди. У ерда қароргоҳ қуриб, Лахишга қарши уруш очди. 32  Яҳова Лахишни Исроил ўғилларининг қўлига берди ва улар иккинчи куни Лахишни забт этишди. Улар Либнада қилишганидек, Лахиш шаҳридаги ҳамма одамларни қиличдан ўтказишди+. 33  Шунда Гезер+ шоҳи Хўром Лахишга ёрдамга келди, лекин Ёшуа уни ва унинг халқини қириб ташлади. Битта ҳам кишини омон қолдирмади. 34  Кейин Ёшуа Исроил ўғиллари билан Лахишдан Эглонга+ қараб юрди. У ерда қароргоҳ қуриб, Эглонга қарши уруш қилди. 35  Ўша куни улар Эглонни босиб олишди ва аҳолисини қиличдан ўтказишди. Лахишда қилганларидек, ўша куни Эглондаги барчани йўқ қилишди+. 36  Бундан сўнг, Ёшуа Исроил ўғиллари билан Эглондан Хевронга+ борди ва унга қарши жанг қилди. 37  Улар Хевронни забт этиб, аҳолисини қириб ташлашди. Унинг шоҳини ва шаҳарларидаги барчани битта қолдирмай қиличдан ўтказишди. Улар Эглонда қилишганидек, Хеврондаги ҳамма одамларни йўқ қилиб ташлашди. 38  Охири Ёшуа Исроил ўғиллари билан Дебир+ томонга бурилиб кетди ва унга қарши уруш очди. 39  Ёшуа Дебирни, унинг шоҳини ва барча шаҳарларини қўлга киритди. Улар барчани битта қолдирмай қиличдан ўтказишди+. У Хеврон ҳамда Либна ва унинг шоҳи билан нима қилган бўлса, Дебир ва унинг шоҳига худди шундай қилди. 40  Ёшуа барча ерларни — ўртадаги тоғли ҳудудни, Нагавни, Шефелани+, қияликларни ва ўша ерларнинг ҳамма шоҳларини мағлуб қилди. У, Исроил Худоси Яҳованинг амрига биноан+ битта ҳам кишини* омон қолдирмай қириб ташлади+. 41  Ёшуа Кадеш-Барнадан+ тортиб Ғазогача+ ҳамда бутун Гўшен+ диёрини ва Гивонгача+ бўлган ерларни босиб олди. 42  Ёшуа бир юришнинг ўзидаёқ ўша шоҳларни ва уларнинг ерларини қўлга киритди, чунки Исроил халқи учун Тангри Яҳованинг Ўзи жанг қилди+. 43  Кейин Ёшуа Исроил ўғиллари билан Гилгалдаги қароргоҳга+ қайтди.

Изоҳлар

Ёки «дарахтга».
Сўзма-сўз «нафас оладиганни».