Дониёр 11:1–45

  • Форс ва Юнонистон шоҳлари (1–4)

  • Жануб ва шимол шоҳлари (5–45)

    • Солиқ йиғувчи (20)

    • Аҳд Етакчиси йўқ қилинади (22)

    • Қўрғонлар худоларига шон-шараф (38)

    • Жануб ва шимол шоҳларининг тўқнашуви (40)

    • Шарқ ва шимолдан ҳаяжонли хабарлар (44)

11  Мен бўлсам, мидиялик Доро+ ҳукмронлигининг биринчи йили уни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш учун келдим. 2  Ҳозир сенга айтадиган сўзларим ҳақиқатдир: Форс юртида яна учта шоҳ пайдо бўлади, тўртинчиси бошқалардан кўра беҳисоб мол-давлат тўплайди. Бойлиги орқали куч орттиргач, у барчани Юнонистон шоҳлигига+ қарши қўзғатади. 3  Сўнгра қудратли бир шоҳ пайдо бўлади. У буюк қудрат ила бошқариб+, кўнглига келганини қилади. 4  Аммо қудратининг чўққисида шоҳлиги парчаланиб, тўрт томонга тарқалиб кетади+. Лекин шоҳлик унинг авлодларига ўтмайди, унинг бошқарувидаги каби қудратга эга бўлмайди. Чунки унинг шоҳлиги суғуриб олиниб, бошқаларнинг қўлига ўтади. 5  Жануб шоҳи, яъни унинг саркардаларидан бири кучайиб кетади. Бошқа биттаси эса унинг устидан ғалаба қозониб, унга қараганда буюкроқ қудрат ила бошқаради. 6  Бир неча йиллардан кейин улар иттифоқ тузишади. Жануб шоҳининг қизи битим тузиш учун шимол шоҳининг олдига келади. Бироқ қиз қўлидаги кучини сақлай олмайди ва шоҳ ўз кучини йўқотади. Қиз ҳам, уни олиб келганлар ҳам, унинг отаси ва ўша пайтда уни қўллаб-қувватлаган ҳам бошқаларнинг қўлига берилади. 7  Қизнинг оила аъзоларидан бири ўз отасининг* мавқеини эгаллайди. У қўшинга ва шимол шоҳининг қўрғонига бостириб келиб, уларга қарши ҳужум қилади ва зафар қозонади. 8  Уларнинг худоларини, қуйма бутларини*, кумуш ва олтиндан қилинган қимматбаҳо буюмларини, шунингдек, одамларни асирга олиб Мисрга келади. Бир неча йил у шимол шоҳидан узоқ туради. 9  Шимол шоҳи жануб шоҳига қарши отланади, аммо ўз юртига қайтиб кетади. 10  Унинг* ўғиллари жангга ҳозирлик кўриб, улкан лашкар тўплайди. Ўғилларидан бири* олдинга чиқиб, тўфон сувларидай юртни ювиб кетади. Сўнгра у ортига қайтиб, то ўз қўрғонига етгунча йўл бўйлаб қирғин қилади. 11  Жануб шоҳи ғазабга миниб шимол шоҳига қарши чиқади ва у билан жанг қилади. У эса катта халойиқ йиғади, лекин халойиқ нариги шоҳнинг қўлига берилади. 12  Катта халойиқ олиб кетилади. Унинг* юраги мағрурланиб, ўн мингларни ҳалок қилади. Лекин ўзининг қудратли мавқеидан фойдаланмайди. 13  Шимол шоҳи қайтиб келиб, аввалгидан ҳам кўпроқ халойиқ тўплайди. Бироз вақт, бир неча йил ўтгач, у яхши қуролланган улкан лашкар билан келади. 14  Ўша пайтда кўпчилик жануб шоҳига қарши кўтарилади. Ваҳий амалга ошсин дея, халқинг орасидаги зўравонлар* уларга қўшилишади, аммо муваффақиятга эришишмайди. 