Еремиё 36:1–32

  • Еремиёнинг сўзлари ўрама битикка ёзилади (1-7)

  • Борух ўрама битикдаги сўзларни овоз чиқариб ўқийди (8-19)

  • Ёҳайиқим ўрама битикни ёқиб юборади (20-26)

  • Хабар бошқа ўрама битикка ёзилади (27-32)

36  Яҳудо шоҳи, Йўшиё ўғли Ёҳайиқим+ ҳукмронлигининг тўртинчи йилида Еремиёга Яҳованинг сўзи аён бўлди:  «Битта ўрама битик олгин-да, Йўшиёнинг давридан, Мен сенга гапиришни бошлаган биринчи кундан то бугунгача+ Исроил билан Яҳудога ҳамда барча халқларга+ қарши айтган ҳамма сўзларимни ёзиб қўй+.  Балки Яҳудо хонадонидагилар Мен уларга келтирмоқчи бўлган барча фалокатлар ҳақида эшитиб ёмон йўлларидан қайтишар. Шунда Мен уларнинг хато ва гуноҳларини кечираман»+.  Еремиё Нерияҳ ўғли Борухни+ чақириб, Яҳова унга айтган барча сўзларни айтиб турди. Борух уларни ўрама битикка ёзиб қўйди+.  Сўнг Еремиё Борухга шундай деб буюрди: «Менга Яҳованинг уйига кириш тақиқлаб қўйилган.  Шунинг учун ўша ерга бориб, ўрама битикка мен сенга ёздирган Яҳованинг сўзларини овоз чиқариб ўқиб бер. Рўза куни бу сўзларни Яҳованинг уйида халққа эшиттириб ўқиб бер. Шу тариқа, ўз шаҳарларидан келган бутун Яҳудо халқига бу сўзларни ўқиб берган бўласан.  Балки уларнинг марҳамат сўраб қилган ибодати Яҳовага етиб борар ва улар ёмон йўлларидан қайтишар. Чунки Яҳова айтганидай, Ўз халқига нисбатан қаҳр-ғазаби жуда кучли».  Нерияҳ ўғли Борух Еремиё пайғамбар унга буюрганларнинг ҳаммасини бажарди. У ўрама битикдаги Яҳованинг сўзларини Яҳованинг уйида овоз чиқариб ўқиб берди+.  Яҳудо шоҳи, Йўшиё ўғли Ёҳайиқим+ ҳукмронлигининг бешинчи йили, тўққизинчи ойида бутун Қуддус аҳолиси ва Яҳудо шаҳарларидан Қуддусга келган барча одамлар Яҳованинг олдида рўза эълон қилишди+. 10  Борух ўрама битикдаги Еремиёнинг сўзларини Яҳованинг уйида, котиб* Шофон+ ўғли Гамарияҳнинг+ хонасидан* туриб бутун халққа эшиттириб ўқиб берди. Бу хона юқори ҳовлида, Яҳова уйининг янги дарвозаси олдида жойлашган эди+. 11  Шофоннинг невараси, Гамарияҳ ўғли Михиё ўрама битикка ёзилган Яҳованинг бу барча сўзларини эшитганда, 12  шоҳ саройига, котибнинг хонасига йўл олди. У ерда ҳамма беклар: котиб Элишама+, Шамаё ўғли Далоё, Ахбор+ ўғли Элнатан+, Шофон ўғли Гамарияҳ, Ханониё ўғли Зидқиё ва бошқа барча беклар ўтирган эди. 13  Борух ўрама битикдан халққа овоз чиқариб ўқиб берган ҳамма сўзларни Михиё уларга айтиб берди. 14  Шунда барча беклар Кушининг эвараси, Шаламиёнинг невараси, Натаниё ўғли Ёҳудини Борухнинг олдига жўнатиб: «Халққа эшиттириб ўқиб берган ўрама битикни ўзинг билан олиб кел»,— деб айтиб юборишди. Нерияҳ ўғли Борух ўрама битикни олиб уларнинг олдига борди. 15  Улар Борухга: «Қани, ўтир, ёзилганларни бизга ҳам ўқиб бер»,— дейишди. Борух ўқиб берди. 16  Барча сўзларни эшитишлари биланоқ, улар ваҳимага тушиб бир-бирларига қараб қолишди. Улар Борухга: «Бу барча сўзларни албатта шоҳга айтиб беришимиз керак»,— дейишди. 