Еремиё 27:1–22

  • Бобил шоҳининг бўйинтуруғи (1-11)

  • Зидқиё Бобилга таслим бўлиши керак (12-22)

27  Яҳудо шоҳи Йўшиё ўғли Ёҳайиқим* ҳукмронлигининг бошида Яҳова Еремиёга қуйидаги сўзини аён қилди:  «Яҳова менга шундай деди: “Ўзинг учун қайишлар ва бўйинтуруқ* тайёрлаб, уларни бўйнингга тақ.  Кейин уларни Яҳудо шоҳи Зидқиёнинг олдига, Қуддусга келган элчилар орқали Эдом+, Мўаб+, оммонликлар+, Тир+ ва Сидон+ шоҳларига жўнат.  Элчилар хўжайинларига етказишлари учун уларга қуйидагиларни буюр: “Хўжайинларингизга айтинглар, Исроил Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда:  “Ерни, инсониятни ва ер юзидаги ҳайвонларни буюк қудратим ва кучли қўлим билан яратган Менман. Буларнинг барчасини Ўзимга маъқул бўлган кишига бераман+.  Мана, бу барча юртларни Бобил шоҳи, хизматчим Навуходоносорнинг+ қўлига бердим. Ҳатто даштдаги йиртқич ҳайвонларни ҳам унга бўйсундирдим.  Унинг шоҳлигига ажратилган вақт тугаб+, кўпгина халқлар ва буюк шоҳлар уни қул қилиб оладиган пайт келмагунча+, барча халқлар унга, ўғилларига ва невараларига хизмат қилишади”.  “Борди-ю, бирор халқ ёки шоҳлик Бобил шоҳи Навуходоносорга хизмат қилишдан бош тортса ва Бобил шоҳининг бўйинтуруғи бўйнига солинишини рад этса, ўша халқни шоҳнинг қўли билан йўқ қилмагунимча уларни қилич+, очарчилик ва ўлат билан жазолайман”,— демоқда Яҳова.  Шу боис, сизларга: “Бобил шоҳига хизмат қилмайсизлар”,— деяётган пайғамбарлар, фолбинлар, тушлар кўриб башорат қилувчилар, афсунгарлару сеҳргарларингизга қулоқ солманглар. 10  Чунки улар сизларга ёлғонни башорат қилишяпти. Уларга қулоқ солсангиз, юртингиздан олисга олиб кетиласиз ва Мен сизларни тарқатиб, йўқ қилиб юбораман. 11  “Бироқ Бобил шоҳининг бўйинтуруғига бўйин эгган ва унга хизмат қилган халққа ўз юртида қолишига, унга ишлов бериб яшашига изн бераман”,— демоқда Яҳова». 12  Яҳудо шоҳи Зидқиёга+ ҳам худди шу сўзларни айтдим: «Бобил шоҳининг бўйинтуруғига бўйин эгинглар, унга ва халқига хизмат қилинглар, шунда жонингизни сақлаб қоласизлар+. 13  Нега сен ва халқинг ўлишингиз керак? Ахир Яҳова Бобил шоҳига хизмат қилишни истамаган халқ қилич+, очарчилик+ ва ўлатдан+ ҳалок бўлади, деган эди-ку! 14  Сизларга: “Бобил шоҳига хизмат қилмайсизлар”+,— деяётган пайғамбарларга қулоқ солманглар. Чунки улар сизларга ёлғонни башорат қилишяпти+. 15  “Мен уларни юборганим йўқ, — демоқда Яҳова. — Улар Менинг номимдан ёлғонни башорат қилишяпти ва агар уларга қулоқ солсангиз, Мен сизларни тарқатиб, йўқ қилиб юбораман. Сизларни ҳам, сизларга башорат қилаётган пайғамбарларни ҳам шу кўйга соламан”»+. 16  Мен руҳонийлар ва бутун халққа шундай дедим: «Яҳова демоқда: “Сизларга башорат қилиб: “Мана, Яҳова уйининг анжомлари тез орада Бобилдан қайтариб олиб келинади!”+ — деяётган пайғамбарларингизнинг сўзларига қулоқ солманглар. Чунки улар сизларга ёлғонни башорат қилишяпти+. 17  Уларга қулоқ солманглар. Бобил шоҳига хизмат қилинглар, шунда жонингизни сақлаб қоласизлар+. Йўқса, бу шаҳар вайрон бўлади! 18  Агар улар пайғамбар бўлишса ва уларда Яҳованинг сўзи бўлса, Яҳованинг уйидаги, Яҳудо шоҳининг саройидаги ва Қуддусдаги анжомлар Бобилга олиб кетилмаслиги учун Қўшинлар Сарвари Яҳовага ёлворишсин”. 19  Қўшинлар Сарвари Яҳова устунлар+, қуйма ҳовуз*+, аравалар+ ва шаҳарда қолган бошқа анжомлар ҳақида шундай демоқда, 20  (Бобил шоҳи Навуходоносор Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ўғли Ёхониё билан бирга Яҳудо ва Қуддуснинг барча асилзодаларини Қуддусдан Бобилга сургун қилганида, бу ашёларни олиб кетмаган эди)+ 21  ҳа, Яҳованинг уйида, Яҳудо шоҳининг саройида ва Қуддусда қолган анжомлар борасида Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: 22  “Бу нарсалар Бобилга олиб кетилади+ ва Мен уларни ёдга оладиган кун келмагунча, улар ўша ерда қолади, — демоқда Яҳова. — Кейин Мен уларни қайтариб олиб келаман ва шу ерга жойлаштираман”»+.

Изоҳлар

Айрим қадимий қўлёзмаларга кўра «Зидқиё».
Сўзма-сўз «бўйинтуруқлар».
Яъни маъбаддаги мис денгиз.