15  Шимол шоҳи келиб мустаҳкам шаҳар атрофига қиялатиб тупроқ уйиб, шаҳарни босиб олади. Жануб лашкари, ҳатто сара жангчилари ҳам унга қарши тура олмайди. Қаршилик кўрсатишга уларнинг кучи етмайди. 16  Унга* қарши чиққан биттаси кўнглига келганини қилади ва ҳеч ким унга қарши тура олмайди. У Гўзал ўлкада+ туради, қўлида йўқ қилиш қудрати бўлади. 17  У ўз шоҳлигининг бутун ҳарбий кучи билан келишга қатъий қарор қилади. Ўша ерда у билан битим тузилади ва унинг иши ўнгидан келади. Унга аёл зотининг қизини ҳалок этишга рухсат берилади. Қиз бардош бера олмайди ва унинг томонида қолмайди. 18  Шоҳ денгиз бўйидаги ўлкаларга юз буриб, кўп ерларни босиб олади. Бир қўмондон ундан кўрган шармандаликка чек қўйиб, иснодни олиб ташлайди. Унинг ўзини бундай шармандаликка дучор қилади. 19  Кейин у ўз юртидаги қўрғонлар томон юз буради ва қоқилиб, йиқилиб тушади, уни ҳеч ким топа олмайди. 20  Унинг ўрнига бошқа биттаси келиб, ҳашаматли шоҳлик бўйлаб солиқ йиғувчини* юборади, лекин бир неча кундан кейин ҳалок бўлади. Бу на ғазаб, на жанг туфайли содир бўлади. 21  Унинг ўрнини жирканч кимса эгаллайди, улар унга шоҳлик маҳобатини беришмайди. У тинчлик пайтида* келади ва ҳийла ишлатиб шоҳликни қўлга киритади. 22  У тўфон сувларидай бўлган қўшинни бўйсундириб, тор-мор қилади. Аҳд+ Етакчиси+ ҳам йўқ қилинади. 23  У билан иттифоқ тузганлари учун, у ҳийла ишлатишда давом этади. У оёққа туриб, кичик бир халқ орқали қудратга эга бўлади. 24  Тинчлик пайтида* вилоятнинг* энг бой ерларига кириб, ота-боболари қилмаган ишларга қўл уради. Талон-торож қилинган нарсаларни, мол-мулкни халққа тарқатади. Мустаҳкам шаҳарларга қарши фитналар уюштиради, аммо бу узоққа чўзилмайди. 25  У куч тўплаб, жасорат билан жануб шоҳига қарши улкан лашкар тортиб боради. Жануб шоҳи ҳам у билан жанг қилиш учун улкан ва қудратли қўшин билан ҳозирлик кўради. Лекин унга қарши улар фитна уюштиришгани учун у* қарши тура олмайди. 26  Унинг дастурхонидаги тансиқ таомлардан еб юрганлар унинг бошига етади. Қўшини қириб ташланиб, кўпчилик ҳалок бўлади. 27  Ўша иккита шоҳнинг юраги ёмонлик қилишга мойил бўлади. Улар бир дастурхон атрофида ўтириб, бир-бирига ёлғон гапиришади. Аммо ишлари ҳечам юришмайди, чунки охират белгиланган вақтда келади+. 28  У* беҳисоб мол-мулк билан ўз юртига қайтади. Юраги муқаддас аҳдга қарши чиқади. Унинг иши ўнгидан келади ва у юртига қайтиб кетади. 29  Белгиланган вақтда у қайтиб келиб, яна жанубга қарши юриш қилади. Бироқ бу сафар аввалгидай бўлмайди. 30  Чунки Киттим+ кемалари унга қарши чиқади ва у бўйсундирилади. У ортига қайтиб, муқаддас аҳдга қарши қаҳр-ғазабини тўкади+ ва иши ўнгидан келади. Сўнгра қайтиб, эътиборини муқаддас аҳдни тарк этганларга қаратади. 31  Ундан қўшин чиқиб ҳаракатга келади ва улар муқаддас масканни+, қўрғонни булғашади ва доимий қурбонликлар келтирилишини тўхтатиб қўйишади+. Улар вайронагарчилик келтирадиган жирканч нарсани ўрнатишади+. 