Еремиё 7:1–34

  • Яҳованинг маъбадига таяниш беҳуда (1-11)

  • Маъбад Шилў каби бўлади (12-15)

  • Сохта топиниш қораланади (16-34)

    • «Само Қироличасига» сиғиниш (18)

    • Ҳинном водийсида болалар қурбон қилинади (31)

7  Яҳова Еремиёга шундай сўзлар билан мурожаат қилди: 2  «Яҳованинг уйи дарвозаси олдида туриб, қуйидаги хабарни эълон қил: “Эй, Яҳовага сажда қилиш учун бу дарвозалардан кирадиган Яҳудо халқи, барчангиз Яҳованинг сўзларини тингланг. 3  Исроил Худоси, Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Йўлларингизни ўзгартириб, ишларингизни тузатинглар. Шунда бу ерда яшашингизга рухсат бераман+. 4  Ёлғон сўзларга ишониб: “Бу* Яҳованинг маъбади! Яҳованинг маъбади! Яҳованинг маъбади!” — деб айтманглар+. 5  Агар йўлларингизни ўзгартириб, ишларингизни тузатсангиз, даъволашаётган кишилар ўртасида адолат ўрнатсангиз+, 6  мусофирлар, етимлар ва беваларни эзмасангиз+, бу ерда бегуноҳ кишининг қонини тўкмасангиз ҳамда ўзингизга зарар келтириб бошқа худолар орқасидан эргашмасангиз+, 7  бу ерда — ота-боболарингиз доим яшаши учун Мен берган юртда истиқомат қилишингизга рухсат бераман”». 8  «Аммо сизлар ёлғон сўзларга ишоняпсизлар+. Бунинг умуман фойдаси йўқ. 9  Сизлар ўғрилик+, қотиллик ва зино қиласизлар, ёлғон қасам ичасизлар+, Баалга қурбонликлар келтириб+, ўзингиз билмаган худоларга эргашасизлар. 10  Шунча жирканч ишлар қила туриб, Менинг исмим билан аталган уй олдига келиб: “Биз қутқариламиз”,— дейсизларми? 11  Менинг номим билан аталган бу уй сизлар учун қароқчилар уяси бўлиб қолдими?+ Нималар қилаётганингизни кўриб турибман»,— демоқда Яҳова. 12  «“Энди Шилўдаги муқаддас масканимга+, исмим учун танлаган биринчи жойга бориб+, халқим Исроилнинг қилган ёмонликлари учун у ерни қандай аҳволга солганимни кўриб қўйинглар+. 13  Аммо сизлар бу барча ёвуз ишларни қилишдан тўхтамадингиз,— демоқда Яҳова. — Ҳатто қайта-қайта сизларга гапирган бўлсам-да, қулоқ солмадингиз+. Мен сизларни чақиравердим, аммо жавоб бермадингиз+. 14  Шунинг учун, Шилўни не кўйга солган бўлсам+, сизлар умид боғлаган+ ва Менинг исмим билан аталган уйни+, Мен сизларга ва ота-боболарингизга берган жойни ҳам шу кўйга соламан. 15  Мен барча биродарларингизни, Эфрайимнинг ҳамма авлодларини ҳайдаганимдай, сизларни ҳам кўз олдимдан ҳайдайман”+. 16  Сен эса, бу халқ учун ибодат қилма. Улар учун фарёд кўтарма, ялиниб-ёлворма+. Мен сени эшитмайман+. 17  Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида улар нималар қилаётганини кўрмаяпсанми? 18  Уларнинг ўғиллари ўтин йиғишади, оталари олов ёқишади, хотинлари эса Само Қироличасига* атаб қурбонлик кулчаларини пишириш учун хамир қоришади+. Улар бошқа худоларга ичимлик назрини қуйиб, Мени ранжитишади+. 19  “Улар Менга зарар етказишяптими? Ўзларига зарар етказишяпти-ку! Ўзларини шарманда қилишяпти-ку!” — демоқда Яҳова+. 