Ёшуа 7:1–26

  • Исроил Айда мағлуб бўлади (1-5)

  • Ёшуа ибодат қилади (6-9)

  • Исроил гуноҳ дастидан енгилади (10-15)

  • Охун фош этилиб, тошбўрон қилинади (16-26)

7  Исроил ўғиллари йўқ қилинадиган* нарсалар масаласида содиқликни сақлашмади. Яҳудо қабиласидан Зераҳнинг оиласига тегишли Забдининг невараси, Кармининг ўғли Охун+ йўқ қилинадиган нарсалардан айримларини олди+. Шу боис, Яҳованинг Исроил ўғилларига ғазаби аланга олди+.  Сўнг Ёшуа Ериходан Ай шаҳрига+ одамларни юборди. Бу шаҳар Байт-Обун яқинида, Байтилнинг+ шарқида жойлашган. Ёшуа уларга: «Бориб юртни кўздан кечириб келинглар»,— деб айтди. Ўша одамлар бориб Айни кўздан кечиришди.  Улар Ёшуанинг олдига қайтиб келгач, унга шундай дейишди: «Аскарларнинг ҳаммасини юборишга ҳожат йўқ. Ай шаҳрини икки ёки уч мингта одам билан мағлуб қилса бўлади. У ернинг халқи оз экан. Аскарларнинг ҳаммасини овора қилиб у ерга жўнатмаган маъқул».  Шунда 3 000 тача аскар у ерга жўнади, аммо улар Ай шаҳрининг одамларига енгилиб, қочишди+.  Айликлар 36 кишини ўлдиришди. Улар шаҳар дарвозасининг ташқарисидан пастга тушгунча, Шебаримга* қадар Исроил ўғилларини таъқиб қилиб, йўл бўйи уларни ўлдириб боришди. Исроил халқининг жасорати сўниб, қўрқиб қолди.  Ёшуа билан Исроил оқсоқоллари кийимларини йиртишди ва кечқурунгача Яҳованинг аҳд сандиғи олдида юзтубан йиқилиб, бошларига тупроқ сочишди.  Ёшуа қуйидагиларни айтди: «Эвоҳ, Олий Ҳукмдор Яҳова, бутун халқни аморийлар қўлига топшириб, йўқ қилиш учун Иордандан ўтказганмидинг?! Иорданнинг нариги томонида* қолсак бўлмасмиди?!  Эй Яҳова, кечир мени. Исроил халқи душманларининг олдида орқага чекинган бўлса, мен яна нима деб айтай?  Канъонликлар ва бу юртда яшовчиларнинг бари буни эшитиб, бизни ўраб олса ва номимизни ер юзидан йўқ қилиб юборса, буюк исмингни қандай ҳимоя қиласан?»+ 10  Яҳова Ёшуага шундай жавоб берди: «Ўрнингдан тур! Нега юзтубан ётибсан? 11  Исроил халқи гуноҳ қилди. Риоя қилинглар, дея амр этган аҳдимни улар бузишди+. Улар йўқ қилинадиган нарсаларнинг баъзиларини олишди+, уларни ўғирлаб+, ўзларининг нарсалари орасига яшириб қўйишди+. 12  Шу сабабли, Исроил ўғиллари душманларига қарши тура олишмайди. Уларнинг ўзи йўқ қилинадиган нарсадай бўлиб қолгани учун, душманларидан қочишади. Орангиздаги йўқ қилинадиган нарсалардан халос бўлмагунингизча, Мен сизлар билан бўлмайман+. 13  Ўрнингдан тур-да, халқни покла*+. Уларга шундай деб айт: “Эртанги кун учун ўзингизни покланглар, чунки Исроилнинг Худоси Яҳова шундай демоқда: “Эй, Исроил халқи, орангизда йўқ қилинадиган нарса бор. Уни орангиздан йўқ қилмагунингизча, душманларингизга қарши тура олмайсизлар. 