Еремиё 37:1–21
37 Ёҳайиқим ўғли Хонияҳ*+ ўрнига Йўшиё ўғли шоҳ Зидқиё+ ҳукмронлик қила бошлади. Чунки Бобил шоҳи Навуходоносор уни Яҳудо юртига шоҳ қилиб қўйди+.
2 Бироқ у, хизматкорлари ҳамда юрт аҳолиси Яҳованинг Еремиё пайғамбар орқали айтган сўзларига қулоқ солишмади.
3 Шоҳ Зидқиё Шаламиё ўғли Яҳухални+ ҳамда руҳоний Масиё ўғли Зафаниёни+ Еремиё пайғамбар олдига юбориб: «Илтимос, Худойимиз Яҳовага биз учун ибодат қил»,— деди.
4 Еремиё ҳали қамаб қўйилмагани учун+ халқ ичида бемалол юрарди.
5 Бу орада фиръавн қўшини Мисрдан йўлга чиқди+. Қуддусни қамал қилаётган халдейлар бундан хабар топиб, Қуддусдан чекинишди+.
6 Шунда Еремиё пайғамбарга Яҳованинг сўзи аён бўлди:
7 «Исроил Худоси Яҳова шундай демоқда: “Сизларни олдимга маслаҳат солгани жўнатган Яҳудо шоҳига айтинглар: “Сизларга ёрдамга келаётган фиръавн қўшини ўз юртига, Мисрга қайтиб кетади+.
8 Халдейлар эса қайтиб келишади. Бу шаҳарга қарши жанг қилиб, уни босиб олишади ва унга ўт қўйишади”+.
9 Яҳова демоқда: “Ўзингизни: “Халдейлар қайтиб келишмайди”,— деб алдаманглар. Чунки улар албатта қайтиб келишади.
10 Мабодо сизларга қарши жанг қилаётган халдейларнинг бутун қўшинини тор-мор қилсангиз-у, уларнинг орасида фақат ярадорлар қолса, ҳатто улар чодирларидан чиқиб шаҳарга ўт қўйишади”»+.
11 Фиръавн лашкари тўғрисида эшитиб, халдейлар қўшини Қуддусдан чекинди+.
12 Шунда Еремиё халқи орасидан ўз улушини олиш учун Қуддусдан Бенямин ҳудудига йўл олди+.
13 Бироқ у Бенямин дарвозасига яқинлашиб қолганида, Ханониёнинг невараси, Шаламиё ўғли Йирияҳ исмли соқчилар бошлиғи Еремиё пайғамбарни ушлаб олиб: «Сен халдейлар томонга ўтмоқчисан!» — деди.
14 Лекин Еремиё: «Бу ёлғон! Халдейлар томонга ўтиш ниятим йўқ»,— деди. Аммо у қулоқ солишни истамади. Йирияҳ Еремиёни ҳибсга олиб, бекларнинг олдига келтирди.
15 Беклар ғазабланиб+, Еремиёни уришди. Сўнг котиб Йўнатаннинг зиндонга айлантирилган уйига қамаб қўйишди+.
16 Еремиёни ер остидаги зиндоннинг гумбазсимон хоналаридан бирига қамаб қўйишди. У ўша ерда узоқ вақт ётди.
17 Шоҳ Зидқиё Еремиёни олиб келгани одам юбориб, уни ўз саройида пинҳона сўроққа тутди+. Шоҳ: «Яҳовадан бирор хабар борми?» — деб сўради. Еремиё: «Бор!» — деди-да, шундай қўшиб қўйди: «Сиз Бобил шоҳининг қўлига топшириласиз»+.
18 Еремиё шоҳ Зидқиёга яна шундай деб айтди: «Сизга, хизматкорларингизга ва бу халққа қарши нима гуноҳ қилган эдимки, мени зиндонга қамаб қўйдингизлар?
19 “Бобил шоҳи сизларга ва бу юртга ҳужум қилмайди”,— деб башорат қилган пайғамбарларингиз қани?+
20 Шоҳ ҳазратлари, ўтинаман, менга қулоқ солинг. Раҳм-шафқат сўраб қилган илтимосимни рад этманг. Мени котиб Йўнатаннинг+ уйига қайтариб жўнатманг. Йўқса у ерда ўлиб кетаман»+.
21 Шундай қилиб, шоҳ Зидқиё Еремиёни Соқчилар ҳовлисига+ қамаб қўйиш ҳақида буйруқ берди. Шаҳарда нон тугамагунга қадар+, Еремиёга новвойлар кўчасидан ҳар куни биттадан гардиш нон бериларди+. У Соқчилар ҳовлисида қолди.
Изоҳлар
^ Бошқа исмлари «Ёҳайихин» ёки «Ёхониё».