20  Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Мен қаҳр-ғазабимни бу жойга+, одамлару ҳайвонларга, даладаги дарахтларга ва ернинг ҳосилига сочаман. Қаҳрим олов каби ёнади, у сўнмайди”+. 21  Исроил Тангриси, Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Боринглар, бошқа қурбонликларингизга бутунлай куйдириладиган қурбонликларингизни қўшиб гўштини ҳам ўзларингиз еяверинглар+. 22  Зеро, Мен ота-боболарингизни Миср юртидан олиб чиққан куним, уларга бутунлай куйдириладиган қурбонликлар ва бошқа қурбонликлар ҳақида ҳеч нарса айтмагандим, ҳеч қандай буйруқ бермагандим+. 23  Аксинча, Мен уларга шундай деб буйруқ бергандим: “Менга қулоқ солинглар, шунда Мен сизларнинг Худойингиз, сизлар эса Менинг халқим бўласизлар+. Ўзингизга яхши бўлиши учун, Мен амр этган йўллардан юришингиз керак”+. 24  Аммо улар Менга қулоқ солмадилар, Мени тинглаш учун қулоқ тутмадилар+. Аксинча, ўзлари билганча йўл тутдилар, ўжарлик билан ёвуз юракларига эргашдилар+. Улар олға юриш ўрнига, ортга кетдилар. 25  Ота-боболарингиз Миср юртидан чиққан кундан то бугунгача аҳвол ўзгаргани йўқ+. Мен хизматчиларим бўлмиш пайғамбарларни ҳар куни, қайта-қайта олдингизга юбориб турдим+. 26  Лекин бу халқ Менга қулоқ солишдан бош тортди, Менга қулоқ тутмади+. Улар ўжарлик қилиб, ота-боболаридан ҳам ўтиб тушдилар! 27  Сен бу барча сўзларни уларга айтсанг ҳам+, улар сенга қулоқ солишмайди. Уларни чақирсанг ҳам, улар сенга жавоб беришмайди. 28  Сен уларга шундай деб айт: “Бу халқ ўз Худоси Яҳовага қулоқ солмади ва Унинг тарбиясини олишни истамади. Садоқат деган нарса қолмади, уларнинг орасида ҳатто тилга олинмайдиган бўлди”+. 29  Узун сочларингни қирқиб ташла*. Яланг тепаликларда марсия айт. Зеро, Яҳова бу авлодни рад этди. Унинг ғазабини келтиргани учун, уларни тарк этади. 30  “Чунки Яҳудо халқи Менинг назаримда ёмон ишлар қилди,— демоқда Яҳова. — Улар Менинг исмим билан аталган уйни булғаш учун у ерга жирканч бутларини ўрнатишди+. 31  Улар ўғилу қизларини оловда куйдириш учун+ Ҳинном ўғлининг водийсидаги*+ Тофатда тепаликлар барпо этишди. Улар Мен буюрмаган, ҳатто ҳеч қачон хаёлимга ҳам келмаган ишни қилишди”+. 32  “Мана, шундай кунлар келяптики,— демоқда Яҳова, — бу жой ортиқ Тофат ёки Ҳинном ўғлининг водийси деб эмас, Қирғин водийси деб аталади. Улар Тофат тўлмагунча у ерда ўликларни кўмишади+. 33  Бу одамларнинг жасадлари осмондаги қушларга ва ер юзидаги ҳайвонларга ем бўлади. Уларни ҳайдайдиган ҳеч ким бўлмайди+. 34  Мен Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида шодиёна ва хурсандчилик ҳайқириқларига чек қўяман, у ерда келин-куёвнинг овози эшитилмайди+. Чунки бу юрт харобага айланади”»+.

Изоҳлар

Сўзма-сўз «Буларнинг бари». Бу оятда маъбад биноларининг мажмуи назарда тутилган.
Муртад исроилликлар сиғинган маъбуданинг номи. Эҳтимол, ҳосилдорлик маъбудаси бўлган.
Сион ёки Қуддусга қарата айтилган.
Луғатдаги «жаҳаннам» сўзига қ.