14  Эрталаб ҳамма қабилалар тўплансин. Яҳова танлаган қабила олдинга чиқсин+, ўша қабиладан Яҳова танлаган битта оила олдинга чиқсин. Кейин ўша оиладан Яҳова танлаган хонадон аҳли битта-биттадан олдинга чиқсин. 15  Йўқ қилинадиган нарсани олган киши ва унга тегишли ҳамма нарса оловда куйдирилсин+, чунки у Яҳованинг аҳдини бузиб+, Исроилда разил ишга қўл урган”». 16  Хуллас, Ёшуа эртаси куни барвақт туриб, Исроил халқининг ҳар бир қабиласини Худонинг ҳузурига тўплади. Халқ ичидан Яҳудо қабиласи танланди. 17  Яҳудо оилалари олдинга чиққанда, Зераҳ ўғилларининг оиласи танланди+. Зераҳ ўғилларининг оиласидан ҳар бир киши олдинга чиққанда, Забди хонадони танланди. 18  Ниҳоят, Забди хонадонидан ҳар бир киши олдинга чиққанда, Яҳудо қабиласидан Зераҳ оиласига тегишли Забдининг невараси, Кармининг ўғли Охун танланди+. 19  Шунда Ёшуа Охунга: «Ўғлим, Исроилнинг Тангриси Яҳовани улуғла ва Унинг олдида айбингга иқрор бўл. Илтимос, нима қилганингни айт. Қилмишингни мендан яширма»,— деди. 20  Охун Ёшуага шундай деб жавоб қайтарди: «Исроилнинг Тангриси Яҳовага қарши гуноҳ иш қилганим рост. Мен бундай қилдим: 21  ўлжалар ичида Шинардан+ келтирилган қимматбаҳо либосни, 200 шекел* кумушни ва оғирлиги 50 шекел келадиган бир бўлак олтинни кўрганимда, уларни тусаб, ўзимга олдим. Ҳозир бу нарсалар чодиримда ерга кўмиб қўйилган, пул ҳам ўша нарсаларнинг остида». 22  Ёшуа дарҳол одамларни юборди. Улар Охуннинг чодирига югуриб бориб қарашса, либос айтилган жойда яширилган экан. Унинг остида пул ҳам бор экан. 23  Улар бу нарсаларни чодирдан олиб чиқиб, Ёшуага ҳамда барча Исроил ўғилларига келтириб беришди ва бу нарсалар Яҳованинг олдига қўйилди. 24  Сўнг Ёшуа ҳамда бутун Исроил халқи Зераҳнинг оиласидан бўлган Охунни+, шунингдек, кумушни, қимматбаҳо либосни, бир бўлак олтинни+ ва унинг ўғилу қизларини, буқаларию эшакларини, қўю эчкиларини, чодирини ва унинг бор нарсасини Охор водийсига+ олиб боришди. 25  Ёшуа унга: «Нега бошимизга фалокат келтирдинг?+ Бугун Яҳова ҳам бошингга фалокат ёғдиради»,— деб айтди. Бутун Исроил халқи уларни тошбўрон қилди+, сўнг уларни оловда куйдирди+. Шу тариқа, улар тошбўрон қилинди. 26  Халқ уларнинг устида тошлардан бир уюм ҳосил қилди. Бу уюм ҳозирги кунга қадар ўша ерда. Шундай қилиб, Яҳованинг қайноқ ғазаби босилди+. Ўша жойнинг номи эса ҳозирги кунгача Охор* водийси деб аталади.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «йўқ қилишга бағишланган». Ибронийча ушбу ибора номуносиб тарзда фойдаланишдан сақлаш ва кўпинча тамомила йўқ қилиш учун ажратиб қўйиш деган маънога эга.
Маъноси «тош кони».
Яъни шарқ томонида.
Ёки «муқаддас қил».
Маъноси «фалокат; қувғун».