Еремиё 19:1–15

  • Еремиёга сопол кўзани синдириш буюрилади (1-15)

    • Баалга атаб болалар қурбон қилинади (5)

19  Яҳова шундай деди: «Бориб кулолдан сопол кўза сотиб ол+. Халқнинг баъзи оқсоқолларини ва бош руҳонийларнинг айримларини ўзинг билан олгин-да,  Синган кўзалар номли дарвоза яқинидаги Ҳинном ўғлининг водийсига+ бор. Ўша ерда Мен сенга айтадиган сўзларни эълон қил.  Сен бундай деб айт: “Эй Яҳудо шоҳлари ва Қуддус аҳолиси, Яҳованинг сўзини тингланг! Исроилнинг Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Мен бу ерга фалокат келтирмоқчиман. Бу ҳақда эшитган ҳар бир кишининг эти жимирлаб кетади*.  Улар Мени ташлаб кетиб+, бу ерни таниб бўлмайдиган аҳволга+ келтиришгани учун бу нарса содир бўлади. Улар бу ерда ўзлари ҳам, ота-боболари ҳам, Яҳудо шоҳлари ҳам билмаган бошқа худоларга қурбонлик келтиришди. Улар бу ерни бегуноҳ инсонларнинг қонига тўлдиришди+.  Баалга атаб тепаликлар барпо этишди. Бу тепаликларда ўғилларини Баалга бутунлай куйдириладиган қурбонлик қилиб куйдиришди+. Улар Мен буюрмаган, айтмаган ва ҳатто ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган ишни қилишди”+.  “Мана, шундай кунлар келяптики,— демоқда Яҳова,— бу жой ортиқ Тофат ёки Ҳинном ўғлининг водийси эмас, Қирғин водийси деб аталади+.  Мен бу жойда Яҳудо билан Қуддуснинг режаларини бузаман. Уларни душманларининг қиличи ва уларнинг жонини олиш пайида юрганларнинг қўли билан қириб ташлайман. Уларнинг жасадларини осмондаги қушларга ва ер юзидаги ҳайвонларга ем қиламан+.  Бу шаҳарни даҳшатли аҳволга соламан, одамлар унга қараб ҳуштак чалишади. Ёнидан ўтиб кетаётган ҳар бир киши даҳшатга тушиб унга тикилиб қарайди, бошига тушган барча ўлатлардан ҳуштак чалиб юборади+.  Уларни ўғил-қизларининг этини ейишга мажбур қиламан. Қамалда бўлганда, душманлари ҳамда уларнинг жонини олиш пайида юрганларнинг сиқуви остида қолганда, чорасизликдан ҳар бири яқинининг этини ейди”+. 10  Сен билан келганларнинг кўз олдида кўзани синдир 11  ва уларга шундай деб айт: “Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Кулолнинг идиши тузатиб бўлмайдиган даражада чилпарчин қилинганидай, Мен ҳам бу халқни ва шаҳарни парча-парча қилиб ташлайман. Улар Тофатда жой қолмагунча ўликларни кўмишади”+. 12  Яҳова демоқда: “Бу жойни ва унинг аҳолисини шундай аҳволга соламан. Бу шаҳарни Тофатга ўхшаган қилиб қўяман. 13  Қуддусдаги уйлар ва Яҳудо шоҳларининг уйлари Тофат каби нопок бўлиб қолади+. Ҳа, томларида самовий жисмларга қурбонликлар келтирилган+, бошқа худоларга ичимлик назрлари қуйилган ҳамма уйлар шу аҳволга тушади”»+. 14  Яҳованинг амри билан Еремиё Тофатда башорат қилиб қайтгач, Яҳованинг уйи ҳовлисида туриб бутун халққа қуйидагиларни айтди: 15  «Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Бу шаҳарга ва унинг барча қишлоқларига айтган фалокатимни юбораман, чунки улар ўжарлик қилиб, Менинг сўзларимга қулоқ солишдан бош тортишди”»+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «қулоқлари жаранглаб кетади».