Еремиё 38:1–28

  • Еремиёни сардобага ташлашади (1-6)

  • Обидмалек Еремиёни қутқаради (7-13)

  • Еремиё Зидқиёни таслим бўлишга ундайди (14-28)

38  Маттан ўғли Шафатиё, Пашхур ўғли Гадалиё, Шаламиё ўғли Яхал+ ҳамда Малкиё ўғли Пашхур+ Еремиёнинг бутун халққа айтган мана шу сўзларини эшитишди:  «Яҳова демоқда: “Бу шаҳарда қолганлар қилич, очарчилик ва ўлатдан ҳалок бўлади+. Халдейларга таслим бўлганлар эса омон қолади, улар ўз ҳаётини сақлаб қолиб*, яшайди”+.  Яҳова демоқда: “Бу шаҳар албатта Бобил шоҳи қўшинининг қўлига топширилади ва у шаҳарни босиб олади”»+.  Беклар шоҳга: «Илтимос, бу одамни ўлимга маҳкум қилинг+. Ахир у бундай сўзлари билан шаҳарда қолган аскарларнинг ҳамда бутун халқнинг руҳини туширяпти. Бу одам халққа тинчлик эмас, кулфат келишини хоҳлайди»,— дейишди.  Шунда шоҳ Зидқиё: «Мана, у сизларнинг ихтиёрингизда. Шоҳ сизларга тўсқинлик қила олмайди»,— деб айтди.  Шундай қилиб, улар Еремиёни ушлаб, Соқчилар ҳовлисидаги+ шоҳнинг ўғли Малкиёнинг сардобасига ташлашди. Улар Еремиёни арқонлар билан пастга туширишди. Сардоба сувсиз бўлиб, унда фақат балчиқ бор эди. Еремиё балчиққа бота бошлади.  Сарой амалдори* ҳабашистонлик Обидмалек+ Еремиёни сардобага ташлашгани ҳақида хабар топди. Бу пайтда шоҳ Бенямин дарвозаси+ олдида ўтирган эди.  Обидмалек шоҳ саройига бориб, шоҳга шундай деб мурожаат қилди:  «Шоҳ ҳазратлари, бу одамларнинг Еремиёга қилган иши ёвузлик-ку! Улар Еремиёни сардобага ташлашди. Шаҳарда озиқ-овқат қолмаган бўлса, Еремиё у ерда очликдан ўлади-ку!»+ 10  Сўнг шоҳ ҳабашистонлик Обидмалекка шундай деб буюрди: «Ўзинг билан 30 та одамни олиб, Еремиё пайғамбарни сардобадан чиқариб ол. Тағин у ерда ўлиб қолмасин». 11  Шундай қилиб, Обидмалек одамларни ўзи билан олиб, шоҳ саройидаги ғазна+ остида жойлашган хонага кирди. У ердан эски латта-путта ва кийим бўлакларини олишди-да, уларни арқонлар билан сардобада ўтирган Еремиёга туширишди. 12  Сўнг ҳабашистонлик Обидмалек Еремиёга: «Арқон танангизга ботиб кетмаслиги учун, латта-путта ва кийим бўлакларини қўлтиқларингиз тагига қўйинг»,— деди. Еремиё айтилганидай қилди. 13  Улар Еремиёни арқон билан тортиб, сардобадан чиқариб олишди. Еремиё Соқчилар ҳовлисида+ қолди. 14  Шоҳ Зидқиё одам жўнатиб, Еремиёни Яҳованинг уйидаги учинчи кириш жойига чақиртирди. Шоҳ Еремиёга: «Сендан бир нарса сўрамоқчиман. Мендан ҳеч нарсани яширма»,— деди. 15  Еремиё эса Зидқиёга: «Агар айтиб берсам, мени ўлимга маҳкум қилишингиз аниқ. Маслаҳат берсам ҳам, қулоқ солмайсиз»,— деб айтди. 16  Шунда шоҳ Зидқиё Еремиёга пинҳона онт ичиб: «Бизга ҳаёт берган барҳаёт Яҳова ҳаққи, мен сени ўлдирмайман. Жонингни олиш пайида юрганларнинг қўлига сени топширмайман»,— деди. 17  Сўнг Еремиё Зидқиёга шундай деди: «Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Агар сен Бобил шоҳининг бекларига таслим бўлсанг, ҳаётинг сақлаб қолинади. Бу шаҳарга эса ўт қўйилмайди. Сен ва хонадонинг омон қоласизлар+. 18  Агар Бобил шоҳининг бекларига таслим бўлмасанг, бу шаҳар халдейлар қўлига топширилади. Улар унга ўт қўйишади+. Сен эса уларнинг қўлидан қочиб қутула олмайсан”»+. 19  Шоҳ Зидқиё Еремиёга: «Мен халдейлар томонга ўтган яҳудийлардан қўрқаман. Агар уларнинг қўлига тушсам, улар менга шафқатсиз муносабатда бўлишади»,— деди. 20  Еремиё эса: «Сиз уларнинг қўлига тушмайсиз. Ўтинаман, Яҳова мен орқали сизга айтаётган гапга қулоқ солинг. Шунда сизга яхши бўлади ва сиз яшайсиз. 21  Лекин таслим бўлмасангиз, Яҳова менга шуни аён қилди: 22  “Яҳудо шоҳининг саройида қолган аёллар Бобил шоҳининг беклари+ олдига олиб чиқиляпти. Улар шундай дейишяпти:“Сиз ишонган эркаклар сизни алдаб, мағлуб қилишди+. Улар оёғингизни балчиққа ботиришди. Улар орқага чекинишди”. 23  Барча хотинларингиз ва ўғилларингизни халдейлар олдига олиб чиқишади. Сиз уларнинг қўлидан қочиб қутула олмайсиз. Аксинча Бобил шоҳи қўлига тутиб бериласиз+. Сизни деб шаҳарга ўт қўйишади»+. 24  Зидқиё Еремиёга шундай деди: «Суҳбатимиз ҳақида ҳеч ким билмасин. Йўқса сени ўлдиришади. 25  Мабодо беклар суҳбатимиздан хабар топишса ва олдингга келиб: “Айт-чи, шоҳга нималар дединг? Биздан ҳеч нарсани яширмасанг, сени тирик қолдирамиз+. Шоҳ сенга нималар деди? — дейишса, 26  сен шундай деб айт: — Ўлиб кетмаслигим учун шоҳдан мени Йўнатаннинг уйига жўнатмасликни илтимос қилдим”»+. 27  Бир муддат ўтгач барча беклар Еремиёнинг олдига келиб, уни сўроққа тутишди. Шоҳ нималарни айтишни буюрган бўлса, Еремиё уларга шуни гапирди. Шундай қилиб, беклар унга бошқа оғиз очмадилар. Чунки ҳеч ким унинг шоҳ билан суҳбатини эшитмаган эди. 28  Қуддус босиб олингунига қадар, Еремиё Соқчилар ҳовлисида+ қолди. Қуддус босиб олинганида, у ҳали ҳам ўша ерда эди+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «ўлжа қилиб олиб».
Сўзма-сўз «бичилган эркак».