Ёшуа 4:1–24

  • Тошлар эслатма сифатида хизмат қилади (1-24)

4  Бутун халқ Иорданни кечиб ўтиши биланоқ, Яҳова Ёшуага шундай деди:  «Халқ ичидан 12 кишини — ҳар бир қабиладан битта одамни танла+  ва уларга: “Иорданнинг ўртасидан, руҳонийлар қўзғалмай турган жойдан+ 12 та тошни ўзингиз билан олиб келинглар ва бугун тунаб қоладиган ерга келтириб қўйинглар”+,— деб буюр».  Ёшуа Исроил ўғиллари орасидан ўзи тайинлаган 12 кишини, ҳар бир қабиладан биттадан одамни чақирди.  Уларга қуйидагиларни айтди: «Худойингиз Яҳованинг сандиғи олдидан ўтиб, Иорданнинг ўртасига боринглар ва ҳар бирингиз биттадан тошни елкангизда кўтариб келинглар. Исроил ўғилларининг қабилалари сонига мувофиқ,  бу тошлар сизлар учун нишона бўлиб хизмат қилади. Борди-ю, фарзандларингиз кейинчалик: “Нега бу тошларни бу ерга қўйгансизлар?”+ — деб сўрашса,  уларга: “Бу тошлар, Исроил халқи учун асрлар оша эслатма сифатида хизмат қилади+. Чунки Яҳованинг аҳд сандиғи Иордандан олиб ўтилаётганда, Иордан сувлари тўхтаб қолган эди”+,— деб айтинглар».  Исроил ўғиллари ҳаммасини Ёшуа айтганидай қилишди. Яҳова Ёшуага буюрганидай, улар Исроил ўғилларининг қабилалари сонига мувофиқ Иорданнинг ўртасидан 12 та тошни олиб келишди-да, ўзлари тунаб қоладиган ерга келтириб қўйишди.  Ёшуа шунингдек, Иорданнинг ўртасига, аҳд сандиғини кўтариб турган руҳонийларнинг оёқлари теккан жойга+ 12 та тошни ўрнатди. Бу тошлар бугунгача ўша ердадир. 10  Яҳова халққа Ёшуа орқали буюрганларнинг, Мусо Ёшуага буюрганларнинг бари амалга оширилмагунча, руҳонийлар аҳд сандиғини кўтарганча Иорданнинг ўртасида туришди. Халқ эса шошилинч тарзда дарёдан ўтиб кетди. 11  Бутун халқ дарёдан ўтиб бўлгач, руҳонийлар халқнинг кўз ўнгида Яҳованинг аҳд сандиғи билан бирга халқ турган томонга ўтиб олишди+. 12  Рубен ва Гад қабилалари ҳамда Манаше қабиласининг ярми Мусонинг уларга берган кўрсатмасига биноан+, Исроил ўғиллари олдида жанговар тартибда дарёдан ўтишди+. 13  Жанг қилиш учун қуролланган тахминан 40 000 аскар Яҳованинг олдида дарёни кечиб, Ерихо даштлари томонга ўтди. 14  Ўша куни Яҳова барча Исроил ўғилларининг кўз олдида Ёшуани юксалтирди+. Улар Мусони чуқур ҳурмат қилгандай, Ёшуани ҳам бутун ҳаёти давомида ҳурмат қилишди+. 15  Кейин Яҳова Ёшуага: 16  «Шоҳидлик сандиғини кўтариб турган руҳонийларга Иордан дарёсидан чиқишни буюр»+,— деди. 17  Шунда Ёшуа руҳонийларга: «Иордандан чиқинглар»,— деб буюрди. 18  Иорданнинг ўртасида Яҳованинг аҳд сандиғини кўтариб турган руҳонийлар+ дарёдан чиқишди. Улар қуруқ ерга қадам босиши биланоқ, Иордан сувлари ўз йўналиши бўйича, аввалгидай қирғоқларидан тошиб оқа бошлади+. 19  Халқ биринчи ойнинг ўнинчи куни Иордандан ўтиб, Ерихонинг шарқий чегараси бўлмиш Гилгалда қароргоҳ қурди+. 20  Иордандан олиб чиқилган 12 та тошни Ёшуа Гилгалга келтириб қўйди+. 21  Сўнг у Исроил ўғилларига қуйидагиларни айтди: «Келажакда болаларингиз сизлардан: “Бу тошлар нимани билдиради?”+ — деб сўрашса, 22  уларга шундай деб тушунтиринглар: “Исроил халқи Иордан дарёсидан, қуруқ ердан ўтган+. 23  Тангрингиз Яҳова кўз олдимизда Қизил денгиз сувларини ўтиб кетмагунимизча қуритиб қўйганидек, Иорданни кечиб ўтганимизда ҳам Худойингиз Яҳова дарё сувларини қуритган эди+. 24  Ер юзидаги барча халқлар Яҳованинг қўли қанчалик қудратли эканини билиб олиши+ ва сизлар ҳамиша Аллоҳингиз Яҳовадан қўрқишингиз учун У шундай қилди”».

Изоҳлар