17  Улар Борухдан: «Илтимос, бизга айт-чи, бу барча сўзларни қандай ёздинг? Еремиё айтиб турганида ёздингми?» — деб сўрашди. 18  Борух уларга шундай жавоб берди: «У айтиб турди ва мен сўзларни сиёҳ билан ўрама битикка ёздим». 19  Беклар Борухга: «Бор, яширин. Сен ҳам, Еремиё ҳам яширининглар. Ҳеч ким қаерда эканингизни билмасин»+,— деб айтишди. 20  Сўнг беклар ҳовлига, шоҳ олдига йўл олишди. Ўрама битикни эса котиб Элишаманинг хонасида қолдиришди. Улар эшитганларининг ҳаммасини шоҳга айтиб беришди. 21  Шоҳ Ёҳудини+ ўрама битикни олиб келиш учун жўнатди. У котиб Элишаманинг хонасига бориб ўрама битикни олиб келди. Ёҳуди ёзилганларни шоҳга ва унинг олдида турган бекларга ўқий бошлади. 22  Шоҳ қишки саройида ўтирган эди. Бу тўққизинчи ой* эди. Ёнидаги манқалда олов ёниб турганди. 23  Ёҳуди уч ёки тўрт устунни ўқиб бўлгач, шоҳ котибнинг пичоғи билан ўрама битикнинг ўша бўлагини кесиб, манқалдаги оловга ташлайверди. Ўрама битикнинг ҳаммасини манқалдаги оловда ёқиб юбормагунча шундай қилаверди. 24  Улар ваҳимага тушишмади. Шоҳ ҳам, бу сўзларни эшитган шоҳнинг барча хизматкорлари ҳам кийимларини йиртишмади. 25  Элнатан+, Далоё+ ва Гамарияҳ+ шоҳдан ўрама битикни ёндирмасликни илтимос қилган бўлсалар ҳам, шоҳ уларга қулоқ солмади. 26  Бундан ташқари, шоҳ ўғли Ярахмалга, Озриёл ўғли Сараёга ва Абдал ўғли Шаламиёга котиб Борухни ва Еремиё пайғамбарни тутиб келишни буюрди. Аммо Яҳова уларни яшириб қўйган эди+. 27  Еремиё Борухга ёздирган ўрама битикни+ шоҳ оловда ёндирганидан кейин, Еремиёга яна Яҳованинг сўзи аён бўлди: 28  «Бошқа бир ўрама битикни олгин-да, Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ёндирган биринчи ўрама битикдаги+ барча сўзларни ёзиб қўй. 29  Яҳудо шоҳи Ёҳайиқимга айт: “Яҳова шундай демоқда: “Сен ўрама битикни ёқиб юбориб: “Нега сен: “Бобил шоҳи албатта келади ва бу юртни ер билан битта қилади. Унда на инсон, на ҳайвон қолади”+,— деяпсан?” — дединг. 30  Шунинг учун, Яҳова Яҳудо шоҳи Ёҳайиқимга демоқда: “Унинг авлодидан ҳеч ким Довуд тахтига ўтирмайди+. Унинг жасади куннинг жазирамасида ва туннинг совуғида қолади+. 31  Мен уни, унинг авлодлари ва хизматкорларини қилган гуноҳлари учун жавобгарликка тортаман. Уларга, Қуддус аҳолисига ва бутун Яҳудо халқи устига барча фалокатларни олиб келаман. Мен бу ҳақда уларга айтган эдим+, аммо улар Менга қулоқ солмадилар”»+. 32  Еремиё бошқа бир ўрама битикни олиб, уни Нерияҳ ўғли котиб Борухга берди+. Еремиё Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим оловда ёндирган ўрама битикдаги+ барча сўзларни айтиб турди, Борух эса уларни ёзди. Бу ўрама битикка кўпгина шунга ўхшаш сўзлар қўшилди.

Изоҳлар

Ёки «уламо».
Ёки «ошхонасидан».
Бу ноябрь ойининг иккинчи ярми ва декабрь ойининг биринчи ярми бўлган. Илованинг Б15 мавзусига қ.