Аюб 29:1–25

  • Аюб бахтли кунларини эслайди (1–25)

    • Шаҳар дарвозаси олдида ҳурматли эди (7–10)

    • Ўтмишдаги адолатли ишлари (11–17)

    • Ҳамма унинг маслаҳатларини тингларди (21–23)

29  Аюб гапида давом этиб деди:  2  «Қанийди ўтиб кетган ойларда бўлгани каби,Тангри мени паноҳида асраб юрган кунлардагидек бўлса эди.  3  Ўша пайтларда Унинг чироғи бошим узра нур сочарди,Унинг ёруғлиги ила зулмат ичра юрардим+.  4  Энг гуллаган чоғимда,Аллоҳ дўстлиги уйимга барака ёғдирганда+,  5  Қодир Тангри мен билан бўлган кезларда,Фарзандларим* олдимда бўлганида,  6  Оёқларимни қаймоқда ювган пайтларда,Қоялардан мен учун зайтун мойи ариқ бўлиб оқиб келарди+.  7  Ўша пайтларда, шаҳар дарвозаси олдига+ чиқиб юрардим,Шаҳар майдонида+ ўз ўрнимни эгаллардим.  8  Ёшлар мени кўриб йўл берарди,Ҳатто мўйсафидлар ҳам ўрнидан турарди+.  9  Беклар гапиришдан ўзини тиярди.Қўллари билан оғизларини бекитарди. 10  Обрўли кишиларнинг овози тиниб,Тиллари танглайига ёпишиб қоларди. 11  Мени тинглаган инсон мени яхши сўзлар билан тилга оларди,Кўрганлар эса мен ҳақимда шоҳидлик берарди. 12  Чунки ёрдам сўраб фарёд қилган камбағални+,Етим боланию ёрдамчиси бўлмаган одамни қутқарардим+. 13  Мен ташвишдан халос этган инсон мени дуо қиларди+.Берган ёрдамим, беваларнинг қалбини қувончга тўлдирарди+. 14  Одилликни кийим каби киярдим.Адолатим камзул ва салла сингари эди. 15  Кўр инсонга кўз,Чўлоққа оёқ бўлгандим. 16  Фақир одамларга+ ота эдим.Бегона инсонларнинг арзини ўрганиб чиқардим+. 17  Жафокорларнинг жағини синдириб+,Тишидан ўлжани тортиб олардим. 18  Мен шундай дердим: “Кунларим қум зарраларидай сон-саноқсиз бўлади,Ўз уйимда ҳаётдан кўз юмаман+. 19  Илдизларим сувларгача ёйилади,Шудринг туни билан шохларимда туради. 20  Обрўйим асло сўнмайди,Қўлимдаги камоним қайта-қайта отаверади”. 21  Нима дер экан, дея одамлар менга қулоқ тутиб,Маслаҳат беришимни жим туриб кутарди+. 22  Сўзлаб бўлганимдан кейин, қўшиб қўядиган ҳеч қандай гаплари қолмасди.Сўзларим қулоқларига ёқимли бўларди. 23  Улар ёмғирни кутгандек мени кутарди.Сўзларимни баҳор ёмғиридай ичарди+. 24  Уларга қараб жилмайсам, улар кўзларига ишонгиси келмасди.Юзимдан нур ёғилиб тургани ҳам уларни ишонтира олмасди*. 25  Уларнинг бошлиғи каби халққа йўл-йўриқ кўрсатардим.Уларнинг қўшинлари орасида шоҳ сингари+,Азадорларни юпатувчи инсон каби яшардим+.

Изоҳлар

Ёки «Хизматкорларим».
Бошқа вариант «Юзимнинг нурини сўндира олишмасди».