Юҳанно олган ваҳий 8:1–13

  • Еттинчи муҳр ечилади (1–6)

  • Илк тўрт карнай чалинади (7–12)

  • Кулфат ҳақида хабар (13)

8  У+ еттинчи муҳрни+ ечганда осмон ярим соат сукунатга чўмди. 2  Шунда Худо олдида турган еттита фариштани кўрдим+. Уларга еттита карнай берилганди. 3  Кейин яна бир фаришта келиб, қурбонгоҳ+ олдида турди. Унинг тутатқи тутатиладиган олтин идиши бор эди+. Муқаддас кишиларнинг ибодати эшитилганда, тахт олдида турган олтин қурбонгоҳда+ тутатиш учун унга кўп миқдорда тутатқи берилди. 4  Тутатқининг тутуни муқаддас кишиларнинг ибодатлари+ билан бирга фариштанинг қўлидан Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилди. 5  Сўнг фаришта дарҳол тутатқи тутатиладиган идишни олди-да, уни қурбонгоҳдаги ёнаётган чўғ* билан тўлдириб, чўғларни ер юзига улоқтирди. Шунда момақалдироқ гумбурлаб, овозлар янгради, чақмоқлар чақиб+, зилзила бўлди. 6  Еттита фаришта эса еттита карнайни+ чалишга шайланди. 7  Биринчи фаришта карнайини чалди. Қон аралаш дўл ва олов ер юзига ёғилди+. Шунда ернинг учдан бир қисми, дарахтларнинг учдан бир қисми ва барча ўсимликлар ёниб кетди+. 8  Иккинчи фаришта карнайини чалди. Шунда ловуллаб ёнаётган катта тоққа ўхшаган бир нарса денгизга+ отилди ва денгизнинг учдан бир қисми қонга айланди+. 9  Денгиздаги жониворларнинг учдан бир қисми ўлди+, кемаларнинг учдан бир қисми эса ҳалокатга учради. 10  Учинчи фаришта карнайини чалди. Самодан машъалга ўхшаб ёнаётган улкан бир юлдуз дарёларнинг учдан бир қисмига ва булоқларнинг устига тушди+. 11  Юлдузнинг номи Эрман эди. Натижада сувларнинг учдан бир қисми эрманга айланиб, сув аччиқ бўлгани учун кўп одамлар ундан ҳалок бўлди+. 12  Тўртинчи фаришта карнайини чалди. Қуёшнинг учдан бири+, ойнинг учдан бири ва юлдузларнинг учдан бир қисми зиён кўрди, токи уларнинг учдан бир қисми қоронғилашиб+, куннинг ҳам, туннинг ҳам учдан бир қисми нурсиз қолсин. 13  Кейин қарасам, осмоннинг қоқ ўртасида учаётган бургутнинг баланд овозда шундай деяётганини эшитдим: «Қолган карнайларини чалишга шайланган учта фариштанинг карнай садосидан+ ер юзида яшовчиларга кулфат, кулфат, кулфат келади!»+

Изоҳлар

Сўзма-сўз «олов».