Амос 7:1–17

  • Исроилнинг йўқ бўлиб кетишини кўрсатувчи ваҳийлар (1–9)

  • Амосга башорат қилиш ман этилди (10–17)

7  Олий Ҳукмдор Яҳова ваҳийда менга мана буни кўрсатди: кечки экин униб чиқа бошлаганда*, У чигиртка галасини юборди. Бу, шоҳнинг яйловларидан пичан ўриб олинганидан кейин экилган экин эди.  Чигиртка галаси юртдаги ўсимликларни еб битиргандан сўнг, мен: “Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ўтинаман кечир!+ Ёқуб қандай омон қолади? Ахир у нимжон-ку!”+ — деб айтдим.  Шунда Яҳова фикридан қайтди+. Яҳова: “Булар содир бўлмайди”,— деди.  Олий Ҳукмдор Яҳова ваҳийда менга мана буни кўрсатди: Олий Ҳукмдор Яҳова жазолаш учун олов юборди. Бу олов чуқур уммонни ва юртнинг бир қисмини ютиб юборди.  Кейин мен: “Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова, ўтинаман бунга йўл қўйма+. Ёқуб қандай омон қолади? Ахир у нимжон-ку!”+ — деб айтдим.  Шунда Яҳова фикридан қайтди+. “Бу ҳам содир бўлмайди”,— деди Олий Ҳукмдор Яҳова.  У ваҳийда менга мана буни кўрсатди: Яҳова шоқул* ёрдамида қурилган девор устида турарди ва қўлида шоқул бор эди.  Яҳова мендан: “Амос, нимани кўряпсан?” — деб сўради. Мен: “Шоқулни”,— дедим. Сўнг Яҳова шундай деди: “Мен халқим Исроилни шоқул билан текшираман. Энди уларни авф этмайман+.  Исҳоқнинг+ тепаликлари кимсасиз қолади, Исроилнинг муқаддас масканлари вайрон бўлади+. Мен Ёрубом хонадонига қарши қилич билан келаман”+. 10  Байтил+ руҳонийси Эмозиё Исроил шоҳи Ёрубомга+ қуйидагича хабар юборди: “Амос Исроилда сизга қарши фитна уюштиряпти+. Халқ унинг сўзларини кўтара олмайди+. 11  Амос: “Ёрубом қиличдан ўлади, Исроил халқи эса ўз юртидан албатта сургун қилинади”+,— деяпти”. 12  Эмозиё Амосга бундай деди: “Ҳой, ваҳийлар айтиб берувчи, жўна, Яҳудо юртига қоч, ўша ерда нонингни топиб, башорат қилавер+. 13  Лекин Байтилда бошқа башорат қилма+, бу ер шоҳнинг муқаддас маскани+ ва шоҳликнинг ибодатхонасидир”. 14  Амос Эмозиёга шундай жавоб берди: “Мен пайғамбар ҳам, пайғамбарнинг ўғли ҳам эмасдим. Мен чўпонлик қилиб+, шикамора-анжир дарахтларини парваришлардим*. 15  Бироқ Яҳова сурувни боқиб юрганимда мени чақириб олди. Яҳова менга: “Бор, халқим Исроилга башорат қил”+,— деди. 16  Мана энди Яҳованинг сўзларини тингла! Сен менга: “Исроилга қарши башорат қилма+, Исҳоқ хонадонига қарши ваъз қилма”+,— деяпсан. 17  Шунинг учун Яҳова қуйидагиларни айтмоқда: “Хотининг шаҳарда фоҳишалик қилади, ўғил-қизларинг қиличдан ҳалок бўлади. Ерингни ўлчов ипи билан бўлиб олишади, ўзинг эса бегона юртда ўлиб кетасан. Исроил халқи ўз юртидан албатта сургун қилинади”+.

Изоҳлар

Яъни январь ва февраль ойларида.
Тик (вертикал) ҳолатни аниқлаш учун ишлатиладиган, бир учига тош, металл ёки кесак боғланган ипдан иборат асбоб.
Ёки «шикамора-анжирларини тилиб юрардим».