32  Аҳдга қарши ёмонлик қилганларни у ёлғон сўзлар билан муртадликка оғдиради. Лекин ўз Худосини биладиган халқ ғалаба қозониб, иши юришади. 33  Халқ орасидаги фаҳм-фаросатли кишилар+ кўпларга тушунча беришади. Уларни бир неча кунга қиличга, оловга, асир бўлишга ва талон-торож этилишга дучор қилиб, йиқитишади. 34  Аммо улар йиқилаётганда, уларга озгина ёрдам кўрсатилади. Кўпчилик ёлғон сўзлаб, уларга қўшилиб олади. 35  Фаҳм-фаросатли кишиларнинг айримлари ҳам йиқитилади ва улар орқали халқ охирзамонга қадар синовдан ўтказилади, тозаланади ва оқартирилади+. Чунки белгиланган вақт ҳали келмаган бўлади. 36  Шоҳ кўнглига келганини қилиб, ўзини юксалтиради ва ҳар қандай худодан устун қўяди. У худолар Худосига+ қарши бўлмағур нарсаларни гапиради. Ҳукм амалга оширилгунга қадар у муваффақият қозонади. Боиси, чиқарилган қарор ижро этилиши керак. 37  У ота-боболарининг Тангрисини ҳам, аёлларнинг истагини ҳам, бошқа худоларни ҳам назар-писанд қилмай, ўзини ҳаммадан устун қўяди. 38  Унинг ўрнига у қўрғонлар худосига шон-шараф айтади. Ота-боболари билмаган худони олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлару бебаҳо нарсалар билан улуғлайди. 39  У бегона худонинг мадади билан энг мустаҳкам қалъаларга қарши чиқиб, муваффақият қозонади. Уни тан олганларни* шон-шарафга буркаб, уларни кўпчилик устидан ҳукмдор қилиб қўяди ва ҳақ эвазига ерни тақсимлайди. 40  Охирзамонда жануб шоҳи у билан тўқнашади ва унга қарши шимол шоҳи жанг аравалари, суворилару кўп кемалар билан худди бўрондай келади. У юртларга кириб, тўфон сувларидай ювиб кетади. 41  У ҳатто Гўзал ўлкага+ ҳам бостириб киради ва кўп юртларни забт этади. Аммо Эдом, Мўаб ҳамда оммонликларнинг асосий қисми унинг қўлидан қочиб қутулади. 42  У қўлини турли юртларга узатиб туради, Миср юрти ҳам омон қолмайди. 43  Мисрнинг яширин хазиналари — олтин ва кумуш, шунингдек, қимматбаҳо нарсалари устидан бошқаради. Ливияликлар билан ҳабашистонликлар унинг изидан юришади. 44  Лекин шарқ ва шимолдан келган хабарлар унинг тинчини бузади. Шунда у кўпларни ҳалок қилиб, қириб ташлаш учун ғазабга миниб чиқади. 45  У буюк денгиз билан Гўзал ўлкадаги+ муқаддас тоғ ўртасида шоҳона чодирларини ўрнатади. Ўшанда унинг куни битади, ҳеч ким унга ёрдам қўлини чўзмайди.

Изоҳлар

Эҳтимол, жануб шоҳининг.
Ёки «металл ҳайкаллар».
Эҳтимол, шимол шоҳининг.
Сўзма-сўз «У».
Эҳтимол, жануб шоҳи.
Ёки «талончилар».
Эҳтимол, жануб шоҳига.
Ёки «қўшинга қабул қилиш учун кишиларни рўйхатдан ўтказувчи».
Бошқа вариант «огоҳлантирмасдан».
Бошқа вариант «Огоҳлантирмасдан».
Ёки «қарамоғ остидаги вилоят».
Эҳтимол, шимол шоҳи.
Эҳтимол, шимол шоҳи.
Бошқа вариант «Ўзи тан олганларни».