Еремиё 42:1–22

  • Халқ Еремиёдан ибодат қилишни сўрайди (1-6)

  • Яҳова Мисрга бормасликни айтади (7-22)

42  Сўнг барча лашкарбошилар, Кариёх ўғли Йўханон+, Ҳўшайё ўғли Язаниё ва бутун халқ — кичигидан тортиб каттасигача келиб,  Еремиё пайғамбарга шундай дейишди: «Илтимос, илтифот сўраб қилган ўтинчимизга қулоқ солинг. Биз учун, омон қолган шу халқ учун Худойингиз Яҳовага ибодат қилинг. Кўриб турганингиздек кўпчилик эдик, энди озчилик қолдик+.  Худойингиз Яҳова қайси йўлдан юришимиз ва нима қилишимиз кераклигини айтсин».  Еремиё пайғамбар уларга жавобан: «Яхши, илтимосингизга биноан Худойингиз Яҳовага ибодат қиламан. Яҳова берган жавобнинг ҳар бир сўзини сизларга айтиб бераман. Сизлардан бирорта сўзни ҳам яширмайман»,— деди.  Халқ эса Еремиёга шундай деди: «Агар Худойингиз Яҳова сиз орқали берган йўл-йўриқни бажармасак, Яҳованинг Ўзи бизга қарши ҳақиқий ва содиқ шоҳид бўлиб, жазойимизни берсин.  Биз сизни Худойимиз Яҳовадан сўраш учун юборяпмиз. Унинг сўзлари бизга ёқадими ёки йўқми, айтганларига қулоқ соламиз. Токи Худойимиз Яҳованинг айтганларига қулоқ солганимиз учун бизга яхши бўлсин».  Ўн кундан кейин Еремиёга Яҳованинг сўзи аён бўлди.  У Кариёх ўғли Йўханонни, у билан бўлган барча лашкарбошиларни ва бутун халқни — кичигидан тортиб каттасигача чақирди+.  Уларга шундай деди: «Сизлар мени Исроил Тангриси Яҳованинг олдига, илтифот сўраб қилган ўтинчингизни Унга етказишим учун юборган эдингиз. У шундай демоқда: 10  “Агар шу юртда қолсангиз, Мен сизларни яксон қилмай, қайта бунёд этаман, таг-томирингиз билан қўпориб ташламай, қайта экаман. Чунки устингизга кулфат келтирганимдан ўкинаман+. 11  Ўзингиз қўрқаётган Бобил шоҳидан чўчиманглар”+. “Ундан чўчиманглар,— демоқда Яҳова.— Чунки сизларни ҳимоя қилиш ва унинг қўлидан қутқариш учун Мен сизлар билан биргаман. 12  Мен сизларга шафқат қиламан+, у ҳам сизларга шафқат қилиб, ўз юртингизга қайтаради. 13  Аммо сизлар: “Йўқ, биз бу юртда қолмаймиз!” — десангиз ва Худойингиз Яҳовага қулоқ солмай: 14  “Йўқ, Миср юртига кетамиз+, чунки у ерда уруш кўрмаймиз, бурғу овозини эшитмаймиз ва нонга зор бўлмаймиз. Биз ўша ерда яшаймиз”,— дейдиган бўлсангиз, 15  эй, Яҳудонинг омон қолганлари, унда Яҳованинг сўзини эшитиб қўйинглар. Исроил Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Агар барибир Мисрга боришга қарор қилиб, у ерга яшаш учун кетсангиз, 16  сизлар қўрқаётган қилич Миср юртида сизларни қувиб етади. Сизлар чўчиётган очарчилик ортингиздан Миср юртига боради ва ўша ерда ўлиб кетасизлар+. 17  Мисрга бориб яшашга қарор қилган ҳар бир киши қилич, очарчилик ва ўлатдан ҳалок бўлади. Ҳеч бири Мен уларнинг устига келтирадиган мусибатдан қочиб қутула олмайди”. 18  Исроил Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Мисрга борсангиз, Қуддус аҳолисига қаҳр-ғазабимни сочганимдай+, сизларнинг устингизга ҳам қаҳримни сочаман. Одамлар қарғаганда номингизни тилга олишади, аҳволингиздан даҳшатга тушишади, сизлар иснодга қолиб, масхара бўласизлар+ ва бу ерни қайтиб кўрмайсизлар”. 19  Эй, Яҳудонинг омон қолганлари, Яҳова сизларга қарши гапирмоқда. Мисрга борманглар. Билиб қўйинглар, бугун мен сизларни огоҳлантиряпман, 20  хато қилсангиз жонингиздан айриласизлар. Чунки мени Худойингиз Яҳованинг олдига юбориб: “Биз учун Тангримиз Яҳовага ибодат қилинг ва Тангримиз Яҳова айтган ҳамма нарсани бизга етказинг, биз уларни бажарамиз”+,— дедингизлар. 21  Мана бугун мен сизларга барини айтдим, аммо сизлар Худойингиз Яҳованинг сўзларига қулоқ солмайсизлар, мен орқали айтилганларнинг бирортасини бажармайсизлар+. 22  Шунинг учун билиб қўйинглар, сизлар яшаш учун бормоқчи бўлган жойда қилич, очарчилик ва ўлатдан ҳалок бўласизлар»+.

Изоҳлар