Ёшуа 2:1–24

  • Ёшуа Ерихога иккита айғоқчи юборади (1-3)

  • Раҳоба айғоқчиларни яширади (4-7)

  • Раҳобага берилган ваъда (8-21a)

    • Қирмизи арқон (18)

  • Айғоқчилар Ёшуанинг олдига қайтади (21b-24)

2  Нун ўғли Ёшуа Шитимдан+ яширинча икки кишини айғоқчи қилиб юбориб, уларга: «Боринглар-да, юртни, айниқса Ерихо шаҳрини кўздан кечириб келинглар»,— деб айтди. Ўша кишилар йўлга чиқиб, Раҳоба+ исмли бир фоҳиша аёлнинг уйига боришди ва ўша ерда қолишди.  Ерихо шоҳига: «Бугун кечаси Исроил халқидан бўлган кишилар юртимизга айғоқчилик қилгани келишибди»,— деган хабар етказилди.  Шунда Ерихо шоҳи Раҳобага: «Уйингга келган кишиларни ташқарига чиқар. Улар юртимизга айғоқчилик қилиш учун келган»,— деб айттириб юборди.  Бироқ Раҳоба бу икки кишини яшириб қўйган эди. Сўраб келганларга эса шундай деди: «Чиндан ҳам, ўша кишилар меникига келишган эди, лекин улар қаердан келишганини билмаган эдим.  Кеч тушиб, шаҳар дарвозаси ёпилай деганда, улар чиқиб кетишди. Аммо қаерга кетишганини билмайман. Агар орқаларидан тезда югуриб борсангизлар, уларни тутиб оласизлар».  (Раҳоба эса уларни томга, ёйиб қўйилган зиғир поялар тагига яшириб қўйган эди.)  Шоҳ юборган кишилар, уларнинг орқасидан Иорданнинг кечуви томонга қараб югуриб кетишди+. Улар шаҳардан чиқишлари биланоқ, шаҳар дарвозалари ёпилди.  Иккита айғоқчи ухлагани ётишдан аввал, Раҳоба уларнинг олдига томга чиқиб,  қуйидагиларни айтди: «Яҳова бу юртни сизларга беришини биламан+. Барчамизни қўрқув босган+, бутун юрт аҳолиси тушкунликда+. 10  Чунки сизлар Мисрдан чиққанингизда, Яҳова олдингизда Қизил денгиз сувларини қандай қуритганини+ ва сизлар Иорданнинг нариги томонида* аморийларнинг иккита шоҳи Ўг+ билан Сихўнни+ бутунлай йўқ қилганингизни эшитдик. 11  Буларни эшитганимизда, руҳимиз тушиб, сизлардан қўрққанимиздан жасоратимиз сўнди. Аллоҳингиз Яҳова еру осмондаги ягона Худо эканини тушундик+. 12  Илтимос, мен сизларга меҳр-садоқат намоён этганимдай, сизлар ҳам отамнинг хонадонига меҳр-садоқат кўрсатишга Яҳованинг исми билан қасам ичиб, ишончли бирон белги беринглар. 13  Ота-онам, ака-укалариму опа-сингилларим ва уларнинг оила аъзолари ҳаётини сақлаб қолинглар. Жонимизни ўлимдан қутқаринглар»+. 14  Шунда улар Раҳобага: «Ўз жонимизни ўртага қўйиб, сизга ваъда берамиз. Агар нима мақсадда келганимизни ҳеч кимга айтмасангиз, Яҳова бизга бу юртни берганда, сизга айтган сўзимизда турамиз*»,— дейишди. 15  Раҳобанинг уйи шаҳар девори тепасида жойлашгани учун, у деразадан арқон тушириб, уларни кетказиб юборди+. 16  Раҳоба уларга: «Таъқиб этаётган кишилар сизларни топиб олмаслиги учун, тоғли ҳудудга бориб, ўша ерда уч кун яшириниб туринглар. Улар ортига қайтгач, ўз йўлингизда кетаверасизлар»,— деб айтди. 17  Улар Раҳобага шундай дейишди: «Сизни ишонтириб айтамизки, бизга ичирган қасамингизни бузмаймиз ва айбдор бўлиб қолмаймиз+. 18  Фақат бу юртга келганимизда, мана шу қирмизи арқонни деразангизга боғлаб қўйинг. Уйингизга ота-онангиз, ака-укаларингиз ва отангизнинг бутун хонадонини йиғинг+. 19  Бирон ким уйингиздан остона ҳатлаб ташқарига чиқса, қони тўкилишида биз эмас, ўзи айбдор бўлади. Борди-ю, уйда сиз билан бирга бўлганлардан биронтасига зарар етказилса, унинг қони тўкилишида биз айбдор бўламиз. 20  Лекин нима мақсадда келганимизни бировга айтиб қўйсангиз+, бизга ичирган қасамингиз бузилади ва биз айбдор бўлмаймиз». 21  Раҳоба жавобан: «Майли, сизлар айтгандек бўлсин»,— деди. Шундан кейин айғоқчиларни жўнатиб юборди ва улар қайтиб кетишди. Раҳоба деразасига қирмизи арқонни боғлаб қўйди. 22  Айғоқчилар у ерни тарк этиб, тоғли ҳудудга боришди ва уларни таъқиб қилаётганлар ортига қайтмагунча, ўша ерда уч кун қолишди. Таъқиб қилаётганлар уларни барча йўлларда излашди, лекин топа олишмади. 23  Айғоқчилар эса тоғли ҳудуддан пастга тушишди-да, дарёдан ўтиб, Нун ўғли Ёшуанинг олдига келишди ва бўлиб ўтган воқеаларнинг барини унга сўзлаб беришди. 24  Сўнг, улар Ёшуага: «Яҳова бутун юртни қўлимизга берган+. Шунинг учун ўша юрт аҳолиси биздан қўрқиб, тушкунликка тушиб қолибди»+,— дейишди.

Изоҳлар

Яъни шарқ томонида.
Ёки «меҳр-садоқат ва вафодорлик кўрсатамиз».