Дониёр 5:1–31

  • Валтасарнинг зиёфати (1–4)

  • Девордаги ёзув (5–12)

  • Дониёрдан ёзув маъносини сўрайди (13–25)

  • Ёзув маъноси: Бобил қулайди (26–31)

5  Шоҳ Валтасар*+ мингта асилзодаси учун катта зиёфат уюштириб, уларнинг олдида шароб ичиб ўтирди+.  Валтасар шароб ичиб олиб, отаси Навуходоносор Қуддусдаги маъбаддан олиб келган олтину кумуш идишларни келтиришни буюрди+. У асилзодалари, хотинлари ва канизаклари билан улардан шароб ичмоқчи эди.  Шунда Қуддусдан, Худонинг маъбадидан олиб келинган олтин идишларни келтиришди. Шоҳ, унинг асилзодалари, хотинлари ва канизаклари улардан шароб ичишди.  Улар шароб ичиб, олтин, кумуш, мис, темир, ёғоч ва тошдан ясалган худоларни мадҳ этишди.  Шу пайт одам қўли пайдо бўлиб, шоҳ саройида чироқпоя ёнидаги деворда ёза бошлади. Шоҳ ёзаётган қўлни кўриб,  ранги оқариб кетди, ўй-фикрлари уни даҳшатга солди, оёқлари бўшашиб+, тиззалари титрай бошлади.  Шоҳ бақириб, афсунгарлар, халдейлар* ва мунажжимларни чақиртирди+. У Бобилдаги донишмандларга: «Бу ёзувни ўқиб, маъносини тушунтириб берган инсонга қирмизи либос кийдирилади, бўйнига олтин занжир тақилади+ ва шоҳлигимда учинчи одам бўлади»+,— деди.  Донишмандларнинг бари шоҳнинг олдига келди. Аммо ёзувни ўқий олишмади, маъносини шоҳга тушунтириб беришолмади+.  Шоҳ Валтасар қаттиқ қўрққанидан юзи оқариб кетди. Асилзодалари эса довдираб қолишди+. 10  Шоҳ ҳамда асилзодаларнинг гапини эшитган малика зиёфат бўлаётган хонага кириб, шундай деди: «Эй, шоҳ ҳазратлари, умрингиз боқий бўлсин! Нега юзингиз оқариб кетди? Ташвишланишга ҳожат йўқ. 11  Шоҳлигингизда муқаддас худоларнинг руҳи бор бўлган бир киши яшайди. Отангиз даврида, у кишида худоларга хос фаҳм-идрок ва донолик бўлган+. Отангиз, шоҳ Навуходоносор уни коҳинлар, афсунгарлар, халдейлар ва мунажжимлар бошлиғи этиб тайинлаган+. Эй, шоҳ ҳазратлари, отангиз шундай йўл тутган эди. 12  Шоҳ томонидан Белташазар+ деб аталган Дониёр тушларни таъбирлаш, топишмоқларни топиш ва мушкул масалаларни ечишда ақли расолик руҳига ҳамда фаҳм-идрокка эга+. Дониёрни чақиртирсангиз, у сизга ёзувнинг маъносини тушунтириб беради». 13  Дониёрни шоҳнинг ҳузурига келтиришди. Шоҳ унга шундай деди: «Отам Яҳудодан асир қилиб олиб келган+ Дониёр+ сенмисан? 14  Эшитишимча, сенда худоларнинг руҳи бор бўлиб+, фаҳм-идрокка ва чексиз доноликка эга экансан+. 15  Бу ёзувни ўқиб, маъносини тушунтириб беришлари учун ҳузуримга донишмандлару афсунгарларни келтиришди. Бироқ улар унинг маъносини тушунтира олишмади+. 16  Сен сирларни очиб, мушкул масалаларни еча олишингни эшитдим+. Агар бу ёзувни ўқиб, маъносини менга тушунтириб берсанг, устингга қирмизи либос кийдирилади, бўйнингга олтин занжир тақилади ва шоҳлигимда учинчи одам бўласан»+. 17  Дониёр шоҳга жавобан деди: «Ҳадялар ўзингизда қолаверсин, совғаларингизни бошқаларга беринг. Мен бу ёзувни шоҳимиз учун ўқиб, маъносини тушунтириб бераман. 18  Эй, шоҳ ҳазратлари, Аллоҳ Таоло отангиз Навуходоносорга шоҳлик, улуғворлик, шон-шараф ва маҳобат тақдим этган эди+. 19  Тангри унга улуғворлик бергани учун барча халқлар, миллатлар ва турли тилда гапирадиганлар унинг олдида қўрқувдан титрашарди+. У хоҳлаган одамни ўлдириб, хоҳлаганини тирик қолдирарди. Истаган одамни юксалтириб, истаганини пасайтирарди+. 20  Унинг юраги мағрурланиб, ўжар бўлиб кетгач, ўзбилармонлик билан иш тута бошлади+. Шунда у шоҳлик тахтидан туширилиб, улуғворлигидан айрилди. 21  У одамлар орасидан ҳайдалди, юраги ҳайвонникидай бўлиб қолди ва ёввойи эшаклар билан яшади. Аллоҳ Таоло инсоният шоҳликларининг Ҳукмдори эканини, ҳокимиятни истаган кишига беришини англамагунича ҳўкизга ўхшаб ўт-ўлан еди, танаси осмон шудринги билан суғорилди+. 22  Сиз эса, унинг ўғли Валтасар буларнинг барини билсангиз ҳам, ўзингизни паст тутмадингиз. 23  Аксинча, самолар Эгасига қарши бош кўтардингиз+, Унинг уйидаги идишларни ҳузурингизга келтирдингиз+. Ўзингиз ва асилзодаларингиз, хотинларингизу канизакларингиз улардан шароб ичиб, ҳеч нимани кўрмайдиган, эшитмайдиган ва билмайдиган — олтин, кумуш, мис, темир, ёғоч ва тошдан ясалган худоларни мадҳ этдингиз+. Аммо ҳаёт нафасингиз ва барча йўлларингиз қўлида бўлган Худони+ шарафламадингиз. 24  Шунинг учун Тангри мана шу қўлни юбориб, бу ёзувни ёздирди+. 25  У қуйидагичадир: “МЕНЕ, МЕНЕ, ТЕКЕЛ ва ПАРСИН”. 26  Бу сўзларнинг маъноси шундай: МЕНЕ — Худо шоҳлигингиз кунларини санаб, унга чек қўйди+. 27  ТЕКЕЛ — сиз тарозида тортилиб, жуда енгил деб топилдингиз. 28  ПЕРЕС — шоҳлигингиз бўлиниб, мидияликларга ва форсларга берилди»+. 29  Сўнгра Валтасарнинг буйруғига кўра, Дониёрга қирмизи либос кийдириб, бўйнига олтин занжир тақишди ва у шоҳликда учинчи одам бўлгани ҳақида жар солишди+. 30  Ўша кечанинг ўзида халдейлар шоҳи Валтасар ўлдирилди+. 31  Шоҳлик, 62 ёшларда бўлган мидиялик Дорога+ ўтди.

Изоҳлар

Ёки «Белшазар».
Яъни фолбинлик ва мунажжимлик билан шуғулланувчилар.