Еремиё 44:1–30

  • Мисрдаги яҳудийларга фалокат келиши башорат қилинади (1-14)

  • Халқ Худонинг огоҳлантиришини рад этади (15-30)

    • «Само Қироличасига» сиғиниш (17-19)

44  Миср юртида — Мигдолда+, Тахпанхасда+, Нуфда*+ ва Патрўсда+ яшаётган барча яҳудийларга айтиши учун+ Еремиёга қуйидаги сўзлар аён бўлди:  «Исроил Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Мен Қуддусга ва Яҳудонинг барча шаҳарларига келтирган ҳамма мусибатларни кўргансизлар+. Бу шаҳарлар ҳалигача вайрон бўлиб ётибди, уларда ҳеч ким яшамаяпти+.  Сабаби сизлар ёвуз ишлар қилдингиз. Ўзларингиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам танимаган бошқа худолар олдига бориб+, уларга қурбонликлар келтирдингиз, уларга хизмат қилиб Мени ранжитдингиз+.  Мен олдингизга барча хизматкорларимни — пайғамбарларни юбориб турдим. Уларни қайта-қайта жўнатиб: “Илтимос, Мен нафратланадиган бу жирканч ишларни қилманглар”+,— дедим.  Бироқ сизлар тингламадингиз, қулоқ тутмадингиз, бошқа худоларга қурбонликлар келтириб, ёвуз ишларингиздан қайтмадингиз+.  Шунда қаҳр-ғазабим Яҳудо шаҳарларию Қуддус кўчаларида аланга олиб, уларнинг устига тўкилди. Улар вайрон бўлиб, кимсасиз қолди. Улар бугун ҳам шу аҳволда”+.  Энди Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Нега ўз бошингизга буюк мусибат келтирмоқчисизлар? Ахир Яҳудода эркагу аёллар, болалару гўдаклар қирилиб кетиб, ҳеч бирингиз омон қолмайсиз-ку!  Сизлар яшаш учун келган Миср юртида бошқа худоларга қурбонликлар келтириб, қўлларингизнинг иши билан нега Мени ранжитяпсизлар? Сизлар йўқ бўлиб кетасизлар, ер юзининг барча халқлари қарғаганда номингизни тилга олишади ва уларнинг орасида масхара бўласизлар+.  Ота-боболарингиз, Яҳудо шоҳлари+ ва уларнинг хотинлари+, шунингдек, ўзларингиз ва хотинларингиз+ Яҳудо юрти ҳамда Қуддус кўчаларида қилган ёвуз ишларни унутдингизми? 10  Шу кунгача тавба қилмадингиз, Мендан қўрқмадингиз+, сизларга ва ота-боболарингизга берган қонун-қоидаларимга амал қилмадингиз”+. 11  Шунинг учун Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мана, Мен бутун Яҳудони йўқ қилиш учун устингизга мусибат келтиришга қарор қилдим. 12  Миср юртига яшаш учун боришга қарор қилган Яҳудонинг ҳамма омон қолганларини Миср юртида йўқ қилиб юбораман+. Улар қилич ва очарчиликдан қирилиб кетишади. Кичигидан тортиб каттасигача қилич ва очарчиликдан ўлишади. Одамлар қарғаганда уларнинг номини тилга олишади, аҳволидан даҳшатга тушишади, улар иснодга қолиб, масхара бўлишади+. 13  Қуддусни жазолаганимдай, Миср юртида яшаётганларни ҳам қилич, очарчилик ва ўлат билан жазолайман+. 14  Миср юртига яшагани кетган Яҳудонинг омон қолганлари жонини қутқара олмайдилар, омон қолмайдилар ва Яҳудо юртига қайтмайдилар. Улар бу ерда яшаш учун қайтишни жуда исташади, аммо саноқли қочоқлардан бошқа ҳеч ким қайтмайди”». 15  Хотинлари бошқа худоларга қурбонликлар келтирганини билган эркаклар ва ўша ерда турган кўпчиликдан иборат хотинлар ҳамда Миср юртида+ — Патрўсда яшовчи бутун халқ+ Еремиёга шундай жавоб берди: 16  «Бизга Яҳованинг номидан айтган сўзларингга қулоқ солмаймиз. 