Аюб 2:1–13

  • Шайтон Аюбнинг ниятларини яна шубҳа остига қўяди (1–5)

  • Шайтон Аюбни азобга дучор қилади (6–8)

  • Аюбнинг хотини: «Худони лаънатлаб, ўлиб қўя қолинг»,— дейди (9, 10)

  • Аюбнинг учта дўсти келади (11–13)

2  Бундан сўнг, ҳақ Тангрининг ўғиллари*+ Яҳованинг ҳузурига кирадиган кун келди ва улар Унинг олдида ўз ўринларини эгаллашди+. Шайтон ҳам уларга қўшилиб Яҳованинг ҳузурига кириб келди+. 2  Шунда Яҳова Шайтондан: «Қаердан келяпсан?» — деб сўради. У Яҳовага: «Бутун ер юзини айланиб, кўздан кечириб келяпман»+,— деб жавоб берди. 3  Яҳова Шайтонга: «Хизматчим Аюбга эътибор бердингми? Ер юзида унга тенг келадигани йўқ. У бенуқсон+, тўғри, худотарс ва ёмонликдан узоқ юради. Гарчи уни бесабаб нобуд қилиш учун, Мени унга қарши қайраётган бўлсанг-да+, у бенуқсонлигида маҳкам турибди»+,— деди. 4  Шайтон эса Яҳовага: «Одам ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун бировнинг ҳаётини ҳам аямайди!* Инсон ўз жонини сақлаш учун бор нарсасини беради. 5  Қани, қўлингни узатиб, унинг суягию этига шикаст етказиб кўргин-чи! Ўшанда кўз олдингда у Сени лаънатлайди»+,— деб жавоб берди. 6  Яҳова эса Шайтонга: «Майли, уни қўлингга топшираман. Фақат унинг жонини* олма!» — деди. 7  Шундай қилиб, Шайтон Яҳованинг ҳузуридан чиқиб кетди ва Аюбни бошдан-оёқ азобли чипқонларга+ дучор қилди. 8  Аюб яраларини қириш учун сопол идишнинг бир парчасини олиб, кулга ўтирди+. 9  Шунда Аюбнинг хотини унга: «Ҳалиям бенуқсонлигингизга маҳкам ёпишиб ўтирибсизми?! Ундан кўра Худони лаънатлаб, ўлиб қўя қолганингиз яхшироқ эмасми?!» — деди. 10  Аммо у хотинига: «Ақлсиз аёллардек гапирасан-а! Аллоҳдан фақат яхши нарсаларни қабул қиламиз-у, ёмонларини қабул қилмаймизми?!»+ — деб айтди. Барча бу кўргиликларга қарамай, Аюб ножўя сўз айтиб гуноҳ қилмади+. 11  Аюбнинг бошига тушган кулфатлар ҳақида эшитиб, унинг учта дўсти: темонлик Элифаз+, шувахий+ Билдад+ ва намахлик Зўфар+, ҳар бири ўз юртидан йўлга отланди. Учаласи келишиб олиб, учрашишди-да, Аюбга ҳамдардлик билдириб, тасалли бергани жўнашди. 12  Улар узоқдан Аюбни кўрганда, уни таний олишмади. Улар ўкириб йиғлаб, кийимларини йиртишди ва осмонга қарата тупроқ сочиб, бошларига ҳам сепишди+. 13  Улар етти кечаю етти кундуз Аюб билан бирга ерда ўтиришди. Ҳеч бири унга бирор сўз айтмади, чунки унинг қаттиқ азоб чекаётганини кўриб туришарди+.

Изоҳлар

Ибронийча ушбу ибора Худонинг фаришталарига нисбатан қўлланилади.
Сўзма-сўз «Тери эвазига тери».
Ёки «ҳаётини».