Забур 71:1–24

  • Кексаларнинг ишончи

    • «Ёшлигимдан Сенга таянганман» (5)

    • «Кучдан қолганимда» (9)

    • «Ёшлигимдан менга таълим бергансан» (17)

71  Эй Яҳова, мен Сенда паноҳ топганман. Шарманда бўлишимга асло йўл қўйма+.  2  Халос эт, қутқар мени, ахир Сен адолатлисан-ку. Энгашиб қулоқ сол, нажот бер менга+.  3  Қоя устидаги қўрғоним бўл,Шунда доим у ерга қочиб бораман. Мени қутқариш учун амр бер,Чунки Сен қоям ва қалъамсан+.  4  Эй Аллоҳим, мени ёвузнинг қўлидан,Ноҳақлик қиладиган золимнинг чангалидан қутқар+.  5  Сен умидимсан, эй, Олий Ҳукмдор Яҳова,Ёшлигимдан Сенга таянганман+.  6  Туғилганимдан Сенга суянганман,Мени онам қорнидан олиб чиққан Сенсан+. Ҳамиша Сенга ҳамду сано айтаман.  7  Кўплар аҳволимга ҳайрат ила қарайди,Лекин Сен менинг паноҳимсан.  8  Сенга ҳамду сано айтиш тилимдан тушмайди+,Кун бўйи улуғворлигинг ҳақида сўзлайман.  9  Кексайганимда мени ташлаб кетма+,Кучдан қолганимда мени тарк этма+. 10  Душманларим менга қарши гапиряпти,Жонимни* олиш пайида юрганлар ўзаро тил бириктиряпти+. 11  Улар: «Аллоҳ уни тарк этди. Орқасидан қувиб ушлаб оламиз, чунки қутқарадиган ҳеч кими йўқ»+,— деяпти. 12  Эй Худо, мендан узоқлашма. Эй Тангрим, менга ёрдамга шошил+. 13  Менга душманлик қилаётганларИснодга қолиб, йўқ бўлиб кетсин+. Бошимга фалокат ёғдирмоқчи бўлганларШармандаю шармисор бўлсин+. 14  Мен эса доим Сени кутаман,Ҳамду саноларимни ошираман. 15  Кун бўйи Сенинг одиллигинг+,Берган нажотинг ҳақида сўзлаб юраман.Кўплигидан уларнинг саноғига етолмайман+. 16  Эй, Олий Ҳукмдор Яҳова,Келиб Сенинг қудратли ишларинг ҳақида айтиб бераман.Сенинг, ёлғиз Сенинг одиллигинг ҳақида сўзлаб бераман. 17  Эй Худо, ёшлигимдан менга таълим бергансан+,Ҳанузгача ғаройиб ишларингни эълон қилиб юрибман+. 18  Кексайиб, сочларим оқарганида ҳам мени тарк этма, эй Тангри+. Токи келгуси авлодга Сенинг кучинг ҳақида,Келажак наслга қудратинг тўғрисида айтиб берайин+. 19  Эй Аллоҳ, одиллигинг нақадар буюк!+Сен қудратли ишлар қилдинг.Эй Худо, Сенга ўхшаши борми?!+ 20  Мени кўп бало-қазоларга йўлиқтирган бўлсанг-да+,Менга тетиклик бахш эт,Ернинг қаъридан мени чиқариб ол+. 21  Обрўйимни ошир,Мени ҳимоя қилиб, тасалли бер. 22  Садоқатли бўлганинг учун, эй Тангрим+,Торли асбобда Сени тараннум этаман, Арфа чалиб Сенга мадҳлар куйлайман,Эй, Исроилнинг Муқаддас Худоси. 23  Дудоқларим завқ ила Сенга мадҳлар куйлайди+,Зеро, ҳаётимни қутқарган Сенсан+. 24  Кун бўйи одиллигинг тилимдан тушмайди+,Мени ўлдирмоқчи бўлганлар шармандаю шармисор бўлади+.

Изоҳлар

Ёки «Ҳаётимни».