17  Аксинча оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзни бажариб, Само Қироличасига* қурбонликлар келтирамиз ва унга ичимлик назрларини қуямиз+. Ўзимиз, ота-боболаримиз, шоҳларимиз ва бекларимиз Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шундай қилиб келганмиз. Ўша пайтларда нонга тўярдик, бой яшардик ва мусибат нималигини билмасдик. 18  Само Қироличасига қурбонликлар келтиришни ва унга ичимлик назрларини қуйишни тўхтатганимиздан буён барча нарсадан маҳрум бўлдик. Қилич ва очарчиликдан қирилиб кетяпмиз». 19  Аёллар эса шундай деб қўшиб қўйишди: «Само Қироличасига қурбонликлар келтириб, унга ичимлик назрларини қуйганимизда, эрларимизнинг рухсатисиз қилганмидик?! Унинг шаклидаги нонларни пишириб, унга ичимлик назрларини қуйганимизда уларнинг хабари бўлмаганмиди?!» 20  Сўнг Еремиё бутун халққа, яъни эркаклару уларнинг хотинларига, унга гапираётган ҳамма одамларга шундай деди: 21  «Яҳудо шаҳарларию Қуддус кўчаларида сизлар, ота-боболарингиз, шоҳларингиз, бекларингиз ва юрт аҳолиси келтирган қурбонликларни+ Яҳова ёдида тутди, эсидан чиқармади. 22  Охир-оқибат Яҳова ёвуз ишларингизу жирканч қилмишларингизга тоқат қила олмади. Шу боис, юртингиз харобазорга айланди, даҳшатли аҳволга тушиб, лаънати бўлди, кимсасиз қолди. У ҳалигача шундай аҳволда+. 23  Сизлар ўша қурбонликларни келтирганингиз, Яҳовага қарши гуноҳ қилганингиз, Яҳовага қулоқ солмаганингиз, қонун-қоидаларига ва эслатмаларига амал қилмаганингиз учун бошингизга бу мусибат тушди ва бугун ҳам азобини тортяпсизлар»+. 24  Еремиё бутун халққа ва барча аёлларга гапиришда давом этиб, деди: «Эй, Миср юртида яшаётган барча яҳудийлар, Яҳованинг сўзини тингланг! 25  Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Сизлар ва хотинларингиз оғзингиз билан айтганларингизни қўлларингиз билан амалга оширдингиз. Чунки сизлар: “Қасамимизни албатта бажариб, Само Қироличасига қурбонликлар келтирамиз, унга ичимлик назрларини қуямиз”+,— дегандингиз. Ҳа, сиз аёллар албатта қасамингизни бажариб, уни амалга оширасизлар!” 26  Шунинг учун, эй, Миср юртида яшаётган барча яҳудийлар, Яҳованинг сўзини тингланг: “Ўзимнинг буюк исмим билан қасам ичиб айтаманки,— демоқда Яҳова,— Миср юртида яшаётган ҳеч бир яҳудий бундан буён исмимни тилга олиб: “Олий Ҳукмдор барҳаёт Яҳова ҳаққи”,— деб қасам ичмайди+. 27  Мен уларга яхшилик эмас, мусибат келтириш учун+ уларни кузатиб турибман. Миср юртидаги барча яҳудийлар йўқ бўлиб кетмагунича, қилич ва очарчиликдан ҳалок бўлаверишади+. 28  Фақат саноқли кишиларгина қиличдан омон қолиб, Миср юртидан Яҳудо юртига қайтишади+. Шунда, Миср юртига яшагани келган Яҳудонинг барча омон қолганлари кимнинг сўзлари амалга ошганини — Меникими ёки уларникими — билиб олишади!”» 29  «Яҳова шундай демоқда: “Сизларни шу ерда жазолашимни кўрсатадиган белги бераман, шунда бошингизга мусибат келтириш ҳақидаги ваъдамни албатта бажаришимни билиб оласизлар”. 30  Яҳова демоқда: “Яҳудо шоҳи Зидқиёни унинг душмани ва жонини олиш пайида юрган Бобил шоҳи Навуходоносор қўлига берганимдай+, Миср фиръавни Хофрани ҳам унинг душманлари ва жонини олиш пайида юрганлар қўлига бераман”».

Изоҳлар

Ёки «Мемфис».
Муртад исроилликлар сиғинган маъбуданинг номи. Эҳтимол, ҳосилдорлик маъбудаси бўлган.