Аюб 42:1–17

  • Аюб Яҳовага жавоб беради (1–6)

  • Учта дўсти ҳукм қилинади (7–9)

  • Яҳова Аюбга барака ёғдиради (10–17)

    • Аюбнинг ўғилларию қизлари (13–15)

42  Кейин Аюб Яҳовага жавобан деди:  2  «Энди, Сен барча нарсага қодир+ эканингни,Ҳеч бир ниятинг амалга ошмай қолмаслигини билиб олдим.  3  Сен: “Билимга эга бўлмай туриб, ниятимга соя солаётган ким?”+ — дединг. Чиндан ҳам мен тушунмай туриб гапирдим.Ўзим билмаган ажойиб нарсалар ҳақида сўзладим+.  4  Сен: “Қани, айтадиган гапларимга қулоқ сол. Мен сўрайман, сен жавоб берасан”+,— дединг.  5  Сен ҳақингда эшитган эдим.Аммо энди Сени ўз кўзларим билан кўриб турибман.  6  Шу боис, айтганларимни қайтариб оламан+.Тупроқ ва кулга ўтириб, тавба қиламан»+. 7  Яҳова Аюб билан гаплашиб бўлгач, темонлик Элифазга Яҳова шундай деди: «Сенга ва иккита дўстингга+ ғазабим аланга олди. Чунки сизлар хизматкорим Аюбдан фарқли ўлароқ, Мен тўғримда ҳақиқатни сўзламадингиз+. 8  Энди еттита буқа ва еттита қўчқорни олиб, хизматкорим Аюбнинг олдига боринглар-да, қилган гуноҳларингиз учун куйдириладиган қурбонлик келтиринглар. У сизлар учун ибодат қилади+. Чунки сизлар хизматкорим Аюбдан фарқли равишда, Мен тўғримда ҳақиқатни гапирмадингиз. Лекин унинг илтижосига Мен албатта қулоқ соламан ва ақлсизлигингизга яраша сизларни жазоламайман». 9  Шундай қилиб, темонлик Элифаз, шувахий Билдад ҳамда намахлик Зўфар бориб Яҳованинг айтганларини бажаришди. Яҳова Аюбнинг ибодатини қабул қилди. 10  Аюб дўстлари учун ибодат қилганидан+ сўнг, Яҳова Аюбнинг бошига тушган мусибатларни бартараф этиб+, уни яна бой-бадавлат қилди. Яҳова унга аввалгидан кўра икки баробар кўпроқ барака берди+. 11  Аюбнинг барча ака-укалари, опа-сингилларию эски дўстлари+ унинг уйига келиб, биргаликда таом ейишди. Улар Яҳова йўл қўйган барча мусибатлар учун унга ҳамдардлик билдириб, тасалли беришди. Ҳар бири унга бир бўлак кумуш ва тилла узук ҳадя қилди. 12  Яҳова Аюбнинг сўнгги йилларини аввалгидан ҳам баракали қилди+. У 14 000 та қўй, 6 000 та туя, 2 000 та* қорамол ҳамда 1 000 та эшакка эга бўлди+. 13  Шунингдек, у етти ўғил ва уч қизли бўлди+. 14  Аюб тўнғич қизига Ямима, ўртанча қизига Казиё, кенжа қизига Харанхаппух деб исм қўйди. 15  Бутун юрт бўйлаб гўзалликда Аюбнинг қизларига тенг келадигани йўқ эди. Отаси уларга ҳам ўғиллари қатори мерос берди. 16  Бундан сўнг Аюб яна 140 йил умр кечирди. У фарзандларини, невараларини — тўртта авлодни кўрди. 17  Аюб узоқ умр кўриб, ҳаётдан мамнун бўлиб вафот этди.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «1 000 жуфт».