Дониёр 8:1–27

  • Қўчқор ва така ҳақидаги ваҳий (1–14)

    • Шохча ўзини юқори қўяди (9–12)

    • 2 300 кеча ва тонг (14)

  • Жаброил ваҳийни тушунтиради (15–27)

    • Қўчқор ва така кимларни билдиради? (20, 21)

    • «Баджаҳл бир подшоҳ чиқади» (23–25)

8  Мен Дониёр, аввал менга нозил қилинган ваҳийдан сўнг, шоҳ Валтасар+ ҳукмронлигининг учинчи йили яна бир ваҳий кўрдим+.  Ваҳий нозил қилинганда, Элам+ вилоятидаги Суза*+ қалъасида* эдим. Мен Улой дарёсининг* олдида ваҳий кўрдим.  Бошимни кўтариб қарасам, дарё олдида икки+ шохли қўчқор+ турган экан. Унинг шохлари узун эди, лекин битта шохи бошқа шохидан кўра узунроқ бўлиб, кейин ўсиб чиқди+.  Қўчқор ғарб, шимол ва жануб томонга ҳужум қилиб сузаётганини кўрдим. Ҳеч бир йиртқич ҳайвон унга қарши туролмади, ҳеч ким унинг қудратидан бирортасини халос этолмади+. У хоҳлаганини қилиб, ўзини юксалтирди.  Мен қарашда давом этдим, шунда ғарб томондан бир така+ кела бошлади. У бутун ер юзини шунчалик тез айланиб чиқдики, ҳатто туёқлари ерга ҳам тегмади. Унинг кўзлари орасида катта шох бор эди+.  Така мен аввал дарё олдида кўрган икки шохли қўчқор томонга яқинлашиб, қутурганча у тарафга югурди.  Така қаҳр-ғазаб билан қўчқорнинг олдига келганини ва уни сузиб иккала шохини синдирганини кўрдим. Унга қаршилик кўрсатишга қўчқорнинг кучи етмади. Така уни ерга улоқтирди-да, топтаб ташлади. Унинг қудратидан ҳеч бир кимса қўчқорни халос этолмади.  Сўнг така ўзини ниҳоятда юксалтирди, аммо куч-қудратга эга бўлиши биланоқ катта шохи синиб тушди. Бу шох ўрнига эса тўрт томонга қараган бошқа тўртта шох бўртиб чиқди+.  Шохларнинг биридан яна битта шохча чиқиб, жануб, шарқ ҳамда Гўзал ўлка+ томон чўзилиб ўсиб кетди. 10  Шох шу қадар ўсдики, самовий қўшингача* етиб, уларнинг ва юлдузларнинг бир нечтасини ерга қулатиб, топтаб ташлади. 11  У ўзини ҳатто қўшин Саркардасидан ҳам юқори қўйди. Унга келтириладиган доимий қурбонликларни тортиб олиб, Унинг муқаддас масканида жойлашган ерни яксон қилди+. 12  Жиноят дастидан, қўшинлар ва доимий қурбонликлар шохга берилди. У ҳақиқатни ерга улоқтириб, қилган ишида муваффақият қозонди. 13  Сўнгра мен бир фаришта сўзлаётганини эшитдим. Бошқа фаришта ундан: «Доимий қурбонликлар, вайронагарчиликка сабаб бўлаётган жиноят, шунингдек, муқаддас жой ҳамда қўшин топталиши ҳақидаги ваҳий қачонгача давом этади?»+ — деб сўради. 14  Шунда у менга: «Бу, 2 300 кеча ва тонгга қадар давом этади. Кейин муқаддас жой аввалги ҳолига қайтарилади»,— деб айтди. 15  Мен Дониёр, ваҳийни кўриб уни англашга уринаётганимда, ногаҳон рўпарамда инсонга ўхшаш биттаси турганини кўриб қолдим. 16  Кейин Улой дарёсининг+ ўртасидан инсон овозини эшитдим. У: «Эй Жаброил+, анави одамга кўрганларини тушунтириб бер»,— деб бақирди+. 17  У мен турган жойга яқинлашиб келганда, қўрққанимдан ерга юзтубан йиқилдим. У менга: «Эй, одам боласи, шуни билгинки, бу ваҳий охирзамонда амалга ошади»+,— деди. 18  У гапириб турганида, ерда юзтубан ётган ҳолимда қаттиқ ухлаб қолдим. Шунда у менга қўлини теккизиб, жойимга турғизди-да+, 19  кейин деди: «Мен Худонинг қаҳри тўкиладиган вақтнинг сўнгида нималар бўлишини сенга билдираман. Чунки бу ваҳий, белгиланган охирзамонда рўёбга чиқади+. 20  Сен кўрган икки шохли қўчқор Мидия ва Форс подшоҳларини билдиради+. 21  Сержун така Юнонистон подшоҳи+, кўзлари орасидаги катта шох эса унинг биринчи подшоҳидир+. 22  Бу шох синиб, ўрнига бошқа тўртта шох чиқиши, унинг халқидан тўртта шоҳлик келиб чиқишини билдиради+. Аммо улар у сингари кучли бўлишмайди. 23  Уларнинг ҳукмронлиги охирида жиноятчиларнинг ёвуз ишлари бошидан ошиб кетганида, икки маъноли сўзларни тушуна оладиган* баджаҳл бир подшоҳ чиқади. 24  У ғоят қудратли бўлади, лекин ўзининг кучи билан эмас. У даҳшатли ҳалокат келтириб, нимаики қилмасин, муваффақият қозонади. Қудратлиларни, шунингдек, муқаддас халқни хонавайрон қилади+. 25  Айёрлик билан ўз мақсадига эришади. Юраги такаббурланиб хавфсизлик даврида* кўпчиликни хароб қилади. Ҳаттоки саркардалар Саркардасига қаршилик кўрсатади. Бироқ инсон қўлининг ёрдамисиз яксон қилинади. 26  Ваҳийда кечалар ва тонглар ҳақида айтилганлар рост, лекин буни сир сақла, чунки бу узоқ келажакка тегишли»+. 27  Мен Дониёр, ҳолдан тойиб, бир неча кун бетоб бўлиб ётиб қолдим+. Сўнг ўрнимдан туриб, шоҳнинг ишини бажара бошладим+. Аммо кўрганларим мени карахт қилиб қўйган эди ва буни ҳеч ким тушуна олмасди+.

Изоҳлар

Ёки «Шушан».
Ёки «саройида».
Ёки «каналининг».
«Қўшин» ибораси осмондаги руҳий мавжудотларга ҳам ишора қилиши мумкин.
Ёки «фитнагар».
Бошқа вариант «огоҳлантирмасдан».